Энг асосий мақсад - йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш
Президентимиз Чилонзор туманидаги “Тошкент” автовокзалида бўлиб, бу ерда амалга оширилган ишлар ва йўловчилар учун яратилган қулайликлар билан танишди.
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган автотранспорт хизматлари сифатини яхшилаш, чекка қишлоқ ва туманларни вилоят марказлари билан боғлашда жамоат транспорти қатновини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижроси босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Жумладан, бундан 40 йил аввал бунёд этилган ва ташландиқ ҳолга келиб қолган “Тошкент” автовокзалини замонавий қиёфага келтириш, бу ердаги шароитларни яхшилаш, йўловчилар ва мамлакатимизга келаётган сайёҳлар учун қулайликлар яратиш, маҳаллий ва халқаро йўналишларда қатновларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида кенг кўламли реконструкция ишлари амалга оширилди.
Айни пайтда “Тошкент” автовокзалида бир вақтнинг ўзида 2 минг 200 йўловчига хизмат кўрсатиш имкони яратилган. Вокзал сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланган. Бу ерда замонавий VIP-зал, она ва бола, тиббиёт хоналари, аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхона, меҳмонхона, ҳайдовчилар учун дам олиш хонаси, диспетчерлик хизмати, чиптахона, дўконлар, кафе-бар ташкил этилган. Бундан ташқари имконияти чекланган фуқароларнинг автовокзал ҳудудида эмин-эркин ҳаракат қилиши учун ҳам шароитлар яратилган. Иккита лифт, иккита эскалатор, махсус пандуслар шулар жумласидандир.
Ҳозирги кунда “Тошкент” автовокзалидан 12 та халқаро йўналиш бўйича хизмат кўрсатилмоқда. Кунига Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига 4 та, Туркистон шаҳрига 1 та, Қизил Ўрда шаҳрига 1 та, Олмаота шаҳрига 3 та, Ушкунур, Тароз, Еттисой ва пойтахт Нур-Султон шаҳарларига биттадан, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрига 2 та, Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрига 1 та ҳамда Россия Федерациясининг Нижний Новгород шаҳрига ҳафтасига 3 та ва Татаристон пойтахти Қозон шаҳрига ҳафтасига 2 та тўғридан-тўғри рейслар бўлиб, кунига 15 дан ортиқ рейслар амалга оширилади. Автобуслар хизматидан 500-1000 тагача йўловчилар фойдаланади.
Қолаверса, нафақат пойтахт Тошкент, балки юртимизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам халқаро қатновларнинг йўлга қўйилгани аҳолига янада қулайлик яратмоқда. Жумладан, “Чирчиқ-Ушкунур”, “Нукус-Ушкунур”, “Самарқанд-Панжакент”, “Самарқанд-Олмаота”, “Самарқанд-Туркистон”, “Термиз-Душанбе”, “Денов-Душанбе” йўналишларида бугунги кунда мунтазам қатновлар йўлга қўйилган.
Бундан ташқари “Тошкент-Самарқанд”, “Тошкент-Зарафшон”, “Тошкент-Каттақўрғон”, “Тошкент-Хатирчи”, “Тошкент-Мирбозор”, “Тошкент-Пахтаобод”, “Тошкент-Учқудуқ”, “Тошкент-Гагарин”, “Тошкент-Зомин”, “Тошкент-Янгиер”, “Тошкент-Термиз”, “Тошкент-Денов”, “Тошкент-Бухоро”, “Тошкент-Қоракўл” йўналишлари бўйича кунига 10 дан ортиқ маҳаллий рейслар амалга оширилиб, автобуслар хизматидан кунига 400-500 тагача йўловчи фойдаланаётир. Узоқ масофали йўналишларга чипталар 10 кун илгари сотилиши йўлга қўйилган. Имтиёзли йўловчилар ҳужжатларини кўрсатган ҳолда йўловчи ташиш қоидаларига биноан ўз ҳуқуқларидан фойдаланади. Ҳозирда автовокзалда йўловчиларга юқори савияда хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган бўлиб, ҳар бир автобус йўналишга чиқишидан аввал тўлиқ техник, ҳайдовчилар эса тиббий кўрикдан ўтказилади. Автобусларнинг санитар ҳолати ҳам доимо назорат остида. Шунингдек, автовокзалдан қатнайдиган автобуслардан фойдаланган йўловчилар юз бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалардан мажбурий суғурталанади, суғурта пули чипталар қийматига киритилган ва ўзаро ташувчилар билан тузилган шартномалар асосида тақсимланади.
Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги томонидан хорижий давлатларга вақтинчалик ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг ўз вақтида манзилларига хавфсиз етказиб қўйишни ташкил этиш мақсадида “Uzautotrans Service” МЧЖ автобусда ташувларни амалга оширишга ихтисослаштирилган миллий корхонаси ташкил этилди. Мазкур корхона паркини замонавий автобуслар билан таъминлаш борасида Хитой Халқ Республикасининг “Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.” компанияси билан 2018 йилда имзоланган шартномага кўра, 168 та замонавий автобусни сотиб олиш бўйича келишувга эришилган эди.
Бугун кунда мазкур замонавий автобусларнинг барчаси олиб келинди. Ушбу автобусларда ҳайдовчи ва йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Кондиционер, салондаги иқлим назорати, хавфсизлик тизимлари шулар жумласидандир. Автобус 53 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, ўриндиқлар юмшоқ, ҳар бир йўловчига максимал даражада қулайлик яратилган. Агар зарурат бўлса, ўриндиқларни олд ва орқа томонга силжитиш ҳамда ён томонга ҳам созлаш мумкин. Ҳар бир йўловчи ўриндиғи устида ҳаво дефлектори ва индивидуал ёритиш лампалари мавжуд. Шунингдек, йўловчиларнинг қўл юкларни жойлаштириш учун салонинг юқори қисмида махсус жойлар ажратилган. Узоқ сафар давомида йўловчиларнинг зерикмаслиги учун автобус салони юқори классдаги медиа тизим ва иккита монитор билан жиҳозланган.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига мамлакатимизнинг транспорт ва логистика тизимидаги муаммолар ва уларни бартараф этиш механизмлари, мазкур тизимни қисқа ва узоқ муддатларда ривожлантириш, халқаро ва шаҳарлараро автобус йўналишлари, автовокзал ҳамда автостанцияларни тараққий эттириш режалари ҳақида маълумот берилди.
Давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароит ва қулайликларни кўздан кечирди. Автобус ҳайдовчиларининг халқаро тажрибалар асосида малакасини ошириш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.