Зоминда янги автовокзал фойдаланишга топширилди
Автотранспорт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги аҳолига қулай шароитларни яратиш борасида Транспорт вазирлиги томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Жиззах вилояти Зомин туманида янги автовокзал биноси фойдаланишга топширилди. 1,7 гектар майдондаги автошоҳбекат иншоотларини барпо этишда 6 миллиард 300 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Мазкур янги иншоот замонавий талабларга жавоб беради. Бу ерда йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Кенг ва ёруғ кутиш зали, она ва бола хонаси, болалар майдончаси, тиббиёт хонаси, электрон табло, шунингдек, имконияти чекланган фуқароларнинг ҳудуд бўйлаб эмин- эркин ҳаракатланиши учун барча имкониятлар яратилди.
Бу ерда аввал мавжуд бўлган бино бир неча йиллар давомида мутлақо қаровсиз ташлаб қўйилгани туфайли ташландиқ ҳолга келиб қолганди. Бу эса ўз навбатида аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб, аҳоли кайфияти ва ҳудуд кўркига салбий таъсир этаётганди.
Янги мажмуа таркибида автобус, микроавтобус ва йўналишсиз таксилар учун алоҳида кутиш майдонлари барпо этилган. Автотранспортларни техник кўрикдан ўтказувчи механик хизмати йўлга қўйилган. Ҳозиргача туман марказидан йўловчиларга Зомин – Жиззах, Зомин – Даштобод, Зомин – Дуоба, Зомин – Култепа, Зомин – Зарбдор йўналишларида автобус ва микроавтобуслар хизмат кўрсатаётган эди. Янги автошоҳбекат ишга тушиши билан Зомин – Тошкент йўналишида автобус қатнови йўлга қўйилди. Бу 153,5 минг киши истиқомат қилувчи Зомин тумани аҳолиси учун ўзига ҳос туҳфа бўлди.
Мазкур мажмуанинг фойдаланишга топширилиши вилоятда автотранспорт соҳасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга кўтарилишига бу орқали эса ҳудуд иқтисодиётиниг янада юксалишига муносиб ҳисса қўшади.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати