May 2, 2019

«Тошкент-Жакарта-Тошкент» йўналишидаги илк самолёт парвози амалга оширилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида Ўзбекистон-Индонезия ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга доир белгиланган вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан ҳамкорликда бу борадаги тизимли ишлар амалга оширилди.

Бугун, 2 май куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан «Тошкент-Жакарта-Тошкент» йўналишидаги илк самолёт парвози амалга оширилди. Жакартанинг «Сукарно-Хатта» халқаро аэропортида Тошкентдан илк парвозни амалга оширган йўловчиларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Индонезия ва Ўзбекистон ўртасидаги мунтазам авиақатновлар ҳафтада икки маротаба чоршанба ва жума кунлари амалга оширилади.

Шунингдек, бугун Жакарта шаҳрида икки мамлакат расмий доира вакиллари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Транспорт вазирлиги, икки мамлакат туристик компаниялари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида туризм форуми ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати