February 26, 2021

Халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 25 февраль санасида Халқ депутатлари Олтиариқ туман Кенгашининг навбатдаги – XXIV сессияси бўлиб ўтди. Унда туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, кун тартибига киритилган масалаларга алоқадор бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Сессияни Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Х.Ниёзов очди ва олиб борди.

Сессия кун тартибидаги асосий масала – Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги ПФ-6155-сонли Фармони ижроси юзасидан Олтиариқ тумани “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш тўғрисида туман ҳокими Х.Ниёзовнинг ҳисоботи тингланди.

Шунингдек, туман Адлия бўлими бошлиғи О.Халилова Сессия кун тартибига киритилган Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш ҳамда “Норма ижодкорлиги”, “Мурожаатлар билан ишлаш тўғрисида”ги Қонун ҳужжатлари юзасидан ахборот бериб, мансабдор шахслар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтди. Депутат Ў.Отабоев кун тартибидаги масала юзасидан, норма ижодкорлиги ва мурожаатлар билан ишлаш тўғрисидаги Қонун хужжатларини бузган мансабдор шахсларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш бўйича туман Адлия бўлими томонидан қандай ишлар амалга оширилганлиги тўғрисида О.Халиловага савол билан юзланди. О.Халилова бир нечта мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича баённомалар расмийлаштирилганлигини маълум қилди.

Шу билан бирга, кун тартибидаги “Саховат ва кўмак” жамғармасидан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, кўп фарзандли оилаларга, ёлғиз қарияларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раҳбари А.Мирзаев ахборот бериб ўтди. Депутатлар Ж.Бозоров, Ў.Отабоевлар “Саховат ва кўмак” жамғармасидан ажратилаётган маблағлар бундан буён Кенгаш депутатлари ҳамда Кенгаш доимий комиссияси хулосасидан сўнг эхтиёжмандларга берилиши ҳақида ўз фикр-мулохазаларини билдириб ўтдилар. Шундан сўнг, туман ҳокими Х.Ниёзов ушбу жамғармадан ажратилиши лозим бўлган пул маблағлари Кенгаш депутатлари ҳамда Кенгаш доимий комиссияси хулосасидан сўнг эхтиёжмандларга берилиши ва ушбу жараённи депутатлар қаттиқ назоратга олиши бўйича керакли топшириқ ва кўрсатмаларини бериб ўтди.

Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли Қарорлар қабул қилинди.

Олтиариқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати