Пост 17.11.2026
Куз вақтлари эди, хали мактабга бормаган 5-6 ёшлардаги боламан. Ойим ишдан бўшаган, опаларим контрактда ўқийди, ягона боқувчи дадам. Ахвол оғирроқ пайтлар эди. Опам товуқлардан биттасини тутиб қўшнига олиб чиқ сўйиб берсин деди. Тутдим, олиб чиқдим.
Қўшнимиз ўша куни ичиб келган, оёқда зўрға турарди. Авваллариям ичиб келганда уйида жанжал қилганларини эслаб қўрқувданми, уялибми билмайман қайтариб олиб чиқиб кетолмадим. Сўйиб берса ўзимиз тозалаб оламиз дедим...
Ака гандираклаб юриб келиб товуқни қўлимдан олиб, бошини болтада чопдида ерга ташлади. Хали бирор жонлиқ сўйилганда устида туриш тугул умримда қон кўрмаган 5 ёшли бола, атрофида бошсиз товуқ бўйнидан қон сачратиб югуряпти. Бирпас қотиб туриб, орқасидан қувлаб кетдим. То қони тугаб, жони тўлиқ чиққунча анча югуртирди.
Ойимга чиқиб айтсам "бебисмиллах сўйилган, емаймиз, қайтариб олиб чиқиб бер, итига бериб юборади" дедилар. Овқат қилишга нарсалар деярли қолмаган, озгина картошка ёнига ўйлаб-ўйлаб шу тирик товуқни топгандилар. Анча хафа бўлдилар, гапирмоқчи бўлдилару индамай ошхонага кириб кетдилар, лекин юз ифодасидан хамма гап аниқ ўқиларди.
Қўшнимга олиб чиқиб бердим, итларига беришди. Икки кун ўтиб ит ўша қўшнимни тўртта қўйини бўғизлабди. Хеч кимга тегиш тугул, бирор марта акиллагани эшитилмаган, тинч ётаверадиган ит катта қўчқорларни ғачиб ўлдирганини эшитиб негадир ўша кунида ойимни юзларида кўринган ғамгин норозилик, иложсизлик хисси кўз олдимда айланаверди...