May 14, 2025

Сен Хис Ет

2-боб. Бош балоси

— Кўп қимирлама, ҳозир чўкиб кетамиз!, — типирчилаётган қизни сув тагида амаллаб силталади Исфандиёр, — Исминг нима?
— Сизга нима! Сиз кимсиз, нега мени сувга улоқтирдингиз, ўзингиз мен билан нима қиляпсиз, мақсадингиз нима?!
— Мақсадим сени деб кун ботишни бошлаганида балиқлар билан сузиб юриш эмасди, ҳар холда.
— Менга тўғри гапиринг!
— Воҳ, воҳ, сиз кимсиз?! Тўғри гапирмасам нима бўлади?
Улар томонга отилган қутқарув желетларини биринчи қизнинг бошидан ўтказиб қизга кийдирди. Шунда ортиқча куч ишлатиб қизни сувдан тепароққа кўтариб юришга хожат қолмади. Қиз ўзини ўзи эплади.
— Ўзингиз суза оласизларми ёки қайиқ жўнатайликми?, — соҳил бўйида қутқарув хизмати бақирди.
— Қайиқ бўлса яхши бўларди, — ҳудди ўша овозда Исфандиёр ёрдам сўради, — Мана бу қиз балиқларга ем бўлиб кетмасин.
— А-а-а!, — қиз бирдан қулоқни ёргудек бақириб йигитга ёпишиб олиб оёқларини кўтаради, — Балиқлар бизга тегяпти.
— Биламан. Ҳозиргина ўзинг уларни боқиб юргандинг, сенга миннатдорчилик билдиришяпти. Бир зум типирчилашни бас қил.
— Мени сизни катта холангизни қизи эмасман!, — деди қиз заҳарлик қилиб, — Сенламанг!
— Сен ҳам менинг катта холамнинг қизи эмассан!, — Исфандиёр ўзига тақлид қилиб бош силкиди, — Сенга илтифот кўрсатишга мажбур эмасман!

Қайиқ келгунча қиз йиғлашни бошлади.
— Яна нима бўлди, — уф тортди Исфандиёр, — Меланхоликман дема фақат.
— Телефоним... Қулоқчиним... У қиммат эди. Телефонимдан қанча хотиралар бор эди... — нотаниш қиз ҳиқиллашга тушди, — Кийимим расво бўлди. Шарманда бўлдим. Ҳозир бир дунё эркаклар ичига шу кўринишда чиқаман.
— Нима экан дебман-а!
— Тушим оқиб кетгандир-а?
Исфандиёр унга кўрсаталиётган кўзларга тикилди.
— Ҳа... — деб қўйди билмасдан, — Юзинг бўйлаб қоп қора нарса бор.
— Ах-аха-а-а-а!!!, — қиз баттар йиғлашга тушди, — Бугун қандай расво кун! Ишдан кетдим, ўқишимда муоммолар тўла! Менга ҳеч нарса ёқмаяпти! Дугонам билан урушиб қолдим, у билан ажралдим... Энди мана бу сассиқ сув ичида сузиб юрибман... Менга нима бўлган?
— Қулоқ сол, албатта муоммоларинг жуда “катта” экан. Лекин, ҳеч ўйлаб кўрганмисан, бу дунёда сеникидан ҳам кўп муоммолилар бор.
— Ўчиринг овозингизни!, — қиз бақирди, — Менга ҳозир умуман ёқмаяпсиз!
— Тавба, тавба, — Исфандиёр кулди, — Яхши ҳам ёқмаяпман. Худо уриб ёқиб қолган бўлсам нима бўларди?
— Эътиборингиз учун менга ёқмоқчи бўлганлар кўп!
— Бундай шарафли ишдан мени қутқарганлари учун раҳмат. Ҳозиргина сени севиб қолмоқчи бўлиб тургандим.
— Ҳақиқатдан ёқимсиз йигит экансиз, — қиз бошқа тарафга қараб олиб яна йиғлади, — Ҳаммани ёмон кўраман. Уйимни соғиндим.
— Унда бор уйингга, — маслаҳат берди Исфандиёр.
— Маслаҳатингизни пишириб енг! Маняк! Касал!
— Худойим, — Исфандиёр оҳ тортди, — Сен бу қизга нега мени рўбарў қилдинг? Ўзимнинг муоммоларим каммиди?

