Улуғбек обсерваториясидан фоторепортаж.
Дунё астрономия фани тараққиётида ўрта аср Шарқ астрономияси, жумладан, Марказий Осиё олимларининг фаолияти алоҳида ўрин тутади. Бу даврда, айниқса, Қуёш, Ой ва сайёраларнинг ҳаракат назарияси, амалий астрономиянинг вақт ва жойнинг географик координаталарини аниқлашга доир масалалари бўйича Ўрта Осиё, хусусан, ўзбек алломалари жуда бой мерос қолдирдилар. Бу даврда мусулмон мамлакатларининг юзлаб буюк мутафаккирлари астрономия, математика ва фалсафа фанлари бўйича тадқиқот ишлари билан машғул бўлдилар. Улар ичида Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср ал-Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Умар Хайём, Абу Маҳмуд Ҳамид ал-Хўжандий, Насируддин ат-Тусий, Маҳмуд ал-Чағминий, Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Улуғбек каби машур сиймолар ўз ижодлари, илмий мерослари билан Марказий Осиё халқларининггина эмас, балки дунё халқларининг бойлигига айланиб, бугун жаҳоннинг барча эллари орасида ҳурмат билан тилга олинадилар. Шулардан бири Мирзо Улуғбек расадхонасига биргаликда саёхат қиламиз.
Мажмуага ғарбий томондан кираверишда олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг ҳукмдорлик тахтида ўтирган сиймосига дуч келамиз. Ҳайкал Ўзбекистон xалқ рассоми Равшан Миртожиев томонидан яратилган. Ҳайкалнинг орқа томонидаги қуёш ва тўққиз сайёрани ўз ичига олган «Юлдузли осмон» номли панно Ўзбекистон Республикаси маданият ва спорт ишлари вазирлиги Маданий меросни сақлаш ва муҳофаза этиш бош бошқармаси ва Рахмонов хусусий корхонаси ходимлари ижодининг намунасидир. Уни Самарқанд таъмир корхонаси раҳбари Бахрилло Абдуллаев шогирдлари билан амалга оширишди.
Мирзо Улуғбек болалигиданоқ турли хил фанларни ўрганишга алоҳида қизиқишини намоён этди, унинг ўқитувчилари ўша даврнинг таниқли кишилари эдилар. У бобоси билан тез-тез саёҳат қилар эди. Сафарларидан бирида у диққатни ўзига тортадиган ғайриоддий бинога дуч келади. Бу расадхона эди. Айни шу лаҳза ёш Улуғбекнинг ҳаётида кескин бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилган бўлса ажаб эмас. Зеро у кейинчалик улуғвор бинони барпо этишга муваффақ бўлди.
Расадхона цилиндр шаклида уч қаватли, баландлиги 30 м дан иборат улкан бино бўлиб, унда радиуси 41 м ли гигант квадрант бўлган. Квадрантнинг жанубий қисми ер остида жойлашган бўлиб, қолган қисми шимол томонда ер сатҳидан 30 м баланд бўлган.
Суратдаги эса Мирзо Улуғбек музейи
1994 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг фармонига биноан Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги муносабати билан Республикамизда «Мирзо Улуғбек» йили деб элон қилинди. Бинонинг сейсмик талабларга жавоб бермаслиги ҳисобга олиниб Президентимиз ташаббуси ва раҳбарлигида 2010 йил музей биноси янги кўринишида қад кўтарди.
Музейнинг кириш қисми тўғрисида Ўзбекистон Бадиий Академиясининг академиги Акмал Икромжонов томонидан яратилган Мирзо Улуғбек портрети, чап томондаги деворда қўлида китоб тутган ҳолда буюк олим сиймоси гавдаланган устозу - шогирдлар бошлари узра 12 юлдуз буржи тасвирланган. Деворнинг ўнг томонида Мирзо Улуғбекнинг шогирдлари Али Қушчига «Устурлоб» илмидан таълим бераётган ҳолат тасвирланган. Олимлар асл нусхаси Англияда бўлган олтин глобус ва турли хил асбоб ускуналардан фойдаланаётган илмий амалий иш жараёни эшикнинг икки ёнида «Қуёш намоён» услубида тасвирланган. Музейнинг кираверишдаги деворий суратлар муаллифи Камолиддин Беҳзод номли миллий рассомлик ва дизайн институти катта ўқтувчиси Ўзбекистон Бадиий Академия қошидаги ижодкорлар уюшмаси аъзоси: Мирҳомид Собиров, безак усталари эса Ўзбекистон санъат арбоби Хуршид Назиров таниқли наққош Аҳрор Асқаров ва уларнинг шогирдлари томонидан безатилган.
Мовароуннаҳрни соҳибқирон бобокалонимиз мўғул истилосидан халос этиб, Буюк Турон давлатини қайта тиклаш билан бирга марказлашган қудратли давлат барпо этган. Бу ҳақда Кастилиядан келган Руи Ганзалес де Клавихо асарида хам ўзига хос баён этилган. Ойна тагидаги довул асбоби ҳам асл экспонат бўлиб Темур давлати армиясининг қудратини намоён қилувчи ашёлардан бири ҳисобланади.
