Алимент пулларини етказилишидаги кечиктиришлар!
Бугунги кунда фуқаролар томонидан алимент пуллари ўз вақтида етказиб берилмаётканлигидан норози бўлиб, турли давлат органларига мурожаат қилаётганликлари сир эмас албатта.
Ҳудди шундай Термиз шаҳар адлия бўлимига ҳам мазкур масалада келиб тушаётган мурожаатлар таҳлил қилиниб, “O’zbekiston pochtasi” АЖ Сурхондарё филиали Термиз шаҳар почта алоқаси тармоғида 2019 йилнинг I-ярим йиллиги давомида алимент пули маблағларининг почта ўтказмаларини топшириш аҳволи мониторинг асосида ўрганилди.
Мониторинг ўтказилиши натижасида январь ойида 99 та ҳолатда (21 625 198 сўм), февраль ойида 110 та ҳолатда (33 523 696 сўм), март ойида 107 та ҳолатда (31 513 588 сўм), апрель ойида 108 та ҳолатда (33 912 840 сўм), май ойида 86 та ҳолатда (2 822 276 сўм), июнь ойида эса 91 та ҳолатда (19 867 719 сўм) алимент пуллари ўз вақтида фуқароларга етказилмасдан қолдиқ сифатида кейинги ойларга қолиб кетганлик ҳолатлари аниқланди.
Ваҳоланки, “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, почта алоқаси операторлари ва провайдерлари почта алоқаси хизматлари кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёхуд лозим даражада бажармаганлик учун фойдаланувчилар олдида белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Почта алоқаси операторлари ва провайдерларининг жавобгарлиги почта ва курьерлик жўнатмалари йўқолган, бузилган (шикастланган), жойланмалар кам чиққан, почта ва курьерлик жўнатмалари етказиб берилмаган (топширилмаган), назорат муддатлари ҳамда почта алоқаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган бошқа ҳолларда юзага келади.
Юқоридагиларга асосан, мониторинг ўтказиш натижасида аниқланган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш учун Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан “O’zbekiston pochtasi” АЖ Сурхондарё филиали Термиз шаҳар почта алоқаси тармоғига тақдимнома киритилиб, қонун бузилиши холатларига йўл қўйган ходимларга нисбатан тегишли интизомий жазо чоралари қўлланилди ҳамда ўз вақтида фуқароларга етказилмаган алимент пуллари етказилишига эришилди.
Термиз шаҳар адлия бўлими
бош маслаҳатчиси Жўрабек Абдулазизов