Shu ondan meniki
Аёллар учун гуллар?! Эҳтимол, бу энг муҳим эътибор белгиси бўлса керак, уларга бу ёқади. Мен ҳам ўзимга нега энди йўқ, деб савол бердим. Тўғриси, ҳаётимда биринчи марта аёл кишига гул совға қилаётганимни ўзимга тан олишим қийин кечди.
Мен ҳеч қачон романтик бўлмаганман. Бошқа эркакларнинг ўз аёллари учун нималардир сотиб олаётганини кўрсам, устидан кулардим.
Аммо ҳозир аёлимнинг реакциясини кўриб туриб, ўша эркакларни тушуна бошладим. Кулгилими? Балки, лекин ҳозир эмас. Ноза жилмайди — бу эркак киши ўз совғаси учун олиши мумкин бўлган энг олий баҳодир. Ваҳоланки, бу шунчаки гуллар эди, лекин у қандай жилмайди-я!
У қирмизи атиргуллардан сармастдек гўё. Бу гуллар севги ва эҳтирос рамзи. Уни нақадар хоҳлаётганим эса биргина яратганга аён.
Ҳамма менинг Нозага уйланганимни билади. Кўпчилик ҳайрон қолди, чунки мени яхши танишарди. Менинг бу дунёга қарашим бутунлай бошқача. Шунчаки "уйланди" деган ном учун ёки кимнингдир кўнгли учун оила қуришни истамасдим. Бу аёл кишига нисбатан адолацизлик бўларди.
Менинг ёнимда ҳар қандай бошқа қиз бахтсиз бўлиши аниқ эди. Шунинг учун бу фикрдан аллақачон воз кечгандим. Ҳар ҳолда, ўшанда шундай деб ўйлардим ва бу билан хотиржам яшардим.
Хўш, нима ўзгарди? Жуда кўп нарса. Аёлим қалбимга кириб келган бир нур парчасидек. Мен унга бундан беш йил олдин, уни илк бор кўрганимдаёқ кўнгил қўйгандим. Шунчалар нозик ва гўзал эди-ки...
Айтишганидек, ақлимни йўқотдим. Ақлдан оздим. Бу аёлни телбаларча истардим. Тушларимда унинг тим қора кўзларини кўрардим, уни қандай қучоқлашим, ўпишимни... У менга жилмайиб турганини.
У мен учун тақиқланган мевадек. Ҳозир эса Ноза менга тегишли, сўнгги нафасимга қадар у менинг аёлим бўлиб қолади. У билан бир умр яшаш учун мен ҳамма нарсадан воз кечишга тайёрман.
У мени қучоқлаганини ҳис қилдим. Қўллари кўксимга ғоят журъацизлик билан тегди. Телефонни чўнтагимга солдим-да, унинг қўлларини силаб, ортимга ўгирилдим ва уни ўзимга тортдим.
Ноза кўзларимга худди исён қилаётгандек тикилиб турарди. Кўзларимни юмдим, лекин ўзимни жиловлай олмадим. Унинг лабларига ёпишдим. Бу шунчаки мўъжиза эди! Мен буни шунчалар узоқ кутган эдимки, буларнинг бари ҳақиқатда содир бўлаётганини дарров англай олмадим.
Аввалига тилим билан лабларини секин силадим, Ноза қотиб қолди. Бир лаҳза қилган ишимдан афсусланишга улгурдим ҳам, аммо аёлим менга жавоб қайтарди ва бир қўли билан бўйнимдан тутди. Бу эса мени бутунлай ақлдан оздирди.
У менинг кўзимга шунчалар жозибали кўринардики, унга тўёлмасдим. Уни ўзимга маҳкам босиб, унга нақадар муҳтожлигимни ҳис қилдирдим. Қўлимни белида юритиб, сочларини кафтимга жамлагандим, Ноза инқиллаб юборди, унинг реакциясидан лаб четида мамнуният билан илжайдим. Менинг ҳар бир тегинишимга билдирилган бу реакция менга ёқарди. У қанчалик мендан қочмасин, барибир таслим бўлиши керак эди. Бунга ишончим комил. Ундан узилолмасдим, уни шу ерда, иш столим устидаёқ ўзимники қилишга тайёр эдим, лекин ўзимни тийдим.
Оғир нафас олиб, унинг бўйнига яқинлашдим. Ноза ютуниб қўйди, мен эса унинг тафсини симирдим. Унинг ифори мени ақлдан оздирар, ундан ғоят ширин бир тароват таралар ва шу билан бирга у мени ўзига магнитдек тортарди. Ширинликни ёқтирмаслигимни ҳисобга олсак, бу ерда ҳамма нарса аксинча кетди.
Пешонамни унинг пешонасига тирадим. Ноза кўзларини юмганча турарди, лаблари оташ бўлиб ёнар, оғзи эса бироз очиқ. Бу лаблар мени шундай чорлардики, уларнинг таъмини яна бир бор тотиб кўргим келди. Бармоқларим билан уларни силагандим, Нозанинг узун киприклари титраб кетди.
