Shu ondan meniki
— Мана, келинимиз ҳам ташриф буюрдилар. Маросимни бошласак ҳам бўлади.
Мустафа амаки юзида табассум билан гап бошлади. Охирги пайтларда у фақат кулар, ўғлининг ниҳоят уйланаётганидан чин дилдан бахтиёр эди.
Мен Умарнинг ёнига бориб, унинг ёнидан жой олдим.
— Ундай бўлса бошладик, марҳамат, ўтиринглар.
Имом тасбеҳини ўгириб, ҳовлиққанча нафас ростлади. Умар чордона қуриб ўтирди, мен ҳам унга эргашдим. Имом дуо ўқишни бошлади, атрофда фақатгина унинг қироат қилаётган овози эшитиларди. Хонадаги барча аёллар ёпиқ либосларда, бошларига рўмол ўраган ҳолда ўтирардилар.
— Сен, Мустафо ўғли Умар, Шавкат қизи Нозанинни ўз никоҳингга олишга розимисан?
Имом отамнинг исмларини ҳам тилга олди. Мен секин бошимни унга бурдим, у ҳам менга тикилиб турарди.
— Розиман.
— Розимисан?
— Розиман.
— Розимисан?
Унинг ўткир нигоҳига дош беролмай, қўлларимга қарадим.
— Розиман.
Умар мени ўз рафиқаси сифатида қабул қилди.
— Сен, Шавкат қизи Нозанин, Мустафо ўғли Умарни жуфти ҳалоли бўлишга розимисан?
— Розиман, — дедим паст овозда. Имом жилмайиб давом этди.
— Розимисан?
— Розиман.
— Розимисан?
— Розиман.
Ёнингда турган бу эркак ўз вужуди, борлиғи билан мени босиб тушаётгандек эди. Ундан таралаётган шиддатли, телба бир энергияни ҳис қилиб турардим.
— Мустафо, ўғлингнинг никоҳига розилик берасанми?
— Бераман.
— Сизлар бўлаётган воқеаларни гувоҳи сифатида хотирангизга муҳрлаяпсизларми?
— Ҳа, муҳрлаяпмиз, — биздан унча узоқ бўлмаган жойда ўтирган гувоҳлар бош ирғашди.
— Эрингдан қандай маҳр талаб қиласан?
Хонага қабристон сукунати чўкди. Ҳамма эътибор менга қаратилди.
— Мен ҳеч нарса талаб қилмайман.
Имом худди бошқалар каби жилмайиб, Умарга қаради.
— Дубайдаги уйни бераман, — деди Умар кутилмаганда. — Меҳмонхона. Онамнинг номидаги ресторан. Ва етмиш килограмм олтин.
Бошим шартта унга бурилди. Бу ақлсизлик эди! У қаддини ростлади ва менинг ҳайратимни кўриб, қошларини маъноли кўтариб қўйди. Имом қотиб қолди, Мария унга бир стакан сув узатди.
— Мен қайнота сифатида келинимга ўзимнинг заргарлик дўконимни совға қиламан, — деди Мустафа амаки.
"Тўхтатинг уларни! Бу жуда кўп!" деб бақириб юборгим келди.
— Мен эса келин томондан вакил сифатида куёвдан ҳар ой Нозинанинг картасига камида минг доллардан тушириб туришини талаб қиламан.
Мариям ўз нутқини якунлаб, мен билан нигоҳлари тўқнашгач, қўрққанидан ютуниб қўйди.
— Мен нима сўрасам экан?! — Мария ўйланиб қолди-да, бирдан ҳайқирди: — Куёвимиз ўз қўрғонини рафиқасининг номига расмийлаштиришини талаб қиламан, бу билан у камбағал бўлиб қолмайди!
Ҳамма қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Умар ҳам жилмайди, юзида кичкина кулгич пайдо бўлди.
— Йўқ, бу ортиқча. Ростдан. Керак эмас.
