April 14

Shu ondan meniki

36-боб

Умар

Танамга қандайдир совуқ ва нафис нарса тегаётганини ҳис қилгач, кўзларимни очиб, уйқусираб атрофга қарадим. Тонг саҳар, соат олтини кўрсатарди.
Ноза менга юзланиб, қаттиқ ухлаб ётар эди.
Акс ҳолда, унинг нозик қўли менинг яланғоч кўкрагимда нима қилади?
Мен илжайиб қўйдим.
Уйғонганида аҳволи нима кечар экан-а?
Яноқлари шу заҳоти қизариб кетади, ўзи бўлса яна мендан қочиб қолади. Бундай дақиқаларда у нақадар гўзал. Шунчалик бегуборки... Аёлимнинг қўлига майингина тегиб қўйдим, у ҳали ҳам уйқуда, шунинг учун қўлини ўз кафтимга олиб, кўксимга босдим.
У садо чиқармади, фақат қўлини бўшатиб, кафтини терим бўйлаб юритди. Бу уйқусираб, онгсиз равишда қилинган ҳаракат эди, аммо ичимдаги эҳтиросни жиловлаш учун кўзларимни маҳкам юмишимга тўғри келди. Гарчи бу мени қутқара олмаган бўлса-да. Унинг тегиниши гўё теримни куйдириб ўтди. Бу бутунлай бошқача эди — у менга тегса, бошқа ҳеч бир аёлда ҳис қилмаган туйғуларни туярдим. Бу бизнинг илк бор қўл бериб кўришишимиз ёки тегинишимиз эмасди, албатта. Аммо бу ерда, ҳозир, ётоқда... бу умуман бошқа гап эди.
Ҳа, мен бошқа аёллар билан ҳам бирга бўлганман, лекин улар билан бир ётоқда ухлаб қолмаганман. Ҳеч бирини бағримга босиб тунни ўтказмаганман. Аммо ҳозир қучоғимда мени ўзига маҳлиё қилган, лекин барча қонун-қоидаларга кўра менга тақиқланган ўша аёл бор эди.
Нозаниннинг меники бўлишини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Унинг турмуш қурганлигини билардим ва ўзимдан ўта норози эдим. Туйғуларимни назорат қилолмай, бировнинг хотинини севиб қолганим мени қаттиқ ғазаблантирарди.
Бармоғимдаги никоҳ узугига қараганча, уни айлантириб кўрдим — у янги тангадек ярқираб турарди.
Тўй маросими ажойиб ўтди. Меҳмонлар, мусиқа, рақслар... ёнимда эса гўзал бир аёл, менинг аёлим... Ноза энди Шахмаран фамилиясини олди. Мен айнан шуни истаган эдим. Кутдим, кунларни санадим, лекин унинг кўзларида қўрқув бор. У буни яшириб ўтирмасди, аслида у туйғуларини яширишни билмасди ҳам. Шунинг учун ҳам кўзларидаги бу ваҳима яққол ўқиларди. Мен сабр тўплаб, у менга қачон ишона бошлашини кутардим. Осон бўлмаслигини билардим, лекин ғалаба худди унинг ҳозирги тегинишларидек ширин бўлишини англаб турардим.
Аёлим уйқуда нимадир деб пичирлади, мен яна унга қарадим. Менга эшитилгандек туюлди деб ўйладим, лекин йўқ, Ноза шивирлаб гапирарди.
— Нозанин... — бармоқларимни унинг сочлари орасидан юритиб, чаккасидан орқага ўтказдим ва бўйнини очдим.
У жавоб бермади, фақат лаблари четида нимадир деб жилмайди, у билан бирга мен ҳам жилмайдим. Аёлим пичирлашдан тўхтаб, уйқусини давом эттирди. Шунчалик ғаройиб, шунчалик нозик эдики, уни тасодифан хафа қилиб қўйишдан ҳам қўрқардим.
Ҳаётимда биринчи марта бир аёлни бутун борлиғи билан истаётган эдим. Бу ерда гап фақат жисмоний эҳтиросда эмас, балки унинг менга тегишли бўлишида эди. Нафақат танаси, балки руҳи билан ҳам.
Хаёллардан чалғиб, яна хотинимга қарадим ва унинг узун, тўқ жигарранг сочларини бармоғимга эҳтиёткорлик билан ўрадим.
Ўзимни тутолмай, унга бироз эгилдим-да, яноқларидан ўпдим. Бурнимни сочларига теккизиб, ифоридан тўйиб нафас олдим. Уни ушлагим, ўпгим ва нафақат бу... ҳамма мушакларим таранглашиб, охирги нуқтага етди.
Ҳатто аёлимдан олдин уйғонганимга афсусланиб ҳам қолдим — ҳозир ичимдаги инстинктлар ва туйғулар мени ақлдан оздираётганди. Бир аёлни телбаларча истай туриб, уни шунчаки кузатиб ўтирадиган ва об-ҳаво ҳақида ўйлайдиган эркак топилмаса керак.
Бу сафар унинг шовқин билан нафас чиқарганини ҳис қилдим — томир уриши тезлашиб борарди. Уни уйғонганини тушундим.
Унинг қўли ҳали ҳам елкамда турарди. Мен қўлимни унинг тунги кўйлаги устидан юритган эдим, у кўзларини катта очиб менга қаради; нигоҳида ҳам савол, ҳам хижолат мужассам эди.

