May 14, 2025

Сен Хис Ет

Муқаддима

Бу базм ниманинг шарафига уюштирилган аниқ билмадим, менинг ягона мақсадим Искандарни излаб топиш эди. Агентликка маълум қилганимда улар менга тўлиқ маълумот берарди. Аммо, ҳатто ўша агентлик ҳам тушунмайди, мен ўзим учун ишлашимни. Тез орада ака-ука Амановлар ҳаётига жосус сифатида қайтаман ва нариги томонга маълумот етказишим керак. Бироқ, ҳатто улар менинг қўлимда хўррак эканини билишмайди, улар тараф деб ўйлашади. Мен айни дам ҳеч бири тарафида эмасман. Кун келиб Искандар томон бўлишим мумкин. Бунга эса ўз лойиқ сабаблари бор. Менинг энг катта яширин ҳақиқатимга... Ҳозир буни ошкор қилишга ҳаққим йўқ.
Сўнгги русумдаги телефоним асабий жиринглаб жонимга тегиб улгурди. Экранда мен билан тенгма тенг ишлаши керак бўлган бошқа жосус шеригим телефон орқали алоқага чиқаётган эканки, мендан шубҳа қилмади деб ўйлабман. Бир дунё одамлар орасидан ё Искандар, ё Исфандиёрни учратиш илинжида кўзим билан излаганча, унинг қўнғироғига жавоб беришимни биламан, у вайсаб кетди.
— Нега ҳомийлар тадбирига бординг! Ҳайрия жамғармасига сени жўнатмаган эдик дейишяпти!
Жин урсин... Гуруҳнинг қайсидир аъзоси шу ерда экан-у, мени кўриши билан хабар етказган. Энди елкамга қай бир эканини аниқлашимдек вазифа юклатилди.
— Кўпроқ менинг ёрдамим тегади деб ўйладим!, — дедим сир бой бермай.
— Наре!, — у исмимнинг қисқартмаси ва менинг яширин исмим билан чақирди, — Бу учинчи маротаба ўзбошимчалик қилишинг!

— Тан олайлик, улар ҳақида мен кўпроқ биламан. Ҳозир бандман, кейинроқ гаплашамиз.
Телефонни шартта ўчирдим. Гуруҳ сардори анча ғазабланадиган бўлди. Аммо, менга ҳеч нарса қилмаслигига аминлигим учун шундайман. Чунки, уларга энг керакли одам менман!
Гавжум одамлар ичидан ниҳоят кўзим бинонинг иккинчи қаватидан туширилган, ҳашамдор қизил гиламлар тўшалган, улуғвор зиналардан тушиб келаётган икки инсонга кўзим тушди. Улардан бирини кўзларимни юмиб танирдим. Искандар Аманов... Бироқ унинг ёнида қўлини Искандарнинг чап қўлидан ўраб ўтказиб олган бир қиз кўринди. Номсиз бармоғида қиммат узуги ярақлаб турар, сочлари елкасидан сал ошиб, ёйилиб тушган кўйлагининг деколтаси очиқ, баданига ёпишган қисми тиззасигача бўлиб, у ёғи бироз эркин турибди. Ким бўлди бу турқи совуқ! Наҳотки, Искандар... Асло! Менинг шунча ҳаракатларим, ҳаётимни хатарга қўйганларим ким учун эди! Агар у чиндан шундай иш қилган бўлса нима қиламан?
— Анови қиз ким бўлди энди?, — ўзимга ўзим аранг шивирладим алам билан.
Искандарнинг ёнига бир қанча эркаклар келиб сўрашиб кетаётганди.
— Билмайсизми?, — ёнимда бир аёлнинг овози эшитилди, — Искандар Амановнинг хотини!
Нотаниш аёлга қандай дахшат билан қараганимни ўзим биламан, бироқ мен нафрат ҳиси таратиб турган жуфтликка меҳр кўзлари билан тикилиб турган аёл мендаги ёмон қиёфани илғамади: — Бир бирига росса мос-а?
Оёқ қўлим номига қалтираб, нафас олишим қийинлашди. Кўзимга тўпланаётган аччиқ кўз ёшларимни аранг ичимга ютиб, ташқарига чиқиб кетиш учун шошилдим... Аблах Искандар! Бунинг учун ҳали товон тўлайсиз!

