Адлия бўлими 1-синф ўқувчилари учун бериладиган ўқув қуроллари бўйича сўровнома ўтказди!


Янги ўқув йилида республикамиз бўйлаб 627 мингдан зиёд ўғил-қиз илк бор мактаб остонасига қадам қўйди. Бу йилда 1-синф ўқувчилари учун бериладиган “Президент совғаси” таркибидаги маҳсулотларнинг сифатига алоҳида аҳамият берилди.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 августдаги 409-сон қарори билан тасдиқланган Биринчи синф ўқувчиларини ўқув қуроллари тўплами билан текин таъминлаш тартибига кўра, ўқувчилар ўқув қуроллари тўпламига портфель, 12 та дафтар, оддий (қора) ва рангли қаламлар, пластилин, қаламдон (пеналь), ручкалар, ўчирғичлар, елим, рангли қоғозлар тўплами, расм чизиладиган альбом, бўёқлар кириши белгиланган.

Бироқ, Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан жорий йилнинг 6 сентябрь куни 1-сон ҳамда 2-сон умумий ўрта таълим мактабларида 1-синф ўқувчиларининг ота-оналари иштирокида ўтказилган сўровномалар натижасида ўқувчиларга берилган ўқув қуролларида бир қатор камчиликлар борлиги, ўқув қуроллари кечиктирилиб топширилганлик ҳолатлари мавжудлиги аниқланди.

Жумладан, Термиз шаҳар 1-сон умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган мониторинг ҳамда сўровномаларда 97 нафар ўқувчига ўқув қуроллари тўплами 6 сентябрь куни 2 кун кечиктирилиб берилганлиги, ушбу 97 нафар ўқувчининг ўқув қуроллари тўпламида 97 дона қаламдон ва ручкаларнинг берилмаганлиги маълум бўлди.

Ваҳоланки, юқорида келтирилган Тартибга асосан, мактаб ўқув қуролларини топшириш тантанали равишда 1 сентябрда ёки ҳокимликлар ва тегишли органларнинг қарорига кўра бошқа белгиланган муддатларда амалга оширилиши керак.

Бундан ташқари, 1-сон ҳамда 2-сон умумий ўрта таълим мактабларида 30 нафар ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан тўлдирилган сўровномалардан аён бўлдики, 21 нафар ўқувчига 12 донадан иборат дафтарлар берилган бир пайтда, 4 нафар ўқувчига 10 тадан, 2 нафар ўқувчига 11 тадан, 1 нафар ўқувчига 14 тадан ҳамда 2 нафар ўқувчига эса 20 тадан дафтарлар берилган.

Шу билан бирга, оддий (қора) қаламлар 26 нафар ўқувчига 2 тадан, 4 нафар ўқувчига эса 1 тадан;

рангли қаламлар 29 нафар ўқувчига 1 тадан берилган бўлса, 1 нафар ўқувчига умуман берилмаган;

қаламдон (пеналь) 21 нафар ўқувчига 1 тадан, 9 нафар ўқувчига умуман берилмаган;

ручкалар 3 нафар ўқувчига 2 тадан, 20 нафар ўқувчига 1 тадан, 7 нафар ўқувчига умуман берилмаган;

ўчирғичлар 1 нафар ўқувчига 4 та берилан бир пайтда, 25 нафар ўқувчига 2 тадан, 3 нафар ўқувчига 1 тадан, 1 нафар ўқувчига умуман берилмаган;

рангли қоғозлар тўплами 29 нафар ўқувчига 1 тадан берилган бўлса, 1 нафар ўқувчига умуман берилмаган;

бўёқлар 1 нафар ўқувчига 2 та, 28 нафар ўқувчига 1 тадан, 1 нафар ўқувчига умуман берилмаган.

Бироқ, Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 20 августдаги 409-сон қарори билан тасдиқланган Биринчи синф ўқувчиларини ўқув қуроллари тўплами билан текин таъминлаш тартибида олинадиган ўқув қуроллари миқдори ва уларнинг сўмда ифодаланиши кўрсатилган рўйхат билан бирга ўқувчиларнинг фамилиялари келтирилган ведомость мактаб ўқув қуроллари бериш ҳуқуқига асос бўлиб ҳисобланиши, болаларнинг фамилиялари қаршисига ота-оналар ёки яқин қариндошлар имзо чекадилар, шундан кейин ушбу ведомость ҳисобот учун бухгалтерияга топширилиши белгиланган бўлсада ушбу мактабларда мазкур тартиб бажарилмаган.

Юқорида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида Термиз шаҳар адлия бўлими томонидан халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилди.


Термиз шаҳар адлия бўлими
бош маслаҳатчиси Жўрабек Абдулазизов

Термиз шаҳар адлия бўлими
катта маслаҳатчиси Акмал Худойбердиев