Тадбиркорлар билан учрашув: муаммо ва ечим
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ биносида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири ўринбосари Д.Дехканов раислигида “Транспорт ва логистика тизимидаги мавжуд муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш масалалари”га бағишланган очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тадбирда 100 дан ортиқ транспорт соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг вакиллари иштирок этишди.
Очиқ мулоқот асосан автомобиль, темир йўл ва авиация транспорти, логистика ҳамда йўл хўжалиги тизимидаги тадбиркорларни қийнаётган мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан кўриладиган чоралар тўғрисида бўлиб, тадбиркорлар танқидий ва таҳлилий фикрларини билдириб ўтишди. Жумладан, “Ўрта Осиё Транс” ОАЖ вакили ҳозирги кунда Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасида жойлашган “Дўстлик” божхона постида узлуксиз тирбандликлар юзага келаётганлиги ва бунинг оқибатида юк автомобиллари божхона постида 2-3 кунлаб қолиб кетаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, тадбиркорлар хорижий юк ташувчи ҳайдовчилар юртимизда узоқ вақт бўлиши, уларнинг юк излаши учун шарт-шароит яратилаётгани оқибатида саботаж ташувлари ҳам амалга оширилаётганлиги ички юк ташувчилар фаолиятига таъсир кўрсатаётганлигини таъкидлашди.
Бундан ташқари йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланаётган транспорт корхоналарининг асосий муаммоси янги харид қилинаётган автобуслар нархининг қимматлиги, банк кредити фоиз ставкаларининг жуда юқорилиги, банк кредити учун гаровга қўйилаётган мол- мулкнинг баҳолаш қийматининг фақатгина 60 фоизи гаровга қабул қилаётгани билан боғлиқ эканлиги ойдинлашди.
Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммоли масалалар юзасидан вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари тегишли жавобларни бердилар.
Тадбиркорларнинг ечим топмаган муаммолари ва таклифларини етказиш мақсадида махсус анкеталар тарқатилиб, тадбир сўнгида йиғиб умумлаштирилди ҳамда ушбу муаммолар бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўрганиб чиқиб, тегишли чоралар кўрилиши белгилаб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати