Yesterday

Пост 17.11.2026

Шундай одамлар бўлади, кўчада кўриб қолишингиз, икки оғиз сухбати хам кун бўйи хурсан юришингизга етарли бўлади...

2019-йиллар, бир фирмада ишлаймиз. Учинчи ойдирки ойлик йўқ, хаммамиз анча музлаганмиз. Бир ака ишга келди. Ўша пайтлар ўқишдан кейин репетиторга бораман, кейин ишга бориб, ярим тунгача ишлаймиз. Хамма ишдан кетишига бораман. Бир ўзим ўтираман, қўшни хонада у хам кечгача ишлаб ўтирарди.

Бир куни ўзимга кофе қилганда унгаям қўшиб тайёрлаб олиб кирдим. Танишиб, озгина гаплашиб ўтирдик. Яхши одам эди, гаплари самимий, фикрлаши кенг одам. 35ларга чиққан, хали уйланмаган, қишлоқда ота онаси ёлғиз... Ўлгудек интроверт холимга ака билан тез чиқишиб кетдик. Хар куни 20:00ларга хамма ишдан кетади, ман икки чашка кофени дамлаб акани олдига чиқиб кун давомида бўлган бошоғриқларимни айтиб, акани муаммоларини эшитиб озгина гап сотиб ўтираман. Шундай қилиб яна икки уч хафта ўтди, ойлик йўқ. Акани кундалик харажатлариям қисилиб қолаётганди, квартираниям топшириб ишда ухлашни бошлади. Хар куни иккита кофе, топган тутганларимни олиб чиқиб турардим. Баъзи кун пул орттира олсам ужинга нимадир топиб келардим. Ака роса хижолат бўларди, ойлик тушса биринчи сизни рози қиламан деб қўярди.

Бир кун ака йўқолиб қолди, хонасида йўқ, эртаси куни хам... Ёнидагилардан сўрадим, оталари қазо қилибди. Ўша охирги кўрганим эди...

Бугун Бодомзорда полиграфияга бориб ишларимни печатга топшириб, машинада кутиб ўтираман деб чиқсам ўша ака. Анча ўзгарганман, биттада таниди. Исмимни айтиб саломлашиб уйимдагиларниям бирма бир сўраб чиқди. 6 йил, худди кечагидек тавба.

Сўрашиб хол ахвол сўрадим, Россиядан қайтиб уйланибди, онаси, аёлини тошкентга олиб келибди. Чилонзорда квартирада, яқинда фарзанд кутишаётган экан. Акани доимий иши борлиги, оиласи ёнида экани, хаёти яхшилигини эшитиб худди ўзимда яхшиликлар келаётгандек хурсандман. Ичимда қандайдир хаётдан мамнунлик, ўзим орзуларимга этганимда унча хурсанд бўлмасдим...

Рақам алмашиб, тарқалдик. Кўзида аввалги иложсиз, ғамгинлик йўқ, ишонч билан дадил хайрлашди. Полиграфияга кириб ишларимни олиб қайтиб чиқсам машина дворнигига пакет қистирилган. Очсам 10та 3в1 кофе билан 500к пул...