— Хайрли тонг, миттивой, — у қўлини қаердалигини кўриб қолди ва шоша-пиша елкамдан олганча,менга ҳайрат билан боқди.
— Х... хайрли тонг, — у нигоҳини олиб қочиш ҳамоно, ўзини четга олишга уринди.
Қўлимни тортиб оларканман, у устидаги юпқа кийимини тўғрилаб олди.
— Ҳали вақтли, ухлашинг мумкин.
У соатга, сўнг менга қаради. Бу сафар у биринчи марта танамга эмас, тўғри кўзларимга тик боқди.
— Уйқум очилди...
— Унда тайёрлан, кетамиз.
Қўлидан тутдим, у ҳар доимгидек муздек эди.
— Қаерга?
— Нонуштага.
Жавобимга индамай бош ирғади ва гўё кеча унутилмас тун ўтказгандек (ҳолбуки ҳеч нарса бўлмаганди) каравотдан учиб туриб, ўзини тартибга келтириш учун чиқиб кетди. Мен эса бу вақтда телефонимни олиб, ўзимга костюм танладим. Ноза ёнимдан ўтиб кийим хонасига кирди. Бир неча дақиқадан сўнг у кийиниб чиқди ва узун сочларини тарай бошлади. Эгнида майда гулли оқ енгил кўйлак бор эди, ташқарида ҳаво исиб кетгани учун бу кийим унга жуда ярашганди.
Ноза кўзгуда менинг нигоҳимга дуч келди-да, дарҳол бошини эгиб, оёқкийимига қаради. Уйғонган пайтимиздаги у ҳақидаги ўйларим мени нонуштадан кўра бошқа нарсаларга кўпроқ чорлаётган бўлсада, ювиниб, ўзимга келишим керак эди.
Ётоқхона эшигини очиб чиқдим, Ноза ортимдан эргашди. Гарчи олдинда кетсам ҳам, унинг ширин атри ифорини ҳис қилар ва енгил қадам ташлаётганини тасаввур қилардим.
Машина ёнига келиб, аёлимга йўл бериш учун эшикни очдим. У эса жилмайиб, ўз жойига ўтирди. Афтидан, ҳозир унинг ҳаёлида мен ҳақимда жуда кўп саволлар бор эди, буни юзидан қийинчиликсиз ўқиш мумкин .
Йўл бўйи Ноза менга ўғринча қараб қўяр, лекин нигоҳида кечаги қўрқув йўқ эди. Нимадир унга менга нисбатан ишонч берганди, менимча. Бу кеча унга мен у учун муросага боришимни, кутишга ва туйғуларини ҳурмат қилишга тайёрлигимни кўрсатиши керак эди.
Ойнани очдим ва кўйлагимнинг юқори тугмасини ечдим. Ноза кутилмаганда нигоҳини олиб қочиб, лабларини тишлади, унинг бу ҳаракати мени жилмайишга мажбур қилди. Энди яхши тушуниб турардим: унинг вужуди менига жавоб қайтаряпти, бу эса мени қувонтирмай қолмасди.

— Гапир, Икром Нозанинг турмушга чиққанини билдими?
— Йўқ, лекин у ҳамон уни қидиряпти.
Дераза ёнига бориб, юпқа шиша ортидан ташқарига тикилдим.
— Демак, унга буни хабар қилиш керак...
Амир жилмайиб, менга бош ирғади.
— Унда буни ўзим ҳал қиламан.
Мен Икромнинг ўз оёғи билан ўлимига келишини кутардим. Уни тирик қолдирмаслик учун сабабларим кўп, лекин бундай одам учун ўлим — тақдирлаш билан баробар бўлиб қоларди.
Ўз жойимга ўтириб, ишни давом эттирдим. Қанча вақт ўтганини билмайман-у, лекин бошимни чангаллаб, оғриқдан инграб юбордим. Бир неча қаторни кўздан кечириб, Миранинг ёнига бордим, у аста-секин ухлаб қолаётган эди. Столига қалам билан урган эдим, сапчип тушди ва менга норози қараб қўйди.
— Яна бир бор текшир. Нотўғри чоп этибсан.
У бош ирғади ва варақни сумкасига солди.
Калитларни олиб, машинам томон йўналдим. Ташқарида ҳаво салқин эди — бу иш кунининг охиридаги ёқимли совға бўлди. Атрофга назар солиб, қўриқчиларни кўрмадим, ўша заҳоти чарчоқ тарқаб кетди. Нимадир нотўғрилигини сезарканман, бир сониядан сўнг қўлимда тўппонча пайдо бўлди.
Телефон жиринглади, экранга қарасам Ноза қўнғироқ қилаётган экан.
Аёлимнинг қўнғироғига жавоб беришга улгурмасимдан, телефонни қўлимдан тушириб юбордим, кейинги сонияда эса ўқ овози янгради. Кўзларимни юмганча, даҳшатли оғриқдан бақириб юбордим...

37-боб

Мен машинадан пастга тушиб, ишчи йигитга Ноза томондаги эшикдан узоқлашиши учун ишора қилдим — буни ўзим бажаришни истардим. Машинани айланиб ўтиб, эшикни очдим ва аёлимга қўлимни узатдим. Нозага ғамхўрлик қилиш менга жуда табиий туюла бошлаганди. У иккиланганича кафтини кафтимга қўйди ва ёнимда турди.
— Кетдик...
Унинг нигоҳи рестораннинг ташқи кўринишида тўхтаб қолди, бу ҳақиқатдан ҳам мукаммал меъморий ечим эди. Нозанинг табассумидан англадимки, бу ер унга жуда ёқди. Мен уни оҳиста, аммо қатъият билан ўз томонимга тортдим. Аммо, у ҳамон менинг тегинишларимдан бироз таранглашарди.
Рестораннинг ички безаги ҳам ташқи кўринишидан қолишмай, ҳам қимматбаҳо, ҳам ортиқча дабдабасиз эди. Ҳашамат ва минимализмнинг уйғунлиги.
Мен аёлимга илтифот кўрсатиб, ўриндиққа ўтиришига ёрдам бердим ва қаршисидан жой олдим.
— Бу ер жуда чиройли экан...
У ҳали ҳам хурсанд бўлиб палмаларга тикиларди. Мен унга бироз яқинроқ эгилдим:
— Сенга ёқдими?
— Ҳа!
Официант келиши билан Ноза яна нигоҳини олисга қаратди, мен эса иккимиз учун буюртма бердим.
— Кечаси яхши дам олдингми? — деб сўрадим кутилмаганда.
Ноза лабларини ялади; у ўзининг бу ҳаракати қанчалик таъсирли эканини ва менга қандай таъсир қилишини тасаввур ҳам қилолмасди.
— Ҳа... яхши.
У яқинлашиб келаётган официантга қаради.
— Ёқимли иштаҳа!
Официант қандай тез келган бўлса, шундай ғойиб бўлди. Ноза чой ва круассан тановул қила бошлади. Ҳа у ҳақиқатдан ширинликка ўч эди. Мен ҳам унга тақлид қилиб бир бўлак тишладим-у, юзим бужмайиб кетди, буни кўрган Нозанинг юзига эса сониялик табассум югурди.
Телефонимга келган ўқилмаган хабарни кўрдим. Ноза шубҳаланмаслиги учун бироз четга бурилишимга тўғри келди.
— Тинчликми? — сўради у паст овозда.
— Иш юзасидан бир нечта масалаларни ҳал қилишим керак. Нонуштадан кейин сени уйга ташлаб ўтаман.
У бош ирғади ва овқатланишда давом этди.
Отамнинг уйи ёнида тўхтаб, унга қарадим. Ғалати, лекин уни қўйиб юборгим келмаётганди. У ҳам машинадан тушишга шошилмас, кўзларини кўтариб, менга тортинчоқлик билан боқди.
— Кўпга кетасизми? — Ноза журъацизлик билан сукунатни бузаркан, мен жилмайдим, аёлимнинг бу эътибори кутилмаган, аммо жуда ёқимли эди.
— Имкон қадар ушланиб қолмасликка ҳаракат қиламан.
Унга яқинлашдим, у лабларимга қаради-ю, қотиб қолди. Яноқларидан майингина ўпиб, унга тикилдим. У бир сонияга кўзларини юмди ва тез-тез нафас ола бошлади. Туширилган киприклари остидан лабига олиб борган қўлимни кузатди. У ҳеч нарса демасди, лекин ўзини олиб қочмас, мени итармасди ҳам. Айнан мана шу нарса менга ишонч берарди.
У қизариб кетди, ҳавони бурни билан ичига ютди-да, эшик тутқичига ёпишди. Машинадан тушгач, ортига ўгирилиб, менга қандайдир хавотир билан қаради. Уни нима безовта қилаётганини тушунолмадим. У иккиланганича отамнинг ҳовлисига кириб кетди.


Офисга боргунимча бутун йўл давомида хаёлим Нозанин билан банд бўлди. Менга хабар беришларича, Солиев ҳар ерда ўзининг собиқ хотинини — менинг Нозамни қидираётган эмиш. Рулни қаттиқ сиқдим, лекин оғриқни сезмадим. Ҳамма унинг ўша фохишага уйланганини билади, лекин у ҳали ҳам Нозанинг ортидан қолмаябди. У ҳали ўзини нима кутаётганини ва мен ўз нарсам учун курашда нималарга қодир эканлигимни билмайди чоғи.
— Менга каҳва олиб кел.
Мира бош ирғагач, мен кабинетимга кириб, кўзларимни юмдим. Ишлар йиғилиб қолганди. Тўй сабабли ҳамма нарсани кейинга суришга тўғри келган. Столдаги ҳужжатларни имзолаётганимда қадам товушлари эшитилиб, спорт кийимидаги Амир кириб келди.
— Бугун уйда бўлишимиз керак эмасмиди? Менинг бугун учун режаларим бор эди, — у чарчаган ҳолда сочларини тартибга келтирди.
Унинг гапларини қулоғимга илмадим.

