Тошкент шаҳридан вилоятларга мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилди
Мамлакатимиз аҳолисига кўрсатилаётган автотранспорт хизматалари сифатини ошириш, ресбуликамизнинг барча ҳудудларини автобус қатновлари билан қамраб олиш, бу орқали эса йўловчиларга муносиб шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 1 майдан эътиборан “Uzavtotrans Service” МЧЖ корхонаси маҳаллий 8 та йўналишда мунтазам автобус қатновларини йўлга қўйди. Булар: “Тошкент – Гулистон – Янгиер”, “Тошкент – Самарқанд”, “Тошкент - Навоий – Бухоро”, “Тошкент – Термиз”, “Тошкент – Зомин”, “Тошкент – Гагарин”, “Тошкент – Денов”, “Тошкент – Қоракўл”. Қатновлар ҳар куни “Тошкент” автовокзалидан амалга оширилади. Йўналишларга замонавий “YUTONG” автобуслари қўйилган бўлиб, автобуслар кондиционер, иқлим назорати, мультимедиа тизими билан жихозланган. Корхона томонидан хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, йўналишга чиқаётган ҳар бир автобус техник кўрикдан, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади, автобусларнинг санитар ҳолати мунтазам назорат остида. Қатнов жараёни эса GPS тизими орқали онлайн назорат этиб борилади.
2 май кунидан эътиборан эса “Uzavtotrans Service” МЧЖ корхонаси “Тошкент – Туркистон”, “Тошкент- Олмаота”, “Тошкент- Ушкунур”, “Чирчиқ- Ушкунур” йўналишларида халқаро қатновларни амалга оширишни бошлайди.
“Uzavtotrans Service” МЧЖ корхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-3584-сонли қарори ҳамда 2018 йил 6 мартдаги “Автомобиль транспортини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3589-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Ҳозирда корхона паркига Хитой халқ Республикасида ишлаб чиқарилган 100 дона юмшоқ ўринли “YUTONG” автобуслари сотиб олинди.
Ушбу автобусларда барча замонавий қулайликлар мавжуд бўлиб, улардан фойдаланишда мамлакатимизнинг ички, ташқи туризимини ривожлантириш ҳамда хорижий давлатларга ишлаш учун борувчи юртдошларимиз ва юртимизга ташриф буюрувчи меҳмонларга қулайлик яратиш ва уларни ўз манзилларига хавфсиз етказиб қўйишни таъминлаш мақсад килинган.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги матбуот хизмати