April 20

Shu ondan meniki

71-боб

Касалхона эшикларини очишдан олдин атрофга яна бир бор кўз югуртирдим. Қўлларимни қорним устида юритарканман, шифокор билан бўлган суҳбатни эслаб, юзимда беихтиёр табассум пайдо бўлди.
— Таҳлиллар ҳомиладорлигингизни тасдиқлаши керак.
Аёл кўзойнагини тақиб, журналга нималардир ёзишда давом этди. Нигоҳим унинг хонасини ўргана бошлади. Деворларда ширин-шакар чақалоқларнинг, бироз каттароқ болажонларнинг суратлари осилган эди.
— Булар менинг назоратим остида дунёга келган болалар, — деди у ҳам суратларга қараб самимий жилмаяркан.
Янги ҳаётнинг дунёга келишини кузатиш нақадар мўъжиза!
Мен ҳайрат билан бош силкиб жилмайдим ва лабимни тишладим. Шифокор ўрнидан туриб, ҳужжатлар тахланган жавон томонга ўтди. Бир оз асабийлашаётган эдим, шунинг учун савол беришга журъат этдим:
— Таҳлиллар ҳақиқатан ҳам ҳомиладорлигимни тасдиқлайдими?
Аёл бу саволимга шунчаки нимтабассум билан жавоб қайтарди:
— Албатта.
— Мен... Шунчаки ҳаяжонланяпман, — деб иқрор бўлдим, гарчи у бу гапни ҳар куни эшитса-да.
— Бу сизнинг биринчи ҳомиладорлигингиз, шунинг учун бундай муносабатда бўлишингиз табиий.
Ҳаяжондан чуқур нафас олиб, тасдиқ маъносида бош силкидим.
— Кийимларингизни ечиб, ўриндиққа ётинг.
Кўйлагим ва ички кийимларимни ечарканман, нақадар асабийлашаётганимни, ҳатто уялаётганимни ҳис қилдим. Ўриндиққа ётиб, қуриб қолган лабларимни яладим. Вужудимни нотаниш туйғулар ва қўрқув чирмаб олганди. Ҳозир эшитишим мумкин бўлган гаплардан ич-ичимдан титрарканман, ҳаётимда биринчи бор бундай кучли ҳаяжонни туйдим. Айни дамда вужудимда турфа туйғулар — қувонч, қўрқув ва номаълумлик ҳисси қоришиб кетганди.
— Ҳомиладорлик тестини қилиб кўрмадингизми? — сўради шифокор.
Бошимни чайқаб "йўқ" ишорасини қилдим. Шифокорнинг бундай савол бериши ғалати туюлди, ахир улар фақат таҳлил натижаларига ишонишади-ку. Мен ҳақиқатан ҳам тест қилиб кўрмагандим. Бу хабарни эшитишим билан Иброҳимовларнинг ҳовлисини тарк этиб, тўғри шифохонага келдим.
— Бўшашинг, жуда таранг ҳолатдасиз, ҳаммаси яхши бўлади. Мен оғритмасликка ҳаракат қиламан, — шифокор менинг аҳволимни кўриб жилмайди.
Нохуш сезгилардан кўзларимни қисиб олдим, гарчи олдинда бундан-да жиддийроқ лаҳзалар кутаётганини тушунсам ҳам. Шифокор ваъдасининг устидан чиқишга уриниб, барчасини эҳтиёткорлик билан бажарди.
— Ясмина Исаева, Ноза Шахмараннинг таҳлил натижаларини олиб келдим. Шунингдек, натижаларни кўрсатилган манзилга ҳам юбордим. ХГЧ кўрсаткичи юқори. Ҳомиладорлик тасдиқланди, — парданинг ортидан жарангдор овоз эшитилди.
Мен енгил карахтлик ҳолатида ётардим, шифокор эса менга қараб яна жилмайди.
— Лайло, таҳлилларни стол устига қўй, мен кўриб чиқаман.
Ҳамшира чиқиб кетгач, шифокор яна менга нигоҳ ташлади.
— Хўш, бекорга шунча қайғурибсан. Ҳаммаси муддатига мос, меъёрида. Ҳомиладорсан. Боланинг отасини суюнтирсанг бўлади.
У қўлқопларини ечиб, четга ўтди. Қувонч ёшлари ёноқларимдан сизиб тушаркан, эшитганларимга ҳамон ишонгим келмасди. Қўлимни ҳали деярли билинмаётган қорним устига қўйдим. Гўё кўринмас булутга тегаётгандек эдим.
— Болажоним... — кўз ёшларим тинмасди. Мен ҳомиладорман... Умардан!
Ўзимни қўлга олиб, кийиндим ва шифокорнинг ёнига бордим.
— Муддат унчалик кичик эмас, — деди шифокор таҳлил натижаларига қараб, — лекин ҳеч қандай монелик кўрмаяпман. Кейинги сафар боланинг отаси билан келишингиз мумкин. УЗИ қиламиз.
— Раҳмат сизга.
Шошилинч равишда кўз ёшларимни артдим. Уст-бошимни тузатганча, хонадан чиқдим. Машинага ўтириб, иложи борича тезроқ уйга қайтиш керак.
Қадамларим ҳар доимгиданда суст. Ҳайдовчи аҳволимга ҳеч қандай изоҳ бермади, лекин сезилар-сезилмас илжайиб қўйди, балки бу менга шундай туюлгандир. Томоғимга тиқилган ҳаяжонни ютиб, ҳайдовчининг ортидаги йўловчи ўриндиғига ўтирдим.

