HISTORY
February 8, 2019

ЖОРЖ ОРУЭЛЛ ҲАЙВОНОБОД (Молхона)

Яқин кунларда энг машҳур инглиз адибининг ҳаммани бахтли, мустақил ва фаровон қилиш учун амалга оширилган инқилоб натижасида... қурилган диктатура ҳақидаги энг кинояли асари қўлингизга тегади.

Бу ерда Кекса Майор - Ленин, чўчқа Напалеон - Сталин, мухолифатчи Сноуболл - Троцкий, сигир ва қўйлар - халқ, эшак Бенжамин - зиёлилар, қарға Мозус роҳибларни тасвирласа да. Унда тасвирланган зулм машинаси долзарблигини йўқотмайди. Асар СССРда ва барча золим тузумларда таъқиққа учраган.

ЖОРЖ ОРУЭЛЛ

ҲАЙВОНОБОД (Молхона)

I-БОБ

“Қўрғонча” молхонасидаги мистер Жонс оқшом тушиши билан товуқхонасини тамбалаб қўйди, бироқ, у шу қадар маст эдики, девордаги тешикни беркитиш ёдидан кўтарилди. Орқа эшикни оёғи билан туртиб ёпгач, у қўлида силтаниб турган фонуси ёритган ерларда каловланиб, бироз тентиради, кейин ошхонадаги бочкадан бир стакан пивони сиздириб ичди ва хотини Жонс хоним хуррак отаётган тўшакнинг бир четига кирди.

Ётоқхонада чироқ ўчиши билан молхонада безовта ҳаракатлар бошланди. Кун бўйи ҳайвонлар орасида миш-мишлар тарқалди, гўёки кекса майор, мидлуайтлик мукофотланган ахта чўчқа ўтган кеча ғалати туш кўрибди ва бугун бу ҳақда бошқа жониворларга сўзлаб берар экан. Ҳаммалари, мистер Жонс кўздан батамом ғойиб бўлиши билан, катта омборда кўришишга қарор қилишди. Кекса майор (уни ҳамиша шундай аташарди, ҳолбуки, кўргазмаларга олиб борганда “Уиллингтон Гўзали” деган ном остида намойиш этишарди) молхонада жуда катта ҳурмат-эътиборга сазовор эди, шунинг учун бу таклифга ҳамма ҳайвонлар рози бўлишди.

Майор аллақачон омбор охиридаги ўзининг пичан ғарамидан қилинган юксак тахтида, тўсинга осилган чироқ остида оломонни кутиб турарди. У ўн икки ёшда бўлиб, охирги пайтларда бўйига эмас, энига кўпроқ кенгайган эди, барибир, қўрқинч соладиган сўйлоқ тишларига қарамасдан, аввалгидай олийжаноб чўчқалигича қолган, кўзларидан донишмандлик ва меҳр нури таралиб турарди. Ҳамма ҳайвонлар тўплангунча, ҳар бири ўз таъбига монанд жой топиб ўтиргунча, анча кўп вақт ўтди. Биринчи бўлиб учта кўппак — Блюбелл, Жесси ва Пинчер келди, унинг ортидан чўчқалар киришди ва тепалик ёнидаги пичан устидан жой олишди. Товуқлар дераза пештахталарига жойлашдилар, кабутарлар потирлашиб, том остидаги тўсинларга тизилишди, қўйлар ва сигирлар эса дарҳол чўчқаларнинг ёнига ўзларини ташладилар ва пичан чайнашга тушдилар.Боксёр ва Кловер исмли тулпорлар биргаликда келишди. Улар, кенг ва юнгли туёқлари имкон қадар оз жойни эгаллаши учун, эҳтиёткорлик билан, секин ҳаракатланишарди. Кловер ўрта ёшлардаги баланд байтал бўлиб, тўртинчи тойчоғини туққанидан кейин сўлқиллаб қолганди. Боксёрнинг ташқи кўриниши ғайриихтиёрий ҳурматни уйғотарди — яғрини баландлигидан бўйи 6 фут бўлиб, у шу қадар кучли эдики, оддий отларнинг иккитасичалик қувватга эга эди. Унинг башарасини кесиб ўтган оқ чизиқ тулпорга ахмоқона кўриниш берар, ростини айтганда, ўзи ҳам у қадар ақлли эмас эди, бироқ ўзининг сокин хулқ-атвори ва ғаройиб меҳнатсеварлиги билан ҳаммага ёқар эди. Отлардан сўнг оқ эчки Мюриэл ва эшак Бенжамин келди. У бу молхонада энг кўп яшаган ҳайвон бўлиб, хаддан зиёд расво характери бор эди. У кам гапирар, мабодо гапириб қолса, юзинг-бетинг демай, шарттакилик қиларди — масалан, у бир куни Яратган менга сўна-пашшаларни ҳайдаш учун дум берган, аммо пашшалар ҳам, дум ҳам бўлмаса афзал эди, деган. Ҳайвонлар орасида ҳеч қачон кулмаган ва кулмайдиган жонивор ҳам у эди. Нега бундай ғамгин экани ҳақида савол берилганда, у бу дунёда қувонч учун сабаб ҳали йўқлигини айтганди. Шунга қарамасдан, у тулпор Боксёрга боғланиб қолганди; одатда, улар якшанба кунларини боғ ёнидаги мўъжазгина яйловда майсаларни ковшаниб, ёнма-ён ўтказишарди.