— Нақадар итоаткор... — пичирладим мен. У кўзларини очди. Бир сония менга тикилиб турди-да, нигоҳини олиб қочиб, хижолатдан бошини эгди.
— Ноза, сен жудаям гўзалсан, — унинг иягидан кўтардим. У худди гулдек қизариб кетганди, кўзларини яширишга урунарди. Унинг хижолат бўлишидан, лекин барибир мендан узоқлашмаётганидан ҳайратда эдим.
— Агар билсам, бу гулларни анча олдинроқ сотиб олган бўлардим, — Ноза ҳамон менга қарамасликка ҳаракат қилиб, жилмайди.
— Менга қара, — дедим паст овозда. У чуқур тин олди ва иккиланиб кўзларини кўтарди. Унинг кўзлари ўзгача бир нур билан порларди. — Гўзал кўзларингни ҳеч қачон мендан олиб қочма. Ҳеч қачон. Фақат менга қара. Мана шундай.
Нозанинг чеҳраси ёришиб кетди, табассуми янада кенгайди, бу мени ҳам жилмайишга мажбур қилди.
— Мен... мен шунчаки нима бўлаётганини тушунмаяпман...
— Бўлиши керак бўлган нарса содир бўляпти, — унинг гапини бўлдим мен. — Биз шошилмаймиз. Сенга берган ваъдам эсимда.
Ноза тез-тез нафас ола бошлади. Тахминимча, у никоҳ кечамиздаги суҳбатимизни эслади.
— Лекин сенга тегмаслик — мен учун энг катта жазо. Шундай деб ўйламайсанми?
Унинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди, у яна нигоҳини яширишга жой излади. Майли, бу менга ёқарди ва мени баттар эҳтиросга соларди.
— Сени хоҳлайман... — Менинг бу очиқ иқроримдан, у дув этиб қизариб кетди. Ҳозир у ортига қарамай қочиб кетса керак деб ўйлагандим. Мен унга яқинлашганимда, у довдираб қолди ва бошини кўксимга яширди.
Қучоғимда бир неча дақиқа тургач, Ноза ўзини қўлга олди ва менга қарашга журъат қилди. Унинг нигоҳи аввалгидек эмас, унда нимадир ўзгарган эди.
— Гуллар учун раҳмат... — деди у. Мен бош ирғадим, у гулларни олиб кетишга шайланди.
— Улар жуда гўзал... — деди у жуда паст овозда.
— Сендан гўзал эмас...
У тошдек қотиб қолди, сўзларимни эшитганига шубҳам йўқ. Гулларни қўлига олиб, эшик томон йўналди, бироқ чиқишдан олдин тўхтаб, менга иккиланиб қаради.
Мен унга қараб кўз қисиб қўйдим, у оғзини бироз очганча гулдастасини маҳкамроқ қучоқлади. Мен кулиб бош чайқадим.
— Сенга нима қилсам бўлади, Нозам?
Мен бу саволнинг жавобини билардим.
Уни асраш, севиш ва у муҳтож бўлган ҳамма нарсани бериш. Унга дунёдаги энг исталган аёл эканлигини кўрсатиб қўйиш...
Қўлларим титрар, оёқларимда мадор йўқ эди. Вужудимни мен учун мутлақо янги бўлган туйғулар қоплаб олган. Ўтирганча гулларга термулдим: улар нақадар маҳобатли, уларнинг гўзаллиги хонага ўзгача кўрк бериб турарди.
Бармоқларим билан лабларимни силадим — улар ҳамон ёнаётган эди. Илк ҳаяжонли ўпичимизни эсладим, юзим баттар қизариб кетди. Бу ҳаётимдаги энг гўзал онлардан бири!
Эримнинг мени ўзининг аёли сифатида кўришини, жозибадор деб ҳисоблашини билиш мен учун ҳақиқий бахт эди. Энг муҳими, мен бу сафар ўзимни олиб қочмадим, ўпичига жавоб қайтардим, унинг қучоғида — бу хавфсиз масканда хотиржам тура олдим.
Умар маҳорат билан ўпар, гўё оч қолган йиртқичдек эркаларди. Аввалига қўрқиб кетдим, лекин кейин ўзимни қўлга олдим. Унинг тегинишларидан баданим жимирлаб кетар, ўзимни бутунлай унинг ихтиёрига топширгандим. У сездими-йўқми, билмадим-у, лекин унинг нигоҳлари, қучоқлари ва тегинишларидан ақлдан озаёздим. Бу менга жуда ёқарди! У мени хоҳлаётганини очиқ айтар, лекин ўзим тайёр бўлишимни кутарди. Бу эса унга бўлган боғлиқлигимни янада кучайтирди.
Ўзимга иқрор бўлдим: қаерда бўлмай, кўзларим фақат Умарни изларди. У ёнимда бўлмаса, қандайдир ғашликни ҳис қилардим. Бу туйғулар мен учун бегона, лекин мен уларга кўникиб, ўзимни ўрганаётгандим ва бу менга завқ бағишларди.
Чуқур нафас олиб, пастга тушдим.
