Yesterday

54 йил

Институтда ишлаб юрган пайтларим. Бир кун бошлиқ чақириб, янги объект топширди. Унча эътибор бермадим, бошқаларидек одатий иш, кўп қаватли домлар қуриларкан. Эски уйларни хисоблаб, бузиш харажатларини чиқариш керак. У жойларни биламан, бувимни уйларидан икки махалла нарида. Пастгина қурилган уйлар, юрилавериб тошдек бўлиб кетган тупроқ йўлни икки четига чинорлар экилган.

Ишдан қайтишда ўша томонларга бориб озроқ айлангим келди. Объект манзили ёзилган қоғозчани картадан қидириб аниқ жойига чиқдим. Бузилиш бошланмаган, хали доимгидек хаёт давом этаётган бир тинч махалла. Бузиладиган жой эски гузар биноси ва ёнидаги икки учта ховли устига тушарди. Совет давридан бери фойдаланилмай қўйган, эски нураб кетган бино бурчагида бир хонани чироғи хира ёниқ, ичкаридан эски тикув машинаси овози эшитилиб турарди. Қизиқиб яқинлашдим, эшик олдига борганимда машина овози тинди, ичкаридан ўрта ёшлардаги амаки кўйлак кўтариб чиқди. Остонада туриб қуюқ хайрлашди.

- Келинг болам... - менга. Остонага хайрлашиб чиққан хола менга гапираётганди. Саломлашдим, ичкарига кирдим, кийим калталаш учун келмаганимни пайқадию термосни кўтариб шкафдан тоза пиёла қидирди. 80йиллар атрофида урф бўлган трафаретда бўёқ сепилган нақшли деворлар ёрилиб, нураб кетган. Болалигимда бўлганидек катта ойнали трюмо четига кичик расмлар ёпиштириб қўйилган, ўша йилларда урф бўлган катта тўрли парда, стол устида иплар солинган қути ва эски Подолск машинаси.

Хола термосдан наматакли чой солиб узатаркан "нима хизмат, кимсиз" дегандек қаради. Нима дейишни билмай:

- Инженерман хола, архитектор. Шу ерларга бузилиб янги уйлар тушармиш, бир айланиб кўриб кетай деб келган жойим эди.

- Хаа болам айтишди - оғир хўрсинди - Буерда насибамиз тугаган бўлса нимаям деймиз энди.

-Қаерга кўчасиз бузилса

- Билмадим болам... Буерларниям ўлчайсанми қанча шу хона?

-12м2 лар чиқса керак. Шинамгина хона экан, анчадан бери шу ердамисиз?

- 54 йил.

- 54 йил?

Хола бош ирғиди. Озроқ ўйлаб турдида ўзи гап бошлади:

-Мактабни битирган пайтларим ишга тушганман. Шу ердан топганимдан турмуш қурдим, шу ердан эримни жанозаси, қирқи, йилини ўтказдим, шу ердан иккита бола катта қилдим, едирдим, кийдирдим, ўқитдим. Набирали бўлганимни шу ерда эшитдим. Набираларим тўйини... Шу 12 квадратингда умрим ўтди. Мана шу машинам эримдан қолган охирги ёдгор. Шу бозор куни бўшатинглар деб кетишди, қаерга олиб бораман, кейин нима қиламан билмайман.

* * *

Эртасига ишдан бошқа вилоятга сафарга чиқиб кетдик. 10кунлардан кейин шахарга қайтиб биринчи ўша гузарга бордим. Бинолар бўшатилган, том, ойна, эшикларини кўчириб олиб бузишга тайёрлаб қўйишган. Ўша хонага кирдим, бўм бўш, фақат бир тараф деворда машинка тўсиб турганда тегилмай, қуёш тушмай ремонти эскирмай тоза қолган бир из бор. Бузилган ғишт бўлаклари орасида бир кийим тугмачаси кўринди. Негадир энгашиб олдим, артиб тозалаб чўнтагимга солдим.

Бир кун ишда ўтирсам телефон жиринглади. Овозларидан танидим.

- Ў кундаги тикувчи холангман.

- Танидим хола, яхшимисиз, бизга нима хизмат.

- Шу жойимиз ўрнида қурадиган домларингда биринчи этажи дўконлар бўлармиш дейишди. Шулардан жой олмоқчи эдим, ўша ўзимни қанча эди, ўшанча жой қилиб беришармикин?

- 12,44м2 эди хола. Бўлади, хозир тўхтанг сотув офисидаги болалардан сўрайман - Иккинчи телефонни олиб рақам тердим.

- Гаплашдим, минг олтиюздан чиқяпти экан.

Телефон нариги томонида жимлик чўкди.

- Метр квадратигами?

- Ха шундай, хола.

Яна жимлик. Ижара, бўлиб тўлаш, имтиёзли йўлларини тушунтирмоқчи бўлдим. Бўлди рахмат болам, энди ишламасам керак деб телефон қўйилди.

Хафта охирига шу объектдаги бузиш ишлари хисобини тугатдим, ўша хонани ўзим учун алохида хисобладим. Арзимаган сонлар чиқди. Хаммасини қўшдим, ойна, эшикларни қўшдим, деворлар, шифт, пол, радиатор, чироқ. Блокнот охирида қўшилмаган бир сон қолди, 54 йил...