Боксёр ва Кловер ёнбошлаб олган заҳоти, омборга онасини йўқотиб қўйган ўрдакчалар подаси ёпирилиб киришди; ҳаяжон билан ғақиллаб, хавфсиз, биров билиб-билмай босиб олмайдиган жой илинжида, улар у ёндан-бу ёнга югура бошлашди. Байтал Кловернинг узанган оёғи уларга ҳимоя девори бўлиб кўринди, ўрдакчалар бу бошпанага ирғишлаб киришди ва дарҳол уйқуга кетдилар. Ниҳоят омборга, қанд бўлагини қитирлатиб чайнаганча, олифта солланиб, мистер Жонснинг икки ғилдиракли аравасини тортадиган, далли оқ бия Молли кирди. У биринчи қатордан жой олди ва дарҳол тақиб қўйилган қизил тасмачасига эътиборни қаратиш учун оқ ёлларини ўйнай бошлади. Охирги бўлиб мушук кирди, одатдагидай, энг иссиқ жойни излаб, у ён-бу ёнга аланглади ҳамда Боксёр ва Кловернинг ўртасига сирғалиб кириб олди; бу ерда у тинимсиз ағанаб, майорнинг нутқи пайтида миёв-миёвлаб тинмади ва маърузанинг бирорта сўзини ҳам эшитмади.

Орқа эшик ёнидаги таёқ учида ўтирган, қўлга ўргатилган қарға Мозусдан бошқа барча жониворлар жам бўлган эди. Ҳаммага қулай тарзда жойлашиб олишларини ва сукунат чўкишини кутиб, майор томоғини тозалади-да, гап бошлади:

— Ўртоқлар, кеча оқшом менинг ғалати бир туш кўрганимни ҳаммаларингиз эшитган бўлсангиз керак. Бу тушга кейинроқ қайтаман. Энг аввало сизларга, мана, нимани айтишим лозим.Сизлар билан яна узоқ ойлар бирга бўламиз, деб айтолмайман, куним битяпти, сезяпманки, сизлар билан ўлимим олдидан йиллар бўйи орттирилган донишмандлик меваларини бўлишишим лозим. Мен узоқ умр кечирдим, бир ўзим оғилда ёлғиз ётганимда, мулоҳаза юритиш учун етарли вақтим бўлди, ўйлайманки, ҳаётнинг моҳиятини замондошларимнинг барчасидан ҳам кўпроқ тушунаман, деб таъкидлай оламан. Мана, шу ҳақда сизларга баён қилмоқчиман.

Шундай қилиб, дўстлар, биз ва сизнинг тириклимиздан нима маъно бор? Келинглар, ҳақиқатнинг юзига тик қарайлик: қисқа ҳаётимизнинг ҳар бир куни хўрликда ва заҳматли меҳнатда ўтади. Туғилган, дунёга келган дақиқамиздан бошлаб, бизга ҳаётимиз тугаб қолмайдиган даражадагина овқат беришади, етарли кучи бор ҳайвонлар энг сўнгги нафасигача ишлаши керак; одатда, биз ҳеч нарсага ярамай, ҳеч кимга керак бўлмай қолганимизда, бизни шафқатсизларча кушхонага равона қилишади. Бир йилни ўтказган бирорта ҳайвон бу Англияда бахт нималигини ёки меҳнатдан кейин дам олиш қандай бўлишини билмайди. Англияда бирор-бир ҳайвон эрк нима эканини англамайди. Ҳаётимиз — қашшоқлик ва қулликдир. Ҳақиқат шудир.

Аслида ҳақиқий ҳолат шундай бўлишги мумкинми? Бу она заминимизнинг қашшоқлигиданми, ер унда яшайдиган ва меҳнат қилаётган барча жониворларни боқа олмайдими? Йўқ, ўртоқлар, минг бора йўқ! Англияда иқлим майин, замин ҳосилдор, ер ҳозир яшаётганидан ҳам кўпроқ жониворларни боқа олади. Бизники сингари молхона ўнлаб отларни, йигирмата сигирни, юзлаб қўйларни боқа олади — ва уларнинг ҳаёти қулайликларга тўла, ўзлари иззат-эътиборга эга бўладилар, биз бу ҳақда ҳали орзу ҳам қила олмаймиз. Нега биз бу қадар тубан аҳволда яшашда давом этмоқдамиз? Сабаби шундаки, биз ўз меҳнатимиз билан яратаётган деярли ҳамма нарса одамлар томонидан ўзлаштириб юборилмоқда. Мана, ўртоқлар, барча саволларнинг жавоби қай ерда экан. Бу битта, аммо ягона — одамдеган сўздадир. Бизнинг ягона ҳақиқий душманимиз — одам. Саҳнадан одамни олиб ташланг, очлик ва аёвсиз меҳнатнинг сабаби йўқолади.

Одам — ўзи ҳеч нарса ишлаб чиқармай, ҳаммасини ҳазм қиладиган ягона махлуқдир. У сут бермайди, тухум туғмайди, омочни судраш учун унинг кучи етмайди, қуёнларни тутиб олиш учун тезлиги суст. Шунга қарамай, у барча жонзодларнинг олий ҳокими. У жониворларни ишга ҳайдайди, емишни фақат улар очликдан азоб чекмайдиган даражада беради — қолган ҳамма нарса унинг ихтиёрида қолади. Бизнинг меҳнатимиз билан ер шудгор қилинади, бизнинг гўнгимиз билан ер озиқланади, — бизнинг эса баданимизни ёпган теримиздан бошқа мулкимиз йўқ. Мана сизлар, ҳозир қаршимда ястаниб ўтирган сигирлар, — ўтган йил мобайнида қанча сут бердинглар? Сизлар бўлиқ бузоқларингизни озиқлантиришингиз мумкин бўлган сут нима бўлди? Уларни сўнгги томчисигача душманларимиз ичиб, ютиб юборишди. Сизлар-чи, товуқлар, бу йил нечта тухум туғдинглар ва нечта жўжани очиб чиқдинглар? Қолганлари бозорга олиб бориб сотилди ва Жонс ҳамда у кабиларнинг чўнтагига жарангдор пул бўлиб тушди. Сен айт-чи, Кловер, сенинг азобларда туққан ва вояга етказган, қариганингда сенга таянч ва овунчоқ бўладиган тўртта тойчоғинг қаёқда? Уларнинг барчаси бир ёшга тўлар-тўлмас, сотиб юборилди — ва сен уларни бошқа ҳеч қачон кўра олмайсан, айт-чи, тўрт марта туғруқ азобини чекканинг, далаларни омоч судраб, ҳайдаганингдан кейин — сенинг бир тутам пичан ва ипли қозиғингдан бошқа ниманг қолди?

Бизнинг шўрлик умримиз ҳам табиий йўл билан тугамайди. Мен ўзимни айтмаяпман, менинг омадим бор экан. Ўн икки ёшгача яшадим ва тўрт юзтадан зиёд чўчқачаларни туғдирдим. Бир чўчқа учун муносиб умр кўрдим. Аммо ҳеч бир ҳайвон умри охирида шафқатсиз пичоқдан қутилиб қололмайди. Мана, сиз, олдимда турган ёш чўчқачалар, — бир йил ўтмай, ҳаётларингизни анави шаҳар ташқарисидаги қассобхонада тугатасиз. Бундай даҳшатли тақдир ҳаммани кутади — сигирларни, чўчқаларни, товуқларни, қўйларни, ҳамма-ҳаммангизни кутади. Ҳатто отлар ва кўппакларга ҳам раҳм қилинмайди. Сенинг бақувват мускулларинг сенга хизмат қилолмайдиган ўша олис кун келади, Боксёр, ўшанда сени мистер Жонс тери шилувчига жўнатади, у эса сенинг гўштингдан итларга овқат тайёрлайди. Итларга келсак, улар қариб, тишлари ўтмаслашиб қолганда, мистер Жонс уларнинг бўйнига ғишт боғлаб, яқин атрофдаги ҳовузга чўктиради.

Шунча гаплардан кейин, ўртоқлар, ҳаётимизни заҳарлаган ёвузликнинг манбаи, — одамзоднинг ҳукмронлиги экани аниқ-равшан бўлмадими? Одамдан холос бўлсак бўлди, меҳнатларимизнинг барча мевалари бизнинг мулкимизга айланади! Истасак, шу бугун кечқурундан бошлаб, эркимизнинг қуёши ёнади ва бой ҳамда мустақил жониворларга айлантиради. Бунинг учун нима қилишимиз керак? Вужудимизни ва қалбимизни одамнинг ҳукмронлигини йўқ қилиш учун фидо қилиб, туну кун меҳнат қилишимиз шарт! Мен сизларни, ўртоқлар, — исёнга даъват қиламан! У қачон аланга олади, буни билмайман, балким бир ҳафтадан сўнгдир ёки юз йилдан кейиндир, аммо мен, мана шу сомонни кўриб турганимдек, аниқ ва равшан кўрмоқдаманки, эртами-кечми, адолат тантана қилади. Ҳаётимиз қанча қолган бўлса ҳам, ўз ҳаётимизни бу ғояга фидо қилайлик! Бундан ташқари, менинг бу Мурожаатномамни сизлардан кейин келадиганларга ҳам етказинглар, зеро келгуси авлодлар курашни ғалабага эришгунга қадар олиб борсинлар.

Эсда тутинглар, ўртоқлар, — сизнинг жасоратингиз, журъатингиз барқарор ва собит бўлсин. Сизларни ҳеч қандай ғайри фикрлар йўлдан адаштирмасин. Агар кимдир жониворлар ва одамлар ўртасида умумий манфаатлар бор, бир томоннинг фаравонлиги иккинчи томоннинг фаровонлиги демакдир, деб гапира бошласа, уни эшитманглар. Буларнинг бари ёлғон! Одамларни ўзлариникидан бошқа ҳеч кимнинг манфаати қизиқтирмайди. Биз, ҳайвонларнинг орасида эса жангда енгилмас бирлик, мустаҳкам биродарлик ғалаба қилсин. Барча одамлар — душманларимиз. Барча ҳайвонлар — биродарлар.

Майор нутқини тугатган заҳоти даҳшатли шовқин-сурон кўтарилди. Унинг нутқи давом этаётган пайтда тўртта баҳайбат каламуш ўз уяларидан чиқишди ва, орқа оёқларига таяниб, майорни диққат билан эшитишди. Шу пайт уларни кўппаклар сезиб қолишди, бирдан ўзларини уяга урган каламушларнинг ҳаётини тезкор ҳаракатларигина қутқариб қолди. Жониворларнинг барчаси биродарлар эмиш... Майор жим ўтиришга ундаб, оёғини кўтариб қўйди.

— Ўртоқлар, — деди у, — биз яна бир масалани ҳал этишимиз лозим. Каламушлар ва қуёнлар сингари ёввойи ҳайвонлар ҳам — дўстларимизми ёки душманларимизми? Келинглар, овозга қўямиз. Мен мажлисимиз кун тартибига, кўриб чиқишга шу масалани тавсия этаман: каламушлар бизнинг ўртоқларимиз ҳисобланадими?

Овоз бериш жараёни тезда ўтказилди ва кўпчилик овоз билан каламушларни ўртоқлар деб ҳисоблаш мумкин, деган қарор қабул қилинди. Фақат тўрттовлон — учта ит ва мушук қарши овоз беришди, кейин маълум бўлишича, мушук иккала ҳолатда ҳам овоз берган экан. Майор давом этди:

— Мен яна озгина нарсани қўшимча қиламан, холос. Мен такрор айтаман: ёдда сақланг, сизнинг мажбуриятингиз — одамларга ва уларнинг ҳар қандай ташаббусларига қарши курашишдир. Икки оёқда юрадиган ҳар бир жон — ғаним. Тўртта оёғи ёки қаноти бор ҳар бир жон — дўст. Яна шуни ёдда тутингки, инсон билан курашда ҳам биз ҳеч вақт унга ўхшашимиз мумкин эмас. Ҳатто ғалаба қилганимизда ҳам инсон яратган ҳамма нарсани рад этамиз. Ҳеч бир ҳайвон уйда яшамаслиги, тўшакда ухламаслиги, кийим киймаслиги, ароқ ичмаслиги, тамаки чекмаслиги, пулга қўл теккизмаслиги ва савдогарлик қилмаслиги керак. Инсоннинг ҳамма одатлари — ёвузликдир! Бундан ташқари, ҳеч бир жонивор ўз қардошларига зулм қилмасин. Заифмизми ёки кучлимизми, ақллимизми ёки ахмоқмизми — ҳаммамиз биродарлармиз! Бирор-бир жонивор бошқа жониворларни ўлдириши мумкин эмас. Ҳамма ҳайвонлар тенгдир.

Энди, ўртоқлар, мен сизларга кеча оқшом кўрган тушимни айтиб бераман. Мен сизга бу орзуни тасвирлашга ожизман. Бу инсон дегани ер юзидан буткул йўқолганидан кейинги замин ҳақидаги орзу эди....

Англия ва жаҳон жониворлари,

менинг сўзим борар ҳайвон зотига –

чорлар далалардан, молхоналардан

янги замонларнинг саодатига.

Бу қўшиқнинг биргаликда ижро этилиши барча ҳайвонларни ёввойи жунбушга келтирди. Майор охирги сўзни талаффуз қилиши билан, жониворлар қўшиқни қайтадан айта бошлашди. Иштирокчиларнинг энг анқовлари ҳам оҳангга тушиб олишди ва бир неча билган сўзларини илиб кетишди, энг ақлли бўлган чўчқалар ва итларга келсак, улар бир-икки дақиқада дарров қўшиқни дилларининг туб-тубидан куйлай бошлашди. Бир-бирларига мослашувга бир неча бор уринишдан сўнг — бутун молхона ҳайратли бир якдилликда “Англия жониворлари”ни баралла айта бошлади. Сигирлар қўшиқни маърашар, итлар ириллашар, қўйлар баърашар, сигирлар маърашар, отлар кишнар ва ўрдаклар ғақиллашарди. Улар шу қадар завқ билан куйлашардики, қўшиқ беш марта кетма-кет ижро этилди, ҳар гал аввалгисидан яхши эди, агар уларни узиб қўйишмаса — тун бўйи куйлашарди.

Афсуски, шовқиндан мистер Жонс уйғониб кетди, ҳовлига тулки кириб қолган деган қатъият билан тўшакдан турди. У ҳамиша боши устида турадиган милтиғини ушлаб, ҳовлига чиқди ва бир-икки марта қоронғуликка ўқ отди. Ўқларнинг бири омборнинг деворига тегди ва... мажлис ўша заҳоти тугади. Ҳамма ўзи ҳамиша тунни ўтказадиган тешикларига тарқаб кетди. Қушлар ўзларининг қўноқларига қўнишди, ҳайвонлар пичанга ағанашди, бутун молхона дарҳол уйқуга ботди.

Карим Баҳриев таржимаси