Умар уйда йўқ, демак, иши чиқиб кетган, шунчаки менга айтмаган деб хулоса қилдим. Қайнотамнинг ҳовлисидаги қўриқчи эшикни очди. Атроф жимжит, лекин иккинчи қаватдан қизларнинг кулгиси эшитиларди. Тез юриб ўша томонга бордим ва Замирани кўриб қолдим.
— Замира?! — дедим ҳайрат билан. У менга жилмайиб қаради.
— Оҳо, ниҳоят бизни эслаб қолибсиз-да, — деди Мария аразлагандек қилиб. Мен кулиб, унинг ёнига ўтирдим.
— Эрталаб ҳам келгандим, лекин ухлаб ётган экансизлар.
— Шунчаки эримни ёлғиз қолдиролмадим, беш дақиқа ўтириб, яна унинг ёнига чопаман деб қўя қол, — деди у кулиб.
Хижолатдан нигоҳимни олиб қочдим, улар эса жўр бўлиб қаҳ-қаҳ уришди.
— Бас қилинглар, — Замира ўрнидан туриб, ёнимдаги стулни сурди ва ўтирди. — Мен энди Солиевларникида ишламайман.
— Нега? Қандай қилиб? — У елкаларини қисди.
— Умар Шахмаран у ерда қолишимни хавфли деб ҳисоблади. Бугундан бошлаб шу ерда бўламан.
— Бундан жуда хурсандман. Ўзи анча олдин Умар билан шу ҳақида гаплашмоқчи эдим.
Замира бош ирғади, лекин бироз иккиланди.
— Солиевларнинг уйида нима гаплар, Замира? — сўради Мария.
— Ноза кетганидан кейин ҳамма нарса ўзгарди. Амина хоним янги келинни ҳам худди шундай усуллар билан қийнаяпти, лекин фарқи шундаки, Икром уни ҳимоя қиляпти. Ва ҳаммангизнинг никоҳингиздан хабар топишди...
Қизлар менинг реакциямни кутишди, лекин мен фақат жилмайиб қўйдим. Уларнинг ҳаёти мени қизиқтирмасди. Икром ўз йўлини танлади, мен эса ўзимникини. Балки унинг ўша қилмишлари бўлмаганида, мен ҳеч қачон у уйдан кетолмасдим, Умарга турмушга чиқолмасдим ва ўзимни ҳақиқий бахтли аёлдек ҳис қилолмасдим...
Куннинг қолган қисмини ошхонада ўтказдик: кечки овқат тайёрлаб, ҳамма нарса ҳақида суҳбатлашдик.
— Тўлишиб қолибсан, Ноза.
Эшик томонга қарадим, у ерда эримнинг аммаси худди ёш маликадек турарди. У нақадар кўркам аёл! Ўзига қараган ва жуда гўзал. У яқинроқ келиб, мени бошдан-оёқ кузатди. Унинг синчков нигоҳи остида кўзларимни ерга қаратдим. Бироқ бироз хижолат бўлдим.
Умар ҳар оқшом менга мевалар ва ширинликлар берарди, бу ухлашдан олдинги анъанага айлангандек гўё. Қизиғи шундаки, у ортиқча гап-сўзсиз, фақат биргина нигоҳи билан ҳамма нарсани еб тугатишга мажбур қиларди. Мен эса бу масалада унга итоаткор эдим.
Ҳозир кўзгуга қарасам, ҳақиқатан ҳам юзимга ранг кириб, ўзимга келиб қолганимни сезаман.
Хадича амма қошиқни олиб, мен пиширган овқатдан тотиб кўрди.
— Нақадар мазали! Умарга албатта ёқади!
Менинг ҳам мақсадим шу эди — эрим пиширган овқатимга баҳо бериши, мен билан боғлиқ ҳар бир нарса уни қизиқтириши. Уни нима билан хурсанд қилишни доим билишни истардим. Унинг дидини билишни, ҳар қандай вазиятга шай туришни хоҳлардим. Энди мен унинг хотиниман, эрим ҳақида ҳамма нарсани билишим ва бажаришим шарт.
Пастга тушиб, қайнотамнинг ёнига ўтирдим. Эримнинг ўгай онаси менга норози ва ўғринча қараб қўярди.
— Ноза, ўқишлар қандай кетяпти? Ёрдам керакмасми?
— Раҳмат, дада, ҳаммаси жойида. Фақат вақти-вақти билан ўқишга бориб турсам бўлди.
— Жуда яхши. Менинг қизларимга ўхшаб ўқишни ташлаб юбормасанг бўлгани.
Жилмайдим.
Умар билим олишимни қаттиқ талаб қилган. У менинг буни хоҳлашимни, лекин сўрашга журъатим етмаслигини тушунган. У менга уйланиш билан катта таваккал қилганди. Ахир у уруғ бошлиғи, ҳамма эса мени туғмас деб ўйларди.
Пастга тушаётиб эримни кўрдим. Қадамларимни секинлаштириб, унинг нигоҳини тутдим. У чарчаган кўринсада, кийимларини алмаштириб, душ қабул қилгани сезилиб турарди.
У ёнимда тўхтади, унинг ифорини туйдим. Умар индамай фақат менга тикиларди. Лекин шунинг ўзиёқ баданимга титроқ югуриши учун етарли эди.
Кутилмаганда у мени оҳиста ўзига тортиб, қучоқлаб олди. Нимадир деб менга пичирлагандек бўлди: эрим жуда толиққан, ҳолдан тойган ва менга муҳтож.
Сочларини силаб, кўзларимни юмдим.
— Ноза, сени ҳеч кимга бермайман. Сен меникисан, — деб пичирлади Умар. Бу гапидан ҳайратда қолдим. Унинг лаблари бўйнимда юрар, мен эса эриб борардим, қўлларим унинг яқинлигидан қалтирарди.
У бошини кўтарди, қора кўзлари кўзимга қадалди.
— Нарсаларингни йиғиштир, Ноза.
— Нима? — тушунолмай унга тикилдим. Умар қўлларини бўшатиб, мендан узоқлашди. Бир лаҳзада ичимга ваҳима кирди.
— Сиз... мени ташлаб кетяпсизми? — деб сўрадим паст овозда. Ўзим сезмаган ҳолда кўзларимдан ёш қуйилиб кела бошлади...
— Мен бундай деганимни эслай олмайман, — Умар қўлини менинг яноғимга олиб келиб, кўз ёшларимни эҳтиёткорлик билан артди. — Биз асал ойига кетяпмиз, Нозам.
Мен чуқур нафас олиб, бироз тинчландим. Аммо эшитганларимни тўлиқ англагач, янада довдираб қолдим. Мен унинг сўзларини хаёлимда айлантиргунимча, Умар жим туриб, менинг реакциямни кузатиб турарди.
Нигоҳим унинг қўлларига тушди.
Бармоқларининг урилган ва қизарган бўғимлари тезда диққатимни тортди. Мен эрим авлиё эмаслигини, унинг мен билмаган қоронғу томони борлигини тушунаман, лекин Шахмаран кимнидир ўлдириши мумкинлиги ҳақидаги ўй ёқимсиз эди.
Унга қараб, у қанчалик қаттиққўл бўлмасин, барибир менинг эрим эканлигини, Умар адолатли инсон эканлигини ўзимга такрорлардим. Буни биринчи кунларданоқ тушунганман. Ундан қўрқишга ҳожат йўқ.
— Бу жуда кутилмаган...
— Биз тўйдан кейин дарҳол кетишимиз керак эди, лекин баъзи ҳолатлар бизга қарши бўлди.
— Қаерга борамиз? — сўрадим мен кичкина қизалоқдек қизиқиб.
— Бизнинг ёзги уйимизга. Сенга ёқади. У ерда табиат жуда гўзал.
Мен унга қараб жилмайиб турганимда, эрим қўлимдан ушлади ва стол безатилган пастки қаватга бошлаб тушди. Ҳамма ўтирганча бизни жим кузатарди. Умар тўхтаб, мен учун стулни суриб қўйди — бундан бир лаҳза қотиб қолдим, ҳамма бизга қараб турганидан хижолат бўлганча ўтирдим.
— Оҳо, жаноб Умар ташриф буюрибдилар-ку. Ўғлим, қаерда эдинг?
Қайнотам ғалати оҳангда гапира бошлади, мен дарҳол унга қарадим. Умар отасига қаради, улар ўртасида нимадир содир бўлаётганди. Мен буни ҳали тушунолмасдим.
— Кейин, ота. Ҳаммаси кейин, — жавоб берди Умар. Қайнотам бош силкиди ва нигоҳини унинг қўлларидан олиб қочди.
Кечки овқат пайтида ҳамма нималардир ҳақида гаплашарди. Мен баъзан саволларга жавоб берардим, лекин фикрим бутунлай бошқа нарсада эди . Энди хаёлим эртанги кун билан банд. Юрагим фақат шу ҳақидаги ўйдан тезроқ ура бошлади.
Асал ойи. Умар билан ёлғиз? Мен бунга тайёр эмасдим. Эримга бўлган ҳисларимни ҳали ҳам тушунмасдим. Бу севгими? Ёки миннатдорчиликми? Ўзини тушуниб олиш жуда қийин.
Бошимни эрим томонга буриб, унинг қора кўзлари ва ўрганувчан нигоҳига дуч келдим. Умар хотиржам ва тинч кўринарди. У олдинга эгилиб, ликопчамни нон ва пишлоқ билан тўлдирди.
— Ҳаммасини охиригача е, — деди эрим паст, лекин қатъий оҳангда. Бу тўлиқ бўйсунишни англатарди.
Ўша лаҳзада бу жуда кўплигини айтмоқчи бўлдим, лекин у овқатланишда давом этди ва менга огоҳлантирувчи нигоҳ ташлади. Мен жавобан бош силкиб, эримнинг сўзларини бажаришга мажбур бўлдим.
— Амма, шўрва жуда мазали экан. Бундайини емагандим.
Хадича амма табассум билан Умарга қаради, сўнг мени кўрсатди.
— Буни мен эмас, хотининг тайёрлади.
