November 16, 2019

Ўзбекистоннинг энг иқтидорли талабалари "Бутунжаҳон талабалар куни"ни Андижонда нишонлашади

Фото: Андижон вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Кейинги йилларда шахсан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳбарлигида мамлакатимизда ёшлар сиёсати, давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Дарҳақиқат, бугунги кунда обод ва озод мамлакатимизда ёш авлодни баркамол авлод бўлиб улғайиши учун барча шароитлар мавжуд, қулайлик ва имтиёзлар бисёр. Ёшларимизга яратиб берилаётган имкониятлар, ғамхўрликларнинг бир кўриниши сифатида 17 ноябрь – Бутунжаҳон талабалар куни муносабати билан, 17-19 ноябрь кунлари шахсан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташаббуси билан Андижонда “Андижон талаба-ёшлар Халқаро форуми” ўтказилиши режалаштирилган.

Форумда 250 нафар республикамиздаги барча олий таълим муассасаларидан фаол ва иқтидорли талаба-ёшлар, қўшни Кирғизистон Республикасининг фаол талабалари иштирок этиши кўзда тутилган.

Форумнинг дастлабки куни талаба ёшлар Андижоннинг энг муқаддас қадамжоларидан бири ҳисобланган “Боғи Бобур” мажмуаси ҳамда водийда ягона ҳисобланадиган Ҳайвонот боғига саёҳати ташкил этилади шунингдек, Хўжаобод тумани “Мустақилликнинг 27 йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғинида қуриб битказилган 1000 дан ортиқ наъмунавий уйларда яшаётган тенгдошлари учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишадилар. Шундан сўнг форум иштирокчилари Андижоннинг яшил салтанати ҳисобланган Хонобод шаҳрига олиб борилади. Афсонавий Хонтоғда бунёдкор Андижонликлар томонидан 45 кун давомида қуриб битказилган дала ҳовлиларда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишадилар. Форум иштирокчилари Андижондаги биринчи кечани “Алауддин” болалар ёзги дам олиш оромгоҳида, гулханлар атрофида ўтказадилар, тунги Хонободнинг мафтункорлигидан завқ оладилар.

Форумнинг иккинчи куни буюк аждодимиз, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур майдонида гул қўйиш маросими билан бошланади. Шундан сўнг иштирокчилар вилоят "Ёшлар маркази" саройида Форумнинг очилиш маросимида иштирок этиб, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан учрашадилар.

Куннинг иккинчи ярмида вилоятимиздаги мавжуд олий таълим муассасаларида ўзаро тажриба алмашадилар ҳамда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишадилар.

Форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан флешмоб ташкил этилиши кўзда тутилган. Шундан сўнг Форум иштирокчилари учун эски шаҳар ҳудудидаги Регистон майдонида халқ амалий санъати ҳамда ҳунармандчилик кўргазмалари намойиш этилади. Кечга яқин иштирокчилар учун базм дастурхони ташкил этилиб, концерт дастурлари, "Қувноқлар ва зукколар" терма жамоаларининг чиқишлари намойиш этилади.

Бир сўз билан айтганда, Андижон-талаба ёшларни кутиб олиш учун тайёр. Ёшларимизнинг талабалик йилларининг олтин даврлари саҳифаларига Андижонда ўтказилган байрам шодиёналари алоҳида муҳрланиб қолиши учун қўлимиздан келганича ҳаракатдамиз.

Андижонда учрашгунча!

Андижон вилоят ҳокимлиги Матбуот хизмати

www.andijan.uz

------------

Facebook | Twitter | Instagram | YouTube | Telegram