"Диабетик товон" синдроми
Халқимиз орасида қандли диабет касаллиги тўғрисида кўпчилик маълум миқдорда маълумотга эга. Афсуски унинг аксарият ҳолатларда беморнинг ҳаёт сифатининг пасайишига, ногиронликка сабаб бўлувчи асоратлари ҳақида етарли билимга эга эмас.
Қандли диабет хасталигининг асоратларидан бири бу – «диабетик товон» («диабетик тўпиқ») синдроми. Бу асорат қандли диабет билан оғриган касалларнинг 16—18% да учрайди. Ушбу сўз билан умумлаштириб қандли диабетда бемор оёғида учрайдиган барча ўзгаришлар (оёқларнинг озиб кетиши, оёқлардаги бармоқ, тирноқ ва жунларнинг зарарланиши, совуқ қотиши, санчиқлар, увишишлар, қувватсизлик, сезувчанликнинг пасайиб бориши, товон ёриқларининг пайдо бўлиши, шилинган, трофик ва узоқ битмайдиган яра ҳосил бўлиши, некроз ва кўпчилик ҳолатларда ампутацияга сабаб бўлувчи гангрена) тушунилади.
Бундай ўзгаришлар кўпчилик ҳолатларда оёқ бармоқларидан, айниқса биринчи бармоқдан ва жимжилоқдан, тирноқлар ёнидан, оёқнинг товон соҳасидан бошланади. Бу ўзгаришлар атрофида яллиғланиш белгиларини яъни шиш, қизариш, оғриқ, маҳаллий ҳароратнинг кўтарилишини ва бошқаларни кўриш мумкин.
Бу ўзгаришлар асосида узоқ муддат давомида қондаги қанд миқдорининг меъёридан баланд туриши оқибатида келиб чиқадиган диабетик нейропатия (оёқдаги асаб толаларининг зараланиши), микро ва макроангиопатия (кичик ва катта қон томирларнинг зарарланиши) ётади.