Табассум юзимни тарк этмасди. Мен она бўламан... Менинг фарзандим бўлади, аниқроғи — бизнинг.
— Сизга қўнғироқ қилишяпти.
Ҳайдовчининг овозидан чўчиб тушиб, хаёлот оламидан чиққанча, қўлимни телефонга узатдим.
— Қизим, қаерларда юрибсан? — деб сўради Хадича амма баланд овозда.
— Касалхонада эдим, амма. Ҳозир уйга қайтяпман.
— Ноза... Бизни хушхабар билан суюнтирасанми? — унинг овози титраб чиқди.
Мен жим қолдим, Хадича амма эса умидсизланиб нафас чиқарганини эшитдим.
— Ҳечқиси йўқ, қизим. Хафа бўлма, — дея мени юпата бошлади у.
— Амма...
У яна гапимни бўлди:
— Ҳечқиси йўқ, Ноза, ҳечқиси йўқ...
— Амма, мен ҳомиладорман.
Телефондан қизларнинг қувончли ҳайқириғини, жумладан, аммамнинг ҳам овозини эшитдим. Экранга қарадим-у, уларнинг алоқани узиб қўйишганини кўрдим. Уларнинг муносабатидан жилмайдим, аммо шу лаҳзада кўнглим айниб, кўнглим ортга тортди. Дарҳол ҳайдовчига юзландим:
— Тўхтатинг, илтимос.
У менга эҳтиёткорлик билан нигоҳ ташлади, лекин эътироз билдирмай, буйруғимни бажарди. Машина эшигини очиб, кўнгил айнишини енгишга ҳаракат қилдим. Кўзларимни юмдим ва кичкинтойим ўзидан дарак бераётганини яна бир бор ҳис қилдим.
Хаёлимда Умарга ўхшаш кичкина ўғил бола гавдаланди. Негадир, айнан ўғил кўришимни ҳис қиляпман. Шахмаранлар вориси.
— Аҳволингиз ёмонми?
— Яхшиман, — дедим зўрға жилмайиб ва эшикни ёпдим.
Қўрғон қаршисида тўхтаганимизни ҳам дарров пайқамабман. Бу ерга биринчи марта келганимни эсладим. Умарни кўрганда қанчалик титраганим, унинг ўткир нигоҳларидан уялиб, лабларимни қонагунча тишлаганларим... Ундан қочардим, ҳатто уни итариб юборардим...
Бу никоҳдан нима кутишни билмасдим, аммо унга розилик берганимдан бирор марта ҳам афсусланмадим.
Секин қадамлар билан хонамга кўтарилдим, юзимда эса бахтли табассум. Эшикни очдим-у, эримни кўриб, жойимда қотиб қолдим.
Умар менга орқа ўгириб тураркан, ийманибгина бир қадам олдинга босдим ва унинг қўлида қоғоз борлигини кўрдим...
Умар менга ўгирилганида, унинг ҳайратга тўла нигоҳини кўрдим. Умарнинг кўзлари қорнимга михланганди... Ва мен биринчи марта эримнинг кўзларида у илгари ҳеч қачон ўзига рухсат бермаган ўша нарсани кўрдим.
Унинг кўзёшларини...

72-боб

Умар индамай турар, эҳтимол, нималар бўлаётганини ҳали охиригача англаб етмаганди. Мен у томонга бир неча қадам ташларканман, кўзларимда ёш халкалари пайдо бўлди.
Бу таърифлаб бўлмас бахт кўз ёшлари. Бошқа бир инсонни бахтли қила олишимни билишдан пайдо бўлган енгиллик ёшлари... Энди ҳис-туйғуларимни жиловлай олмасдим, бунга ҳожат ҳам йўқ.
Ҳозир эримни таниб бўлмас, у гўё бутунлай бошқа одамга айланганди. Умар Шахмаран хотинининг ҳомиладорлигини эшитиб, йиғлаб юбориши мумкинлигини ким ҳам ўйлабди дейсиз?
— Менга айт... — деди у овози титраб.
Мен жуда секин бош силкидим, у эса таҳлил натижаларига яна бир бор кўз югуртирди.
— Умар... Мен ҳомиладорман... Бизнинг фарзандимиз бўлади, — дедим бир нафасда. Кейинги сонияда эса аллақачон эримнинг маҳкам қучоғида эдим.
Умар мени кўтариб чархпалак қиларкан, қўлларида маҳкам қисди. Мен унга осилиб олиб, қувончдан кулардим. Эҳтимол, кулгим бу қўрғоннинг биринчи қаватигача эшитилаётган бўлса керак.
У тўхтагач, кўзларимга боқди. Юзимни кафтлари орасига олганида, унинг нигоҳида жуда кўп туйғулар қоришиб кетганини пайқадим. Энг муҳими эса... у нақадар бахтли эканини кўриб турардим.
Унинг лаблари менинг лабларимни топди. Умар мени шундай майин ўпардики... Мен унинг қўлларида эриб кетаётгандим. Бу ҳислар мени завқдан титратарди.
Нақадар бахтлиман... Ё Раббим, нақадар бахтлиман!
— Менинг Нозам... буни қанчалар узоқ кутгандим... — пичирлади у ва пешонасини пешонамга тиради. Бир муддат сукунат чўкди. Умар яна гапиришга ботинолмай тургандек эди.
— Сени ўша куни, беш йил аввал кўрганимдан бери, — деб гап бошлади эрим яна, — асло унута олмадим.
Унинг сўзларидан кўзларим катта-катта очилиб, унга ҳайрат билан тикилиб қолдим.
— Аммо сен аллақачон Икром билан унаштирилган эдинг, бу мени сендан воз кечишга мажбур қилди. Сени у билан бахтли деб ўйлагандим. Балки севиб қолгандирсан деб ҳам хаёл қилганман, лекин ҳаммаси бошқача бўлиб чиқди.
Ундан бироз узоқлашдим. Умарнинг гапларига ишонолмасдим.
— Сен мен билан никоҳда бўла туриб, менга нисбатан ҳеч нарса ҳис қилмас эдинг. Буни сезмаган деб ўйлайсанми? Йўқ, мен ҳаммасини кўриб турардим.
Оёқларимда дармон қолмади. Диванга ўтирдим, унинг иқрорларидан карахт ҳолатга тушиб, лабимни тишладим.
— Мен иккимиз учун ҳам севардим, Ноза, — у сочларимни озор беришдан қўрқиб, майин силади.
Мен эса бошимни кўтариб унга қарашга журъат қилолмасдим. Хотирамда ўша кун гавдаланди... Мен ўтириб қўшиқ ҳирқироқ айтардим, қалбимда эса қанчалар ишончсизлик бор эди. Мени Икромга турмушга чиқишга мажбурлашганди.
Ўша куни мен учун ҳамма нарсани ҳал қилиб бўлишганди.
Унаштирув бўлиб ўтди. Шундан сўнг мен унинг қайлиғи ҳисобланардим. Кунларнинг бирида опам ва унинг эрининг суҳбатини эшитиб қолдим.
— Шахмаранлар қўнғироқ қилибди, синглингнинг қўлини сўраб келишмоқчи.
Опам "оҳ" деб юборди ва оғзини кафтлари билан ёпди.
— Ноза унаштирилган-ку, Козим! Нима қилмоқчисиз?!
Мен қўлларим билан ҳўл бўлган юзимни артдим.
— Агар Шахмаранлар Нозанинг сўрашса, мен ўйлаб ўтирмай уни уларнинг қўлига топшираман ва бу Солиевларни ҳайдаб соламан! — у қўл силтади ва давом этди: — Шахмаранлар олдида Солиевлар ҳеч ким эмас, буни ўзинг ҳам биласан.
Ўзимга жой тополмай қолдим. Келгуси тақдирим бегона қўлларда бўлиб, ҳеч ким менинг фикримни сўрамасди.
Бир неча кундан сўнг дугонамнинг тўйига борадиган бўлдим. Фақат қўлимда жияним бор эди, у қўшиқ айтаётганимни диққат билан тинглаб ўтирарди.
Ўшанда кимнингдир қадалган нигоҳини ҳис қилдим. Ўша томонга ўгирилиб, бир эркакни кўрдим. У турганча мени кузатарди, лекин қоронғулик туфайли юзини кўролмадим. Кейинги дақиқада эса у бутунлай бурилиб кетди ва узоқлашди, лекин мен ҳали ҳам унинг кучли энергиясини ҳис қилиб турардим. Чуқур нафас олиб, ҳаяжондан бўйнимни силадим. Нотаниш кимсанинг синовчан нигоҳидан нафашим қайтгандек бўлди.