Қайиқ етиб келгач ичидаги одам қизга қўл узатди. Бироқ қайсар қиз жойидан силжимади. Шунда Исфандиёр аввал ўзи қайиққа чиқиб, сўнг қизнинг қўлидан мажбурлаб тортқилади.
— Биламан, ёқмаяпман. Лекин, ҳозир бу ерга пиранияларни қўйиб юборишар экан!
Йигитнинг ҳазилига лабининг четида билинар билинмас кулган қизнинг барибир қовоғи очилмади. Устидаги желет уни сиқиб қўяётганидан кимга нолишни билмасди. Қирғоққа етиб боришганида Исфандиёр тушиб, қизга қўлини узатганди, қабул қилмай ўзи туша олишини кўрсатмоқчи бўлди-ю, қалқиб яна сувга тушиб кетди. У умрида шунчалик шармандали ҳолатга тушмаган. Исфандиёр ўзини кулиб юборишдан зўрға тийиб, қизни сувдан олиб чиқди. У на гапирарди, на бирор реакция билдирарди. Ўзига оз-моз келгунича сочиқлардан бирини олиб қизнинг елкасига ташлаб устини ёпди. Искандар укасининг меҳрибончилигини жимгина кузатиб турар, нимадир дейишга озижлик қилаётганди.
— Одамлар қани?, — ниҳоят ўзига келган қиз атрофга аланглади.
— Улар хавфсиз ҳудудга олиб ўтилган, — тушунтирди Исфандиёр.
— Нимадир портлади-я?
— Худога шукр тушунибсан. Ҳа шу атрофда нимадир портлади, — у нима эканига изоҳ бериб ўтирмади, — Мен эса сени қутқариб қолдим. Балки, раҳмат айтарсан.
— Энди уйга қандай қайтаман?, — қиз уст бошига қараб ўзига ўзи пичирлади.
— У ҳозир мени эшитмаганликка олдими?, — Исфандиёр акасига ишора қилди, — Раҳматни ҳам сўраб оламанми?
— У ҳозир ўзида эмас Исфандиёр... — деди Искандар.
Боғнинг иш бошқарувчиси келиб қиздан узр сўрашга киришиб кетди.
— Келтирилган ноқулайлик учун афсусдамиз. Биз сизга боғланиб келтирилган зарарни қоплаш учун уй манзилингиз ва ўз маълумотларингизни қолдиринг, илтимос.
Қиз иш бошқарувчига ҳеч бир сўз демай тикилиб турди.
— У исмингни сўраяпти, — Исфандиёр жим тура олмади.
— Аида, — деди қиз йигитга эмас иш бошқарувчига қараб.
— Ҳмм, демак Аида!, — Исфандиёр мамнун бош силкиди, — Буни раҳмат ўрнида қабул қиламан.

* * *

Боғнинг махсус ходими узрини канда қилмай, нотаниш қиздан маълумот оларкан, Искандар ва Исфандиёр бир чеккага ўтишди.
— Уни ушлай олмадик!, — деди Искандар, — Сенга, аниқроқ айтганда... — у дир-дир қалтираб ўтирган қизга бир қараб қўйиб давом эттирди, — Сизларга чалғитдик.
— Бу мараз биз билан кўп ўйнашяпти, бир кун ҳолига маймунлар йиғлайди, қараб турсин... — Исфандиёр акаси кўз тиккан тарафга ўгирилиб қизга қараб қолди.
Шу қиз балиқларга овқат бераман деб оёқ тагида халақит бермаганида, ҳеч нимани кўздан қочиришмасди. Эҳтимол, буни ҳам бирор яхшиликка йўйиш керакдир...
— Кетамиз. Бола ҳам машинада эзилиб кетди, Музайнани ҳам уйига қайтариш керак...
Исфандиёр боғ ходимига ишора қилиб бош силкиганча кетишга чоғланди. Улар билан кейинроқ Амановларнинг ёрдамчиси боғланиши керак эди.
Эгнига махсус сочиқ ташлаб қўйилган қиз югурганча икки йигитга етиб олди. Ишчилари уни Искандар билан Исфандиёр ёнига қўйиб юбормай ушлаб қолгани уларнинг эътиборини жалб қилди.
— Ҳой! Шундай кетасизми?!
Исфандиёр ортига қайрилиб, бу қизда яна қандай қарзи борлигини тушуна олмай ҳалак эди. Ишчисига қизни қўйиб юборишига изн бергач, Аида у томон келиб, кўзига тик боқди.
— Мен бу аҳволга уйга бора олмайман!
— Мендан нима истайсан?!, — Искандар аралашишга улгурмай ўзи чўрт кесди, — Сени қутқариб қолганимга на бир раҳмат айтасан. Сал аввал мени манякдан олиб манякка солдинг! Энди уйимга олиб боришимни истамассан?
— Ҳа, мени уйингизга олиб борасиз!
— Нима?
Искандар кулиб юборишдан зўрға ўзини босиб, лабини қаттиқ тишлади. Унинг наздида укасининг ҳаётида бир қаттиқ шамол эсишни бошланганди.
— Эшитмадингизми?! Менга ёрдам бермагунча ҳеч қаерга кетмайсиз!, — қиз унинг йўлини буткул тўсиб дадиллик билан деди, — Пулим йўқ, устим хўл, картам билан телефоним сув остида ётибди. Ҳамма нарсамни қоплаб берасиз!