1-боб. Сен, мен ва илк учрашув.

Шаҳарнинг энг баланд бинолар жойлашган қисмида, қанчалар юқори қават бўлишига қарамай, кўчада тинимсиз қатнов оқимида сузиб юрган машиналар овози базўр эшитилиб туради. Катта панорама ойналарининг фақат пардалари суриб қўйилган, очиш мумкин бўлмагани учун кичик дарчасидан шувиллаган овози билан уйга тоза ҳаво киряпти. Бу уйда Исфандиёр акаси билан чиқиша олмаган куни тун ўтказади. Бироқ, тонгда яна ҳеч бир аразлашув бўлмагандек акасининг ёнига қайтади. Уларнинг ҳаётида тўрт йил аввал катта инқироз бўлганди. Ака-укалар бу инқирозни осонликча босиб ўтгани йўқ ва сабабчи қилиб ўйлаган инсонлари ҳам уларнинг ҳаётидан кетганига шунча бўлибгина акаси у қизни қумсашини ҳис қилади. Иккиси ўз вақтида қоидалар ва ғурурига таслим бўлмаганида, эҳтимол ҳозир Искандар арвоҳ каби яшамасди. Яна баъзида эса йигит ўзини барига сабабчи деб билади. Аммо, акаси ўзини айблаётганини сезган заҳоти дакки беради. Нима бўлса ҳам, ҳозир барчаси ўз маромида кетаётганди. Одатий ишга доир учрашувлар, ишхонадаги ишлар, ҳамкорлар билан келишувлар, мажлислар, ҳушига келса ўтказиб туриладиган дам олишлар... Шулардан бўлак иккисининг ҳаётида жиддий иш бўлмади. Исфандиёр-ку, ўзини анча яхши ҳис қилади. Аммо, акаси... Уни ҳатто қайсидир қиз билан пайқаганида бунчалик ташвишланмаган бўларди. Бироқ, унинг ҳаётида ўша қандайдир қиз ҳам йўқ! Актриса хотинини айтмаса албатта.
Ёлланма хотин бугун ҳам уларга бир масалада ёрдам бериши керак. Шаҳарда ишларига халал бераётган одам пайдо бўлган. Уни топишлари билан куни битади. Аммо, аксига олиб тутқич бермаяпти. Уни бирорта жиддий учрашувларда қўлга тушириб бўлмайди. Одатий куни, оддий тарзда топиши керак. Улар билан ўйин ўйнаб жуда жонга тегди. Амановлар қанчалик кучли эканини синаб юрибди. Акасига унга эътибор қаратманг деганди. Бир муддат шундай қилишди, охирги марта ёмон хабар келиб тушдик. Унда айнан шу куни, одамлар гавжум бўладиган, айниқса ёш болалар кўп юрадиган қисмида бўмба ўрнатилгани айтилганди. Уларга керакли одамига хабар бериб ўша жойни ўн марталаб ҳар куни текширдик, аммо ҳеч нима йўқ эди. Демак, у портлашидан аввал жойлаштирилади. Шунча одам бор жойда буни эплай оладиган каламушни топишлари шарт бўлди. Бунинг учун Амановлар бўлиб эмас, оилавий сайрга чиққан инсонлар бориб боққа ташриф буюришади.

Исфандиёр ўз уйларига қайтганида кун яримлаб бўлганди. Акасини жинси шим ва оддий оқ футболкада кўриб кулиб юборишдан тийилиб оғзини қўли билан ёпди.
— Масхарабозга ўхшадими?, — деди Искандар қаттиқ тикилиб укасига.
— Йўқ, аксинча зўрсиз! Шу кийимда ҳам чёткий!, — бош бармоғини зўр дегандек кўрсатди, — Фақат сизни серьёзный стил да кўравериб ўрганиб қолибман. Оддий боққа ўғлини айлантиргани олиб кетаётган ҳақиқий ота бўлибсиз!
— Кечирасан, укажон!, — Искандар вазмин қадамлар ташлаб келиб укасининг елкасига қоқди, — Сен ўғлинг билан борасан, мен хотиним билан.
— Тушунмадим?
— Зоҳид сенинг ўғлинг бўлиб боради, мен хотиним билан бораман!
— Бу қандай бўлади?, — Исфандиёр катта ойнадаги аксига тикилишни бас қилиб қўл силтади, — Музайна сизни хотингиз, Зоҳид менинг ўғлим шунақами? Сиз хотинини айлантириб юрган эркак, мен боласиними? Нимадир емаяпти шекилли?
— Ҳамма нарса шундай бўлиш керак Исфандиёр!, — Искандар кескин тушунтирди, — Сен шунчаки айланиб юрган йигит бўла олмайсан, кўзга ташланасан.
— Айтганингизда мен ҳам ўзимга бирорта хотин топардим ё севган қизимми... Хотинсиз ота бўлдим. “Вой, бу ширин болачани онаси қани?” дейишса, “Бу болани менга лайлаклар бериб кетган” дейманми?

