January 6, 2020

Сурхондарё вилоят адлия бошқармасининг Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида 2019 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳақида М А Ъ Л У М О Т


Адлия органлари фаолиятида шаффофликни тўлиқ таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни янги даражага кўтариш, манфаатдор шахсларга адлия фаолияти бўйича кенг ҳажмли ахборот бериш мақсадида адлия вазиринг
2019 йил 12 февралдаги 52-ум-сон буйруғи билан тасдиқланган “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ижроси юзасидан Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида вилоят адлия бошқармаси ҳамда ҳудудий адлия органлари (туман, шаҳар адлия бўлимлари) томонидан 2019 йил
давомида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Жумладан, ҳуқуқий экспертиза бўйича:

Ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2019 йил мобайнида Вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимларига жами 127 та маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун лойиҳалар киритилган бўлиб, шундан 26 таси халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгаши қарор лойиҳаларини ташкил этади. Шундан, 112 тасига ижобий ҳулосалар берилган. Қолган 15 таси белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли қайтарилган.


Шунингдек, ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ва хулоса берилган 111 та қарор лойиҳалари оммавий ахборот воситалари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимият органлари веб-сайтларида эълон қилинган.

II. Ўтказилган ўрганишлар бўйича:

Қайд этилган даврда ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида 61 та ташкилот, идораларда
175 та назорат (ўрганиш, мониторинг) тадбирлари ўтказилган. Ўтказилган ўрганишлар натижасида 1 037 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Аниқланган қонунбузилишлар натижасида тегишли идораларга
65 та тақдимнома киритилган. Тақдимномалар натижасида 22 та ҳужжат ижроси тўхтатилган ва бекор қилинган, 25 нафар айбдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилган, шулардан 15 нафар шахслар билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Шунингдек, қонунчиликни бузиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан
302 та огоҳнома киритилиб, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан
57 та таклифлар киритилган.

Бошқарма томонидан юридик хизмат ходимининг иш жойини моддий-техника жиҳатидан жиҳозлашга доир яратилган минимал талаблар бўйича ўтказилган мониторинглар натижасида ташкилотларда аниқланган камчиликлар юзасидан 20 та маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан вилоят Бандлик бош бошқармасига киритилган таклифларга асосан, 15 нафар ташкилот рахбарларига нисбатан маъмурий жарима қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. Шунингдек, мониторинг натижалари бўйича вилоятдаги 50 нафардан ортиқ юридик хизмат ходимларига зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши таъминланди.


III. Юридик хизмат ходимлари фаолияти бўйича:

Ушбу давр мобайнида Вазирлар Маҳкамаси томонидан энг кам меъёр
ва мезонларга асосан белгиланган юридик хизмат штат бирликлари сони
212 та бўлиб, шундан амалда ишлаётган юридик хизмат ходимлари сони
203 тани ташкил этади.

Шундан 193 нафар юридик хизмат ходимлари юристлар малакасини ошириш марказларида малакаси оширилган.

Қайд этилган даврда 48 нафар юридик хизмат ходимлари лавозимига тайинланган. Қолаверса, 76 нафар талабгорлардан 8 нафари аттестация комиссиясининг қарорига мувофиқ “ўтмаган” деб эътироф этилган бўлса, қолган 63 нафар хизмат ходимларига аттестациядан ўтганлик гувоҳномалари расмийлаштирилиб берилган.

IV. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига адлия органлари ходимларига белгиланган мартаба даражаларини бериш, узоқ муддат хизмат қилганлиги учун устамаларни тўлаш тартиби татбиқ этилиши бўйича:

Ушбу давр мобайнида 71 нафар давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматлари ходимларига адлия вазирининг буйруғига асосан мартаба даражалари тақдим этилган.

Шу билар бирга, юридик хизмат ходимлари ҳар чоракда судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган маблағнинг 5 фоизи, бироқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофотланиши белгиланганлиги муносабати билан вилоят адлия бошқармаси томонидан мониторинг тадбирлари амалга оширилган.

Ўтказилган мониторинг натижасида Сурхондарё вилояти экология
ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси юрисконсульти С.Турдиев
2018 йил давомида судгача ва суд тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган жами 135 169 000 сўм ҳисобидан унга мукофот пуллари тўланмай келинаётганлиги аниқланиб, тақдимнома киритилган. Натижада вилоят адлия бошқармаси аралашуви билан юридик хизмат ходими С.Турдиевга 3 443 304 сўм пул мукофоти берилишига эришилган.

 V. Бўлим томонидан ўтказилган тадбирлар бўйича:

 Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Регламентининг мазмун-моҳияти, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятида учраётган асосий муаммолар” мавзусида бошқарманинг кичик мажлислар залида вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликлари юридик хизмат ходимлари иштирокида семинар тадбири ўтказилди.

Тадбир давомида Адлия вазирининг махсус унвонлар – мартаба даражалари бериш ҳақидаги буйруғига асосан Қизириқ ва Қумқўрғон туман ҳокимликларининг юридик хизмат ходимларига мартаба даражалари топширилди.

Бундан ташқари, Бошқарма томонидан 2019 йилнинг май ойидан бошлаб вилоятдаги давлат органлари ва ташкилотларини тегишли соҳаларга боир қонун ҳужжатларининг ижроси, қонунчиликдаги янгиликлар бўйича хабардор қилиш мақсадида уларнинг юридик хизмат ходимлари билан учрашув тадбирларини ўтказиш юзасидан ишлаб чиқилган режа-жадвалига мувофиқ, ҳар ойда соҳавий семинарлар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.


Сурхондарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими етакчи маслаҳатчиси Ж.Абдулазизов