Миллатнинг ҳақиқий ва сохта қаҳрамонлари


Ҳозирги айтиладиган фикрлар кимларгадир ёқмаслиги мумкин, бу табиий ҳолат. Айримларни ўйга толдириши ёки бошқалар ўзлари кутаётган, саволларига излаётган жавобни топишлари мумкин. Нима бўлганда ҳам кичик бир тарихий инқилобчанинг дебочасини эълон қиламан. Бизга шу вақтгача миллий қаҳрамон, миллий озодлик жангчилари, эркпарвар, адолат тарафдори дея эътироф этиб ўргатилган айрим “миллий қаҳрамон”ларимизнинг анъанавий силсиласини танқидий таҳлил қилиш фурсати келди. Тарихга қизиқишим тобора кучайиб, ўзим учун тарихнинг номаълум саҳифаларини ўқиб ўрганиш, ихтилофли мавзуларнинг сабабларини билиш насиб этмоқда. Ҳозирга қадар давлатимиз ватанпарварлик ғоясини сиёсат даражасига, ўзининг асосий давлат ғоясига айлантиргани бор гап. Бу, албатта эзгу ғоя, жуда яхши. Лекин, бу дегани тарихни нотўғри талқин қилиб ўз манфаатига мослаштириш лозим дегани эмас. Буюк давлатчилик, давлатлар шовинизми кўпгина давлатга теккан касаллик. Биздв бу яққол сезилмаса-да, айрим тарихий маълумотлар очиқланганда буни асоратларини сезиш мумкин. Ўзбек давлатчилиги тарихидан маълумки, мана шу географик ҳудудда яшаб ўтган барча подшоҳликлар Ўзбекистон давлатининг тарихи ўлароқ талқин қилинади. Аслини олганда бу жараёнга объектив ёндашадиган бўлсак, бу тарих айрим ўринларда географик ҳудуднинг тарихи бўлиб қолади холос. Айтмоқчиманки, миллат тарихи бошқа, давлат тарихи бошқа. Чунки миллий давлатчилик тарихи милодий йил, яъни илк ўрта асрлардан бошланади. Ҳудудий давлатчилик тарихи эса милоддан аввалги даврларгача бориб тақалади. Биз эса ҳудудий давлатчилик тарихи билан миллий давлатчилик тарихини қориштирилган. Хронологик жиҳатдан Авесто узоқ тарихий босқич бўлганлиги учун примитив қиёсий аргумент билан у Хоразмда келиб чиққан деган тарихий бошланиш ясалди. Чунки бу давлат манфаати учун узоқ шонли тарихий ёшни белгилаб берар эди. Шундай қилиб сунъий равишда миллатга алоқаси бўлмаган тарихий шахслар (уларни тарихий шахс эканлиги ҳам асосли эмас, балки афсонадир) ўзлаштирилди. Миллий қаҳрамонлар дея талқин қилина бошлади. Тўмарис, Широқ, Спитамен, Муқанна каби кишилар ватан учун курашган, озодлик ва эркни олға сурган, ватанпарварлик ғояларини тараннум этган дея талқин қилинди. Аслидачи? Уларга илм-фан нуқтаи назаридан қаралганда, тарихий фактлар, қадимги ва ўша давр муаррихлари бу ҳақда нима дейди? Мавзуни кенгайтириб таҳлил қилмоқчи эмасман. Биргина қадимги саклар ва массагетлар ҳақидаги ўша давр тарихчиларининг маълумотларини келтириб ўтаман. Энг қизиқ жиҳати шундаки, массагетлар, саклар ҳақида гап кетганда, Геродотдан маълумотлар иқтибос қилинади, фақат яхши тавсифлар кесиб олиниб ижобий бўёқлар билан бўялади. Лекин қуйида келтирилган маълумотларни бирорта ўзбек тарихнавислари зикр қилиб ўтмайди.

Геродот (мил.авв. 484-425 йиллар) - “Тарих”. I жилд, 216 - саҳифа.