— Ҳа шунақа дейсан, — Искандар уни рад этмади, — Онаси ўлган, онаси ишда, онаси банд деган баҳоналар йўқми? Ўзингни меҳрибон отадек кўрсатиб айлантириб юравер!
— Балки, Музайнани алмашармиз?, — таклиф киритди укаси шўх овозда, — Ҳар холда сизга нисбатан мен ёш йигитчаман. Бу ёшимда онаси йўқ болали бўлишим унча ёқмаяпти. Сизни қиёфангиз эса онасиз қолиб кетган отага ўхшайди.
Акаси ўқрайиб қарагани учун оғзини қулфлаб жим бўлишни лозим топди.
— Музайнани мен билан кўп кўришган, — деди Искандар зинадан тушиб кетишаётганида, — Энди сен билан кўришса, танишлар чиқиб қолса нима дейишади? Икки ака-укага битта хотинми? Ўзингга хотин топишингга қўймадим, чунки сени шу чоққача бирорта қиз билан кўришмаган. Тўсатдан пайдо бўлса ишонишмайди.
— Болали бўлиб қолганимга ҳам ишонишмайди, — Исфандиёр бош чайқади.
— Айнан бизнинг оламда бу ишончли. Яширинча бола туғдириб юришлари мумкинлигини биласан.
— Қуриб кетсин. Бу кетишда сохта боламни деб ҳақиқий хотинлик бўла олмай қолмасам бўлгани.
Ташқари эшикнинг қўнғироғи чалиниб уйнинг хизматчиси катта ёшли аёл уни очиш учун шошилиб кетаётгани тепадан кўринди. Эшик очилиб меҳмон кўринмасидан аввал Искандар ортига ўгирилиб укасига уқтирди:
— Сен истаган вақтинг истаган қизни ўзингга қарата оласан! Шунчаки буни истамайсан.
Исфандиёр ҳазил тариқасида ичидагини чиқармоқчи эди, тилини тийди. Акасига ёмон таъсир қилиши мумкин эди-ю, аммо у ҳақ эмасми? Умрида биринчи марта бир қизнинг муҳаббатини қозонишни истаган эди, у акасига тегишли бўлди. Икки ака-укага ёмон зарба бериб кетди.

Уй ичига Амановларнинг энг ишончли ишчиси Маҳкам ва унинг олти ёшли ўғли Зоҳид кирди. Кичкина болача Исфандиёрни кўриши билан у томонга югириб, бўйи Исфандиёрнинг кўксининг ярмида қолганча қучоқлаб олди.
— Исфандиёр амаки! Бугун сиз билан боққа борар эканмиз!, — деди болача хурсанд овозда, — Бугун мен сизнинг ўғлингиз бўлар эканман!
— Ҳа, Зоҳид, менга қара, — Искандар тиз чўкалаб ўтирганча болачани ўзига қаратди, — Бу ўртамиздаги сир тушунарлими? Бугун кун охиригача Исфандиёр сенинг даданг.
— Хўп, Искандар амаки!, — деди Зоҳид шартта кўниб бош силкир экан, — Боғда машина ҳайдашга олиб чиқсангиз бўлди.
— Машина ҳайдаш сендан айлансин, — Исфандиёр унинг сочларини тўзғитиб қўйди, — Фақат ақлли бола бўл.
— Сен умуман эътибор тортмаслигинг керак, Маҳкам, — деди Искандар ишчисига, — Керакли нарсани топишимиз билан белгиланган машинага чиқамиз ва кўздан ғойиб бўламиз. Иложи борича боғда шовқин кўтарилмасдан топиш керак.

