2020 йил 24 сентябрь куни ижтимоий telegram тармоғининг Sizdan telegram каналида Пахтаобод тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида “100 кишилик мажлис. Кўпчилик ниқоб ҳам тақмаган” сарлавҳали мақола юзасидан расмий муносабат.
Ижтимоий тармоқларда “Пахтаобод тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида “100 кишилик мажлис. Кўпчилик ниқоб ҳам тақмаган”” сарлавҳаси остида тарқалган хабарлар юзасидан Андижон вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси Матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади.
Ушбу ҳолат юзасидан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ томонидан ижтимоий тармоқлардаги тарқалган хабарлар юзасидан ўрганиш давомида жорий йилнинг 22 сентябрь куни ўтказилган йиғилишда 100 киши эмас, 77 нафар тренер-ўқитувчилар тиббий ниқобларда қатнашганлиги аниқланди.
Ушбу йиғилишда барча ходимларни COVID-19 га қарши тест топшириш, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда дарс машғулотларини ўтиш, янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш, тренер-ўқитувчиларга бўлинган дарс соатлари билан таништириш, журналларни янги ўқув йилига тўлдириш ва тасдиқлатиш, ўқувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш, шунингдек, пахта йиғим теримида иштирок этмасликлари масаласи кўриб чиқилган.
Йиғилишдан сўнг айрим ходимлар тиббий ниқобларини янгисига алмаштириш мақсадида ечилган ҳолатда ушбу суратлар тарқаган.
Бошқарма раҳбарияти Пахтаобод тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори томонидан келгусида ушбу ҳолатларга йўл қўймаслиги, карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда онлайн тарзда йиғилишлар ўтказилиши ҳақида огохлантирилди.
Андижон вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси матбуот хизмати.