— Ҳой қиз, миянг жойида эмасми?!, — Исфандиёр қизнинг юзи олдида бармоқларини шиқирлатди, — Боғ сенга етган зарарни қоплаб беради.
— Қачон?, — қиз унга қулоқ солишни истамади, — 111 йилдан кейинми? Менга ҳозир ёрдам керак, ўзимни ўнглаб олганимда қоплаб берилганини бошимга ураманми?!
— Исфандиёр... — Искандар укасини четга тортиб, қиз билан бу муоммони ўзи ҳал қилмоқчи бўлди-ю, иккиси бунга йўл қўймади.
— Эй, Худо шу қизни биздан кимдир олсин!
— Сизлар кимсизлар?, — қиз яна-да қизиқсиниб унга ҳайрат билан тикилиб турган йигитларга қараб чиқди, — Махсус агентми ёки нимадир? Бу ерда оддий нарса бўлмаганини тушуниб бўлдим, демак шундан келиб чиқиб сизлар оддий одам эмассизлар!
— Исфандиёр, кел уни уйигача ташлаб қўямиз, — Искандар охири ўртага тушди, — Пул ҳам берамиз. Гапни кўпайтирма.
Исфандиёр уни безор қилишга улгурган қиздан кўзларини узиб олдинлаб кетди. Боғ ходими уларни катта дарвозагача кузатгач Аида кўчада қоп қора, катта машинага кўзи тушиб ортга тисарилди. Тинчгина ҳамманинг эътиборини тортиб уйига қайтгани маъқулдир. Бу ҳар ҳолда сирли одамлар билан бирга кетгандан яхшироқ эди.

Машинанинг қиз учун “антиқа” эшиги очилиб, ичига таклиф қилишди. У ерда аллақачон бир бола ва бир қиз ўтирарди. Уларнинг ёнидан жой олган Аида бироз кўнгли хотиржам бўлди. Искандар эса рулга, Исфандиёр машинанинг олдига жойлашди.
— Сен кимсан?, — машина қўзғалишни бошлаганида Музайна қизни сўроқлади. Аида бир аҳволда бўлганига қарамай, асаблари жойида эмас вақти кимнингдир беписанд оҳангига тоқат қила олмади.
— У қайсидир бирингизни хотингизми?, — йигитларга мурожаат қилди, улар бош чайқагач яна сўради, — Ё севган қизингизми?
Йўқ жавобини олгач Музайнага ўқрайиб қаради.
— Ўзинг кимсан?!
— Вой, ўзи нималар бўляпти, — Музайна ҳеч бир нарсани англай олмай улама киприкларини пирпиратди.
— Уйинг қаерда?, — Искандар қизларнинг тортишувига парво бермай қиздан сўради.
— Йўқ, фақат уйимга эмас! Холам мени бу аҳволда кўрса аниқ ўлдиради! Уйга боришим мумкин эмас дедим-ку!
— Ҳали ундай демадинг, — Исфандиёр тиқилди, — Хўп, нима қиламиз энди сени?
— Билмадим! Менга ёрдам бермагунча уйимга олиб бора олмайсизлар!
— Ҳозир жинни бўлиб қоламан!, — Исфандиёр бош чайқади.

— Уни уйимизга олиб борамиз, — Искандар сўнгги қарорни берди, — Кейин... Кейин нимадир қиламиз.
— Нима?, — Музайна шошилиб гап ташлади, — Ҳали бу қиз уйингизга борадими?
— Нима қиляпсиз ака?, — Исфандиёр акасидан гап олмоқчи бўлди.
— Модомики, қиз уйига бора олмаслигини тинимсиз такрорлаётган экан, аҳвол жиддий. Уни бу ҳолда ташлаб қўя олмаймиз.
— Сиз ўзи уларга ким бўласиз?, — орwа ўриндиқдаги Аида тобора бўзариб бораётган Музайнадан гап олмоқчи бўлди, — Уларни синглиси эмассиз менимча, чунки уларга ўхшамайсиз.
Музайна унга жавоб қайтармай, юзини терс бурганча кўчани томоша қилиш билан ўзини чалғитиб кетди. Биринчи Музайнани уйида қолдиришаётганида қиз рулда ўтирган Искандар билан машинанинг очиқ ойнаси орқали хайрлашмоқчи бўлиб қўлидан ушлаб ҳаводан ўпич йўллади:
— Хайр, “севгилим”!
— У ҳеч ким деган эдингизлар... — машина қўзғалгач сал гувоҳ бўлган нарсасини ойдинлик киритмоқчи бўлди Аида.
Йигитлар батамом жим эди. Машина шаҳардан узоқлашиб бораётганида кўнгли алланечук хотиржамлигини йўқотди. Йигитлар бир туппа тузук кўриняпти, у айтгандек маняк бўлиб чиқишмас деган умидда... Бироқ, ҳаётида муоммолари шунчакар кўпки, қаердадир йўқ бўлиб қолишни ҳам истаб қўяди.
Машина Амановлар вилласида тўхтагач уларни эшик тагида турган Зоҳиднинг дадаси кутиб олди. Болакай дадасини кўриб, машинадан тушиши билан югурди. Искандар билан Исфандиёр ҳам тушган, Аида эса бир жойда тош қотиб ўтирганди.
У тарафнинг эшигини очган Исфандиёр жаҳл билан деди:
— Алоҳида таклифнома керакми?
— Ҳа, яхши бўларди, — деди қиз ҳам у тенги оҳангда гап чақишиб.

Машинадан тушган қиз Исфандиёрнинг ортидан шошилмай борар, ўзига очилган эшикдан бунчалар ҳашамат нима учун одамга кераклигини тушуна олмай қаерни ўрганиб чиқишдан чалғиб кўзига кўринган ҳамма нарсага секин-секин қараб чиқаётганди.
— Хўш... — Искандар кўздан ғойиб бўлгач Исфандиёр қизга бошдан оёқ қараб чиқди, — Сенга аввал кийим топиш керак. Бизда аёл киши яшамайди, сенга кийим қаердан топамиз.
— Нима уйингизда шу чоққача бирорта аёл киши бўлмаганми?
— Бировдан қолган кийимини киймайсан деб ўйлагандим, бу феълингга қараб.
— Албатта киймайман, қизиқдим, холос.
— Нимасига қизиқдинг?, — деди Исфандиёр қошларини чимириб.
— Сиздай йигитларнинг ҳаётида бирорта қиз бўлмаслиги мумкин эмас, шунга қизиқдим!
— Ҳей, қизалоқ, — Исфандиёр Аида томон юриб уни деярли деворга суяб қўйди, — Кераксиз нарсаларга кўп қизиқяпсан. Охири бахайр бўлсин.
— Мен... Мен сизларни яхши одам деб ўйлагандим... — Аиданинг сал аввалги жасоратига бироз дарз кетиб тутилди.
— Йўқ, — совуқ оҳангда давом этди йигит, — Адашибсан. Биз яхши одамлар эмасмиз.
— Шунга ҳамманинг жонини сақлаб қолиш учун эрталабдан буён бўмба қидирибсизларда? Агар инсонийлик бўлмаганида “Менга нима” деб уйингизга ўтирардингиз.
— Тўғри айтасан, биз бегуноҳ одамларнинг ўлимига кўз юма олмаймиз. Аммо, қизлар борасида хато фикрлаяпсан! Қанчадан қанчаси қалби синиб тарк этган бу уйни...
— Исфандиёр!, — Искандарнинг овози зинапояда эшитилди, — Тинч қўй қизни, ундан кўра унга кийим олиб келтириш керак. Музлаб ҳам қолгандир.
— Хуш келибсизлар!, — ошхона тарафда шошилиб чиққан ўрта ёшли уй хизматчиси Ёдгора икки йигитга пешвоз чиқди, — Сизларга ичишга нимадир тайёрлаб берайми? Айтганча, овқат ҳам тайёр.
Аида эшитилган овоздан чўчиб тушиб, тезда орқа ўгириб олди-ю, бу Исфандиёрни шубҳалантирди.
— Ҳозирча қаҳва ичаман, — деди Искандар.
Аёл бош силкиб ошхонага қайтиб кетгач Исфандиёр уни ўзига қаратди.
— Яна нима бўлди?
— У менинг холам!, — қўрқувдан кўзлари мошдек очилган қиз пичирлаб яна йиғламоқдан бери бўлди, — Холам шу ерда ишлар экан-ку!

2-боб тугади.