* * *

Боққа етиб келишганида барча нарса одатий кўринарди. Шунча чеҳралар ичидан қайси бири шубҳали эканини аниқлаб бўлмади. Исфандиёр ва Зоҳид бошқа машинада улардан аввал етиб келиб айланиб юришганди. Искандар йўл йўлакай Музайнани уйидан олиб ўтди. Машинада қизга дакки бериб улгурди.
— Нега бунча кўп яшадинг? Оддийроқ кийин дегандим.
— Мен кимсан Амановнинг хотиниман, — қиз кулди, — Ҳақиқий ҳаётда бўлмаса ҳам албатта, бундай бахтдан сармаст бўлиб олай!
— Бугун Амановнинг эмас, оддий йигитнинг хотини бўлиши керак эди. Бўйнингда ва қулоғингдагиларни еч, узукни ҳам. Шуларнинг ялтираши етмай турганди ўзи.
— Мен сиздек қайсар одамга қараб туриб, бир кун ўзимники қила олармиканман деб ҳаёл суриб қоламан, — қиз унга яқинлашиб суянди, — Менда имкон борми, Искандар?

Искандар ундан қўлини тортиб олиб, яна рулни бошқа жойидан ушлади:
— Рўл ўйнашга мажбур бўлмаган вақтимиз ўз ўрнингда бўл, Музайна.
— Агар жиғимга тегаверсангиз орамизда ҳеч нарса йўқлигини ҳаммага маълум қиламан, — қиз ўзича таҳдид қилди. Асли, у бу таҳдидини қачондан бери ишлатишни истаб юрганди.
— Айт!, — деди Искандар жиддий, — Ўша куниёқ пулсиз қоласан, мен истаган вақтим номимни оқлаб ололаман. Аммо, ҳаётингни жаҳаннамга айлантириш қўлимдан келади.
— Сиз шунчалар маразсизки!, — қиз лабини буриб ойнадан ташқарига қараб кетди.
Искандар яна қанча вақт бу томошаларга чидаб юриши шартлигини англолгани йўқ. Музайна ҳозир унга керак ва шартта “хотин” алмаштира олмайди.
— Сизга кераклигимни биламан, — деди қиз унинг ҳаёлларини ўқигандек, — Бир кун бошқа мақсадда ҳам керак бўламан, ҳали мени айтди дейсиз. Кун келиб сиз билан бирга уйғонамиз, ўшанда...
— Худо сақласин, — Искандар бош чайқади, — Сенга ўлсам ҳам яқинлашмайман.
— Ким у?, — кўзлари пирпираб йигитга нигоҳларини қадади.
— Ким?, — Искандар тушунмади.
— Ўша қиз... — орада бироз танаффус олди, — Сизни қалбингизда бошқаларга жой қолдирмаган ўша худбин қиз... Унга ҳасад қиламан.
Искандар мийиғида кулди. Музайна бир нарсада ҳақ. У Искандарнинг юрагини тўлалигича эгаллаб олган, ўзи ҳаётида мавжуд бўлмаса-да у ерни тарк этмаган. Ўта кеткан худбин қиз. Оғир нафас олди. Уни шунчалар кўришни, шунчалар такрор бағрига босишни, шунчалар сочларидан силашни истарди. Унга борлигача ҳис қилишни қумсарди. Энди уни қайта ҳис эта олмайди. Ҳатто, унинг қаерда экани ҳақида маълумотга эга эмас. Ўша вақти қарор қабул қилмагани учун унга берилган жазо эди бу... Энг мукаммал жазо. Ўзининг йўқлиги билан йигитни тўрт йилдан бери азоблаб келади. Наҳот, йигитни унутган бўлса? Бир бора ўзи ҳақида белги берса бўлгани эди, уни ернинг тагидан бўлса ҳам топарди. Бироқ, қиз шамол каби келиб ҳаётига, шамол каби елиб кетган.
Бир куни албатта уни топади, қадам ичди ўзига. Кимнинг қўйнида кўрса ҳам мободо, ўша одамни йўқ қилади, аммо қизни қайта қўйиб юбормайди. У кимгадир тегишли бўлиши мумкин эмас. У фақат Искандарники...

