July 9, 2020

#Биласизми Масофавий ишлаш тартибидан хабардормисиз?

🔸 Масофадан ишлаш деганда нима тушунилади?

Ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади.

🔸 Қандай тоифадаги ходимлар вақтинча масофавий ишлаш тартибига ўтиши мумкин?

Биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар. Улардан кейин, бошқа ходимлар масофавий ишлаш тартибига ўтиши мумкин.

🔸 Масофавий ишлаш учун алоҳида буйруқ чиқарилиши шартми?

Албатта, ходимни масофавий ишга вақтинчалик ўтказишда иш берувчи томонидан вақтинчалик ишга ўтказиш ҳақида муддати кўрсатилган буйруқ чиқарилади.

🔸 Масофавий ишга ўтаётганда меҳнат шартлари қандай белгиланади?

Иш берувчи ва ходим ўртасида илгари тузилган меҳнат шартномасига тегишли ўзгартириш киритилади. Шартномада масофавий ишлаш давридаги меҳнат шартлари келишиб олинади.

🔸 Иш вақтининг давомийлиги ва тартиби қандай белгиланади?

Бундай ҳолда, ходим ишлаб чиқариш топшириғининг ҳажми ва меҳнат шартномасида кўрсатилган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда иш вақти ва давомийлигини мустақил белгилайди.

🔸 Ходим масофадан ишласа, унга ҳақ тўлаш масаласи қандай бўлади?

Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимлашини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

🔸 Ходимнинг масофавий ишда ишлагани унинг таътилга чиқишига таъсир қиладими?

Йўқ, таъсир этмайди. Бундай ҳолда ходим таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътилига чиқиш, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларини тўлиқ сақлаб қолади.