Ҳаваскорлар ўртасида шахмат бўйича биринчи онлайн Ўзбекистон чемпионати ўтказилади.
Жорий йилнинг 11 майидан 20 майига қадар ҳаваскорлар ўртасида шахмат бўйича «Уйда қол ва ғалаба қозон!» шиори остида биринчи онлайн Ўзбекистон чемпионати ўтказилади ва унда республикамизнинг барча ҳудудларидан хоҳловчилар иштирок этиши мумкин.
Мусобақа иштирокчиларининг ёши чегараланмаган. Онлайн мусобақа ғолиблари пул мукофоти билан тақдирланади.
Турнирда фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қатнашишлари мумкин. Мусобақада қатнашиш истагида бўлган ҳаваскорлар www.chess.com сайтига кириб, рўйхатдан ўтишлари лозим.
Биринчи онлайн чемпионатда жами 10 та турнир ўтказилади ва ҳар бир тур бўйича ғолиб – 10 нафар чемпион аниқланади.
Ғолиблар банк картасига пул ўтказиш йўли орқали тақдирланади.
Шунингдек, ғолиблар ҳаваскор шахмат бўйича биринчи Ўзбекистон чемпионати ғолиби дипломи билан тақдирланади.
Ўйинлар 10 кун давомида – 11 майдан 20 майга қадар Тошкент вақти билан 20:30да ўтказилади. Ғолиб икки марта қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.
Турнирдан кўзланган мақсад – аҳолининг бўш вақтини мазмунли ва сифатли ўтказиш, карантин даврида спорт ҳамда кўнгилочар стратегияларни тарғиб қилиш, шунингдек, шахматни интеллектуал спорт тури сифатида оммалаштириш.
Ўйинлар ва қизиқарли шарҳларни Esports Uzbekistan федерациясининг Youtubeʼдаги расмий канали орқали томоша қилишингиз мумкин.
Қўшимча маълумотларни қуйидаги расмий сайтлар орқали олишингиз мумкин:
www.minsport.uz
www.esports.uz
www.sportluxury.uz
Карантин даврини уйда қолиб, спорт билан мазмунли ўтказинг. Онлайн мусобақада иштирок этинг ҳамда ғолиб бўлиш имкониятини қўлдан чиқарманг!