“Улар (массагетлар)нинг ҳар биттаси биттадан хотинга уйланса-да, аёллардан умумжамоа бўлиб фойдаланишади. Эллинларнинг гапига қараганда, бу одат скифларга тегишли, лекин аслида бу одатга скифлар эмас, массагетлар амал қилишади. Агар бирор киши бирорта аёл билан алоқада бўлгиси келиб қолса, ўз садоғини аёл аравасига осади-да, бемалол алоқа қилаверади”.

Страбон мил.авв. 1 аср ва милодий 1 асрлар. - “География”, XI, 8, 6-8.

“Тангри деб улар фақат Қуёшга сиғинади ва ҳудойиликка от сўядилар. Массагетнинг ҳар бирининг хотини бўлса-да, бошқа аёллар билан ҳам алоқага киришаверади. Бунда у ўз камонини аёлнинг аравасига илиб қўяди-да, бошқа сир-синоатга қарамайди. Одамнинг қариб, ўзига бағишланажак ҳудойисидаги қўйларга қўшиб сўйилиб, ейилиб кетиши энг яхши ўлим ҳисобланади. (бу ерда қурбонлик билан бирга сўйилган киши қабиладошлари томонидан истеъмол қилинса керак, чунки жасадни ҳайвонларга ташланиши ўша жасадга нисбатан хазар қилиш маъносини англатади. Буни қуйида айтиб ўтилади). Касалликдан ўлганлар жасадини ҳаром ва ҳурматга нолойиқ ҳисоблаб, ҳайвонларга егани ташлайдилар”.

Эфор юнон тарихчиси. Мил.авв. (405-330 йиллар). “Умумий тарих” асаридан парча: 76-78.

“Скифлар бойлик кетидан қувмайдилар, бир-бирларига ҳалол муносабатдалар, мол-мулк, аёллар, болалар, бутун оила уларда умумийдир. Уларга ташқаридан тажовуз хавф солмайди, чунки босиб олинадиган нарсалари йўқ. Араваларда кўчиб юрадилар ва сут билан озиқланадилар. Шахсий мулк орттиришга йўл қўймайдилар, мол-мулк ва бошқа нарсаларга умумлашиб эгалик қиладилар. Улардан баъзилари Осиёга кўчиб жойлашган, у ерда уларни саклар деб аташади”.

Мазкур маълумотларни ўзбек тилида ўқишимизга сабабчи бўлган таниқли мутаржим, публицист, виждонли ёзувчи Зоҳир Аълам бўлади.

Умуман олганда, массагетлар ҳам, саклар ҳам скифларнинг таркибий қисмидир. Маълумотларда аён бўлишича, улар ҳеч қандай ўтроқ турмуш тарзида яшамаган, улар кўчманчи, умумий казармага асосланган ибтидоий уруғ шароитидаги қабилалар бўлган. Юрт учун курашган дея талқин қилинган баланд парвоз иддаолар асоссиз. Чунки, уларда юрт, давлат деган қарашларни ўзи бўлмаган, чамамда. Тўмарис (Геродотнинг асарида Тамирида деб аталган). Мантиқан олиб қараганда, юрт учун эмас, ўз қабиласи учун жанг қилган. Уни ҳеч қандай давлат тарихчилигига алоқаси йўқ, ҳатто бизга ҳам. Кўп тарихчилар эътироф этишганки, скиф аёллари жуда бақувват, чайр, эркаклар билан тенгма тенг жанг қила оладиган жасур аёллар бўлишган. Тўмарис ҳам ўша давр муҳити, ўша қабила эътиқоди асосида шаклланган, яъни бир эркакка никоҳланиб, жамоанинг бошқа эркаклари билан ҳам алоқа қиладиган, қурбонликка қўшиб сўйиладиган қарияларни истеъмол қиладиган (бу ерда қурбонлиқ қилинган одамни истеъмол қилиш назарда тутиляпти, чунки бу энг яхши, ҳалол ўлим ҳисобланади. Агар ундай бўлмаганда жасад ҳайвонларга ташланарди, сабаби ҳайвонларга фақат касал бўлган одамлар - улардан хазар қилишган, ҳаром ҳисобланган - ёки ажали билан ўлганлар ташланади) шаклланган. Улар урушларда қатнашган, психологик томондан дийдаси қаттиқ бўлган. Чунки диний ритуалларнинг ўзи инсонни чавақлаш каби амаллар билан боғлиқлиги билан Тўмарис Кир II ни бошини уздириб, қон тўлдирилган идишга тиқишига табиий ҳолдек қарашга хулоса беради. Мана шундай вахший, каллакесар аёлни қахрамон даражасида улуғланиши умуман нотўғри. Биринчидан, у юрт учун эмас ўз қабиласи учун жанг қилган. Чунки у ибтидоий уруғ-жамоа, юрт, давлат деган тушунчани ўзи йўқ. 