38-боб

Ноза

Шунча йилдан бери илк бор шундай хотиржам ухладим. Менга иссиқ ва шинам эди, дахшатли тушлар қийнашидан қўрқмасдим. Ёнимда, бир тўшакда менинг эрим ётарди. Унинг борлигини вужудимдаги ҳар бир ҳужайра билан ҳис қилардим. У менга шунчалик яқин эдики, танам унинг нафасига ҳам, тегинишларига ҳам ҳаддан ташқари кескин жавоб қайтарарди.
Умарнинг нигоҳи мени қўрқитар, юзида кучли истак ўқилиб турарди, лекин у сўзида туришини биларидим. Эрим менга тегинмади, ҳолбуки унинг бунга тўла ҳақи бор. Агар кимдир никоҳ кечаси бўлмаганини, эркак киши бир аёлнинг раъйига қараб йўл тутганини билса, у одамлар устидан ўз ҳукмини йўқотиши мумкин, аммо у бу таваккалга борди.
Бу унинг учун жиддий қадам эди. У ўзини ҳақиқий эркакдек тутди, бу эса мени ўзига маҳлиё қилди ва бундан кейин ҳам, ҳар қандай масалада Умар сўзида туришига умид уйғотди. Билмайман менга нима бўлди, шунчаки биринчи никоҳ кечамизда Икромнинг айтган ҳақоратли гапларини эслаб, йиғлаб юбордим.
Балки, Умар ҳам менга азоб беришидан, кўзёшларимни кўриб, бошқасига кетиб қолишидан қўрққандирман. Аммо ҳамма нарсага қарамай, у мен билан қолди, тонгда эса биз ҳашаматли ресторанда нонушта қилдик.
Унинг ёнида ўзимни эркин ҳис қилардим, у бизнинг никоҳимиз учун курашишга тайёрдек туюларди. Мен эса ўз туйғуларимга, ҳатто эримнинг ҳисларига ҳам ҳали ишончим комил эмасди.
Унинг мени қанчалик кузатиши, узоқ вақт кўз узмай тикилиб туришини сезмаслик қийин. У ҳурмат, ғамхўрлик кўрсатар, ҳаддидан ошмасди. Мен ҳам айнан шуни истагандим.
Тушуна бошладимки, бу инсонлар даврасида бахтли бўляпман, аввалги — ҳақиқий, қувноқ ўзимга қайтяпман.
Нонуштадан кейин Умар иш билан кетиши кераклигини айтди, мен эса ғамгин бўлиб қолдим. Уни қўйиб юборгим келмаётганини англаганимда, бу ўзимни ҳам ҳайрон қолдирди. Ўзимдан бундай туйғуларни кутмагандим, ҳамма нарса мен учун янги эди. Ўзимни тутишни мутлақо билмасдим ва бу табиийки, сирларимни фош қилиб қўярди. Унинг кетишини хоҳламасдим, ичимда нимадир "бу эркак кетса, уни бошқа кўрмайсан" деб пичирлаётгандек эди.
— Кўпга кетасизми? — деб сўрадим эҳтиёткорлик билан. У нимтабассум қилди, яноқларида зўрға сезиладиган кулгич пайдо бўлди.
— Имкон қадар ушланиб қолмасликка ҳаракат қиламан.
Мен ҳамон жойимда ўтирардим, у менга яқинлашди — ўта хавфли яқинлик. Нигоҳим унинг офтобда қорайган бақувват қўлларига тушди.
Унинг лаблари яноқларимга майингина тегиб ўтди, мен эса уни итармадим. Унинг бу тегиниши теримда кўринмас из қолдираётган эди. Биргина енгил тегиниш, аммо юрагимда қанчалик кўп ҳис-туйғу ва ҳаяжон уйғотди-я! Ўзимни исталган аёлдек ҳис қилдим.
Яноқларим ёнар, юрагим ўзига жой тополмасди. У қўлимни олиб, иссиқ лабларига босди ва ўпиб қўйди. Нафас ололмай қолдим ва машина эшигини очиб, ўпкамни ҳавога тўлдирдим; оёқларим қалтирар, қўлларим муздек эди. Умарга қарасам, у менга қараб бироз жилмайиб қўйди.
У тажрибали эркак ва менинг хижолатимни жуда яхши тушунарди, мени очилган китобдек ўқирди. Лекин барибир ўзимни тутишга ҳаракат қилдим. Биз ҳеч қачон бошқа инсоннинг туйғуларига юз фоиз амин бўлолмаймиз, шунинг учун яна алданиб қолишни истамасдим.
Хавфсизлигим ҳақидаги хавотир мени тарк этмасди, Шахмаран мени кузатиб турар, мен эса эшикни очиб қайнотамнинг уйига кирдим. Эримга "қолинг" деб айтолмадим. Бунга ҳаққим йўқ деб ҳисобладим. Балки бу унга ёқмас деб ўйладим. Орамизда эндигина куртак ёзётган муносабатларга путур етказишни истамадим. Уйга кирганимда, Умарнинг машинаси ўрнидан жилиб, узоқлашганини эшитдим.
Иккинчи қаватга кўтарилсам қайнатамни кўрдим, у ҳам мени кўриб жилмайди.
— Менинг гўзал келиним келибдилар-ку!
Унинг сўзларидан ичимда капалаклар учгандек бўлди, ёнига ўтирдим. У аввалгидан кўра яхшироқ кўринарди. Кўзлари остидаги қора ҳалқалар йўқолган, лабларида самимий табассум бор эди.