Эртаси куни опамнинг эри тушкун ва ғазабнок бўлиб юрди, унинг норозилиги сабабини тушунмасдим...
— Умар Шахмаран синглингга уйланишни ҳоҳламабди!
Қувонишни ҳам, йиғлашни ҳам билмасдим. Шахмаранлар оиласини яхши билардим, улар олижаноб инсонлар эди, лекин мен улар учун жуда оддий қиз эдим...
Хотиралар оғушидан чиқиб, яна эримнинг қучоғида эканимни англадим. Умар бир қўли билан қорнимни силаркан, нигоҳи менга қадалганди.
— Ваъда бераман, барча хатоларимни тузатаман, — деди у оҳиста ва яна қўлини қорнимга қўйди. — Сени севаман... сизлар мени борлиғимсизлар Ноза.
— Мен ҳам сизни севаман... — дедим пичирлаб, — ўтмишда нима бўлгани муҳим эмас. Ҳозир мен сиз биланман... ва бизнинг фарзандимиз дунёга келади, энг асосийси шу.
— Мен беҳад бахтлиман, ҳатто тасаввур ҳам қилолмайсан!
Эримни қучоқлаб жилмайдим. Унинг қўллари кўйлагимнинг ёқасига тушганида, у мени яна бир бор синчиклаб кўздан кечирди ва кутилмаганда деди:
— Ҳис қиляпман, бизнинг ўғлимиз бўлади.
Унинг гапларидан лабимни тишлаб, сирли равишда илжайиб қўйдим.
Мен ҳам бунга ишончим комил, лекин буни унга айтмадим!!!

74-боб

Ўша куни бутун оиламиз жамулжам бўлиб, менинг ҳомиладорлигимни байрам қиларди. Мен эса бундан фақат бахтиёр эдим. Энди гап-сўзлар мени заррача ташвишга солмасди. Аслида, менга асабийлашиш умуман мумкин эмас. Негаки, энди одамлар назарида мен ўша "бепушт аёл" эмасдим.
Вужудимда Умарнинг ворисини кўтариб юрибман. Бу шунчалик гўзал туйғу эдики, вақт тезроқ ўтиб, гўдагимни бағримга босишни орзиқиб кутардим...
Эрим ҳаддан ташқари ҳаяжонда, уни биринчи марта бундай ҳолатда кўришим. Унинг оила қуриш, фарзандли бўлиш ҳақида бундай катта режалари борлигини билмаган эканман. Аммо ҳозир кўриб турибман — у буни чин дилдан истаган ва ҳаётидаги муносиб паллани кутган.
Мени ҳеч нарсага мажбурламагани учун ундан миннатдор эдим. Менга танлов ҳуқуқини берди. Озодликни ва муҳаббатга бўлган ишончни қайтарди. Мен у билан гўё қайтадан яшай бошладим.
— Балки эшитгандурсиз, аммо... — Замира дудуқланиб, лабини тишлади.
— Нима бўлди?
— Икром Солиев... у бепушт экан. Ҳамма шуни гапиряпти.
Эшитган гапимдан кўзларим катта-катта очилиб кетди. Оғзимни кафтим билан ёпиб, "оҳ" деб юбордим.
— Қ... Қандай қилиб?
— Анора билан беш йилдан бери бирга яшашса-да, фарзандлари йўқ.
Бу ҳақиқат эди. Шунча йил давомида уларнинг фарзанди бўлмади. Бу мени доим ҳайрон қолдирарди, лекин мен Аноранинг ўзи хоҳламаяпти деб ўйлаганман.
Бу кутилмаган хабар бўлди. Нима бўлганда ҳам, собиқ эримга бундай қисматни раво кўрмасдим. Икром фарзанд кўролмас экан, Анора эса... бу вазиятда кимга ачинишни ҳам билмай қолдим.
— Замира, Анора нима қилди? У билан яшаяпдими?
Замира лабларини маҳкам қисиб, узун кўйлагининг этагини тузатди.
— У ҳаммасидан хабар топсада, барибир Икром билан қолишга қарор қилди.
Ҳаммасига сабаб — унинг муҳаббати. Аммо Икром бунга лойиқ эмас ва унинг севгисига муносиб жавоб қайтармасди, бу эса Анорага чидаб бўлмас азоб бериши тайин.
Маҳзунлик билан ютиниб, дум-думалоқ бўлиб қолган қорнимга назар ташладим. Охирги воқеалар мени ҳайратга солишдан тўхтамасди. Умар билан турмуш қурганимдан сўнг бутун ҳаётим остин-устун бўлиб кетди.
Ҳозир ҳомиладорлигимнинг бешинчи ойидаман. Эрим билан шифокор кўригида илк бор кичкинтойимизни кўрганимиз ва жинсини билган кунимизни эсласам, қалбим қувончга тўлади.
— Мана бизнинг полвонимиз! Ҳамма кўрсаткичлар жойида.
Умарга қарайман, у эса қора кўзларини монитордан узмайди. Унинг чеҳрасида аллақандай ўзгариш сезиларди. Мен англаб етолмаётган бир туйғу...
— О, ишонмайсиз-у, лекин мен боланинг жинсини кўриб турибман. Мана, ҳеч тортинмай ўзини кўрсатяпти.
Жилмайишдан тўхтолмай, яна эримга қарайман — у мағрур бош кўтариб, ғурур билан илжайиб қўяди.
— Ўғил экан! Табриклайман!
Мен бош силкиб, эримнинг карахт бўлиб қолганини сездим. Ўғлимизнинг юрак уришини эшитганимизда, Умар қўлимни маҳкам қисганди ўшанда.
Машинагача жимликда бордик. Умар лом-мим демас, мен эса оғирлашиб қолганим сабабли унинг ортидан секин одимлардим.
Мени бир нарса мамнун қиларди: ортиқча вазнимга, шишларга қарамай, эрим менга ҳамон эҳтирос ва оташин хоҳиш билан боқарди.
У кутилмаганда тўхтаб, менга ўгирилди. Белимдан маҳкам қучиб, лабларимдан бўса олди. Тезкор ва майин бўса... Атрофга қараб, унинг бу ҳаракатидан хижолат бўлдим.
— Ўғил! Сен менга ворис ҳадя этасан... — унинг овозида ҳайрат ва ғурур оҳанглари янгради.
Бу ўлкаларда ўғил фарзанд кўриб бериш нақадар муҳимлигини тушунардим. Аммо Умар қиз фарзанд туғилса, қайғурадиган одам эмаслигини ҳам билардим.
Хаёллардан чалғиб, Замирага қарадим. У Амир билан турмуш қурганди. Амир унга орзусидаги ўқиш имкониятини берди. У айни дамда бахтли бўлиб, кундан-кунга юзи очилиб борарди.
— Бугун жуда ювошми? — у қўлини қорнимга қўйди.
— Ҳа, лекин Умар билан ёнма-ён ётсак, дарров типирлашни бошлайди.

