Карантинда шовқин даражасини ўрганган олимлар кутилмаган натижага дуч келишди.

Тулуза университети олимлари тадқиқот ўтказишди ва карантин шаҳарларнинг шовқинига қандай таъсир қилишини аниқлашди. Изоляция пайтида атроф-муҳитнинг шовқинлик даражаси 90 фоизга камайгани маълум бўлди. Бу ҳақда Phys.org ёзмоқда.

Хусусан, ушбу тадқиқот учун Silent Cities (Овозсиз шаҳарлар) лойиҳаси ишлаб чиқилди. Унда кўплаб мамлакатларнинг шаҳарларидаги шовқин даражаси ўрганилди. Ушбу тадқиқотда 40 давлатдан 350 дан ортиқ киши иштирок этди.

Карантин пайтида кўнгиллилар ўзларининг шаҳридаги энг гавжум кўчалардан бирида 10 дақиқалик аудио ёзиб олишди ва кейин файлни махсус порталга юклашди.

Олимлар маълумотларни таҳлил қилиб, масалан, Парижнинг баъзи қисмларида карантин пайтида атроф-муҳитнинг шовқинлик даражаси 90 фоизга камайганлигини аниқлашди.

Бу ҳолат автомобиль ва темир йўл транспортида деярли тўлиқ ҳаракатланишнинг чекланганлиги билан изоҳланди.

"Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шовқинни ҳавонинг ифлосланишидан кейин одамлар учун иккинчи хавфли экологик омил сифатида белгилаб қўйди. Ҳар бешинчи Европа фуқароси доимий шовқин таъсирига дуч келади. Бу соғлиқ ва руҳият учун зарарли ва ҳаёт сифатига таъсир қилади", дея таъкидлашди мутахассислар.