— Умар қаёққа ғойиб бўлди?
— Ишдан қўнғироқ қилишди, кетишига тўғри келди.
У бош ирғади ва яқин атрофда турган ёшгина хизматчи қизни чақирди.
— Ҳа, жаноб.
— Бизга каҳва келтир, меники шакарсиз бўлсин.
Мен жилмайиб қўйдим, энди Умар кимга ўхшашини тушунгандекман. Қайнотам менга савол назари билан қаради.
— Умар ҳам шакарсиз ичади.
У бошини бироз эгиб, кулиб юборди, мен эса хижолат бўлиб қолдим.
— Шунча қисқа вақт ичида ўғлимни ўрганиб олибсан-да.
Хижолатдан бошимни эгдим.
— Бу яхши... — у давом этди.
— Ноза, сен кичкина бўлганингда, отанг менга сен ҳақингда гапириб, "Менинг митти Нозаним" дерди.
Аччиқ жилмайиб қўйдим. Дадажоним мени ҳамиша шундай чақирардилар.
— Умар ўшанда ҳали бола эди. Буни эшитиб, отангга ёпишиб олган: "Мен шу қизалоқни ўзим билан олиб кетаман" деб.
Ўзимни тутолмай жилмайдим.
— Сени ҳимоя қилишга сўз берганди. Биз ўшанда, албатта, унинг гапларини жиддий қабул қилмагандик, лекин сизларга қараб кўряпманки — Умар сўзида турибди. Ўзининг "митти қизалоғини" ёнига олди, ҳимоя қиляпти ва асраяпти.
Қотиб қолдим. Ҳаёлимда мени ўзи билан олиб кетмоқчи бўлган митти Умарни тасаввур қилишга уриндим. Эримнинг феълини ҳисобга олсак, агар мен Икромга турмушга чиқмаганимда, у барибир менинг эътиборимга эришган бўларди. Катта эҳтимол билан ҳамма нарса бошқача бўларди, лекин афсус... Ҳолатимни сезган қайнотам, эътиборимни қайтариш учун бироз йўталиб қўйди.
— Ноза, ҳаммаси жойидами?
— ... Ҳа, дада, — деб юбордим тўсатдан. У кутилмаганда уни "дада" деб атаганимдан шошиб қолди.
Унинҳ кўзлари ёшга тўлиб, мендан юзини ўгирганча, кутилмаганда ўрнидан турди.
— Билгин, нима бўлишидан қатъий назар, мен ҳамиша сенинг ортингдаман, — бу сўзлардан кейин у бир зум тўхтади. Мен ҳам ўрнимдан туриб, ёнига бордим. — Агар бугун мени ўз отангдек қабул қилган бўлсанг, мен бундан жуда хурсандман, Ноза.
У елкамдан қучоқлади ва эшик ортида ғойиб бўлди.
Умарнинг ўгай онаси — Дилбарни кўриб қолдим. У биздан сал нарида туриб менга нафрат билан тикилиб турарди. Мен унга парво қилмай, ошхона томонга йўналдим. Қизлар нималардир пишириб, бизнинг тўйимизни муҳокама қилишаётган экан.
— Келинпошша, бу ерда нима қиляпсиз?
— Сизларнинг олдингизга келдим.
Улар бир-бирларига қараб кулиб юборишди.
— Сизларда асал ойи бўлиши керак-ку, сиз бўлса биз билан чучвара тугмоқчимисиз?
— Унинг ишида зарур масалалар чиқиб қолди... — деб тушунтирдим нимагадир.
Помидор, пичоқ ва салат учун керакли сабзавотларни олдим.
Кечки овқатдан сўнг ўз хонамга йўналдим. Умар ҳали ҳам йўқ. Бу бироз хавотир уйғотарди, лекин ёмон хаёлларни қувдим. Янги мақомимга ҳали кўникмаганим учун бесабаб хавотирланаётганимга ўзимни ишонтирдим.
Эримнинг уйи жуда катта, уч қаватли эди. Ҳаммасини кўздан кечириш учун анча вақт керак бўларди. Кеча кеч бўлгани учун ҳеч нарсани томоша қилолмагандим. Ошхонага кирсам, ёши улуғ бир аёлни кўрдим. У менга қараб қотиб қолди.
— Сизга халақит бермайманми? — деб сўрадим эҳтиёткорлик билан. У бўшашди ва ҳатто жилмайди.
— Бу сизнинг уйингиз, хоним, киринг. Бирор нарса хоҳлайсизми?
Ошхонанинг гўзал интерерини кўриб, ҳайратимни яширолмадим.
— Нақадар чиройли, нақадар ёруғ! Ошхона мебеллари ҳам ажойиб экан, — деб ҳайратландим ва столларни худди бузиб қўйишдан қўрққандек эҳтиёткорлик билан силадим.
— Шундай, хоним. Менга ҳам бу ерда ишлаш жуда ёқимли.
— Мени шунчаки Ноза десангиз ҳам бўлади.
У ҳайратдан кўзларини катта очди, лекин ҳеч нарса демади. Фақат журъацизгина жилмайди.
— Мен Жамиламан, сиз эса менинг хонимимсиз, — деди у қатъий оҳангда.
Рози бўлишга мажбур бўлдим. Энди мен бу уйнинг бекаси эдим ва белгиланган тартиб-қоидаларга риоя қилишим шарт.
Ошхонадан чиқиб, Умарнинг иш кабинетига кирдим. У ер тўқ рангларда безатилган, жавонлар китобга тўла эди. Гўзал эркакнинг гўзал кабинети. Мебеллардан тортиб майда аксессуарларгача ҳаммаси мукаммал ўйланган.

Хонамизнинг рўпарасида катта Жакузи бор эди, унинг деворларида нақшинкор шамдонларда шамлар турарди. Шамлардан таралаётган ҳид жаннатни эслатарди. Чироқлар ўчирилган ёки жуда хира, бу эса хонага ўзига хос сирлилик ва яқинлик бағишларди. Ютуниб қўйдим ва ўз хаёлларимдан уялиб, тезда у ердан чиқдим.
Ташқарида қоронғу тушган, ҳаво тоза ва бироз салқин. Эрим ҳали ҳам келмаганди, кўнглим ғаш, ичимда аллақандай қўрқув бор эди. Балконда ёлғиз туриб, панжараларни маҳкам чангалладим, хавотир тўлқин каби ёпирилиб келарди. Чуқур нафас олиб, телефонимни олдим ва Умарнинг рақамини тердим.
Гудок кетарди, лекин у гўшакни кўтармасди. Қўлимни секин туширдим ва кўксимда тушунарсиз оғриқни ҳис қилдим. Тиззаларимда мадор қолмади, қалтироқни босиш учун ўтириб олдим, бўғзимга бир нарса тиқилди.
Ўзимни ёмон ҳис қилдим, гўё ҳаво етишмаётгандек. Бўйнимни тўсиб турган кўринмас тўсиқни олиб ташламоқчидек қўлим билан силадим. Ярим тун бўлган, нима қилишни билмасдим: ухлашга ётайми ёки эримни кутайми? Мабодо кутганим унга ёқмай қолсачи?
Шу хаёллар билан панжарага суяниб ухлаб қолибман.
— Нозанин?
Умарнинг овозини эшитиб, сесканиб тушдим. Кўзларимни очиб бошимни кўтардим, у қаршимда турарди. Эрим чарчагандек кўринар, юзи жиддий, менга хавотир билан тикиларди.
— Ухламадингми? — сўради у ҳорғин овозда.
Унга қарадим, лекин қоронғуда ҳеч нарсани илғаб бўлмасди; қаддимни ростлаб, бир қадам олдинга юрдим. Ўзим ҳам нимага эришмоқчи эканимни тушунмасдим. У менинг ҳаракатимни кузатарди. Йўқ, мен бошқа аёлнинг атри ҳидини сезмадим — аслида нега сезишим керак? Эҳтимол, эрлари уйга кеч қайтганда ҳамма аёллар шундай қилишса керак. Менда бу хоҳиш қайдан пайдо бўлганини ўзим ҳам унча тушунмадим.
Бироз томоғимни қириб, ўйлаб олишга вақт топдим ва бироз хижолат билан унинг саволига жавоб бердим. "Нима қиляпман ўзи? Олдин менда бундай одатлар йўқ эди. Бу рашкми?". Назаримда, бу хислат аёлларга туғилишига берилади, фақат ҳар ким ҳам ундан моҳирона фойдалана олмайди.
— Мен... — деб сўз бошладим ғўлдираб.
У сочларимни юзимдан олди ва бир зум унинг бармоқлари қалтираб кетди, мен буни пайқадим.
— Мени кутдингми? — сўради у ҳамон ўша ҳорғин овозда.
Унинг саволидан ўзимни ноқулай ҳис қилдим. Жавоб бермадим. У кўзларини юмди ва қандайдир ғалати тарзда гандираклади. Нима қилишни билмай, уни белидан маҳкам қучоқлаб олдим. Умар ғалати инграб юборди ва ўзига-ўзи нимадир деб пичирлади.
У мендан юзини ўгирди, мен эса унинг оппоқ кўйлагига қарадим. Нимагадир костюмини четга сурган эдим... қўлларим қонга беланди. Унинг кўйлаги қон билан бўялганди.
— Умар?! — қўрқувдан чинқириб юбордим.
Эрим эса менга азоб чекаётган нигоҳ билан боқди. У менинг тилимдан ўз исмини эшитди... биринчи марта...

