Биринчи маош
Биринчи маошингизни эслайсизми? Мен эслайман. Эслагандачи хам алам, хам табассум билан эслайман.
Бу мени ўнинчи ё ўн биринчи бахорим эди. Кунлар анча исий бошлаган, мактабдан келиб чала ярим нимадир кавшаган бўлдиму молларга ем бергани чиқдим. Учинчи кунки ташқарига олиб чиқмай қўйганман. Эртага бозорга олиб чиқамиз ва ўз қўлларимда туғилган бузоқчам билан хайрлашаман. Худди йиллар давомида боқишни қойиллатиб қўйгандек охирги икки кунда ётиб еяверса семириб қолади деб ўйлайман.
Отамни ваъдаси бор. Шу бузоғимиз туғилганда мактабга энди чиққандим. Ўзинг боқасан, сотсак велосипед обераман деган. Ишлари кўплиги, болалар, уй рўзғор омухта бўлиб бирор гапни эсда сақлаши қийин. Тағинда қандай шунчалик хаммасини ўйлаб юради хайронман. Лекин болалар унутмайди, кўнгли учун айтиб қўйган гапингиз хам тошга ўйиб ёзилади.
Дала этагидаги ўтин шохлардан, қамишлардан қурган "оқсарой"имда чўзилиб озгина мизғиб турдиму уйга қайтдим. Кетаётганимда онам сабзи арчаётган эди, эртароқ боравериш керак. Қайтганимда кеч тушган, ошхонадан ёқимли хидлар чиқяпти. Ховлида сўрига жой солдим, стол тузашни бошладим. Дадам ишдан, акам коллеждан қайтиб, кечки овқатга ўтирдик. Шу кунларда жуда хурсандман, эртага молбозорда бузоғимни сотамизу лағмонни еб кейин велосипед олгани борамиз. Акамни уралецини оёқ ўтказиб хайдайвериб ўрганиб кетганман. Ўзимга мосини олсам қандай ўчишни хаёл қилиб тиржайиб ётаман.
- Сахар 4га машина айтиб қўйдим, эртароқ уйғотиб қўй ухлаб қолмай - Дадам ойимга қараб.
- Ўзи бошқа куни мактабга зўрға уйғонасан, тепангда туришга тоқатим йўқ.
- Ўзим тураман, уйғонмасам кетаверасиз, илтимоос.
Индамай бош ирғидида хонасига кириб кетди. Мен хам хонамга кийимларимни тайёрлаб қўйгани югурдим. Эрталабгача ухламай минг хил хаёлларда ётдим. Гох қўлимни қаттиқ силкиб махалламиз узра учаману, гох анхоримиз сувини ичиб тугатаман. Қўшни қизларни нечадир марта ўлимдан қутқариб дунёни сақлаб соат 4 бўлишини кутаман.
Тиқ этган товушдан сакраб туриб олдиларига тушиб бозорга кетдим. Хали кун ёйилмай сотиб пул ва арқонни олиб қўйлиқ бозоргача пиёда чиқдик. Дамасга чиқиб Янгиободга йўл олдик. Эски тускилар қатори охирига йўл четига ўчоқ қозон қўйиб овқат сотиб турганлар, бошига тоғора қўйиб хонииим деб бақириб юрган семиз холаларни кўриб ошқозонни ит тирнайди. Лекин жимман, дадам қаерга юрсалар ортларидан пилдираб юраман. Велосипед олдиргунча ўзимни инсоният тарихидаги энг одобли инсон сифатида кўрсатишим шарт эди.
Янгича, "российский" велосипедни севиб қолдим. 20 велосипед, ярми қизил, ярми кўк бўялган. Бунақаси билан махаллада битта бўламан. Анчагина қиммат пулга сотиб олиб уйга қайтдик. Бу мен учун ўзим ишлаб топган биринчи нарсам эди.
Орадан бир хафталар вақт ўтди. Бузоғимни онасини далага олиб чиқдим. Дарахтга боғлаб қайтаётсам узоқдан уйимиздан кимдир чиқаётганини шарпаси кўринди. Мени узоқдан кўрдию велосипедга ўтириб тез хайдаб кетди. Орқасидан бурилишгача бақириб югуриб қолдим. Аксига олиб узоқлиги учун кимлигини хам таний олмаганман.
Акам ўқишдан келишига унга бўлган ишларни айтиб бердим. Дадам ё ойимга айтолмадим, жон ширинлик қилди. Акамдан яхшигина сўкиш эшитганимдан кейин ўзини уралига ўтириб қаёргадир кетди. Кечга дадам, ойим, акам уччовлари ўтириб нимадирларни гаплашишди. Секин эшик олдига бориб гап пойлашни бошладим. Узуқ юлуқ сўзлардан бошқа тайин гап илолмай асабда туришдан нарига ўтолмадим. Эртасига ойимдан, акамдан сўрадим. Хамма мум тишлаган, хеч кимга индамай тур, топилиб қолар" га ўтиб олишди...
Эртасига дадам ишдан қайтишда ўйинчоқ машина кўтариб келди. Кечги овқатдан кейин ёнига олиб гап бошлади: - Хаёт шунақада болам, кўп ўйлама. Аммангдан сўрагандим, Собир акангни велигини бераман деди. Йўқолган великни бошқа эслама. Олган бола билан гаплашдим, вазияти оғир. Бировни айбини яширсанг, сени айбингни Аллох яширади, болам. Ундан қимматроқ савобини олдинг.
Ойлар ўтди. Ким олганини хам, отаси яқинда қамоқдан тобутда қайтган , онаси ёлғиз ўзи тўрт болани ўстираяпти. Яна шу нобоп ўғилни бошларига тушаётган ишларни хам хаммасини билиб борардим. Йиллар давомида орзу қилиб эришган биринчи шахсий буюмим эди, лекин хақиқатда буюм эди. Бир бўлак темир. Ўғрилаган бола билан мактабда, махаллада кўп учрашиб қолардик, мендан кўзини олиб қочарди. Худди хеч нарса билмагандек бориб аввалгидан хам қуюқроқ сўрашишга харакат қилардим. Доим икки юзи қизариб хайрлашарди. Халигача ўзига хам, бошқа бировга хам уни айтмадим, айтмайман хам...