У жилмайди ва бошқа ҳеч нарса демади. Мен ундан кўпроқ сўзлар кутгандим, лекин ҳеч нарса бўлмади. Умар жим эди, лекин бир неча дақиқадан сўнг қўлимга қўл чўзиб, уни бироз сиқиб қўйди. Фақат мен эшитадиган даражада пичирлади:
— Мени тобора кўпроқ ҳайрон қолдиряпсан, — унинг нигоҳи лабларимга тушди.
Одатимга кўра тилим билан лабимни яладим ва Умарнинг кўзларида жиловланмаган эҳтиросни кўрдим. У мени истамоқда, бу унинг вужудидаги ҳар бир ҳужайрадан ўқиларди. Биринчи марта менга эркак киши бундай хоҳиш билан қаради ва бу менинг эрим.
— Ҳаммамиз шу ерда йиғилганимиз қандай яхши, — деди қайнотам.
Унинг овозини эшитиб, нигоҳимни Умардан олиб қочдим ва хижолатимни яширишга ҳаракат қилдим.
— Ҳа, бўлмаса тутиб ҳам бўлмайди. Ё Умар ишда, ё кимдир ўқишда. Бугун эса ҳамма бирга.
Умарнинг аммаси жилмайиб, рўмолини тўғрилади.
— Оилавий бирор ёққа боришимиз керак эди ўзи.
Бизнинг асал ойимиз-чи? Агар улар ҳам биз билан боришса нима бўлади? Майли, бунинг нима ёмон жойи бор. Мен эримга қарадим, у жим ўтириб эшитар, шу билан бирга менга қараб турарди. У қўл чўзиб графинни олди. Ўша пайтда мен шундай дедим:
— Балки бизга қўшиларсизлар?
Стол атрофида бирдан жимжитлик чўкди. Умар йўталиб, кўзларини қисди.
— Қаерга йиғиляпсизлар ўзи? — сўради Мария.
— Биз... бир неча кунга қаергадир бормоқчи эдик. Нега бутун оила билан бормаслигимиз керак, шундайми, Умар?
Ҳамма Умарга қаради, лекин унинг нигоҳи менга михланганди. У бошини чайқади. Юзида табассумдан асар ҳам йўқ, бу мени хавотирга солди. Уни ғазаблантирдимми? Энг кўп қўрққаним шу эди.
— Ҳа! Мен розиман, хотинжон! — деди у жуда баланд овозда ва ҳамма жилмая бошлади.
Ундан қочиш аҳмоқлик эди, буни билардим, лекин у мен билан ҳар доим шундай бўлишини тушунишим керак. Мулойим ва тушунадиган. Мен унинг эътиборини тортишдан тўхтаб қолмайманми? Мен унга доим қизиқ бўлиб қоламанми?
Умар қўлимдан ўзига тортди, мен шокдан оғзимни очиб қолдим, ҳеч ким менинг ҳолатимни сезмади.
— Қанча қочсанг ҳам, барибир меники бўласан. Жуда оз қолди, — унинг сўзлари миямда акс-садо берди. Мен қочиб кетмаслик учун ўзимда зўрға куч топдим.
Шу гаплардан сўнг у ўрнидан туриб, отасининг ёнига борди. Қайнотам бош силкиб ўрнидан тургач, улар четга ўтишди. У ерда Умар сабр билан отасининг уришганини ва қўлларига ишора қилганини эшитди. Умар қўл силтади ва нимадир деб эшик томонга йўналди, лекин кетишдан олдин менга бош ишораси билан уйимизга киришимни буюрди.
— Хайрли тун, дада... — дедим мен. Қайнотам менга доимгидек жилмайиб қўйди, лекин менинг сўзларимдан эрим тўхтаб, менга қизиқиш билан қараганини сездим.
— Сизларга ҳам, қизим!
Зинадан юқорига кўтарилдим, Умар шошмасдан ортимдан келарди. Хона эшигини очиб, чуқур нафас олдим. Умар биринчи бўлиб душга кирди. Отаси билан гаплашганидан кейин у янада ўйчан бўлиб қолгандек.
Эҳтимол, унинг қандайдир муаммолари бордир, лекин мен унга ёрдам беролмасдим, ҳатто сўрашга ҳам ботинолмасдим. Диванга ўтириб, ўзимни қучоқлаб, чарчоқ билан керишдим, кўзларим юмилиб борар, лекин ухлаб қолмасликка ҳаракат қилдим.
Кўзларимни юмдим ва яноғимда майин тегишни ҳис қилдим, кейин эса... мени кўтариб қаергадир олиб кетишди, мен эса эримнинг иссиқ танасига қаттиқроқ ёпишарканман, унинг юраги қанчалик тез ураётганини эшитардим.
Умар мени чойшаб устига ётқизиб, юмшоқ адёл билан ўради. Эҳтимол, бу шунчаки тушдир, лекин жуда ёқимли эди. Кўзларимни очишни хоҳламасдим, лекин эримнинг сўзлари мени бунга мажбур қилди.
— Қанчалик гўзалсан... ва фақат меники...
Асал ойи. Мен аллақачон Нозанин билан ёлғиз қолишни режалаштиргандим. Тўйдан кейин дарҳол кетмоқчи эдик, лекин ишлар чиқиб қолиб, барча режалар ўзгариб кетганди. Энди эса ортга сурмасликка қарор қилдим.