39-боб

Ноза

Қўлларим қалтирарди. Хонамиз эшигини очдим, Умар бирорта садо чиқармай ичкарига кирди. Юзида ҳеч қандай туйғу акс этмасди, аммо у жуда оқириб кетганди, бўлаётган воқеалардан юрагимга ваҳима тушди.
— Касалхонага боришимиз керак, — дедим ҳаяжон билан овозимни кўтариб. Эрим эса менга хотиржамгина қараб қўйди.
— Йўқ, ҳеч қаерга бормаймиз, — деди Умар гапиришимга имкон бермай. — Шифокорнинг кўригида бўлдим.
Оғир ютуниб, унга қарадим. Умар секин қадамлар билан ювиниш хонаси томон йўналди. Мен нима қилишни билмай, ортидан боришга журъат қилолмай жойимда қотиб қолдим. Уни ёлғиз қолдирайми ёки... Нима қилиш керак?
Жасоратимни йиғиб, унинг ортидан кирдим. Эшикни секин очганимда, Умарнинг кўйлак тугмасини ечишга уриниётганини, аммо буни уддалай олмаётганини кўрдим. Унга оҳиста яқинлашганча қўлига тегиндим, у дарҳол ўткир қора кўзларини менга қаратди.
— Мен ёрдам бераман... — дедим қатъият билан ва жавобини кутмай рўпарасида турдим.
Қалтираётган бармоқларим билан тугмаларни бирин-кетин ечишни бошларканман, эрим яна бир қадам олдинга юриб, орадаги масофани бутунлай йўқотди ва мени ўз домига олди. Бошимни кўтармай ҳамма тугмаларни ечиб чиқдим. Юрагим одатдагидан тез урар, ўзимни назорат қилолмасдим.
Бу жудаям ҳаяжонли лаҳза. Унга озор бермасликка ҳаракат қилиб, эҳтиёткорлик билан кўйлагини елкасидан туширдим. Менинг тегинишларимдан Умарнинг танаси худди тошдек қотиб борар, бу эса мени хавотирга солди. Балки унга ёқмаётгандир? У шовқин билан нафас чиқариб, хириллаган овозда гапирди:
— Буёғига ўзим эплайман, чиқаверишинг мумкин.
Унинг сўзлари менга оғир ботди, Умар эса сочларини ўнглаб, мендан узоқлашди. Бўғзимга тиқилган аламни ютиб, эшик томон йўналдим. Ичимда хафалик ва ғашлик бор эди. Шу сонияда қўлимда унинг бақувват тутқичини ҳис қилдим. Умар мени кўтариб, қандайдур совуқ нарсанинг устига ўтқазди — бу пардоз столи эди, мен босим билан олдинга силжидим.
Умар бир ҳаракат билан оёқларимни айирди, кўйлагимнинг чоклари сўкилиб, оёқларим янада кўпроқ очилиб қолди ва у ўртамда турди. Унинг ҳаракатлари шунчалик кескин ва ишончли эдики, эътирозга ўрин қолдирмасди. Мени бирдан саросима босиб, нафасим тезлашди, қорнимнинг пастида нимадир ғалати ва ёқимли симиллади. Умар менга эҳтиросли нигоҳ билан боқиб турарди.
Мутлақо янги туйғуларни ҳис қилардим, аммо унга қаршилик кўрсатишни асло истамасдим. Кўйлагим оёқларимни очиб қўйгани, нозик терим унинг шимининг дағал матосига тегиб тургани мени заррача хижолат қилмасди. Бу шунчалик яқин ва сирли эдики, ўз туйғуларимдан ўзим қўрқиб кетдим. Умар қўли билан бўйнимни силади ва сочларимни четга сурди.
— Мендан хафа бўлдингми? — сўради у истеҳзо билан мени кузатиб.
— Й... йўқ, — тутилиб қолдим, бу унга ёқаётгани кўриниб турарди.
У қўлларини сонимга қўйганди, кўзларим катта-катта бўлиб кетди, у эса менинг реакциямдан мамнун ҳолда, юзини менга янада яқинлаштирди.
— Нозанин, мени васвасага солма... — бу гап гўё афсундек янгради.
Нигоҳимни олиб қочишга уриндим, аммо у қўйиб юбормади.
— Ўзимни имкон қадар тутиб туришга ҳаракат қилябман. Лекин унутма, мен эркакман. Буни асло унутма... Нозанин...
Бош ирғадим ва нафасимни тартибга солишга ҳаракат қилдим. Мен шундай ҳисларни туяётган эканман, у нималарни ҳис қилаётган эди? У мени хоҳлаётганини очиқчасига айтди. Хижолатдан бошимни эгиб, унинг ярасига қарадим.
Юзим қизариб кетди, қоним ичимда қайнаб борарди. Нафақат юзим, бутун вужудим ёнарди. Инсоннинг оддийгина тегиниши қандай қилиб шунчалик завқ бағишлаши мумкин? Унинг ҳар бир тегинишини ҳис қилиш нақадар ёқимли...
Эрим менга пахта узатди, қалтираётган бармоқларим билан унинг ярасини тозалашни бошладим. Унинг нигоҳи менга михланган эди. Ўша ўткир қора кўзлар қаршисида хаёлларим чалкашиб, қўлларим янада қаттиқроқ қалтирарди. Ярага бинт қўйиб, устини пластир билан ёпиштирдим.

— Бўлди... — дедим зўрға. Эрим бош ирғагач, мен ниҳоят бошимни кўтаришга журъат этдим.
— Қониқдингми?
Лабларимни қаттиқ тишлаб, уни ўзимдан узоқлаштирдим. У бироз чекинди, аммо бу фақат мени бошдан-оёқ кузатиш учун эди. Кўйлагим мени жуда очиқ кўрсатиб қўйганини эслаб, тезда ўрнимдан турдим ва хонага қараб кетдим. Дераза ёнига бориб, уларни ланг очиб юбордим. Менга айни вақт тоза ҳаво жуда керак. Кафтларим терлаб кетганини сезиб, беихтиёр уларни кўйлагимга артдим.
Кўзларимни юмганча, тинчланмоқчи бўлдим, аммо қадам товушларини эшитдим. Эрим хонага кириб, каравотга ётди. У ўзини тутишга уринса-да, унга қанчалик қийин ва оғриқли эканини кўриб турардим. Ёнига бориб, каравот четига ўтирдим.
— Қорнингиз очми? — дедим вазиятни юмшатиш учун.
У бошини менга бурди.
— Ҳа, — деди паст овозда. Бош ирғадим-да, эшик томон юрдим.
Ҳали ҳам ҳамма ҳайрат ва қўрқув билан гапирадиган бу инсоннинг хотини эканлигимга ишонолмасдим. Ошхонага тушиб, сабзавотли шўрва ва гўштли гуручни иситдим.
Умар ҳамон ўша ҳолатда ётар, хаёлчанлик билан телефонини айлантирарди. Эҳтиёткорлик билан ёнига ўтирдим ва унинг гўзал, майин нигоҳини илғадим. Эрим индамай овқатланаётганида, мен кийим хонасига ўтиб, йиртилган кўйлагимни алмаштириб, тунги кўйлагимни кийдим. Йиртилган кўйлакка қараб, ўша яқинлик лаҳзасини эсларканман, нимтабассум қилдим. Ҳамма нарсани жуда секин бажарардим, балки чарчагандирман. Ҳа, шундай.
Хонага қайтганимда, эрим кўзларини юмиб, ғалати нафас олиб ётарди. Бир зум тўхтаб қолдим, сўнг ўзимни унинг ёнига боришга мажбур қилдим.
— Умар, ухлаб қолдингизми? — деб сўрадим паст овозда.
Эрим жавоб бермади. Елкасига оҳиста тегинишим ҳамоно, у кўзларини очди. Қўлимни дарҳол тортиб олиб, қаддимни ростладим. У ҳушини йўқотмасликка ҳаракат қилиб, мени кузатиб турарди.
— Мана оғриқ қолдирувчи, — дедим таблеткани кўрсатиб, — енгил тортасиз...
У ишонқирамай бош ирғади, лекин дарҳол ичди. Бўшаган ликопчаларга қарадим, у ҳамма овқатни ебди — бу яхши белги. Жилмайиб, сочларимни юзимдан олиб қочдим.
— Нозанин, ётиб ухлаб ол, — деди эрим хириллаган овозда. Юзи жуда оқириб кетганди.
Унинг устини ёпиб қўйдим, у менинг бу ҳаракатимдан бироз кулимсиради. Ўз томонимга ўтиб, каравотнинг энг чеккасига ётдим. Умар ухлаб қолаётганди, лекин мен унинг аҳволи оғирлашиб қолишидан қўрқардим.
— Бу қандай содир бўлди? — овозим қалтираб сўрадим. Эрим кўзлари юмиқ ҳолда мен томонга ўгирилди.
— Бу ҳақида ўйлама... — деб жавоб берди у, лекин мен тинчлана олмасдим.
— Буни ким қилди?
Умар бармоғи билан иягини силади, саволларим билан уни қийнаб юборганимни тушундим.
— Ухла, Нозанин, ухла... — деди у чарчаган ҳолда.
Бир неча дақиқадан сўнг кучли чарчоқни ҳис қилиб, кўзларимни юмдим ва ўзимнинг бояги ҳаракатларимни эслаб, беихтиёр паст овозда кулиб қўйдим.