У кулиб, орзулар оғушида нафас чиқарди.
— Сизлар фарзанд кўришни режалаштирмаяпсизларми? — сўрадим мен. Замира бироз иккиланиб, ўйга толди.
— Ўқишни битириб, кейин демоқчи эдим, лекин... — қиз жим бўлиб қолди.
— Лекин?
— Бугун эрталаб тест қилгандим, ижобий чиқди. Мен ҳомиладорман опа! — у жилмайиб, лабларини тишлади.
— Замира, сен учун жуда хурсандман!
У кўз ёшларини артиб, менга бош силкиди.
— Бу... бу жуда ажойиб-ку! Ёнингда эринг бор, у сенга ҳамма нарсада ёрдам беради. Хавотир олма!
— Агар ҳаётимда у бўлмаганида нима қилардим? Бу саволни ўзимга берганимда қўрқиб кетаман. У ҳаётимдаги энг гўзал неъмат, опа.
Унинг овози титради. Замира телефони чалингач, ўзини ўнглаб олди.
Мен қорнимни қучоқладим ва ўғлимдан кучсиз туртки едим.
— Оҳ, мунча шўх бўлмаса! — у яна туртганида жилмайиб қўйдим. — Айта қол, отангга ўхшайсанми? Негадир шуни ҳис қиляпман.
Ўғлимнинг отасига ўхшашини жуда-жуда истардим. У каби адолатли ва ҳалол бўлишини... Энг муҳими — аёлларни ҳурмат қилишини. Аёлларга паст назар билан боқмаслигини истардим. Ваҳоланки, бу ерларда кўпчилик эркаклар шундай қилишарди.
Биз дастурхон ёзилган пастки қаватга тушаётгандик. Бирдан бир зинани босмай ўтиб кетганимни ва пастга қараб қулаётганимни ҳис қилиб, қичқириб юбордим.
Фақат Замиранинг чинқириғини эшитдим, афсуски у менга ёрдам беришга улгуролмасди...