Бирга бўлиш учун шунча йил кутдим, интизорлик билан қанча вақтимни йўқотдим. Ҳозир хотиним ёнимда, бундан муҳимроқ нарса йўқ. У кўп азоб чекди, ҳамма нарсадан узоқдаги бу вақт унинг қалб жароҳатларини даволаши мумкин.
У мени ташлаб кетмоқчи деб ўйлаганидан ҳайрон бўлдимми?
Йўқ. Нозанин ёлғиз қолишдан қўрқарди, жароҳатлари ҳали янги, руҳий тикланиш жараёни жуда қийин кечаётганди. Менинг хотиним жуда ҳиссиётли ва таъсирчан. Биргина ёмон сўз кифоя — у йиғлаб юборади.
Уни қўйиб юбормайман. Усиз ҳаёт — менинг даҳшатим. У мени ҳали охиригача тушуниб етмади, менга тўлиқ ишонишни ўрганмади. Уни, хотинимни, менинг Нозамни ташлаб кетгандан кўра, ўз юрагимга ўқ узишимни ҳали билмайди.
Унинг қилган ишидан шокда эдим. Бундай нарса хаёлимга ҳам келмаганди. Мен билан ёлғиз қолмаслик учун бутун оиламни йиғибди-я! Менинг қизалоғим мендан яширинмоқчи бўлди, лекин бунинг иложи йўқлигини тушунмасди.
Унинг ўзи билан, ички дунёси ва ўйлари билан курашишини кузатиш мен учун жуда қизиқ. Нозанин ўзи билан урушарди ва буни сезмаган ҳолда менга интиларди. Мендан ҳимоя, далда изларди. Эҳтиёткорлик билан, қадамма-қадам менга ишонар ва тобора ўз ҳисларини яширмай қўйганди.
Кечалари аввалгидек мендан ўгирилиб олмас, гўё орамизда ҳеч қандай тўсиқ йўқдек, менга қисилиб, ширин пишиллаб ухларди.
Душдан фақат ички кийимда чиққанимда, Нозанинг ухлаб қолганини кутмагандим. Мени кўргач, у хонадан чиқиб кетиши керак эди, одатда бу уни уялтирарди. Лекин мен доим шундай ухлаганман ва одатларимни ўзгартиришни хоҳламасдим. Нега энди? Биз эр-хотинмиз, қолаверса, унга етарлича вақт бердим, кўникиши керак.
Яқин бориб, уни қўлларимга олдим ва ўрнига ётқиздим, у эса нимадир деб ғулдиради. Нигоҳим унинг лабларига тушиб, бармоғим билан уларни силадим...
— Қанчалик гўзалсан... ва фақат меники...
Нозанин гапларимни эшитди шекилли, аста кўзларини очди. Ҳозир ҳам, қучоғимда у жуда ширин кўринарди. Унинг нигоҳи танам бўйлаб югурди, бир лаҳза довдираб, хижолат бўлди ва дарҳол кўзларини пастга туширди. Яноқлари қизариб кетди.
Ноза ўрнидан туриб, тез қадамлар билан ювиниш хонаси томон кетаркан, мен жилмайиб унинг ортидан қараб қолдим.
Қорним билан ётиб, кўзларимни юмдим. Баъзан тунда уйғониб, у ёнимда ёки йўқлигини текширардим. Биринчи кунлари буларнинг ҳаммаси туш, сароб бўлиб, уйғонсам ғойиб бўладигандек туюларди.
Душдан чиққан Ноза майин қадамлар билан чироқни ўчириб, ёнимга ётди. Унинг баданидан келаётган ширин ифорни, илоҳий нектар каби ҳидни зумда туйдим.
Менда анча пайтдан бери яқинлик бўлмаган. Истасам бўларди, лекин никоҳдаги хиёнат мен учун эмас. Тўғриси, бу аёлдан бошқа ҳеч кимни хоҳламайман ҳам. Танам фақат унга шундай реакция беради.
Қўлимни хотинимнинг белига қўйиб, уни ўзимга тортдим. У довдираб қолмади, гўё мендан шуни кутаётгандек эди. Юпқа мато остидаги майин терисини силадим, у таранглашди, лекин таслим бўлди. Унинг тинч нафас олаётганини ҳис қилдим. Унга қараб турганимда, Нозанин мен томонга ўгирилди ва оёғини оёғимнинг устига ташлади. Мен жилмайиб, уни ўрашга ҳаракат қилдим, лекин у қўлимни силтаб ташлаб, нимадир деб пичирлади.
Эрталаб яноғимда майин тегишни ҳис қилсамда, кўзларимни очмадим, Нозадан кейинги ҳаракатни кутдим. У ишончсизлик билан юзимни силади ва бошини елкамга қўйди.
— Умар, уйғонинг. Ҳали йўлга чиқишимиз керак-ку, — деди у майин овозда.