Иккинчидан, бизни миллий келиб чиқишимизга бу аёлнинг алоқаси йўқ, яъни БЕГОНА!

Учинчидан, бу аёл маънавий томондан ҳам қахрамон бўла олмайди.

Энди бу афсонавий шахсларни кўкларга кўтариб мадҳ этилишининг илдизи эса Советларнинг сиёсий ўйини билан боғлиқдир. Совет Иттифоқи исломга қарши ғоявий ҳужум уюштирар экан, шу қаторда миллатни тарихий илдизига болта уриш, миллат тарихини бузиб ташлаш каби мақсадлар кўзланганди. ХХ асргача ҳеч ким тилига олмаган бегона шахслар “миллий қаҳрамонлар” дея талқин қилина бошланди. Юрт озодлиги учун жанг қилганлар дея Тўмарис, Широқ, Спитамен, Муқанна каби шахслар улуғлана бошлади. Яна бир муҳим жиҳати шуки, Советларнинг коммунистик мафкурасининг ғоявий илдизи ибтидоий уруғ-жамоа, коммуналарга бориб тақалади. Коммунизм ҳам хусусий мулкни инкор қилади, давлатсиз умумий жамоа бўлиб яшашни илгари суради, оила институтини инкор қилиб йўқ бўлиб кетишини айтади. Бу ғоявий боғланиш айнан ўша скифлар билан боғлиқ томони борлиги учун ҳам ўша қабилалар, уларнинг раҳбарлари улуғланди. Лекин, ҳақиқатдан мана шу юрт озодлиги учун курашган зотлар тарих саҳнасидан четлатилди. Жумладан, мўғулларга қарши то ўлгунича туриб берган Шайҳ Нажмиддин Кубро, Шайбонийхон, Убайдуллохон, Абдуллахон II ёки яқин ўтмишдаги Совет мустамлакачиларига қарши миллий истиқлол учун курашган қўрбоши Шермуҳаммадбек, Мадаминбек ёҳуд Россия империяси босқинчиларининг зулмига қарши реакцион қўзғолонни бошлаган Дукчи Эшон каби шахслар қораланди, шулар қатори ҳозирги ўзбек деган халқнинг сақланиб қолишида, ўзбек тилида сўзлашувчи, умуман ўзбек имиджини сақлаб қолган жадидлар отиб ташланди, Алихонтўра Соғунийдек улуғ шахслар даража борасида Муқанналарни тўпиғида қолдирадиган қаҳрамонлар эди. Бундан минг йил олдин Беруний ва тарихчи Наршахийлар Муқанна ҳақида батафсил маълумот ёзиб қолдиришган. Унинг фаолияти, ғоявий мақсадлари тўғрисида айтиб ўтилган бу каззобнинг ҳозирда ҳам мадҳ этилишига ҳайронман. Энг ачинарлиси бу советдан қолган анъана ҳали ҳам давом этяпти, Тўмарис улуғланяпти, Муқанна куйланяпти, асарлар ёзиляпти, спектакллар ишланяпти. Хуллас, мана шу мавзуга бағишланган илк кўрсатув Азон твнинг Таҳлил кўрсатувида экранга олиб чиқилди. Кўрсатув тарихчи, сиёсатшунос Анвар Назир билан олиб борилди. Тез кунлар ичида ушбу кўрсатув эфирга узатилади, албатта кўринг.