40-боб

Умар

Ёнимда ётган Нозага қарадим ва хаёлимда кечаги воқеалар жонланди.
Миямда чақмоқдек урилган илк фикр шу бўлди-ки: "Ҳозир ўламан ва Нозамни бошқа кўрмайман". Унинг гўзал кўзлари, маъсум ва уялинчоқ табассумини... Оғриқ чидаб бўлмас даражада эди, кўзларимни очишга уриндим, қўлларим эса беихтиёр қонли ярага ёпишди.
— Умар, мени эшитяпсанми?
Мен ёруғлик томон бошимни бурдим ва секин бош ирғадим.
— Эшитяпман, доктор... — қаердалигимни тушунмай, қадрдон дўстимнинг овозини зўрға танидим.
— Баракалла! Демак, ҳали ҳаммаси унчалик ёмонмас, — деди у ва ярамни нимадир билан тозалашни бошлади.
Мен оғриқдан инграб юбордим ва бутунлай ўзимга келдим.
— Ўқ муҳим аъзоларга тегмаган, Умар. Бахтинг бор экан... — Унинг гапларидан пичинг билан илжайиб қўйдим. Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ. Баданимда чандиқлар кўп, ҳар сафар мени у дунёдан айнан шу инсон қайтариб оларди. У ўз ишининг даҳоси.
— Бу ерга қандай келиб қолдим?
— Амир олиб келди. Касалхонага боришни истамаган эмишсан, — у кўзойнаги устидан менга хаёлчан тикилди.
— Майли. Бугун шу ерда ётиб турасан, эртага янгидек бўлиб кетасан.
— Йўқ, доктор! Мен уйга боришим керак...
У пишқириб қўйди ва эшикка қаради. Кабинетга кирган Амир мени кўриб, нимтабассум қилди.
— Ўзингга келдингми? — сўради Амир.
Доктор қўлқопларини ечиб, халатини тўғрилади.
— Ҳа, вақтида олиб келибсан. Ўқ аъзоларга шикаст етказмаган, лекин қон анча йўқотилган. Умар бугун кечаси шу ерда, менинг назоратим остида қолиши керак. Унга остма дори қўйиш лозим.
— Қолмайман дедим-ку! — ўшқирдим ва ўрнимдан туришга уриндим.
Икки эркак мен томонга бурилиб, ўрнимдан туришга бўлган уринишларимни кузатиб туришди. Қонли кўйлагимни киярканман,баданим ёнар, бошим айланарди, аммо мен тезроқ уйда бўлишни истардим.
— Уни мажбурлаб бўлмайди, доктор.
Амир докторнинг елкасига қоқиб қўйди ва қўлимдан кастюмимни олди.
Мен Амирнинг ёрдами билан, азобланиб бўлса-да, машинанинг олд ўриндиғига ўтирдим. Ойнани ёпиб олдим, менга жуда совуқ туюларди. Сездирмасликка уринсам-да, бутун танам қалтирарди. Агар ҳозир ҳушимдан кетсам — ҳаммаси тамом бўлишидан қўрқардим.
— Ким ўқ узганини кўрдингми? — Амир калитни буради ва менга синчиклаб қаради.
— Йўқ, лекин тахминимча, бу Икром Солиев эди, — беихтиёр кулиб, бош чайқадим. — Ундан бошқа нарсани кутиш ҳам мумкин эмасди.
— Мени нотўғри тушунма-ю, лекин сенга ҳайронман. У сени ўлдирмоқчи бўлди, сен эса буни шундай қолдирмоқчимисан?
— Мени ёмон танир экансан, Амир. Айбдорларнинг ҳеч бири жазосиз қолмайди. Мен шунчаки вақтини кутяпман...
Амир кўзларини қисди — у сабрсиз одам эди. Буни хатти-ҳаракатларидан ҳам билса бўларди.
Уйимнинг эшигини очиб, атрофга назар солдим. Эҳтиёткорлик билан, садо чиқармай зинадан юқорига кўтариларканман, тўхтаб қолдим: аёлим ўзини қучоқлаб ухлаб ётарди. Шу сонияда ичимда бир илиқлик туйдим, танамдаги қалтироқ бутунлай босилгандек бўлди. У мени кутган...
Менинг Нозам... у кўника бошлаганди. Мен учун хавотир олган. Бу бизнинг муносабатларимиз учун, келажагимиз учун, биз учун яхши белги эди...
Уни бу аҳволда кўриб асабийлашишини, қўрқишини асло хоҳламасдим, аммо бўлган воқеани яшира олмасдим.
У гўё кўнгли сезгандек, ёнимдан бир қадам ҳам жилмади: қаршимда туриб, нималарнидир излади, синчиклаб текширди. Қизиқ, ҳамма аёллар шундайми? Ёки фақат севганларми? Аёл кишининг бундай хислати борлигини илгари билмасдим. Бу ҳам ҳаяжонли, ҳам ёқимли. Инсон бундай туйғуларни биринчи марта ҳис қилаётганида шундай бўлса керак.
Шунча йилдан бери биринчи марта менга кичкина боладек ғамхўрлик қилишди. Бу менга ёқаётганди. Пайқадимки, ўша Икром туфайли аёлим менга анча яқинлашиб қолди.

У менинг тегинишларимдан қочмасликка ҳаракат қиларди. Ҳатто уни ўзимга тортиб, орамиздаги масофани йўқотмоқчи бўлганимда ҳам. Унинг танасига тегишни, ҳароратини ҳис қилишни ва нимага муҳтожлигимни кўрсатишни истардим. Аммо мен ўз сўзимни унутмадим. Ноза ҳам буни биларди: то ўзи хоҳлаб келмагунича, мен унга тегмайман...

Чуқур нафас олиб, кеча у менга ғамхўрлик қилгани каби, мен ҳам унинг устини ёпиб қўйдим.
Ноза каравотнинг мен ётадиган томонига сурилиб, митти бурнини ёстиғимга босиб олди. Роҳатдан илжайиб қўйдим, сўнг хонадан чиқиб, пастга тушдим.
Бўлган воқеадан кейин ётиб олмоқчи эмасдим. Ярам битиб кетади, менда бундан баттарлари бўлган. Лекин бу иши учун душманларимни жавоб беришга мажбур қиламан. Аёлимнинг ўтмишда тўккан ҳар бир томчи кўзёши учун Солиевлар оиласи жавоб беради.
Машина эшигини очиб, Нозанин номига келган конвертни олдим. Ҳеч қачон кеч эмас. Мен уни ҳар қандай йўл билан бахтли қилишни хоҳлардим.
Ҳеч қачон бир аёл менинг бошимни айлантириб, ақлдан оздириш даражасида ўзига ошиқ қила олади деб ўйламагандим. Ваҳоланки, у бунинг учун ҳеч нарса қилмаганди...