У бошини кўтариб менга қаради, мен ҳам унга боқдим ва бошдан-оёқ кузатдим. Хотиним пушти рангли енгил кўйлакда эди. Мен унга бош силкиб ўрнимдан турганимда, жилмайиб қўди. Душга йўналарканман, ҳаётимдаги ҳамма нарса ўзгарганини пайқадим. Энди ёнимда мени эрталаб уйғотадиган, ишдан кутиб оладиган ва шунчаки ёнимда бўладиган аёл бор.
Белимга сочиқ ўраб ювиниш хонасидан чиқдим ва хотинимни кўрдим. Нозанин қўлларини қовуштириб мени кутиб турарди. Унинг кўзлари танам бўйлаб кезаркан, ютиниб олди ва қаддини ростлади. Кўзларида дастлабки кунлардагидек қўрқув йўқ эди, фақат хижолатни кўрдим. У томонга юра бошладим, у эса тез-тез нафас олиб, оғзини бироз очди ва кўзлари катта-катта бўлиб кетди.
У гўзал, жуда ҳам гўзал.
Мен йиртқич ҳайвон каби секин ва ишонч билан ўлжам томон одимлашда давом этдим.
Ноза сафарга тайёр. Мамнун кўринарди...
— Умар, нима қиляпсиз..., — унинг овози титраб кетди. Ҳўл танамга қараб, "йўқ" дегандек бош чайқади.
— Кечаги қилмишинг, Нозанин. Шундайлигича қолади деб ўйламаганмидинг?
— Лекин... мен...
У қотиб қолиб, нима деб жавоб беришни ўйлагунча, мен унга жуда яқин келдимда, қўлимни унинг сонига қўйдим...
Эримнинг бақувват танасидан кўз узолмай қолдим — бу ҳайратланарли манзара эди. У менга эҳтирос билан тикилиб турар, кўзларида ҳайвоний бир куч билан уйғунлашган шиддатли хоҳиш сезиларди.
Умар қўлини сонимга қўйиб, бироз сиқди. Мен кутилмаган ҳаяжондан қўлларимни унинг ҳўл кўкрагига босдим, у менинг тегинишимдан кўзларини юмиб, бурни билан яноғимни силади.
Унинг лаблари лабларимга яқинлашаркан, мен ҳам кўзларимни юмиб, унга яқинроқ бўлиш учун бир қадам ташладим. Енгил ҳаракат ва унинг лаблари лабларимга тегди. Шу лаҳзада эшик тақиллаганидан чўчиб тушдим ва Умардан ўзимни четга тортдим.
— Ҳалиям шу ердамисизлар? Биз кутяпмиз-ку!
Умар юзи синглисининг овозидан буришиб кетди ва паст овозда сўкинди. — Ҳозир тушамиз!
Умар кийим алмаштириш хонасига йўналгач, мен лабларимни бармоғим билан силаб, жилмайиб қўйдим. Бўса охирига етмагани одамни янада ҳаяжонга соларкан.
Зинадан пастга тушганимизда, меҳмонхонада тўполон эди. Умар ёнимда тўхтади ва Марияга ғазабнок қаради, ҳеч нарсадан ҳабари йўқ Мария эса унга шунчаки жилмайиб қўйиб, машинага ўтирди.
Эримга қарадим, у ўзи учун одатий бўлмаган енгил кийимда эди: оқ футболка ва қора шим. У қуёшдан ҳимояловчи кўзойнагини ечиб, менга ёнидаги ўриндиққа ўтиришимни ишора қилди.
Йўл давомида жим кетдик. Умар индамай машина ҳайдар, баъзан мен томонга қараб қўярди. Мен унинг эътиборини жуда хоҳлардим, лекин эрим биринчи қадамни ўзим ташлашимни кутмоқда.
У шунчаки кутарди...
Ойнани очиб, юзимни қуёш нурларига тутдим. Қуёш теримни майин силаркан, роҳатдан кўзларимни юмдим. Енгил шамол сочларимни юзимдан тўзитди. Кўзларимни очганимда Умарнинг нигоҳига дуч келдим. Нигоҳларимиз тўқнашган, кўзларини қисиб, мендан нигоҳини олиб қочди.
—Ҳали узоқ юрамизми? — сўрадим.
— Етиб келдик, — қисқа жавоб берди у.
Мен бош силкиб, ташқарига қарадим. Биз катта тошли уй олдида тўхтадик. Кўрганларимдан ҳайратда оғзим очилиб қолди. Табиат ўз сеҳрини кўрсатган эди. Худди эртакдагидек гўзал! Атроф тўла гуллар, улкан боғ ва узоқроқда кичик кўл кўриниб турарди.
— Сенга ёқдими? — сўради Умар.
Унинг овозидан чўчиб тушганча, унга қарадим. Кейин фақатгина жилмайиб бош силкидим, холос — ҳайратдан тилим айланмай қолганди. Эрим қўлимдан тутиб, эшикни очди. Машина товушини эшитиб ортимга қарадим: қайнотамлар биздан бироз кейин етиб келишганди.
Умар билан нафақат яхши, балки қизиқарли ҳам. У ўзининг ғамхўрлиги ва эътибори билан мени ҳайрон қолдиришдан тўхтамасди. Ҳар бир аёл ўз эркагида кўришни хоҳлаган нарсани у менга бера оларди.