75-боб

Мени ортга кучли зарб билан тортиб қолишаркан, мени маҳкам тутиб турган аёлнинг узун кўйлагига осилиб қолдим. Бу — эримнинг ўгай онаси Дилбар эди.
Унинг кўзларида чинакам қўрқув ҳисси қотиб қолганди. Мен зўрға ютиниб, қаддимни ростларканман, у мени бошдан-оёқ текшириб чиқди.
— Эҳтиёт бўлсангиз-чи! — деди у ҳавотирли оҳангда. — Ахир сиз бўлажак онасиз, вужудингизда бола кўтариб юрганингизни тушунишингиз керак!
Унинг сўзларида аввалги нафратдан асар ҳам йўқ эди. Дилбар хоним ҳақиқатан ҳам саросимага тушган кўринарди. Нима сабабдан у бунчалик ўзгарганини билмасдим, аммо ҳозир ундан жуда миннатдорман.
Чуқур нафас олиб, қўлимни қорнимга қўйдим.
— Раҳмат... раҳмат сизга, — овозим титраб чиқди. У бўлса лабларини маҳкам қисиб, инкор маъносида қўл силтади.
Қайнотам рафиқасига мамнуният билан қараб тураркан, ичимдан "Дилбар билан айнан қайнотам гаплашиб қўйган ва бу ўзгаришларга шу сабаб бўлган" деган фикр ўтди.
— Яхшимисиз, Ноза?
Мен фақатгина суст бош силкидим. Бироқ танам худди қамишдек титрарди. Қўлларим ҳамон қорнимда... Ўғлимнинг қимирлашини сезишга уриняпман, лекин у жимиб қолганди. Бу мени хавотирга солди.
— Бор, ўтир. Оёқда тик турма, — бу Хадича амманинг овози эди. Шу гапни эшитишим билан дарров жойимга ўтирдим, лекин кўзларим билан ҳамон қорнимни "назорат" қилардим.
Эшик томонга ўгирилган ҳамоно эримни кўрдим. Умар жуда чарчаган кўринсада, мен томонга тез қадамлар билан келарди. Ёнимга келгач, қошларини чимирди.
— Нега бунча рангинг ўчиб кетган? Бирор гап бўлдими?
— Ҳа, ўғлим, Ноза зиналардан йиқилиб тушишига бир бахя қолди, — деди аммаси паст овозда.
Умар зумда асабийлаша бошлади. У кўзларимга қарашга уринди, мен бўлса буни хоҳламасдим... Бўлган вазиятдан даҳшатга тушгандим. Ҳаттоки ўйлашнинг ўзи қўрқинчли, ҳозиргина фарзандимиздан айрилиб қолишим мумкин эди. Ҳиссиётларимни жиловлай олмай, кўзларимдан ёш сизиб чиқди ва эримнинг кастюмидан маҳкам тутиб олдим.
— Сенга зинадан ёлғиз тушиб-чиқишни тақиқлайман, тушундингми? — деди Умар мени бағрига босиб, қатъий оҳангда. Мен унга бош силкирканман, юзимдаги ёшларни артишга ҳаракат қилдим.
Унинг қўллари юмалоқ бўлиб қолган қорнимга тушди... Озор беришдан қўрқиб, жуда майинлик билан силади.
— Умар... у жимиб қолди. Бу ёмон белги эмасми? — лабимни тишладим.
Эрим шовқин билан нафас чиқарди. Сочларимни юзимдан четга суриб, қўлини яна қорнимга қўйди. Умар жим тураркан, мен тобора кўпроқ ваҳимага тушаётгандим.
Бирдан кучсизгина туртки ҳис қилдим —ҳудога шукур, ўғлимиз яхши! Юзимга дарров табассум югурди.
— Ўғлим, бизни қанчалар қўрқитиб юбординг-а...
— Қўрқитди... — деб тасдиқлади эрим ва қўлимдан тутиб, мени ўрнимдан турғизди.
У ҳеч нарса демасдан мени ётоқхонамизга етаклади. Чироқни ёқиш учун белимдан тутиб, ўзига маҳкам босаркан, кўзларимни юмиб, Умарнинг бўйнидан нафас олдим — бу ҳид бошимни айлантириб юбормоқда. Оёқларим учида туриб, лабларимни унинг лабларига босдим.
Узоқ кутишга ҳожат қолмади, эрим дарров бўсамга жавоб қайтарди. Унинг қўллари елкаларим узра сирғаларкан, дарров кўйлагим ерга тушди. Ҳомиладорлик гормонлари сабабли ақлдан озаётгандекман, Умарни бутун вужудим билан ҳис қилишни истардим.
Унинг лаблари бўйнимда кезар, мен эса завқдан эгилиб, ётоққа йиқилдим. Ҳомиладорлигим орамизда тўсиқ бўла олмасди, Умар мени ҳамон ашаддий эҳтирос билан хоҳларди. Энг муҳими, у мени севади... Унинг ҳар бир тегинишида менга бўлган чексиз муҳаббатини туяман.
— Умар... — унинг лаблари кўксимга текканида инграб юбордим. Қўлларим унинг калта сочлари орасида адашиб қолганди.
— Нақадар гўзалсан, Ноза... ақл бовар қилмас даражада...
Унинг сўзларидан жилмайиб, яна бўса олиш учун унга талпиндим. Эрим кутилмаганда ҳолатни ўзгартирди: энди мен унинг устида ўтириб, менга ёввойи нигоҳ билан боқаётган қора кўзларига термулардим. Унинг бақувват елкаларига таянарканман, лабларимдан фарёд учди.

Бироздан сўнг унинг бўғиқ наърасини эшитдим ва қичқириқ билан унинг устига йиқилганча, оғир нафас олардим. Эримнинг юрак уришини аниқ эшитиб турарканма, Умар сочларимнинг нам толалари билан ўйнашар ва қўлини қорнимга қўйганча силарди... Ичимда эса аллақандай ғалати, ёқимли туйғу. Ҳомиладорлик бизни янада яқинлаштирганди десам ҳам бўлафи.
Вужудимда ҳамон енгил завқни туярканман, Умар мени қулайроқ ётқизиб, устимга чойшаб ёпди.
— Ухла, гўзалим...
Бошимни кўтариб, яна унинг қора кўзларига боқдим.
— Сизни севаман, — унинг жавобини кутмасдан, кўзларимни юмганча, осуда уйқуга ғарқ бўлдим.


...Эшикнинг қаттиқ тақиллашидан уйғониб кетдим. Шу билан бирга телефоним ҳам титрай бошлади, ваҳима ич-этимни еяр, ичимда аллақандай ёмон бўшлиқ, нохуш сезги бор эди. Кўзларимни юмиб, бурним билан нафас олдим. Ипак ёпинчиқни устимга тортарканман, эримнинг сўкинганини эшитдим. У эшикни очишдан олдин, мен эшик ортидаги инсонга кўринмаслигимга ишонч ҳосил қилиб, эшикни кенг очди.
— Гапир.
— Жаноб, бундай кеч ташриф буюрганим учун узр... — йигит бош эгиб, гапини давом эттиришга куч тўплади. — Синглингиз Марям... у... у қочиб кетибди.
Мен қичқириб юбордим ва оғзимни кафтим билан ёпдим. Умар жимиб қолганидан англадимки, у эшитганларига ишонмаяпти.
— Нималар деяпсан?! — у йигитнинг ёқасидан бўғиб олди.
— Мен... мен бор гапни айтяпман, жаноб... — йигит дудуқланарди.
Умар соқчиларни қаергадир етаклади. Мен эса устимга илинган биринчи кўйлакни ташлаб, унинг ортидан чиқдим.
— Марям?! Марям?! — эрим синглисининг овозини эшитиш умидида бақираркан, унинг бу ҳолати мени қўрқитиб юборди. Унинг қичқириғига ҳамма ўз хонасидан чиқиб келди ва ваҳима билан Умарга қарай бошлашди. У тўппончасини олиб, хабарни келтирган йигитга ўқталди.
— Синглим қаерда?! Жавоб бер, Марям қаерда?! Сени ким ёллади?!
Жавоб кутиб ўтирмай, йигитнинг устига ташланди ва юзига кучли зарба берди.
— Ўғлим, тўхта...
Умар Хадича амманинг овозини эшитмасди.
— Умар!!
Ҳаммамиз қайнотамга ўгирилдик, унинг кўзларида ёш қалқиганча, қўлида қандайдир хатни ғижимлаб турар ва ўғлини тўхтатиш учун кўрсаткич бармоғини баланд кўтарди.
— Марям душманимиз билан қочиб кетибди, — деди у зўрға.
Эрим худди отасидан тарсаки егандек ортига тисарилиб кетди. У "йўқ" деганча бош чайқарди.
— Марям Ратмир Верховсев билан қочибди...
Умар қотиб қолганча, қўлларини мушт қилиб тугди. Унинг кўзларида чинакам умидсизлик ва нафратни кўрдим... Марям ўз акасига хиёнат қилганди.
Ўз севгилисини танлаб, оиласидан воз кечди. Бутунлайга...

76-боб

Умар

Ҳаётимда ҳамма нарса ўз изига тушаётганди. Ота бўлишимни билганимдан бери дунё қарашим бутунлай ўзгарди. Эркак кишига бахт учун нима керак? Албатта, вафодор ва содиқ аёл. Қандай кайфиятда бўлишимдан қатъи назар — ҳатто ғазаб отига минганимда ҳам мени севадиган аёл...
Ҳали ҳам ишонгим келмасди... Менинг ўғлим туғилади! Ворисим! Эрта-кечми фарзандли бўлишим кераклигини билардим, ҳатто уйланишдан олдин ҳам бу ҳақда ўйлардим. Аммо менга бу бахтни ўша нотаниш қиз — менинг Нозам ҳадя этади деб хаёлимга ҳам келтирмагандим. Бир пайтлар у ҳаётимдаги "тақиқланган мева" эди, ҳозир эса бутунлай меники. Фақат меники.
Болаларим бўлишини истардим, лекин уларни ҳимоя қила олмасликдан ёки муносиб тарбия беролмасликдан қўрқардим. Ўғлим менинг қисматимни такрорлашидан — ҳамма ерда меҳр ва эътибор қидириб юрадиган ёлғиз, ярадор инсон бўлишидан хавотирда эдим. Бироқ кун сайин бу аёлни қанчалик қаттиқ севишимга амин бўлиб боряпман.
Ноза ҳомиладорлик даврида ўзгариб борди: характери, ўзини тутиши, қомати... Қорни кичкина шарчага ўхшаб қолган. Бу ўзгаришларни кузатиш ва унга маҳлиё бўлиш менга завқ бағишларди. Кичкинтойимизнинг юрак уришини илк бор эшитган лаҳзамни ҳеч қачон унутмайман! Бу шундай ажойиб эдики... Ўша сонияда ичимда ниманидир ағдар-тўнтар қилиб юборди. Англадимки, энди ҳеч нарса аввалгидек бўлмайди. Энди биз уч кишимиз. Оиламни душманларимдан ҳимоя қилишим шарт.
Аждодларимиз ўтмишда жуда кўп хатолар қилишган. Энди эса буларнинг барини мен ҳал қилишимга тўғри келяпти. Қанчалик адолатли бўлишга уринмайин, уддасидан чиқолмасдим... Атроф жуда булғанган, энди менинг вазифам бу кирларни тозалашдан иборат эди.
— Умар, эшитишимча, Верховсев қайтиб келибди, — Валиднинг қатъий овозини эшитиб, унинг шафқациз чеҳрасига ўгирилдим.
— Биламан.
— Адоват ҳамон давом этяпти. Сенинг халқинг ва Верховсевлар ўртасидаги уруш ҳали тугагани йўқ, — деди у қимматбаҳо соатига тузатиш бериб.
— Улар журъат қилолмайди... — дедим тишларимни ғижирлатиб. У эса пичинг билан кулди.
— Қасос, Умар... шундай нарсаки, одам унинг учун ҳар қандай ишга қўл уради.
— Сен менга ақл ўргатяпсанми?! — чидай олмай овозимни кўтардим. Валид қошларини чимириб, кўрсаткич бармоғини кўтарди.
— Ҳаддидан ошма, Умар, мен сенга душман эмасман.
Шовқин билан нафас чиқариб, дераза ёнига ўтдим ва тунги шаҳарга термулдим.
— Бу амакимнинг хатоси, бунда ҳеч ким айбдор эмас.
— Балки шундайдир, — деб қўшилди Валид, — лекин амакинг ўша болани гўдаклигида етим қолдирган. Онасини эса номусидан, ҳатто ҳаётидан айирган...
Эшитганларимдан кўзларимни юмиб, тинчланиш учун бурним билан чуқур нафас олдим.
— Сингилларинг отасининг аслида қандай одам бўлганини ва қандай ўлганини билишмайди, шундайми?
Мен унга секин бош силкидим.
— Ҳаммаси ёмон якунланяпти, — дедим мен. — Улар буни билмасликлари керак, акс ҳолда кўтара олишмайди...
— Ундай бўлса, уларни ҳимоя қилиш учун қафасда сақлашингга тўғри келади.
Унинг гапларидан аччиқ кулдим. Валид эса ортиқ бир сўз демай, чиқиб кетди. Қўрғонга қайтганимда, Нозамнинг зинадан йиқилишига бир бахя қолганини билдим. Кичкина хотиним қўрқувдан йиғлаб, менга ёпишиб олганди. Сингилларимга қараб, қатъий қароримни айтмоқчи бўлдим, бироқ буни эртага қолдирдим.
Тун ярмида эшик тақилларкан, эшитган гапимдан тилим калимага келмай қолди. Бутун вужудим титрар, буни қабул қилиш жуда оғир эди.
— Марям душманимиз билан қочиб кетди.
Шу сонияда синглим менга хиёнат қилганини аниқ англадим. Менинг кичкина Марямим орқамдан пичоқ урди. Томирларимда қоним қайнаб кетаркан, тез-тез нафас олиб, Нозага ўгирилдим, у айбдордек ерга қаради.
— Йигитларни йиғ! Йўлга чиқамиз!
Ёрдамчим бош силкиб чиқиб кетди, шу маҳал аммам ўзини устимга отганча, йиғи аралаш мени тўхтатишга уринди:

— Ўғлим, уларга раҳм қил... Умар, ҳеч кимни ўлдирма! Сенга ялвораман!
Аммо мен аммамнинг фарёдларини эшитмадим. Отамнинг сўнган нигоҳларига ҳам кўз юмдим. Тўппончамни белимга қистириб, машина газини охиригача босганча йўлга қарамай, кўрсатилган манзилга учиб борардим. Кўз олдимда болалигимиз гавдаланди: Марям қувноқ, одобли ва меҳрибон қиз бўлган, у бировга озор беролмасди... у одамларни танимасди. Мен синглимга ишонардим, лекин у мени ҳеч кимга чиқарди. Бир разил кимса деб бутун оиласидан воз кечди. У йигит Марямни хор қилади.
Олдимда қора автомобил ва яна бир нечта машиналарни кўрдим. Ратмир Верховсев эшикни очиб, синглимни ичкарига ўтказаётганди. Марям эса мени кўриб қотиб қолди ва бошини эгди. Ўйлаб ўтирмай қуролимни олдим ва улар томонга юрарканман, Верховсев ҳам чаққонлик билан қуролини чиқарди.
— Мана, кўришдик ҳам, Умар, — деди Ратмир секин. Мен нигоҳимни титраб йиғлаганча, ерга қараб турган Марямга қаратдим.
— Марям! — деб чақирдим уни. — Ёнимга кел!
У бошини чайқаб, яна Ратмирга қаради.
— Бизни қўйиб юборинг, ака, илтимос. Бахтли бўлишимга рухсат беринг, ёлвораман.
Унинг бу аянчли ҳолатидан томоғимга алам тиқилди. Ратмир эса менга ғолибона илжайиб қараб турарди.
— У сени севмайди, шунчаки қасос учун фойдаланяпти. Сен у билан бахтли бўлолмайсан! Марям, тушунсангчи у бизнинг душманимиз!
Синглимнинг кўзлари ўша эркакни топди, у ҳам Марямга термулиб турарди.
— Агар ҳозир мен билан уйга қайтмасанг, бошқа бундай имконинг бўлмайди. Марям, ўзингга кел!
— У... қайтмайди... — Ратмирнинг қўпол овози эшитилди. — У меники, Умар! Буни қабул қил! Мен синглингни сендан тортиб олдим!
— Ўчир овозингни! — бақирдим ўзимни йўқотиб. — Сен ундан фойдаланяпсан! Ҳеч қанақасига уни севмайсан!
— Мен севаман... — деб гапга аралашди Марям, бироқ кўзларида ишончсизлик бор эди. — Қайтмайман, — бу сўзлари билан у мени сўнгги бор ўлдирди.
— Ундай бўлса, бу ердан тирик чиқолмайсизлар! Номусимни булғашга йўл қўймайман!
Марям олдинга бир қадам босиб, Ратмирни ўз танаси билан тўсиб олди.
— Ундай қилманг, ака. Шунчаки қўйиб юборинг... Ёлвораман.
Синглимнинг ёноқларидан ёш қуйиларди. Илгари унинг йиғлашига асло йўл қўймасдим. Ҳозир эса синглим унинг ҳаётини барбод қиладиган инсон учун йиғлаяпти.
— Оғзингни юм! Мен сенга ака эмасман, Марям!
Нафасимни қисиб, тепкини босишга уриндим, лекин бармоғим титрарди. Хотинимни ва туғиладиган фарзандимни эсладим... Қўлимни тушириб, сўнги сўзларимни айтдим.
— Энди сенинг оиланг йўқ, Марям. Шахмаранлар сенга ҳеч ким эмас! Бизнинг ҳаётимизда қорангни кўрсатишга журъат қилма, тушундингми?!
Унинг лаблари титраб кетганча, қўлимдан тутиб баттар йиғлай бошлади.
— Йўқ. Ахир сиз менинг акамсиз-ку! Мен эса сизнинг кичкина Марямингизман...
Уни ўзимдан шунчалик қўпол итариб юбордимки, у йиқилиб, ерга ўтириб қолди. Ратмир томонга ўгирилганим ҳамоно, у устимга ташланиб, зарба берди. Кутилмаган зарбадан ортга тисарилдим ва ёрилган лабимдаги қонни артдим.
— Сен ўз танловингни қилдинг, Марям, энди оиланг йўқ! Одамлар назарида сен ҳамиша душман билан қочиб кетган бузуқ аёл бўлиб қоласан!
У кўзларини юмиб, туришга ҳаракат қилди.
— Сен биз учун ўлдинг!
Унинг мовий кўзларига сўнгги бор боқиб, ўз ожизлигимни лаънатлаганча ортга ўгирилдим. Ўлдиролмадим... қўлим бормади. Аммо ўша куни мен жуда кўп нарсани йўқотдим...
Қўрғон эшикларини очганимда, ҳамма ҳамон ўтирган жойида эканини кўрдим. Киришим билан барчанинг нигоҳи менга қадалди.
— Шу кундан бошлаб, унинг исмини тилга олганингизни эшитмай! — деб бақирдим. Отамнинг маҳзун нигоҳига ва юзини қўллари билан ёпиб йиғлаётган Марияга кўзим тушди. — У бизга энди бегона! Менинг Марям исмли синглим йўқ! Агар кимдир у билан алоқага чиқишга уринса, қасам ичаман, мендан шавқат кутмасин!