* * *

Боққа етиб келишганида Исфандиёр, Искандар ва уларга ёрдам берадиган жамоа қулоқларига алоқаларни улаган қулоқчин тақиб олишганди. Исфандиёр боғнинг бошқа бурчагида Зоҳидни ўз ўғлидек айлантириб юрди. Музайна ва Искандар эса гўё севишганлардек катталар сайр қилиб юрган ҳудудда атрофни кўздан кечираётганди. Бари ўз маромида, ҳеч кимни шубҳага қўймай давом этмоқда. Болалар ўйнаб юрибди, қайсидир бурчакларда севишганлар ўпишиб, қучоқлашиб ўтирибди. Ям яшил майсалар устида ёш қизлар ёки оилалиликлар пикник қилишмоқда. Барча ўзининг ҳаётининг сўнгги ҳаётини яшаётган бўлиши мумкин. Агар улар шубҳали одамни пайқашмаса ёки белгиланган вақтгача бўмба қўйилган жойни топишмаса ҳаммаси тамом.
— Қанчалар гўзал... — деди Музайна Искандарнинг қўлига осилганча одамлардан ҳоли ерда ўтирган жуфтликни кўрсатиб, — Ҳаётдан лаззат олишяпти.
Искандар у кўрсатган жойига ишидан чалғиб қараганига афсусланиб кетди. Қиз йигитга борича ёпишиб олган, йигит истаса белига тегади, истаса ўпади. Қиз эса бунга қаршилик қилмайди.
— Шу учун мени чалғитдингми?, — деди Искандар Музайнанинг чангалидан қўлини суғуриб олиб, — Буларга бошқа жой қуриб қолганми? Ҳаётдан лаззатлармиш!
— Қўйсангизчи, улар ҳали ёш. Бир бирини севади...
— Музайна бироз валақламай тур.
— Кейин балки улар эр-хотин бўлиши мумкин...
Искандар ўқрайган эди, қизнинг овози дарров ўчди.
— Нормал эркак хотинини кўчада ўпиб юрмайди! Агар бу йигит севган бўлган тақдирида бундай қилмаслиги керак эди, қиз ҳам шунга рухсат бериб қўйган! Менга ҳозир нима, билганларини қилишсин.
У ўзини оппоқ дея олмайди. Бир вақтлар ўзи ҳам бундай муносабатда бўлган. Ҳатто, Нармин билан... Аммо, у ўлиб қолса ҳам буни ҳаммага кўрсатиб қилмасди.
— Сизнингча ҳақиқий ҳислар қандай изҳор этилади? Яширинчами?!
— Мен учун икки жуфтликни кўрганингда уларни ораларидаги муносабат шу қадар сирли кўриниши муҳим!, — деди Искандар қўл соатига тикилиб, — Токи бошқалар уларни ҳаёлларида тасаввур қила олмасин. Етарлими? Энди мени тинч қўй.
— Қўпол!, — Музайна ундан аразлаганча олдиндан кетди.
— Ҳа, мен қўполман. Ҳеч ким учун юмшоқ бўла олмайман, афсуски...

