Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иссиқхона комплексларини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2018 йил 20 ноябрьдаги ПҚ-4020-сон Қарори
Мамлакатда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш ҳажмларини кўпайтириш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, қишлоқ хўжалигига инновацион технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ҳақиқий аҳвол таҳлили мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва хорижий давлатларга экспорт қилишда иссиқхона хўжаликларининг салоҳиятидан тўлақонли фойдаланишга тўсқинлик қилаётган муаммолар сақланиб қолаётганидан далолат бермоқда.
Хусусан, иссиқхона комплекслари ишлаб чиқариш бўйича замонавий қувватларнинг мавжуд эмаслиги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ускуналарни хориждан келтиришга мажбур қилмоқда, бу эса уларга сервис хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ муаммоларга ҳамда катта миқдорда куч ва маблағ сарфлашга сабаб бўлмоқда.
Замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг амалдаги механизмлари самарадорлигининг пастлиги мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, мазкур соҳага инвестициялар жалб қилиш бўйича бизнес-лойиҳаларни кенг миқёсда амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Иссиқхоналарда етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлик материалларини етиштириш йўлга қўйилмаганлиги уларни хориждан импорт қилишга олиб келмоқда.
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида иссиқхона хўжалигини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди
мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, саралаш, калибрлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишнинг бутун занжирини ўз ичига олувчи мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг кластер шаклини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жорий қилиш;
энергиянинг муқобил манбалари, энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий иссиқхона комплексларини яратиш;
иссиқхона комплексларини улар жойлашган ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари, тупроқ-иқлим шароитлари, етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги экинлари турлари, туташ инфратузилма ва логистика объектлари, ҳудудларнинг энергия ресурслари билан таъминланиш даражаси ва иссиқхона хўжалиги самарадорлигига таъсир этувчи бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда жойлаштириш;
бозор конъюнктураси таҳлили асосида ва қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришнинг замонавий усулларини қўллаган ҳолда ишлаб чиқарилаётган экологик тоза мева-сабзавот маҳсулотлари турларини кенгайтириш;
импорт қилувчи давлатлар билан яқин алоқалар ўрнатиш ва экспорт қилинаётган маҳсулотлар сифатини яхшилаш йўли билан мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти географиясини кенгайтириш ва ҳажмини кўпайтириш;
мазкур қарор талаблари асосида иссиқхона хўжалиги соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, меҳнат бозорида ушбу йўналишдаги малакали мутахассисларга бўлган талабни тўлиқ қондириш.
2. Ҳудудларда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этишга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳлартузилиб, уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
давлат-хусусий шериклик шартлари асосида замонавий иссиқхона комплексларини жойлаштириш учун ёқилғи ёқиш йўли билан иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга туташ ҳудудларда жойлашган бўш ер майдонларини аниқлаш;
замонавий иссиқхона комплексларини тез суръатларда ташкил этишда, уларнинг тўлақонли фаолиятини йўлга қўйишда тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий-техник кўмаклашиш.
3. 2019-2020 йилларда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар сони ва уларни амалга ошириш учун талаб этиладиган валюта ҳажмидан қатъи назар тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар бўйича фоизларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб беришнинг қуйидаги тартиби қўлланилиши белгилаб қўйилди.
айланма маблағларни тўлдиришга (уруғлик, кўчат, минерал ўғитлар, ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари, кўмир, кўмир брикети, суюқ ва ёқилғининг бошқа турлари ва ҳоказоларни харид қилишга) ажратилаётган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, бироқ 5 фоизли пунктдан ортмаган даражада;
энергиянинг муқобил манбаларидан (кўмир, кўмир брикети, суюқ ва ёқилғининг бошқа турларидан), энергия самарадор ва энергия тежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш учун ажратилаётган кредитлар бўйича тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида, бироқ 10 фоизли пунктдан ортмаган даражада.
Молия вазирлиги замонавий иссиқхона комплексларини ташкил этиш учун тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитлар бўйича фоизларни қоплаш учун зарур бўлган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 2019-2020 йиллар давомида ўрнатилган тартибда ажратилади.
4. Юридик шахслар 2021 йил 1 январга қадар
замонавий иссиқхона комплекслари, уларнинг бутловчи қисмлари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқаришда фойда солиғи, ягона солиқ тўлов ва қўшилган қиймат солиғидан озод этилсин, бўшаб қолган маблағлар ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта жиҳозлаш, модернизация қилиш ва ривожлантиришга мақсадли йўналтирилсин;
замонавий иссиқхона комплекслари ва гофрланган картон идиш ишлаб чиқариш учун талаб этиладиган ва белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуна, хом ашё ва материаллар, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар учун божхона тўловларидан озод этилсин (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари).
5. Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлариуруғчилик кластерларининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланди
давлат ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ, шу жумладан, ҳимояланган майдонларда, гидропоника ва аэропоника технологияларини қўллаган ҳолда техник, дон, дуккакли дон, сабзавот, полиз ва бошқа экинлар уруғларини етиштириш, тайёрлаш ва сотиш;
маҳаллий ва хорижий селекция навларининг мавжуд коллекцияси асосида ҳосилдорлиги ва сифати юқори, зараркунанда ва касалликларга чидамли, қўшилган қиймати юқори бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги экинларининг навлари ва дурагайларини етиштириш тизимини яратиш;
қишлоқ хўжалиги экинларининг янги навлари ва дурагайларини яратиш бўйича илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда тадқиқотлар олиб боришга кўмаклашиш;
уруғчилик соҳасида кадрлар малакасини оширишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ва таълим муассасаларига шартномалар асосида амалий ёрдам кўрсатиш.
6. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 сентябрга қадар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказининг сифатни назорат қилиш лабораторияси негизида Уруғ сифатини назорат қилиш бўйича халқаро уюшмадан (ISTA) аккредитациядан ўтказиладиган, Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан лаборатория амалиётининг халқаро стандартлари (GLP) бўйича замонавий юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланган қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг нав, генетика ва экиш сифат кўрсаткичларини баҳолаш бўйича лаборатория ташкил этилишини;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази Уруғ сифатини назорат қилиш бўйича халқаро уюшмага (ISTA) аъзо сифатида киритилишини таъминлаш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда:
бирламчи материаллар ва донорлар тўпланишини, танланишини ўрганиш, шунингдек мавжуд генетик ресурслар ва замонавий селекция усулларини қўллаш асосида иссиқхона хўжаликлари учун жаҳон бозори талабларига мос келадиган, мазали сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги юқори янги навлари ва дурагайларини яратилади.
2019 йилдан бошлаб етиштиришнинг гидропоника усули қўлланиладиган иссиқхона комплекслари учун сабзавот экинларининг ҳосилдорлиги ва сифати юқори бўлган, транспортда ташишга мўлжалланган, жаҳон бозори талабларига мос келадиган навлари ва дурагайларини яратиш бўйича 5 йиллик давр учун илмий лойиҳаларнинг республика грант танловларини ташкил этилади.
Булоқбоши туман адлия бўлими