Эрим хонамиздаги пардаларни кенг очиб юборди. Мен ҳам унинг ёнига бордим. Деразадан боғга қараса бўларди, у ерда улкан палма дарахтлари бор эди.
— Сеҳрли манзара экан... — деб пичирладим.
Умарнинг қўллари елкамга тушди ва табиат гўзаллигидан ва бир-биримизнинг борлигимиздан завқланиб, жим турдик. Тўсатдан қандайдир овоз — пишиллаш ва от овози эшитилди. Ҳайрат билан эримга ўгирилдим.
— Бу отми?
Умар жилмайиб, мени қаергадир бошлади. Боғдан ўтиб, ниҳоят тўхтадик. Бошимни кўтариб, юзимда табассум билан қотиб қолдим. Умар қора отнинг ёнига бориб, жиловини ушлашига, от пишиллади, мен қўрқиб бироз орқага чекиндим.
— Нега бунча норозисан? — деб сўради эрим отдан, от эса жим эди.
— Кел бу ерга, қўрқма, — деди Умар.
Мен эҳтиёткорлик билан ёнига бордим, лекин масофа сақладим.
— У ғазабланганга ўхшаяпти... — дедим секин.
Умар бошини чайқаб, отнинг кўзларига қаради ва юмшоқ оҳангда гапирди.
— У ғазабда эмас, Нозанин. Сен шунчаки ундан қўрқяпсан, шу билан хато қиляпсан.
Ҳайратдан оғзим очилиб қолди, лекин Умар жуда жиддий эди.
— Қандай қилиб қўрқмаслик мумкин? — сўрадим.
У эса елка қисиб жилмайди.
— Ҳаммаси жуда оддий, Ноза, — у кўзларимга қаради. — Қўрқишни тўхтатиб, ҳаракат қилишни бошлаш керак.
У нима демоқчи эканлигини тушундим ва бош силкидим. Ўзимни қўлга олиб, яқинроқ бордим ва ишонч билан қўлимни унинг қўли устига қўйиб, отнинг пешонасини силадим. От бир зум қаттиқроқ пишиллади, мен эса қўрқиб эримга қарадим.
Лекин у давом этишимни ишора қилди. От тинчланмагунча у айтганидек қилавердим.
— Кўряпсанми? — пичирлади эрим қулоғимга. — Сен Пуляни тинчлантирдинг.
— Пуля? — қайта сўрадим. Эрим бош силкиди.
— Ҳа, у жуда тезкор.
Мен қора тулпорга ҳавас билан боқдим. Шубҳасиз, у ўз эгаси каби шиддатли ва тезкор эди.
— От минишни биласанми?
— Ҳа, лекин...
Умар гапимни тугатишга қўймай, бир қарияни ёнига чақирди ва унга пичирлаб нимадир деди. Тез орада Пулянинг қаршисида турардим ва титраётган бармоқларим билан жиловни ушлашга ҳаракат қилардим. Умар белимдан ушлаб, ўзига қаттиқ босди.
— Умар, мен фикримдан қайтдим, — дедим ҳаяжон билан. Лекин ортимдан унинг бўғиқ кулгисини эшитдим.
— Наҳотки менинг хотиним шунчалик қўрқоқ бўлса?
— Мен жиддий айтяпман, — дедим аразлаган оҳангда.
Эрим чуқур нафас олиб, бир овоз чиқарди, шундан сўнг от секин юра бошлади.
— Нозанин, биламан, отангнинг отхонаси бўлган ва сен ажойиб от минардинг. Ҳозир нима бўлди? — у мен ҳақимда ҳамма нарсани билариан. Ҳайрон қолдим.
— Лекин у пайтда дадам ёнимда эдилар, йиқилсам тутиб қолардилар.
— Мен ҳам ёниндаман. Йиқилишингга йўл қўймайман. Менга ишон.
Эримга қарашга ҳаракат қилдим. У ҳозир жуда жиддий кўринарди. Мен унга заифгина жилмайиб, қўлига қўлимни теккиздим.
Бир неча дақиқадан сўнг сочларим иссиқ шамолда ҳилпираётганини ҳис қилдим. Умар мени маҳкам тутиб турар, унинг лаблари яноғимга тегиб ўтарди.
Кўзларимни юмдим ва болалигимни эсладим. Ўша туйғулар ва ҳислар мени қамраб олди. Ўшанда отам ғамхўрлик қилган бўлса, энди эрим...
Умарнинг соқоли бўйнимга ботганида кулиб юбордим. От тезлашиб борарди, у ҳақиқатан ҳам ўз номига муносиб эканини тушундим.
Бошимни эримнинг елкасига қўйиб, бутунлай бўшашдим. Умар эса жиловни тортиб, отни тўхтатаркан, мен унга янада қаттиқроқ ёпишдим. Ҳис-туйғуларим тошиб чиқди, кўзларимдан беихтиёр ёш оқди. Бу инсон мени бахтли қилаётганди.
Мен эримга кўнгил қўя бошлагандим... Ўзим ҳам сезмаган ҳолда Умарни севиб қолгандим.