Пост 17.11.2026
2-синфга ўтганимга бир хафтача бўлган, мактабда янги қалам, ручкаларимни мақтаниб жоним билан ўқиётган пайтларим. Бирдан эшик очилдию ойим кўринди, устозни имлаб чақириб олиб гапга тушишди. Устоз кирдида:
Индамай нарсаларимни олиб ташқарига чиқдим. Уйга қайтгунча ойим хеч нима демадилар, ўзим хам сўрашга қўрқиб турардим. Уйга кирганимизда босиқ, мулойим овозда гап бошладилар:
- Тез овқатланиб кийимингни алмаштир бувингникига борасан. Тоғанг яна хотинини уриб хайдабди, ўзиям 3 кундан бери келмаётган экан. Уй ишларига қарашиб турарсан.
Кечаги қолган шавлани нари бери қошиқлаган бўлиб банкадаги совуқ чойни кўтардимда чиқиб кетдим. Уйимиз Сергелида, ойим автобусга солиб юбордилар. Иккита пересадка билан Юнусобод бозорида тушгунча аср вақти кириб қолганди. Қандай ахволга кетаётганимдан бехабар, қўлим жўнтагимда қуйиб берадиган мороженое учун берилган 50 сўмликни махкам ушлаб тиржайиб бораман.
Бувим мени кўриб ўзида йўқ хурсанд, сўрашиб, бувим пиширган маставани ичиб бўлгунимча қўни қўшниларимиздан тортиб синфдошимни болалаган қуёнигача сўраб чиқдилар. Бирдан жиддий тортиб худди катта одам билан гаплашаётгандек тин олиб, секин гап бошланди:
- Бу ўлгур эрта 30га кираман деяптию худо ақл бермаса қийинаканда. Қўлига пул тушди дегунча арағига югуради. Уйдаги қанча нарсани сотиб тугатди. Ичгандан кейин гумдони ошиб ухласаям гўрга эди, келиб жанжал қилади...
Кўзларида ёшга энди кўзим тушди. Бувимни йиғлаганини биринчи кўришим эди. Автостанцияда савдода ишлаб "пишиб кетган", эркакларгаям гапини бермайдиган кучли аёл кўзидаги ёшлар одамни қўрқитарди. Хаёлни йиғиб яна гапларини эшитишни бошладим.
- Хотиниям жўжабирдек жон, Эрта индин кўзи ёриса керак, ўзини уйида яшаб тургани яхшироқми деб кетказвордим. Бу жинни билан яшаш ўзимас, болам...
Куз келгани билан хаво хали иссиқ, ухлашга ховлига пашшахона ёйдим. Бувим боши ёстиққа тегса ўчадиган одам, ярим кечгача ухлолмай қандайдир болаларча хаёллар суриб ётардим. Энди уйқу босганда томда шифер устида кимдир юраётгани, кейин ховлига сакраб тушган товуши эшитилди. Бувимни туртиб уйғотдим.
Тоғам келган экан. Ичкилик талвасасида изғиб, хеч қаердан қарзга ололмаган, яна уйдан нимадир олгани келган. Сакраб тушиб тўғри зал томонга кетди. Пашшахонадан чиқиб бувим орқасидан кетди. Ичкарида бирдан бақир чақир бошланиб ўша томонга югурдим. Эшик олдида шошиб чиқаетган тоғамга урилдим, қўлида катта икки карнайли радиомагнитофон бор эди.
Бувим олдига борганимда бувим фақат титрар, хириллаб, тушунарсиз овозда менимча қарғарди. Қучоқлаб ёнида узоқ ўтирдим, нима дейишни хам билмасдим. Қўлларини чўзиб махкам қучоқлади, кўзларида ёш тинмас, қўллари жуда қаттиқ титрарди.
- Болам, хеч қачон ичмагин, хоп? Хеч қачон ичма...
Бувим вафотларига бугун 5 йил бўлди. Шу ёшгача бирор марта ичкиликка яқинлашмадим, халигача қаерда алкогол кўрсам ўша тунни эслатади.