Shu ondan meniki
Анора ўзини орқага ташлаб, чуқур ва оғриқли инқилларди. Унинг кўзлари юмиқ, бармоқлари эса сочларимга маҳкам ёпишди. Мен унга босилдим ва нафасимни тартибга солишга уриндим. У эса бармоқлари билан орқамни силаб, мамнуният билан жилмайди. У орамиздаги бу яқинлик нимадир ўзгартиради, деб ўйларди. Мен эса унинг устидан турдим-да, унга бир бор бўлсин қайрилиб боқмай, душ томон йўналдим.
Мен у билан бирга эдим, лекин кўз олдимда Нозани кўрардим. Унинг кўзлари, унинг юзи... Мен ақлдан озаётган эдим. Менга фақат у керак эди. Мен ҳамма нарсани хато қилганимни эндигина англаб етаётгандим. Кўп нарсага эришаман деб ўйлаган эдим, аммо энг қимматли нарсамни бой берибман. Илгари унга қанчалик азоб бераётганим ҳақида ўйламасдим, лекин ҳозир вужудимни жирканч бир туйғу қамраб олган.
Сочиққа ўралиб, кийим хонасига ўтдим. Анора мени нигоҳи билан кузатиб турарди, лаблари қалтирар, кўзларида ҳали тўкилмаган ёшлар қотиб қолганди.
— Сиз... сиз ҳеч нарсани ҳис қилмадингизми? — у ҳиқиллаб юборди ва кафти билан оғзини ёпди.
Уни ранжитишни истамасдим, лекин ёлғон гапиришга ҳам кучим етмади.
— Анор, бас қил. Менинг жавобимдан сенга барибир енгил бўлмайди.
— Айтинг! — у овозини кўтарди, мен эса кўзларимни маҳкам юмдим.
— Ҳеч нарсани ҳис қилмадим, — унга ўгирилдим, — Энди кўнглинг жойига тушдими?! Ахир ўзингга баттар оғриқ бердинг-ку! Нега ўзингни бундай қийнайсан...
У қаттиқроқ йиғлаб юборди ва мен ўзимни аҳмоқдек ҳис қилдим. Уни ўзимга тортиб, озгина бўлса-да таскин бериш учун қучоқладим. Яна бир аёлнинг мен сабабли азоб чекишига, собиқ хотиним каби мендан нафратланишига йўл қўёлмасдим.
У мени қучоқламади, лекин итариб ҳам юбормади.
— Мен собиқ қайлиғимнинг ўлимидан кейин қасам ичган эдим... — унинг овози оғриққа тўла эди.
Мен билан муносабат бошлашидан олдин у унаштирилган бўлганини биларидим. Унинг қайлиғи Камрон автоҳалокатда вафот этган, Анора эса ўзига келиши учун жуда узоқ вақт керак бўлганди. Ҳатто ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлган, ўшанда мен ёнида туриб, унга тасалли берганман, ёрдам берганман. Бизнинг ҳикоямиз асли мана шундай бошланганди.
— Ҳеч кимни ёнимга йўлатмайман, ҳеч кимни севмайман деб сўз бергандим, — давом этди у, — лекин ваъдамда туролмадим.
Қўлим билан сочларини силадим, у бошини кўтариб, йиғидан қизарган кўзлари билан менга боқди. Лабларида азобли бир табассум қотиб қолди.
— Сизни севиб қолдим, лекин билардим... у мени севганидек — сиз мени севолмайсиз...
— Анор, сен мен учун жуда қадрлисан.
Мен ёлғон гапирмадим — бу ҳақиқат эди. У билан кўп нарсани англаб етдим, аммо бу туйғу севги эдими? Шубҳасиз, севги эди. Унда Нозага нисбатан нимани ҳис қиляпман? Мени шунчаки виждон азоби қийнаяптими? Ёки ўзимда бутунлай кўмиб ташламоқчи бўлган ўша туйғуларми?
Ҳозир аёлимга қараб, ўзимдан кўпроқ нафратлана бошладим.
— Бизни кечки овқатда кутишяпти.
Мен кийимларимни олиб, тезда кийиндим. Аноранинг ювиниш хонасига кириб олиб йиғлаётганини эшитардим. Ахир у бугун яна бир бор ҳақиқатнинг кўзига тик боқди. Собиқ қайлиғи у учун ҳамма нарса эди. Уни телбаларча севарди, у учун ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр эди.
Ҳозир эса Анора менинг хотиним, мени севарди, лекин мен унинг юрагини парчалаб ташлаябман.
У ҳар қандай одамга муносиб жавоб бера оладиган, ўзини хафа қилдирмайдиган қиз эди, чунки уни ҳимоя қиладиган ҳеч ким йўқ. Аммо унинг ичида икки инсон бор: бири исёнкор ва дадил қиз, иккинчиси эса синган, хаёлпараст бир аёл.
У менинг уйланган эркак эканлигимни биларди, шу сабабли мени ўзидан узоқлаштиришга урунарди. Нозага ачинар ва ҳар сафар мендан уни қўйиб юборишимни, у бошқа биров билан бахтли бўлиши кераклигини айтиб ёлворарди. Ва ўз деганига эришди ҳам — Ноза мендан кетди...
Бунда Анорани айблайманми? Йўқ.
Пастга тушдим ва оиланинг бошқа аъзолари ўтирган столга жойлашдим. Онам менга ўғринча қараб қўйди. Анора ҳам индамай ёнимдаги стулни суриб ўтирди. Ранги синиқ, кўзлари қизарганди.