У мен томонга эгилди. Қайноқ нафаси юзимни куйдиргудек бўлди.
— Ҳаммаси жойида. Мен розиман.
Нафасим ичимга тушиб кетди. Унинг яқинлигидан кафтларим терлаб кетди. Эртага бутун шаҳар Умар маҳр учун менга нималар бергани ҳақида гапиришини, миш-мишлар ҳали-бери тинмаслигини англаб турардим.
Имом ҳамон ҳайратдан катта очилган кўзлари билан ёзувларга тикилиб турарди. У томоғини қириб, қўлига Қуръонни олди.
Барча маросимлар якунланди ва мен қонун-қоидаларимизга кўра Умар Шахмараннинг рафиқасига айландим.
— Табриклайман. Яратган никоҳингизни хайрли қилсин!
Биз ўрнимиздан туриб, имомга миннатдорчилик билдирдик. Мустафа амаки уни кузатиб қўйди.
— Дастурхон тузалган, юринглар.
Хадича амма уст-бошини тўғрилаб, чиқиб кетаётган қизларнинг ортидан қаради. Умар ёнимда туриб, костюмини ечди — унинг бу ҳаракатидан баданимга чумоли ўрмалагандек бўлди. Аммаси буни сездими-йўқми, билмадим, лекин менинг реакциямдан жилмайиб қўйди:
— Тўйгача бир-бирингиз билан учрашмасликка ҳаракат қилинглар. Ноза, сен ўз хонангда қолишда давом этасан.
Умар норози қиёфада кўйлагининг енгларини шимарди.
— Хўп бўлади, амма.
Аммаси тушунган ҳолда бош ирғади ва тезда хонадан чиқишга ошиқди.
Мен чуқур нафас олиб, Умарга ўгирилдим. У бир қадам олдинга ташлади ва қўлларини белимга қўйди.
Кутилмаганда, эрим бир ҳаракат билан мени ўзига тортди. Вужудимни ўз танасига шунчалик маҳкам босдики, ҳатто унинг юрак уришини ҳам сезиб турардим.
Мен унинг тубсиз қора кўзларига тикилиб қолдим. Улар мени янги бир куч билан сеҳрлаб борарди. Магнитдек ўзига чорлар, ўзига тортарди...
У қўлини бироз бўшатди; оёқларим пахтадек юмшаб, қўлларим эса худди қаҳратон қишда кўчада қолгандек музлаб кетди.
— Тўғри қилдинг. Баракалла! Буни муносиб баҳоладим.
Мен унга савол назари билан қарадим.
— Нима ҳақида гапиряпсиз?
— Дилбарнинг жойини кўрсатиб қўйганингни айтяпман.
"Демак, у бутун суҳбатимизни эшитиб турган экан-да". Кўзларимни ерга қадатиб, унинг буғдойранг қўлларини томоша қила бошладим. Кўйлагининг тирсаккача шимарилган енгларидан олтинранг туклар кўриниб турар, билагидаги вазмин соат бу манзарани якунлаб турганди.
Мардона куч. Мана шу ниқоб остига яширинган ибтидоий эркаклик қудрати.
Унга қарамасликнинг иложи йўқ... Лабимни тишлаганча, қаршимдаги эркакни чанқоқлик билан кузатишда давом этдим. У ҳозир бўйинбоқ ва костюмсиз, эркин... худди ўлжасини еб тўйган йиртқичдек хотиржам.
У икки бармоғи билан иягимдан кўтариб, юзимга шунчалик яқин келдики, нафасини ўз юзимда ҳис қила бошладим.
— Сенда адашмаган эканман.
Томоғимга тиқилган қуруқ луқмани ютишга ҳаракат қилдим. Эримнинг нигоҳи сониялар ўтган сайин қорайиб борар, у лабларимга тикиларди; сўнг нигоҳи секин иягимдан пастга сирғалиб, бўйнимдаги шиддат билан ураётган томиримда тўхтади.
У эҳтиёткорлик билан мен томонга эгилди-да, лабларини лабларимга тегинди. Улар теккан жойга гўё бутун қоним қуйилиб келгандек бўлди. Илк бўсамни иккинчи эрим ҳадя этди. Бу қанчалик ғалати эшитилмасин, шунчалик гўзал манзара эди...
Мен шартта ўзимни орқага тортдим, уялганимдан ерга қараб, эшик томон отилдим. У эса қўлларини чўнтагига солиб, пичинг билан жилмайиб қўйди. У ўзидан мамнун эди. Бегубор бир бўса қанчалик буюк кучга эга эканини яхши тушунарди.
Бутун вужудим худди қайноқ қум устида югургандек қалтирарди. Қўл-оёқларим бўйсунмас, ичимда ўт ёнарди, бу ўзимга ҳам тушунтириб бериш қийин бўлган нотаниш бир туйғу эди.
— Келинпошша, сенга нима бўлди?
Йўлда Марияга дуч келиб, қўрқиб кетганимдан қўлимни юрагимга қўйдим. У оловдек ёнаётган ва мени сотиб қўяётган яноқларимга тегинди.
— Сени қўрқитмоқчи эмасдим. Тавба, бурнинггача қизариб кетибсан-ку! Мазанг қочдими?
— Ё... йўқ, ҳаммаси яхши.
Мария менга ғалати қараб қўйди, лекин ортиқча гапирмай, ёнимда жим кетаверди. Гўё мени ўз ўйларим билан холи қолдиргиси келгандек эди.
Меҳмонхонадаги дастурхон аллақачон тузалган. Ҳамма кечки овқатни тановул қилар, юзлардаги табассум ва эркин муҳитдан уларнинг кайфияти чоғ экани кўриниб турарди. Мен тезда жойимга ўтирдим ва бошимни кўтармасдан бир стакан муздек сувни ичдим. Сув ичимдаги оловни бироз босиб, ўзимга келтиргандек бўлди.
Эшик очилиши билан беихтиёр кўзларимни кўтардим. Умар меҳмонхонага кириб, ҳамма билан кўз уриштириб чиқди; сўнг мени топди, юзи ўта жиддий эди. Унга қараб, бу инсон нималарни ҳис қилаётганини тушуниш қийин. У умуман туйғуларга берила оладими ўзи?
У стулни суриб, стол тўрига, менинг чап томонимга ўтирди.
У бутунлай бошқача эди. Мен шу пайтгача барча қизлар орзу қиладиган ўша Шахмаранга — Умарга турмушга чиқаман деб тасаввур ҳам қилмагандим. Мен шундай ҳаётга лойиқмидим?
Бу саволга жавоб бериш қийин, билмайман. Аммо у менга ачингани учун уйланди деган ўй ҳали ҳам ҳаёлимдан кетмасди.
Кечки овқат давомида эримнинг синовчан нигоҳини ҳис қилиб турдим, бироқ қатъият билан унга қарамадим. Шуни тўғри деб билдим.
Овқатдан сўнг ҳамма хоналарига тарқалди. Ўз хонамга киргач, туфлиларимни ечиб, роҳатдан енгил тин олдим. Кўйлагимни ечгим келмасди. Кўзгу олдида ўзимга бироз маҳлиё бўлиб турдим-да, сўнг душга йўналдим. Ёқимли муолажадан сўнг ўзимни анча яхши ҳис қилиб, сочиққа ўралганча ташқарига чиқдим. Бир қўлим билан ҳўл сочларимни қуритиб, иккинчиси билан балкон эшигини очдим. Атроф қоронғу ва сокин, фақатгина ой нури қўрғонни ёритиб турарди. Шу сукунатдан завқланиб бироз турдим.
Аммо бошимни буриб, Умарнинг нигоҳларига дуч келдим. У панжарага суяниб, индамай менга қараб турарди. Мен эса шошилинч хонага кириб кетишдан бошқа чора тополмадим.
Дарҳол ўрнимга ётиб, кўзларимни юмдим. Кун давомидаги чарчоқ ўз сўзини айтди. Ўша заҳоти ухлаб қолдим.
Кўзларимни очганимда эса тонг отганди. Узун кўйлагимни кийиб, нонуштага тушдим. Умар менга қарамас, нигоҳини олиб қочарди, бу мени ҳайрон қолдирди. У ҳеч ким билан гаплашмасди, фақат аммаси унга қараб жилмайиб қўйди, лекин уни нима бундай ғазаблантираётганини тушунолмадим.
Балки бирор хато қилиб, уни ранжитиб қўйгандирман? Ўзимни айбдордек ҳис қила бошладим.
Хадича амма қаҳва ичишга тушди.
Умар юзини бужмайтириб, ўрнидан турди ва хизматчи қизга юзланди:
— Мен юқорида бўламан, қаҳвамни ўша ерга олиб чиқ.
У кўз қири билан менга қараб қўйиб, чиқиб кетди. Лабимни тишладим.
— Ўзим олиб чиқаман, — дедим ёшгина хизматчи қизга ва у енгил тин олди.
Қолганлар индамай, фақатгина қараб қолишди.
Маълум бўлишича, Умар қаҳвани шакарсиз ичар экан, мен эса аксинча, ширинликсиз яшолмасдим.
Юқорига кўтарилиб, хонага кирганимда, у деразага орқа ўгириб турганини кўрдим. У индамай ташқарига тикиларди. Мен эҳтиёткорлик билан патнисни столга қўйдим.
Идишларнинг овозини эшитиб, у менга ўгирилди.
— Ноза?
Мен қаддимни ростлаб, унга майингина жилмайдим. У менга томон бир неча қадам ташлади.
— Қаҳвангизни олиб келдим.
Унинг кўзларида яшин каби чақноқ нурлар пайдо бўлди. У қаҳва учун миннатдорчилик билдиргандек бош ирғади ва ўз жойига ўтирди. Нигоҳи билан ёнига ўтиришимга ишора қилди. Бу аранг сезиладиган ишорани илғаб, ёнига ўтирдим.
У билмаган ҳолда менинг қаҳвамни олди ва бир қултум ичди. Кутилмаган таъмдан юзини бужмайтирди, мен эса беихтиёр кулиб юбордим. Шу лаҳзада кўзларимиз тўқнашди.
— Бу менинг қаҳвам эди... у шакарли...
— Умримда бундай ширин қаҳва ичмаганман.
У сувни олиб, бир нафасда ичиб юборди.
Мен иккинчи финжонни унга яқинроқ сурдим-да, ўзимникини қайтариб олдим. Бир қултум ютдим. Роҳатдан ва ёқимли таъмдан беихтиёр кўзларим юмилиб кетди. Бир сониядан сўнг кўзимни очганимда, қаршимдаги эркакнинг ёниб турган нигоҳига дуч келдим. Унинг томоғи асабий ўйнади, тишлари орасидан нималардир деб пичирлади ва менга бир қути шоколад узатди.
— Ёки ширинликни ёқтирмайсанми?
Умар кўзларини бироз қисиб, менинг реакциямни кузата бошлади.
— Ёқтираман... жуда ҳам... раҳмат, — дедим нафасим ичимга тушиб.
Худди у фикридан қайтиб қоладигандек, жавоб беришим билан дарҳол қўлимни чўздим.
У гўё маъқуллагандек, аранг сезиладиган даражада бош ирғади ва шоколадни менга узатди. Энди унинг ширинликни мутлақо емаслигига ишончим комил эди. Ахир ширинликсиз қандай яшаш мумкин?!
Митти вужудим билан, худди кичкина қизалоқдек шоколад еётганимда, у ёнимда бирор садо чиқармай ўтирарди. Кўраётган манзараси уни анча хурсанд қилган шекилли, менга бурилиб, майингина жилмайиб қўйди.
— Ҳақиқатдан ҳам ширинликни умуман ёқтирмайсизми? — бу ўй мени тарк этмасди ва мен ўз сўзимда туриб сўрадим.
Бу саволимдан сўнг унинг юзидаги ифода ўзгариб, бироз асабий тус олди.
— Ноза, сезишимча, менга тинмай расмият билан мурожаат қиляпсан.
Суҳбат ва кайфиятнинг бундай кескин ўзгаришини кутмагандим. Ўзимга жуда баланд эшитилгандек туюлган бир тарзда ютуниб қўйдим ва паст овозда жавоб бердим:
— Шунчаки барча урф-одатларимизга амал қилишга ҳаракат қиляпман.
Лекин Умарни бу нарсалар заррача қизиқтирмасди. Эркак оғир тин олиб, менга тикилди ва қатъий овозда деди:
— Биринчи навбатда — мен сенинг эрингман. Жамиятдаги мавқеим мен ҳақимда кўп нарсани айтиши мумкин, аммо мен сендан бошқа эркаклар ўз аёлларидан талаб қиладиган нарсаларни талаб қилмайман.
У вазмин, лекин ўта ишончли оҳангда гапирар экан, қимир этмасликка ҳаракат қилардим, ҳатто нафас олишга ҳам қўрқардим.
— Бу ўлкаларда эркаклар ўз аёлларига қўядиган талабларида кўпинча ҳаддан ошиб кетишади.
Мен тезда бош ирғаб уни тасдиқладим. Бунга нафақат қўшилганим, балки бу эркакнинг гапига эътироз билдириш қийин бўлгани учун ҳам шундай қилдим. Унинг оҳанги, овозидаги ишонч ва кўзларимга тик қараб туриши ҳар қандай одамни кўндира оларди. Ҳа, мен аввал ҳам айтганман: "Урф-одатлар қанча-қанча аёллар тақдирини барбод қилди".
Қанчаси бор эди шундай аёлларнинг? Кўпчилиги эрларига ёқишга, кўнглига қарашга уринишарди — токи улар иккинчи оила ҳақида ўйламасин деб. Энг муҳими эса фарзанд туғиб бериш. Албатта, ўғил. Аёллар хўрликларга чидашарди, эрларининг сон-саноқсиз маъшуқаларига кўз юмишарди. Уларнинг эрига гап қайтаришга, ўз туйғулари ва азобларини айтишга ҳақлари йўқ эди.
— Келинпошша!
Ҳаёлларимни бўлиб, ёнимизга Марям келди.
— Кетишимиз керак, режа бўйича тўй кўйлагини танлашимиз лозим.
У акасига қараб жилмайиб қўйди.
— Ака, декан билан гаплашиб қўйинг, уни учратиш жуда қийин бўляпти. Ўқиш бошланишига жуда оз вақт қолди...
Умар унга қисқа бош ирғади ва қиз қувонганича ортига югуриб кетди. Кетаётиб акасига "ҳаво бўсаси" юборди, Умар эса бунга жавобан жилмайиб қўйди.
— Ноза, сен ўқишингни давом эттиришни хоҳлармидинг?
Бошимни шартта эримга бурдим. Турмушга чиққунимча буни қанчалик қаттиқ истаганимни у билмасди.
— Кеч бўлди... шекилли бу ҳақда ўйлашга.
— Ҳеч қачон бундай дема!
Унинг оҳанги яна қатъийлашди, овозидан баданимга чумоли ўрмалагандек бўлди. У мен билан ҳали ҳеч қачон бундай гаплашмаганди. Нимадир ғалати бўлди... У қўлимга тегиб, уни сиқиб қўйди. Гўё вужудимга оловли шар урилгандек бўлди. Юзимга бироз қизиллик югурди, лекин нигоҳимни узолмадим... узишни хоҳламадим ҳам.
— Ҳеч қачон кеч эмас, Нозанин. Агар сенда заррача умид ва хоҳиш бўлса, ҳамма нарсага эришса бўлади.
У юзимга яқинлашди. Юрагим янада қаттиқроқ ура бошлади. Унинг кафти менинг муздек қўлимни иситарди; бу бақувват қўллар ичида ўзимни жуда қулай ҳис қилаётган эдим. Чаккаларимда қон гупиллаб урар, лабларим нимадир демоқчи бўлгандек бироз очилган, аммо сўз айтишга ботинолмасдим.
— Мени тушундингми? — у ишонч билан кўзларимга тикилди.
Мен шартта ўрнимдан туриб, орамиздаги яқинликни буздим. Умар нигоҳи билан мени кузатиб қолди. Жавоб бермасдан пастга тушиб кетдим, қуруқшаган лабларимни яладим ва ичимдан ёноқларимни тишладим.
Қизлар машинада мени кутиб ўтиришарди, зериккан қиёфалари билан кутишдан чарчаганликларини билдиришарди. Мен уларнинг ёнига ўтирдим ва ўзимни гўё ҳеч нарса бўлмагандек тутишга ҳаракат қилдим. Хадича Шахмаран менга кўз қири билан қараб қўйди-да, сўнг кимдир билан телефонда гаплашиб, тўйга таклиф қилишда давом этди. Кейин ҳайдовчига ишора қилди ва машина жойидан қўзғалди.
Мария менга яқинроқ сурилиб, паст овозда пичирлади:
— Умид қиламанки, биринчи кечагача сабр қиласизлар.
Уялганимдан юзим баттар қизариб кетди, унинг лабларида эса саволи нишонга текканидан мамнунлик табассуми югурди. Мен ўзимни четга олиб, кўзларимни тепага тикиб қўйдим.
Кейинги бўлаётган воқеалар худди туман ичидагидек ўтди. Тўй кўйлаклари, кийиб кўришлар... Консултант қизлар ортимдан қолмай чирқиллашарди, лекин таклиф қилинган нарсаларнинг бирортаси менга ёқмасди. Ҳаммадан уяла бошладим.
Ё кўкрак қисми жуда очиқ, ё орқа қисми очиқ... Менга бунақаси мутлақо ёқмасди. Гарчи бу менинг иккинчи никоҳим бўлса-да, бунақанги ғалати туйғуларни биринчи марта ҳис қилаётган эдим.
— Мен Умарга қўнғироқ қилдим, маълум бўлишича, у Париждаги мода уйидан бир нечта кўйлак буюртма қилган экан, — деди Хадича амма.
Мария шартта олдинга интилди ва кўзлари косасидан чиққудек бўлди:
— Шундайми?! Унда бу ерда нима қилиб юрибмиз? Қани, уйга кетдик! Умар Шахмаран хотини учун нималарни танлагани ва қанча сарфлагани менга жуда қизиқ!
Хадича амма қўлимдан тутиб, мени ўша "ҳушмуомала" қизлар даврасидан олиб чиқиб кетди.
Бир соатдан сўнг яна уйда эдик. Атрофда сукунат ҳукмрон, мен иккинчи қаватга кўтарилиб, меҳмонхонага кирдим.
— Ё Раббий! Жаннатга тушиб қолдик-ку! — деб бақириб юборди Мария, кўйлакларга ҳайрат билан боқиб.
Кўрган манзаримдан жойимда қотиб қолдим. Нигоҳим бир кўйлакда тўхтади: елкаси бирозгина очиқ, лекин бу асло беҳаё кўринмасди; бел чизиғи аниқ берилган бўлиб, қоматни мукаммал кўрсатиши керак эди. Кўйлак нуқсонсиз ва қимматбаҳо кўринарди. Кенг этаклари тикилган мунчоқлар билан жилоланарди. Мунчоқларга тушаётган қуёш нурлари эса уларни қимматбаҳо тошларга айлантириб, кўйлакни янада гўзалроқ кўрсатарди...