Эпилог

Тўрт ойдан сўнг

Ноза

Марям оиламизни тарк этганидан бери анча вақт ўтди... Барча ундан воз кечди. Гарчи ҳамма ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутса-да, бу жуда оғир давр бўлди.
Эрим ҳам худди ҳеч нарса содир бўлмагандек яшашда, ишлашда давом этарди. Аммо мен билардим — Умар синглисидан қаттиқ кўнгли қолганди. Ҳеч ким Марямдан буни кутмаганди. У Шахмаранларнинг душмани билан қочиб кетди. Ўзга диндаги эркак билан...
Марям қочганидан кейинги илк кунларда, айтган ёлғонларим сабабли эримдан қочиб юрдим. Бироқ барибир у билан гаплашиб олишга мажбур бўлдим.
— Мендан ғазабдамисиз? — деб сўрадим секин, ундан қандай муносабат кутишни билмай.
Умар курсига суянганча, менга синовчан нигоҳ ташлади. Кўзларида чарчоқ акс этарди. Нигоҳимни ерга қаратишга мажбур бўлдим, унга тик боқиш қийин эди.
— Мен кўникишим керак, шундай эмасми? — унинг овозида гина сезилди. Ўрнимдан туриб, Умарнинг ёнига бордим. Қўлларимни елкасига қўйдим: — Умар, ундай деманг, ҳаммаси бундай бўлишини хоҳламагандим. У менга воз кечишга ваъда берганди...
Иккиланиб лабимни тишладим ва жим қолдим. Эрим кўз узмай мени кузатаркан, орага чўккан сукунат гўё абадий давом этадигандек туюлди. Чуқур нафас олиб, ундан узоқлашмоқчи бўлдим. Аҳволимни ҳисобга олиб, у менга аввалгидек қаттиқ гапира олмаслигини тушунардим. Эшик томонга йўналганимда, у кутилмаганда елкамдан тутиб, ўзига ўгирди. Ҳайратдан кўзларим катта очилди.
— Сенинг айбинг йўқ, Ноза.
Умар мени бағрига босганча, майинлик билан ўпди, қўллари билан қорнимни силади.
— У нима қилаётганини биларди. Уни ҳеч ким мажбурлагани йўқ.
Эримнинг маъюс кўзларига мунг билан термулиб, унга янада маҳкамроқ ёпишдим.
— Мени кечиринг... — Кўзларим ёшланаркан, Умар йиғлашимга тоқат қилолмай, ижагимдан тутиб бошимни кўтарди.
— Кечирдим. — Шу биргина сўздан нафас олишим енгиллашди. У лабларимдан аста ўпаркан, бу бўса барча ғам-андуҳларни олис-олисларга ҳайдаб юборди. Бутун вужудим эриб, ванил музқаймоғидек унинг қучоғида оқиб кетаётган эдим. Энг муҳими — эрим мени кечирди...
Бир неча кун ўтгач, қорнимнинг пастида кучли оғриқ ҳис қилдим. Ҳар бир нотўғри ҳаракатдан қўрқадиган бўлиб қолгандим. Аммо пешонага ёзилгани бўлди. Муддатидан аввал сувим келди. Ҳар қандай вазиятга ўзимни тайёрлаб юрган бўлсам-да, шу лаҳзада бор тайёргарлигим ҳавога учганча ваҳима бошланди.
Бақириб Умарни чақирардим, лекин у ёнимда эмасди. Кейин билсам, у сардорлар кенгашига кетган экан. Аммо хабарни эшитиши билан ҳамма нарсани ташлаб, ёнимга учиб келди. Юзимдан оқаётган ёшларни артиб, тезроқ гўдагимни бағримга босишни сўраб дуо қилардим. Мени эҳтиёткорлик билан тез ёрдам машинасига ётқизишди. Хадича амма билан Дилбар хоним эса мени тинчлантиришга уринишарди. Шифохонада Умарнинг овозини эшитдим, у ёнимга югуриб келиб, қўлимдан тутди.
— Ноза... севгилим.
Шундан кейин ҳеч нарсани эшитмадим, ҳатто эримнинг пичирлашларини ҳам. Фақат бор овозим билан бақирар ва оғриқдан йиғлардим.
— Қани, яна бир оз. Кучанинг!
Эримнинг қўлини маҳкам қисдим — ҳозир у менинг ягона таянчим эди. Сўнгги бор кучимни тўплаб, болакайнинг дунёга келишига ёрдам бердим ва ҳолсизланиб ёстиққа йиқилдим. Ўғлимизнинг жарангдор ва нақадар қадрдон йиғисини эшитиб, чарчоқ билан жилмайдим. Кўзларим юмилиб бораркан, Умарнинг овози мени ҳушимга қайтарди.
— Ноза!
Эримнинг хавотирли юзини кўрдим. У жуда жиддий эди, бу мени бироз асабийлаштирди. У қўли билан юзимни, ижагимни силади, лекин чеҳраси ҳамон жиддий тусда эди.
— Умар... ўғлимиз... У...
— У соғлом, Ноза.
Қаддимни ростламоқчи бўлдим, лекин кучим етмади. Ҳолсиз ёстиққа қайта йиқилиб, юзимни буриштирдим.
— Сизга туриш мумкин эмас, нима қиляпсиз? — кимнингдир овози эшитилди.

— Уни кўрмоқчиман, Умар! — ёлворувчи нигоҳ билан эримга боқдим.
— Хўш, азизам, ҳозир уни олиб келишади... — у қўлимни силаганча, жилмайди.
Бир неча дақиқадан сўнг оқ халатли ҳамшира кичкина тугунчани олиб кирди. Бизнинг ўғлимиз! Ҳаётимизнинг давоми! Бутун оғриқларимни унутиб, қўлларимни унга узатдим. Бахтим энди кўксимда ётарди. Бу таърифлаб бўлмас туйғу! Қувончдан кўз ёшларимни тиёлмасдим...
— Полвоним, сени қанчалар кутган эдик, — уни майин силадим.
Ўғлимнинг сочлари худди Умарникидек қоп-қора. У отасининг ўзгинаси эди. Эрим бизга яқинлашиб, қўлимнинг устига кафтини қўйди.
— Муҳаббатимиз меваси, Ноза...
Мен тасдиқ маъносида бош силкидим.
— Бу никоҳга розилик берганимда, орамизда ниманидир кўкаришини тасаввур ҳам қилолмагандим, лекин мен сизни севиб қолдим, Умар.
Эрим нигоҳини ўғлимиздан узиб, менга жилмайди.
— Мен ҳам сени севиб қолганман, Ноза. Бир пайтлар мен учун тақиқланган бўлган ўша нотаниш қизни севганман... Аммо энди сен меникисан. Ва ҳеч нарса бизни айира олмайди...
Кичкина мўъжизани эримнинг қўлларига берганимда, бу манзарадан завқланиб кулиб юбордим. Умар Шахмараннинг баҳайбат кафтларида унга жуда ўхшаш кичкина болакай ётарди.
"Бепушт" деб тамға босилган Ноза Шахмаранларга ворис туғиб берди.
Солиевлар оиласи эса ўз кирдикорлари ичида қолиб кетди. Анора ўз танловини қилганча, Икромнинг бепуштлигини била туриб, у билан қолди. У бундай ҳаётга лойиқ эмасди... бироқ ҳар ким ўз йўлини ўзи танлайди.
— Менга ўғил ҳадя этганинг учун раҳмат, Ноза. Ваъда бераман, сизларни ҳамиша асрайман! Сизлар менинг бу дунёдаги энг қимматбаҳо хазинамсизлар. Сизлар учун, энг суюкли инсонларим учун ҳамиша адолатли бўлишга сўз бераман. Менга ишон...
Эримнинг ўткир нигоҳларидан у қасамёд қилаётганини англадим. Кўзларига боқиб, ширин жилмайдим. Дунёдаги энг чиройли кўзларга...
— Умар... Ишонаман, мен сизга ҳамиша ишонганман.

Тамом!
Эътиборингиз учун раҳмат❣️