— Икром, — сукунатни онамнинг овози бузди, мен унга бурилдим, у эса Анорага нафрат билан қараб турарди, — сенинг хотининг худди бошқа дунёдан келгандек.
Анора менга қаради, мен унга тинчланиши учун бош ирғадим.
— Нега у кечки овқатни тайёрлашга ёрдам бермади?! Бу қандай тарбия ўзи?! Фақат ўз хонасида ўтиришни билади...
Муштим билан столга қаттиқ урдим. Ҳамма сесканиб тушди, Анор эса оғир ютуниб, нигоҳини олиб қочди.
— Бас қилинг! — бақирдим мен, онам кўзлари катта-катта бўлиб менга қаради.
— Нимага эришмоқчисиз?! Нима хоҳлайсиз ўзи?! Доим норозисиз! — онамнинг қўлидан тутдим, у қўлини бўшатишга уринди, лекин мен уни маҳкамроқ сиқдим.
— У — менинг хотиним!
— Болам, мен ахир...
Ўрнимдан туриб Анорани ортимдан етакладим, унинг қалтираётганини ва қўрқаётганини ҳамон ҳис қилардим.
— Сиз унга ҳам Ноза каби муносабатда бўлмоқчисиз! Лекин бу сафар бунга йўл қўймайман.
Менинг ҳайқириғимдан ҳамма столдан турди ва ортимдан чиқишди. Отам ҳаяжон билан хонасининг эшигини очди.
— Нима бўляпти бу ерда?!
Онам бу сафар қандай ёлғон тўқишни ўйларди. Мен эса яраланган йиртқичдек тишларимни ғижирлатдим.
— Агар ўшанда Нозани ҳимоя қилганимда, ҳозир уйимизда бундай тартибсизлик бўлмасди!
Отам асабийлашиб қошларини чимирди.
— Тинчлан, Икром! — деди акам, лекин мен унинг гапларини қулоғимга илмадим.
Онамга қарадим ва дедим:
— Журъат қила кўрманг! — кейин ҳаммага ўгирилдим, — Анора билан бундай муомалада бўлишга журъат қила кўрманглар!
Аёлим яноқларидаги ёшни артаётганини кўрдим. Шу пайт эшик тақиллади, ҳамма жим бўлиб, диққатини ўша томонга қаратди. Қўлида қозон кўтариб Лайло кирди ва ҳаммамизни кўриб жилмайди.
— Кечангиз хайрли бўлсин, Солиевлар!
Онам бир неча қадам олдинга юриб, унинг рўпарасида турди ва нигоҳи билан норозилигини кўрсатди.
— Сенга нима керак, Лайло? — сўради у.
— Сизларга бир нарсани кўрсатишим керак! — бақирди кенжа синглим.
Отам ўзининг ваҳимали нигоҳи билан уни жим бўлишга мажбур қилди.
— Мен сизларга тўй палови олиб келдим. Шахсан сизлар учун тайёрладим.
Онам жилмайиб, унинг қўлидан қозонни олди.
— Шундай десанг бўлмайдими?
Лайло қаҳ-қаҳ уриб кулди, мен эса кўзларимни тепага қаратиб, синглимга қарадим. У ёнимга келиб, телефонидаги суратни очди. Ва мен Нозани кўрдим...
— Кимнинг тўйи?
— Умар Шахмаран уйланибди! — деб баланд овозда жавоб берди у. Мен эса ҳамон келинлик либосидаги собиқ хотинимга тикилиб турардим. Менинг хотиним эмас. Ўзганики.
— Кимга уйланибди? — сўради акам тасбеҳини ўгириб.
— Нозага. Сизларнинг собиқ келинингизга. У энди Шахмаран хоним бўлди.
Кутилмаган хабардан телефон қўлимдан тушиб кетди, ҳамма нигоҳлар суратга михланди.
Анора ҳам сесканиб тушди ва бир муддат қотиб қолди. Сўнгра ўғринча менинг реакциямни кузата бошлади.
Вақт жуда тез ўтаётганди. Илгари буни пайқамасдим, аммо уйланганимдан сўнг ҳаётимда нимадир ўзгарди. Буни эндигина англаб етдим. Оилада барқарорлик пайдо бўлди, ёнимда эса аёлим... суюкли аёлим бор эди.
Ноза билан турмуш қурганимизга уч ҳафтадан ошди. Мен унга ғамхўрлик қилишга интилардим ва у менинг ҳаракатларимни кўриб турарди. Энди у менинг олдимда сесканиб тушмас, нигоҳларимга тик боқоларди, бироқ орамизда ҳамон айтилмаган гаплар бор. Унинг сукунати баъзан мени қаттиқ қўрқитарди.
Ноза шунчаки жим қолар, хаёлидан нималар ўтаётганини билолмасдим. Аввалига бунга унча эътибор бермаган бўлсам-да, энди тушуняпманки, оилавий ҳаётда бу катта муаммо. Унинг қалбига рухсациз бостириб кирмоқчи эмасдим, майли, ўз дунёси бўлсин, лекин бутунлай ўзига қамалиб олишига ҳам йўл қўёлмасдим. Бу узоқ давом этса, ўша айтилмаган гаплар қордек тўпланиб, охири кўчки каби бостириб келиши мумкин.
Эҳтимол, Ноза менга ишонолмаётгандир, кечинмаларини айтишдан ҳайиқаётгандир, ўтмишидан қўрқаётгандир. Ҳеч ким унга озор бермаслиги учун жимликни қалқон қилиб олган. Бу унинг ҳимоя реакцияси эканини яхши тушунардим, шунинг учун ҳам уни қистамасдим. Лекин барибир менга ишонишини, кўнглини очишини хоҳлардим, шундагина унга айнан қаерда ёрдамим кераклигини аниқ билган бўлардим.
Энди биз оиламиз. Биз бир бутунмиз ва мен унинг кўнглини олишга эришаман.
Унга ўша конвертни берган кунимни эслаб, беихтиёр жилмайиб қўйдим. Аёлим ҳақиқатдан ҳам бахтли, нигоҳларида чексиз ҳайрат бор эди. У ҳатто ўзи билмаган ҳолда жилмайди — мен унинг табассумида нақадар гўзал ва самимий эканини кўрдим.
У қоғоздаги ҳар бир сатрни диққат билан ўқиб чиқди. Сўнгра менга ҳайратга тўла кўзлари билан боқди.
— Лекин қандай қилиб? — унинг овози қалтираб чиқди. Мен унга яқинлашиб, вароққа ишора қилдим.
— Ҳамма маълумотлар тўлдирилган, Ноза Шахмаран, — дедим унга қараб. У хижолатдан бошини эгди.
— Фақат мутахассисликни танлаш қолди, қайси соҳада ўқимоқчисан?
У менга иккиланиб қаради.
— Архитектор бўлишни хоҳлайман, — деди у журъацизлик билан. Мен эса ҳайрон қолдим.
— Демак, бизнинг изимиздан бораркансан-да? — деб аниқлаштирдим. У жилмайди.
— Нега энди йўқ?
— Унда қизларга етиб олишимиз керак. Улар сендан бор-йўғи бир йил олдин битиришади.
— Биз? — сўради у қайтадан.
— Ҳа, сенга ҳамма нарсада ўзим ёрдам бераман.
Унинг кўзлари ўша заҳоти қувонч ёшларига тўлди. Йиғлоқи!
Менга ҳамон ўша ҳайрат билан боқиб турди-да, кутилмаганда мени қучоқладида, бурнини бўйнимга босди. Бир лаҳза қотиб қолдим; бу ҳиссиёт шунчаки сониялик бўлиши мумкинлигини тушуниб, уни қўрқитиб юбормасликка ҳаракат қилдим.
Аммо аёлим шу дақиқада мендан қўрқмаётганини кўриб, уни маҳкам қучоқладим. Бу жуда ҳаяжонли эди, ҳар ҳолда мен учун шундай. Мен содир бўлаётган воқеанинг нақадар муҳимлигини ҳис қилдим ва бунга айнан мен сабабчи эканимдан бахтиёр эдим.
— Раҳмат сизга, — пичирлади у қучоғимда турган кўйи.
Қимирлашга қўрқардим, бироқ узоқ вақт бундай яқин бўлиш ҳам жуда хавфли. Юпқа мато ортидан унинг бадани ҳароратини ҳис қилардим — бу одамни ақлдан оздириши мумкин. Тасаввурим ҳаддан ортиқ ишлай бошлади, лекин хоҳишларимни жиловлашга уриндим.
Ўша кундан кейин Ноза мен билан деярли гаплашмади. Сабабини билмасдим, тушунолмасдим. Бу эса на ишга, на бошқа нарсага диққатимни қаратишга йўл қўймади. Охири уйга, отамнинг ҳовлисига — уни кўриш умидида йўл олдим.
— Йўқ, уни эрталабдан бери кўрмадик. Дам олаётган бўлса керак, Умар, — деб тушунтирди аммам. Мен бош ирғаб қўйдим.
Демак, у ҳеч қаерга чиқмаган. Хона эшигини очиб, атрофга кўз югуртирдим. Ичкари қоронғу эди. Чироқни ёқишим билан Нозани кўрдим. У каравотнинг мен ётадиган томонида, ғужанак бўлиб, менга орқа ўгириб ётарди. Секин унинг ёнига юрдим.
— Ноза, — деб чақирдим, лекин у жавоб бермади.
Қошларимни чимириб, юзини кўриш учун ёнига ўтирдим. Нам соч толалари юзини ёпиб турар, уларни четга олмоқчи бўлдим-у, тошдек қотиб қолдим. У оловдек ёнаётган эди!
— Ланъати! — овозимни чиқариб сўкиндим, унинг аҳволи ёмон. — Нозам, кўзларингни оч. Менга қара!
Уни бироз кўтардим, лекин у қимирламасди.
Мени ваҳима босди. Уст кийимимни ечиб, оёқларим остига отдим. Уни қўлларимга олганча, ювиниш хонаси томон кўтардим. Довдираб қолгандим, нима қилишни билмасдим. Жўмракни очиб, салқин душ остида уни ўзига келтиришга қарор қилдим.
— Ноза! — деб такрорлардим қайта-қайта, аммо у садо бермасди.
Лабларимни пешонасига босдим — у ловулларди. Кўзлари юмуқ, киприклари ҳам қилт этмасди. Нафас олиши ҳам жуда суст. Бир сония ҳам ўйламай, сувни янада совуқроқ қилдим. Танаси жимирлаб кетди, мен эса жағларимни маҳкам қисдим.
— Умар... — тўсатдан унинг заиф овозини эшитдим ва енгил тортиб жилмайдим.
— Ҳаммаси жойида. Хавотир олма.
У ҳамон кўзларини очмасди. Уни стулга ўтқазиб, ўзимнинг баданимга ёпишиб қолган ҳўл кўйлагимни ечиб ташладим. Сўнг бир ҳаракат билан унинг кўйлаги замогини очдим. У стулда жуда омонат ўтирарди; Ноза нимадир деб ғўлдиради-да, қўлимни маҳкам сиқди. Бошини бўйнимга яшириб, тез-тез нафас ола бошлади.
Унинг ҳўл сочларини силаб, қўлимни белига туширдим ва кўйлагини оёқлари остига сирғатиб туширдим. У ўзида эмасди, шекилли, ҳаракатларимга ҳеч қандай реакция билдирмади. Уни ваннага ўтқаздим, сув шу заҳоти ич кийимларини ҳўл қилди. Беихтиёр ютуниб, нигоҳимни унинг танасидан олиб қочдим ва фақат юзига қарашга ўзимни мажбур қилдим.
Ўзимни қўлда тутиш учун менга жуда катта куч керак. Рўпарамда мен севган аёл деярли яланғоч ҳолда турарди. Лекин ҳозир унинг соғлиғи ҳақида ўйлашим керак эди, лекин қаршингда бундай маъсум фаришта турганда, мияни ишлатиш нақадар қийин...
Ётган кўйи тўй суратимизга тикилардим, кўзларимга беихтиёр ёш қуйилиб келди. Икром ота-онасининг қаршисида мени ҳимоя қилди, аммо бу ҳеч нарсани ўзгартирмади. Мен ҳамон эрим учун ҳам, унинг оиласи учун ҳам, ҳамма учун бегонаман.
Эрим ўзини Нозага ошиқ деб ўйлайди, лекин ундай эмас. Уни виждон азоби қийнаяпти, бўлган воқеаларда ўзини айблайди. Агар бу ҳақиқий севги бўлганида, у шунча йиллар давомида мен билан бир тўшакда ётмаган бўларди.
Аввалига уни ўзимдан итарардим, ахир ҳаётимда фақат бир инсонга тегишли эдим. У кетиши билан менинг бир қисмим ҳам ўлганди.
Ўшанда Камрон билан унаштирилгандик, тўйимизга бор-йўғи икки ҳафта қолганди. Ўша куни у мен билан хайрлашди, худди қўйиб юборгиси келмаётгандек маҳкам қучоқлаб, ўпиб қўйди. Қанийди, ўшанда кетишига йўл қўймаганимда... Орадан бир муддат ўтиб қўнғироқ қилишди — қайлиғим автоҳалокатга учрабди.
Аччиқ кўзёшларимни ютиб, у томон югурдим, оёқларим бир-бирига чалкашиб, қоқилиб кетардим. Машинадан асар ҳам қолмаганини кўриб, тошдек қотиб қолдим: ҳамма ёқ олов ва шиша парчалари ичида эди. Бир чеккада қонга беланиб Камрон ётарди. Чорашизликдан дод солиб унинг ёнига чопдим, тиз чўкканимда оёғимга катта шиша парчаси кириб кетганини сездим — оёқларим қонга беланганди. Лекин у вақти бунинг умуман аҳамияти йўқ эди.
— Камрон! — деб қичқирдим, у эса менга азоб чекаётган нигоҳи билан боқиб, жилмайишга уринди.
— Менинг Анорам... келдингми... — пичирлади у. Мен бош ирғаб, юзидаги қонларни қўлларим билан артдим.
— Чиданг, тез ёрдам келяпти! Мени ташлаб кетманг, эшитяпсизми?! — Йиғлардим-у, оппоқ кўйлагим қирмизи рангга бўялаётганини сезмасдим ҳам.
— Йиғлама... — у қўлини секин кўтариб, юзимни силади, менинг йиғим чинқириққа айланди.
— Камрон, илтимос, чиданг! — деб ёлворардим. У эса заиф бармоқлари билан ҳамиша ёқтирганидек узун сочларимни силади. — Сен ҳали бахтли бўласан...
Йўқ дегандек бош чайқадим ва бошимни унинг кўксига қўйдим. — Йўқ, йўқ. Бўлолмайман!
У қўлимни маҳкам қисди. Эгилиб, унинг лабларидан ўпдим. Кўзёшларим юзимдан оқиб тушаётганини ҳис қилардим.
— Анора... сени севаман...
— Мен ҳам сизни севаман!
— Доимо... — у оғриқдан юзини буриштирди-да, кўзларини юмди. Лабларидан сўнгги оҳ чиқди, қўли бўшашиб, менинг қўлимни қўйиб юборди.
— Йўқ! Камрон! Камрон!!! — Уни елкаларидан тортиб, сўнгги бор маҳкам қучоқладим.
Кўзёшларим бўғзимга тиқилар, бутун танам қалтирарди. Ундан кўзимни узолмасдим.
—Биз жасадни олиб кетишимиз керак, — деган овозлар эшитилди.
Мен унга янада қаттиқроқ ёпишдим ва қадрдон исини симирдим.
— Йўқ... уни ташлаб кетмайман...
Хотиралар фақат азоб беради. Кўзёшларимни артиб, тиззаларимни қучоқлаб олдим. У мени чин дилдан севган ягона инсон эди. Менга ғамхўрлик қилар, жанжалга асло сабаб бермасди. Унинг ёнида яшардим, у кетгач эса шунчаки кун кечиряпман.
Ҳеч кимни ёнимга йўлатишни истамагандим, лекин Икром эътиборимни қозонди. Гаплари ва қўллаб-қувватлаши билан ишончимга кирди. Кейин билдимки, у бошқасига уйланган экан, лекин Ноза билан яшашни истамасди. Бечора қиз бу деворлар орасида азоб чекарди, қолганлар эса бахтли эди. Икромга Нозани қўйиб юбориши, унга азоб бермаслиги учун кўп ёлвордим. Оила аъзоларининг қийноқлари унинг ҳаётини дўзахга айлантирганди.
— Уни қўйиб юбор, майли у ҳам бошқаси билан бахтли бўлсин.
— Бўлмайди, ҳозир эмас...
Бу ҳолат то мен ҳомиладорлик ҳақида ёлғон гапириб, ўша қизни бу уйдан қутқариб олмагунимча давом этди. Менинг йўқотадиган нарсам йўқ эди, унинг эса бутун ҳаёти ҳали олдинда. Ўшанда шундай деб ўйлагандим ва ҳозир аминманки, у ҳақиқий эркакка турмушга чиқди.
Умар Шахмаран қаттиққўл одам бўлса-да, адолатли. Ўйинни ҳалол ўйнарди. Нозанинг омади келди.
Мен эса Икромни севиб қолдим, шу сабабли ҳамон шу ердаман. Кўп нарсага чидаб, ҳамма нарсага кўз юмдим. Аслида унга нисбатан бирор нарсани ҳис қилишни истамагандим. Шунча жанжаллар, унга ўз ожизлигимни кўрсатмаганман... Хўш, бунинг охири нима билан тугайди? У қачондир мени севармикин? Билмайман.
Лекин ишонч билан айта оламанки, Камронни севганимдек ҳеч кимни севолмайман. Биринчи қайлиғимга бўлган туйғуларим бўлакча эди: покиза ва маъсум. Бу туйғуларни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди.
Қисқа сочларимни йиғиб, пастга тушдим, сув ичгим келаётган эди. Йўлда қайнонамга дуч келдим, у менга нафрат билан боқди.
— Қачон ўғлимга фарзанд туғиб берасан?! — деб пишқирди у. Бу аёлнинг бетгачопарлигидан ҳайратда қолдим, Ноза унга қандай чидаган экан-а?!
— Бунинг сизга дахли йўқ, — дедим гапини шарт кесиб. Унинг қошлари тепага кўтарилди, тўсатдан тирсагимдан маҳкам сиқиб, жонимни оғритди. Беихтиёр инграб юбордим.
— Ифлос! Мен билан қандай гаплашяпсан?! Тарбиясиз! — Илондек вишиллаб қўлимни янада қаттиқроқ сиқди. Уни итариб юбордим.
— Мен кўп нарсани биламан. Агар оғзимни очсам, бу шаҳардан биринчи бўлиб сиз ҳайдоласиз! — дедим мардона туриб. Унинг қўрқиб кетганини сездим, ютуниб, қўлларини мушт қилди.
— Оғзингни юм! Бор, менга чой дамла! — деб бақирди қайнонам. Мен эса унга қараб жилмайдим.
— Керак бўлса, ўзингиз дамланг! Мен сизнинг хизматингизни қиладиган чўри эмасман! Асло мени Ноза билан адаштирманг!
Қайнонам бир зум ўйланиб қолди-да, хўрсиниб деди:
— Сен бу уйда ҳеч нарса қилмаяпсан. Одамлар бизни ғийбат қилишади. Эрта туришга ҳаракат қил, нонушта тайёрла ва...
— Мени тушунмадингизми?! — гапини қўпол ва кескин бўлдим. — Мен сизга чўри эмасман.
Хонамга қараб кетаётиб, унинг ортимдан айтган гапларини эшитиб қолдим:
— Оҳ, нақадар илон-а! Сенга ўғлимни уйлантиргунча, Нозани шу уйда қолдирсам бўлар экан. Аҳмоқман! Аҳмоқ!
— Нозани шунчаки шамоллаб қолган, деб айтма менга! — чидаб туролмай бақириб юбордим.
Оилавий шифокоримиз қарийб ярим соатдан бери уни кўздан кечирарди. У ҳеч нарса демас, аммо нигоҳи жуда жиддий. Баъзан пешонасини уқалаб қўяр, у одатда бирор нохуш хабар бўлгандагина шундай қиларди.
Айтишга сўз тополмаётгандек. Қаттиқ асабийлашаётган бўлсам-да, ўзимни қўлга олишга, шифокорни чалғитмасликка уриндим. Ноза арвоҳдай оппоқ бўлиб ётар, бу мени баттар ваҳимага соларди. Ҳозир бутун хаёлим фақат бир нарсада — хотинимнинг тезроқ оёққа туришида эди.
Шифокор чуқур нафас чиқариб, Нозадан узоқлашди. Мен дарҳол унинг очилиб қолган оёқларини ёпиб қўйдим. Хотинимнинг, менинг Нозамнинг ҳозир барча қаршисида ҳимоясиз ётиши, уни бегона эркак — ҳатто у шифокор ва менинг дўстим бўлса ҳам — кўздан кечириши менга оғир ботаётганди.
— Умар...
— Ланъат бўлсин! Ноза уйғонмаяпти, кўзларини очмаяпти! — унинг гапини ғазаб билан бўлдим.
— Иситмаси йўқми? Касалликнинг илк кунларида қандай эди? — сўради у хотиржамлик билан.
— Йўқ, биринчи куни танаси оловдек ёнаётганди, лекин иситмаси кўтарилмади. Совуқ душ қабул қилди, шундан сўнг бадани музлаб қолди. Худди ҳозиргидек.
У бош ирғади. Икки кундан бери Ноза кўзини очмай ётибди, мен эса ақлдан озаёздим. У қалтирар, бутун вужуди титрарди-ю, мен қандай ёрдам беришни билмасдим.
Мен ўзимни кучли бир арслон деб билардим, аммо ҳозир ва шу ерда ожиз бир мушукчага айланиб қолгандим. Гўё мени қафасга солиб қўйишгандек. Биринчи марта ўзим учун мутлақо янги туйғуларни кашф қилаётганимни англадим. Маълум бўлишича, бу жуда оғриқли экан. Атрофда ҳамма ҳаракатда, нималардир билан банд, сен эса ўзингга жой тополмайсан.
Яна Нозага қарадим, у ҳамон оқариб ётарди. Бир лаҳза кўзларимни юмдим.
— Умар, бу шамоллаш эмас, — Мироннинг овозига бошимни бурдим, — бу психологик бузилиш. Сизларга психолог ёрдами керак.
Буни кутмаган эдим. Ташхис гўё ўлим ҳукмидек янгради. Атрофимдаги деворлар айланиб кетаётгандек туюлди. Бу ёпишқоқ хаёллардан қутилиш учун кўзларимни тез-тез пирпиратдим. Нигоҳим бироз тиниқлашгач, текис нафас олишга ҳаракат қилдим.
— Бу нима дегани?
— Бу деганики, аёлинг ҳаётининг энг оғир кунларини бошидан ўтказган. У доимий стрессда яшаган, руҳий кечинмалар унга ёмон таъсир қилган. Инсон организми жуда нозик механизм, у ҳам синади. Ҳозир, у бироз бўшашганида, руҳияти ва тана аъзолари бунга шундай реакция билдирди. Сабр косамиз қачон тўлишини билиш бизга берилмаган.
Ҳаммасини билардим, аммо аҳвол бунчалик ёмон бўлиши мумкинлигини ўйламагандим. Ноза кўз ўнгимда шамдек сўниб борарди. Ҳаётимда биринчи марта нима қилишни ва қандай йўл тутишни билмай қолдим.
Айбдорнинг каттаси ўзимман. Асрай олмадим, нимадир эътиборимдан четда қолди, олдиндан ҳисоб-китоб қилолмадим. Энг бошиданоқ бу никоҳга қаршилик қилмай, розилик беришим керак эди. Шунда ҳозирги каби муаммолар бўлмасди.
У билан гаплашишим, кўнглидагиларини билишим керак эди. Аммо у ҳамиша қобиғига беркиниб оларди. Уни безовта қилишни истамагандим, ўзига келиб олиши керак деб ўйлагандим. Лекин, нимадир бой берилди шекилли .
— У жуда озғин, бу уни заифлаштиряпти, — шифокор қоғозга нимадирларни ёзиб, менга узатди. — Мана бу витаминларни сотиб оласан. Даволаш курсини белгиладим. Ва Умар, унинг овқатланишини назорат қил. Кўпроқ мевалар. Албатта, шўрва ва гўшт ейиши шарт. — У халатини ечиб, ўгирилди. — У вазн орттириши керак.
— Тушундим, нима керак бўлса ҳаммасини қиламан, фақат у тузалса бўлди.
Мирон менга самимий жилмайдида Нозага диққат билан тикилди, бу мени сергаклантирди. Балки у нимадир айтмаётгандир, лекин буни билолмасдим.
— Уни ёлғиз қолдирма. То тўлиқ ўзига келмагунича, доимо ёнида кимдир бўлишига ҳаракат қил.
Мирон чиқиб, эшикни ёпди. Шунчалик ҳаяжонда эдимки, ҳатто унга раҳмат айтиш ҳам хаёлимдан кўтарилибди. Сўнгги кунларнинг хира осмонида кичик бир умид нури кўринди. Мен хотинимга ўзим қарайман ва у албатта тузалади, бунга ишончим комил.
Дераза ёнига бориб, Ноза севганидек ёруғ осмонга термулдим.
— Ноза, — деб чақирдим уни, аммо жавоб ўрнига сукунат ҳукм сурди, — қуёш чиқиши билан дераза ёнига келишни канда қилмасдинг.
Каравотга, хотинимнинг ёнига бориб ётдим. Унинг муздек танаси мени қўрқитарди, уни иситгим келди. Уни кузатиб, кўзларини очишини, менга боқишини кутдим, аммо ҳеч нарса ўзгармасди.
Биринчи марта унга тўсиқларсиз термулиб ўтирардим. Унинг табиий гўзаллигидан — узун киприклари, тўла лабларидан завқландим. Ноза жуда гўзал , буни ўзи ҳам сезмасди. Акс ҳолда, бу гўзалликдан қурол сифатида фойдаланган бўларди.
Тўсатдан Ноза қалтирай бошлади ва оғриқли инқиллади. Бир муддат довдираб қолдим, сўнг уни эҳтиёткорлик билан ўзимга тортиб қучоқладим. У менга биринчи шабода эсиши биланоқ баргларини тўкадиган нозик гулдек туюларди.
— Мен шу ердаман, Ноза. Сен ёлғиз эмассан... Мен ҳамиша ёнинда бўламан...
У қўлимни заифгина қисди, бу мени жилмайишга мажбур қилди. Шу кунлар ичида биринчи марта.
— Менинг гўзалим, Нозам, — пичирлаб, устимизга адёлни ёпдим. Танасидан таралаётган совуқликни ҳис қилар эканман, уни бутун дунёдан асраш, иситиш хоҳиши янада кучайди.
Бир неча дақиқа ўтгач, у тинчланди ва менга янада қаттиқроқ ёпишди. Балки менинг ҳароратим унга куч бергандир. Чуқур нафас олдим, кўнглим енгил тортди. У ёнимда, мени ҳис қиларди ва бундан ўзини яхши сезаётган эди. Тез орада у тузалиб кетади. Мен бу кунни интиқлик билан кутардим.
Унга кўп нарсаларни айтиб бергим келарди. Қалбимни очгим бор эди. Аммо у эшитадиган ва тушунадиган ҳолга келганида, мен бирор нарса дейишга журъат қилолмайман. У ҳали жуда заиф бўлади, уни безовта қилиш мумкин эмас. Демак, ҳаммаси кейинга қолади.
Майли, ўзига келсин, энг яхши шифокорларни топаман. Керак бўлса, дунёнинг исталган шифохонасига олиб бораман. Мен доим ёнида бўламан.
Келажак ҳақида шундай ширин хаёлларга берилиб, қандай ухлаб қолганимни сезмай қолибман.
Уйқу орасида юзимга нимадир нозик нарса тегаётганини, кейин секин лабларимга, сўнг иягимга тушаётганини ҳис қилдим. Бирдан кўзларимни очдим ва хотинимни кўрдим. Ноза уйғоқ эди. У қўлини иягимдан олди ва кўзларимга тикилди.
Унинг нигоҳи толиққан ва бироз хира. Лекин энг муҳими — у кўзларини очди...
Бутун вужудим зирқираб оғрир, бошим ёрилай дегандек лўққилларди, ҳатто оғриқдан кўзларимни маҳкам юмиб олдим. Бошимни буриб, кўзимни очганимда ёнимда эримни кўрдим. У ухлаб ётар, шу билан бирга, у мени ҳам майин, ҳам ҳукмронлик билан қучоқлаб олганди. Нафасим ичимга тушиб кетди.
Иккиланибгина митти кафтимни узатдим ва унинг юзидаги ўсиб қолган майсалардек қаттиқ соқолини силадим. Бу жуда ёқимли туйғу эди, бунинг устига у ухлаб ётгани учун мен буни бемалол, очиқчасига қила олардим. Ўзимдаги бу жасоратдан ичимда нимадир остун-устун бўлиб кетди.
У секин кўзларини очди, мен эса шошиб қўлимни тортиб олдим. Умар қаддини ростлаб, менга хавотир билан тикилди. Ёки менга шундай туюлдими? Наҳотки у ўз туйғуларини шундай кўрсата олса? Ишонгим келмасди.
— Ноза... — пичирлади у хириллаган овозда ва қўлларини менинг қўлларим устига қўйди, — ўзингни қандай ҳис қиляпсан?
Жавоб бергим келмади. Ичимда ўзим ҳам тушунмаётган ғалати бир жараён кечмоқда. Ҳеч нарсага хоҳишим йўқ, ич-ичимда қандайдир бўшлиқ пайдо бўлган ва бу мени қўрқитарди. Умар менга тикилиб туриб, гўё ҳамма жавобларни кўзларимдан топиб олгандек эди.
— Ҳаммаси яхши, — деб жавоб бердим, у эса норози бўлиб нигоҳини олиб қочди.
Эрим таранг ҳолатда эди, мен эса ўзимни шунчалик йўқотиб қўйганимдан, нигоҳимни қочирган кўйи оёқларимни мармар полга туширдим. Умар ўрнидан туриб, мен эшитмайдиган даражада паст овозда нимадир деб пичирлади. Заифгина хўрсиниб, оёққа турдим ва гандираклаб кетдим. Шукур-ки мени тутиб қолишга улгурди ва ўзига тортди.
— Эҳтиёт бўл, ҳали заифсан, — деди. У бутунлай уйғонган ва безовта эди.
Унинг атири ифорини туярканман, роҳатдан бошим айланиб кетди. Мен ҳамон эримга нисбатан қандай туйғуларни ҳис қилаётганимни тушунмасдим. Аммо ундаги ҳамма нарса менга ёқарди. Менинг кўзимга у мукаммал инсон бўлиб кўринар, ваҳоланки, бундай одамлар дунёда бўлмайди дейишади.
У менга ювиниш хонасига етиб олишга ёрдам берди ва ёнимда турди. Бир қўли билан белимдан тутиб, иккинчиси билан жўмракни очди. Бурним унинг иякларига тегиб кетди, мен эса унинг юзига тикилиб қолдим. Эрим негадур жиддий ва хаёлчан эди. У ҳамма нарсани худди энг муҳим масалани ҳал қилаётгандек ўта эҳтиёткорлик билан бажарарди. Бошимни кўтариб, унинг нигоҳига дуч келдим — у шу вақтгача кўзгу орқали менга тикилиб турган экан. Кейин сочиқни ҳўллаб, бўйнимни артди. Кўзларимни юмдим, унинг бу ғамхўрлигидан йиғлаб юборгудек эдим. Менга ким бундай муносабатда бўлган? Ота-онамдан бошқа ҳеч ким. Бу шунчалик ҳаяжонли, шунчалик титроқли эди.
Отам жуда меҳрибон инсон эди, бизни севар ва асрарди. Ҳаммага нисбатан қаттиққўл бўлса-да, қизларига унинг қаҳри келмасди. Онам билан ҳам ҳавас қиларли умр кечирган. У ҳеч қачон онамга овозини кўтармаган. Ҳозир эса эримда отамни кўраётгандекман. Ҳаттоки Умарнинг қарашлари ҳам менга уни эслатарди.
У сочларимни четга суриб, танамни ўзига янада маҳкамроқ босди. Лабларидан бир нафас чиқди. Кўзларимни очдим. Эрим кўз узмай менга қараб турарди.
— Яхшими? — унинг овози бўғиқ чиқди.
Бош ирғадим, аммо жуда секин. У нимтабассум қилди ва ҳўл қўли билан юзимни силади. Бу менга шунчалик ёқимли эдики, ўша лаҳзада унинг тегинишлари ичида эриб кетишга тайёр эдим.
— Раҳмат, — деб миннатдорчилик билдирдим, у эса шунчаки бош чайқади. Умарнинг нигоҳи илиб қолди.
Хонага қайтдик ва эрим мени қолдириб, сездирмасдан чиқиб кетди. Дераза ёнига бориб, оқ пардаларни сурдим ва ойнани очдим. Юзимга тоза шабада уриларкан, нафас олишим енгиллашди.
Вужудимда тушунарсиз бир заифлик бор.
Ўзимга ўзим қандай тушунтиришни билмасдим-у, лекин туйғуларимдан қўрқардим. Менга Умар мендан воз кечадигандек ва бошқасини топадигандек туюларди. Мени эса ҳаётидан улоқтириб ташлайдигандек... Бироқ у бундай инсон эмаслиги билан ўзимга тасалли берардим. У менга нисбатан бундай пасткашлик қилмайди.
Хонадаги босим оғирлашганини ҳис қилдим. Умар ёнимда туриб, қўлларини чўнтагига солди. Мен қараётган томонга — юлдузларга боқди.
— Нимадан бунчалик қўрқасан? — бундай саволни эшитиб, сесканиб тушдим.
— Мен... мен қўрқмаяпман, — деб тутилиб қолдим, у эса истеҳзо билан кулиб қўйди.
— Мен сен ҳақингда ҳамма билганидан ҳам кўпроқ нарсани биламан.
— Сизни тушунмаяпман.
Умар менга қарамасди, бундан хурсанд эдим. Акс ҳолда, у кўзларимдан ҳамма нарсани англаб олган бўларди.
— Ғалатисан, Ноза. Ғалатисан.
У бошини мен томонга бурди ва индамади, нимадир уни тутиб турарди. У жуда хотиржам, мен эса унинг ҳаётига аста-секин ўрганиб бораётгандим. Эримнинг ўзини назорат қила олиши менга ёқарди. Нигоҳимни олиб қочиб, стол устидаги егуликларга кўзим тушди.
— Овқатланишинг керак, — унинг овози одатдагидан қатъийроқ чиқди. Умар мендан узоқлашиб, диванга ўтирди. У бармоқлари билан таралаётган хушбўй ҳиди иштаҳани очадиган мазали таомларга ишора қилди.
— Бошла, — деди у қатъият билан ва қўшимча қилди: — Бизнинг суҳбатимиз ҳали тугамади.
Унинг синчков нигоҳлари остида ўтириб, овқатланишга мажбур бўлдим, акс ҳолда эрим мени тинч қўймасди.
Ўша оқшомдан бери бир неча кун ўтди. Умар овқатланишимни қаттиқ назорат қилар, одатдагидан кўра кўпроқ уйда бўларди. Мен бирор иш билан банд бўлганимда, шунчаки жим ўтириб мени кузатиб турарди. Йўқ, мен Умардан қочмасдим, лекин у ҳам бу мавзуда қайта гап очишга уринмади.
Бугун қайнотамнинг ҳовлисидан қайтаётиб, курерни кўриб қолдим.
— Ноза Шахмаран? — сўради у. Бош ирғадим, у менга қизил атиргуллардан иборат улкан гулдастани тутқазди.
— Балки адашгандирсиз? — деб сўрадим, лекин йигит жилмайиб, бош чайқади. Гулларга ҳайрат билан боқдим.
— Кимдан эканлигини билсам бўладими?
— Умар Шахмарандан, — деб хотиржам жавоб берди-ю, мен бир оғиз ҳам сўз айта олмай қолган жойимда курер кетди.
Жилмайдим.
Ўзим ҳам сезмаган ҳолда, кўзларимда ҳалқалаган ёш билан гулдастага қарадим. Ҳаётимдаги илк гуллар ва улар эримдан.
Ортимга ўгирилиб, Умарни кўрдим. У телефонда жуда қаттиққўллик билан гаплашиб, буйруқлар берарди, аммо кўзи менда эди. Зинадан кўтарилиб, унинг кабинети эшигини очдим.
Эрим ҳамон телефонда гаплашар, лекин менга орқа ўгириб турарди. Гулдастани иш столига қўйдим-да, унинг ёнига бориб, кенг елкаларидан маҳкам қучоқладим. Умар эса бир лаҳза қотиб қолди. Сўнгра телефондаги кимгадир кейинроқ қўнғироқ қилишини айтди ва телефонни қўйди.
У менинг қучоғимда нафасини ичига ютиб турар, юрагим кўксимдан чиқиб кетгудек урарди. Қўлларим унинг кўкрагида эди. У қўлларимни ўз қўлларига олиб, эҳтиёткорлик билан айирди ва шу сониянинг ўзида мени ўзига ўгириб, қўлларини ортимда бирлаштирди. Бунда унинг юзи меники билан бир чизиқда пайдо бўлди.
Заррача уялмай унинг лабларига тикилдим. Эрим мени тўғри тушунди. Ва унинг лаблари меникини билан бирлашди. Лабларимда оловли бир ҳароратни туйдим. Унинг талабчан ўпичи менга ҳеч қандай имкон қолдирмаган эди...