Амир Темур ва темурийлар сулоласи 1370 йилдан 1858 йилгача Мовароуннаҳр, Хуросон, Ироқ, Шимолий Ҳиндистон, Афғонистон ва бошқа ҳудудларда ҳукмронлик қилган. Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзо авлодидан бўлган Заҳриддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари Афғонистон ва Ҳиндистон ҳудудларида қудратли салтанат барпо этган. Бу буюк сулоланинг 193 нафар авлоди қарийиб 500 йил ҳукмронлик қилиб жаҳон цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшган.
Амир Темур Шарқ ва Ғарб давлатлари билан яқин алоқалар ўрнатиш мақсадида «Буюк ипак йўлини» қайта тиклади ва савдо сотиқ ва моддий алоқаларни йўлга қўйди. Амир Темурнинг Франция қироли Карл VI га юборган мактубида шу ҳақда батафсил маълумот берилган.
Амир Темурнинг тўртинчи ўғли Шоҳруҳ Мирзо 17 ёшга тўлганда унинг ўғли Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек дунёга келади, Улуғбекнинг никоҳ тўйи Конигил мавзесида бўлиб ўтади. Соҳибқирон Темур Мирзо Улуғбекнинг тарбиясига алоҳида эътибор беради. Мирзо Улуғбек қирқ йиллик ҳукмронлиги мобайнида ўз давлати сарҳадлари, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 1425 йил Мўғилистонга катта қўшин билан юриш қилади.
Шоҳруҳ Мирзо ва Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида Шарқда Мўғилистон, Ғарбда Миср ва Римгача, жанубда Ҳиндистоннинг марказий қисми, Шимолда Дашти қипчоқ чегараларигача бўлган бепоён ерлар Темурийлар давлати таркибида бўлган. Бу ҳақда «Зафарнома» ва «Бобурнома» асарларида етарлича манба мавжуд.
Расадхона ички кўриниши
Ушбу объект меъморчиликнинг ўзига хос тарихий мероси бўлишига қарамай, астрономлар унинг шаклланишида катта рол ўйнадилар. Чунки бу объектни барпо этишда ноёб усуллардан фойдаланилган бўлиб, коинотни тадқиқ қилиш учун жуда яхши восита саналган. Улуғбек ўз зиммасида ҳаддан зиёд хизмат юки борлигига қарамай, расадхонада тўлақонли ишлашга ҳам вақт топади. Барча тадқиқотлар билан шахсан шуғулланишга ҳаракат қилади ва олимларга бу ишларида яқиндан ёрдам беради.
Мирзо Улуғбек «Зижи» энг аввало мусулмон мамлакатларида астрономия фани ривожига улкан таъсир ўтказади.
Мирзо Улуғбек «Зиж»ига энг мукаммал шарҳ Эронлик мунажжим ва риёзиёт олими Низомиддин Биржандий томонидан 1523 йилда ёзилган «Шархи Зижи Улуғбек»дир.
Қоҳиралик мунажжим Муҳаммад Ал-Мисрий (XVI аср) Мирзо Улуғбек «Зижи»ни осонлаштириш («Тасҳил Зижи Улуғбек») номли асар ёзади ва унинг жадвалларини Қоҳира кенгликларига мослаштиради.
Самарқанд, Бухоро, Ғиждувон каби тарихий шаҳарларимизда унинг номи билан боғлиқ бўлган меъморий обидалар, қадамжолар тамирланди ва обод қилинди.
Улуғбек номидаги муассаса ҳамда ташкилотларнинг кўпайиб бораётгани диққатга сазовордир. Жумладан Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтига, Фарғона давлат дорилфунунига Улуғбек номи берилган.
Шунингдек, халқаро илмий ахамиятга эга бўлган Китоб кузатув кенглик станцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Астрономия институти Улуғбек номида.
1992 йили Ўзбекистон пойтахти Тошкентнинг йирик туманларидан бирига Мирзо Улуғбек номи берилди ва унинг ҳайкали ўрнатилди. Тошкент вилоятининг Бекобод туманида Улуғбек номли хўжалик бор. 1995 йилда Тошкент давлат Университетига Мирзо Улуғбек номи берилди.
Мустақиллик йилларида Мирзо Улуғбек меросини ўрганиш ва эътироф этиш янги босқичга кўтарилди. Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов ташаббуси билан 1994 йилда Ўзбекистонда ва Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги катта тантаналар билан нишонланди. 2009 йилнинг БМТ томонидан «Астрономия йили» деб эълон қилиниши муносабати билан Мирзо Улуғбек таваллудининг 615 йиллиги Самарқандда ва Парижда кенг нишонланди. 2009 йил «Майданак» расадхонасида янги кичик сайёра кашф этилди, Президентимиз ташаббуслари билан АҚШдаги ҳалқора кичик сайёралар маркази томонидан унга «Самарқанд» деб ном берилди. Ўзбекистонда буюк бобокалонимизга кўрсатилаётган катта эҳтиром музей экспозициясининг якунловчи қисмида ўз аксини топган.