* * *

Тахминан икки соатдан ошиқ вақтларини одам тўлиб тошган боғда ўтказишди. Изланишлари самарасиз кетаётганди, боғнинг махсус ходимлари ҳам ишга киришган, одамларни шубҳага қўймай ҳар бир бурчакдан хавфли нимадир топиб олиш илинжида титкилаб юришганди.
— Топилдими?, — Исфандиёр сабрсизланиб акасига боғланди.
— Йўқ, — Искандар зарда қилди, — Сен ўғлингни айлантириб тур.
— Ака, ҳозир ҳазиллашмайлик, бола ҳам чарчаб бўлди, — у кўп нарсада учиб бўлган, музқаймоқ, ширинлик, овқат еган, кўп сув ичиб хожатхонага уч марта қатнаган, чарчаб уйқусираган болага қараб олди, — “Ўғлим” жуда чарчади!
— Онасиз катта қилиш ҳам қийин!, — Искандарнинг кулган овози эшитилди.
— Ака!, — Исфандиёр жаҳл қилди, — У айтган соатга 15 дақиқа қолди.
— Биламан, — Искандар жиддийлашди, — Одамларни огоҳлантириш керак.
— Энди жуда кеч... Қаердалигини топсак ўша атрофдаги одамларни узоққа олиб кетардик. Анови итни ҳам топа олмадингизми?
— Уч тўртта шубҳали одамларни кўз остига олдик. Кузатишяпти.
— Музайна қаерда?
— У ҳам чарчаб ўтириб олган... — Искандарнинг овози бир зумга узилиб, узоқдан узуқ-юлуқ келди, кейин яна алоқага қайтди, — Қаердасан?!
— Нима бўлди?, — Исфандиёр ҳовлиқди, — Топилдими?
— Тахмин қиляпмиз, ўша ердаги одамларни узоқроққа олиб кетиш керак. Ўша ерда қурилма титилабди.
— Қўлимда Зоҳид бор. Ухлаб қолган.
— Ҳозир Азиз ёнингга боради, болани унга бер. Музайнани билан машинага чиқариб қўйишади.
Шунга ҳам беш дақиқадан ошиқ вақт кетди, боладан қутилган Исфандиёр акасидан манзил айнан қаерда эканини сўради.
— Балиқлар боқиладиган сув ҳавзаси томонда экан. Айнан қайси тарафи эканини била олишмаяпти. Жин урсин атиги олти дақиқа қолди!
— Мен ўша тарафдаман, — Искандар сув ҳавзасига келиб пикник қилиб ўтирган ёшларни ва жуфтликларни ўзини боғ ходимидек тутиб ҳайдади. Улар норози бўлиб, шошилмай кетишар экан, тезлаштирди. Ишқилиб адашмаган бўлишсин деб умид қиларди. Деярли ҳаммани у атрофдан қувиб бўлгач иши битганидан эрта қувонганини фахмлади. Бошқа тарафида бир қиз балиқларга овқат бериб, видеога олаётган эди.

— Қаерда?!, — сўради Искандар.
— Нимани?, — Искандарнинг овози эшитилди.
— Ўша нарса айнан қаерида?!
— Катта соат турган миноранинг энг қаршисида, жануб томонда... Белгилар шундай. Нима бўлди?
— Айнан ўша тарафда бир қиз бор!
— Унга айт кетсин! Сен ҳам у ердан тезроқ кет, Исфандиёр!
—Ҳой қиз! У ердан кетинг балиқларга овқат бериш вақти тугаган! У ерда туриш мумкин эмас!, — Исфандиёр қиз томон шошилиб бораркан уни чақирди.
— Исфандиёр икки дақиқа!, — Искандар бақирди.
— Аҳмоқ қиз, қулоғига нарса тақиб олган экан.
— Исфандиёр кет!
— У ўлиб кетади!
Исфандиёр қиз томон бор кучи билан югурди, қанча қочишни буюрмасин чиндан қиз ўз оламига ғарқ бўлганча йигитни эшитмасди.
— Исфандиёр, ўттиз сония...
— Ҳаммаси яхши бўлади ака, — йигит ваъда беради, — Ҳозир алоқа узилади, нима бўлишидан қаътий назар бу тарафга қараб югурманглар!
— Нима қилмоқчисан?
Исфандиёр бошқа жавоб қайтармай қўйди. У қизнинг ёнига келиб уни шартта ушлади-ю, иккисини сувга ташлади.
Шу замони қаттиқ портлаган овоз эшитилди, атрофида нима бўлса вайрон этиб, сув ҳавзасига ҳам таъсир этмасдан қўймади. Истандиёр сув ичида қизни кўл ўртасига мажбурлаб олиб борди. Нотаниш қиз жон талвасисида ҳаёт билан курашар, сал аввал севимли қўшиғи эшита туриб, нега сув қарида пайдо бўлиб қолганини ҳеч англай олмасди. Боғда етарлича шовқин кўтарилган, ҳамма дуч келган тарафга қочар, Искандар ва унинг жамоаси кўл бўйига қараб шошиларди. Бир қизни қутқараман деб укаси ҳалок бўлганини эшитишга тайёр эмас.
Ниҳоят атроф тинганида қизни сув юзасига олиб чиққан Исфандиёр илк тарсакасини еди. Қиз йиғлашга шай ҳолатда бақирди.
— Кимсан! Маняк! Ёрдам беринг!
— Ҳаётимда ҳеч ким мени бундай ҳақорат қилмаганди, — деди Исфандиёр уни қутқариб қолганига олган мукофат изини силаб, — Катта раҳмат.

1-боб тугади.