Yesterday

Бозор хоними

Ўзи умуман йўловчи олмайдиган одам негадир шу амакини олиб кетгим келди. Зерикиб, уйқим келиб, гаплашишга одам бўлса харна тезроқ етамиз деб олдим. Нечпул деганди пул керакмас дегандек бош чайқаб ўтираверинг дедим.

- Э шу фарзандларни муаммолари одамни адо қиларканда. Нега руслар битта бола билан ўтади катта бўлганида тушуняпман - Амаки гап бошлади.

- Тинчликми амаки?

- Шу десанг кичигим ўғирликда тушиб икки йилдан бери уёғда, "санатория"да. Хар якшанба шунга топганимни ташийвериб чарчадим. Хеч кимдан кам қилмай нима деса бериб ўстирдим, нима етишмайди хайронман.

- Бир шўхлик қилибдида амаки. Хали ёш бўлса эрта индин чиқиб йўлини топиб кетади. Соғлиғиз қайтмеди, асабни асренда, хамма касаллар асабдан чиқади ўзи...

- Нимасини айтасиз, 50гача қиличдек юрган одам шуларни деб озгинада чол бўлдим қолдим. Буники етмагандек каттасиям бемехр чиққан. Охири қачон кўрганим эсда йўқ.

- Қийин, амаки. Ёшликда одамни эси бўмаскан ўзи. Худбинроқ бўларкан, бемехр бўларкан, ёш ўтиб тушунадида... ...Пенсиягача қаерда ишлагансиз амаки?

- Полон бозорда (номини айтди) каттаси бўганман. Мелисалариям, сесдагилариям, бозорчилариям оғзимга қараб турарди. Бойлигам топдик, қарғишам олдик, ўшеттаги ишларимни жазосимиям деб ўйлаб қола...

Акани қолган гапларини узуқ-юлуқ эслайман, хаёлда эски хотиралар жонланишни бошлаганди.

* * *

У пайтлар хали мактабга бормагандим. Дадамни ишларида муаммолар кўпайиб бир неча ойлар маош кўрганимиз йўқ. Ойимни ўқитувчиликдан топган пули ўқишга қатнайдиган уч студентга урвоғам бўлмайди. Шунга ойим, дадам якшанбага яна бошқа ишга чиқмаса ахвол анча оғир. Қиш кутиб турмайди.

Шанба куни онам ишдан келадию хонимга хамир бошлайди. Кечгача тайёр қилиб, ярим кечаси пиширамизда хар якшанба сахарлаб машина бозорига сотгани чиқамиз. Менку уларга фойдамдан зарарим кўпроқ, лекин кун бўйи қандайдир номиниям билмайдиган қора машиналарни томоша қилиб юришни ўйлаб хар якшанба этакларига ёпишаман.

Шундай одатий якшанбаларни бири яна бозордамиз. Кечагина биринчи қор ёғиб ўтган, уйда олти жонни хеч бирига хали қишлик кийим қилинмаган. Ойим бугун савдо яхши бўлса болаларни ўзига оёғига бирор калиш, махси қилиб қайтамиз деб режалаб бир тоғора кўпроқ олиб чиққан. Пахтали кўрпача тўнлари устидан пуховой рўмол боғланган, менда эса етти қават карам устидан акамни эски яғир курткаси. Хар хил алламбало машиналар орасида ўралашиб кетишни бошласам, онам дарровда келиб кўрпадан чиқмай ўтир, шамоллайсан деб бақиради.

Иккита бўлинган хонимни еб кўрпага ўраниб энди мизғишни бошлагандим, харидорни қандайдир ёқимсиз, қўрс овозидан кўзим очилди. Йўқ, харидоргаям ўхшамайди, катта қорни костюмини ёриб юборгудек семиз амаки тўнғиллаб нимадир деяпти.

- Бозорниям ресторан қиворибсизу кенайи, силар тарафда шахар бедарвозами дейман - истехзоли хунук тиржайди. Ойимга қарадим, рангларида ранг йўқ, минг хижолатда нимадир дейдилар, қўллар совуқданми билмайман, қалтирайди. Ким бу дейману, кимлигини билолмайман. Мелиса амакиларниям таниймиз, қачон сўраса хонимни олдини солишдан ташқари сотганимизда пулиданам қуруқ қолишмайди. Олиб туришадики ишдашмайди. Лекин буниси ким бўлди экан, ундан каттаси бордирда?

Ўйлаб тургунимча хали амаки юринг дегандек имлади. Ойим нарсаларни йиғиштиришга тушди, бир қўлда тоғора, иккинчисига эски советский катта термосни кўтарди. Тураётгандим шу ерда ўралиб ўтиб хозир келаман деди. Ëш болаларга маззада, ғам билмайди. Бироз сиқилгандек йўлларига термилиб ўтирдиму яна кўз илинди. Қанча қолдилар билмайман, бир вақт туртиб уйғотдилар. На тоғора бор, на термос. Асаблар таранг, паст овозда у ерда гапирмаган жахлларини сочиб ўзлари билан роса олишиб кетяптилар. Катта йўлга чиққунча жахллари анча босилганди: - Бечорани қақшатиб еган луқмаси тешмайди деб ўйлайдида эссиз. Бировни бир дони бировга буюрганмидики, ундан сўралмай қолса. Тағин оиласига ачинасанда... Ойим ўзи шунақа, бир ёниб ўчадию кейин тилаган ёмонлигини қайтиб олдим, зарари тегмасин деб ўтиради. Ўша куни уйга пиёда қайтдик, шу бўйи қайтиб чиқмадик.

* * *

...бир вақт хотираларга шўнғиб ярим йўлни қандай босдигу амаки нималар деди хайронман. Ëнда чалинган асабий узун сигналдан хушимни йиғдим. Амаки халиям гапиряпти. Орада "эшитяпсизми, нима дейсиз" дегандек қараб қўяди.

- Луқмада гап кўп эканда, амаки. Фарзандга қандайидан едирсез ўшанга урвораркан...

Бу гап қандайдир оғир хўрсиниш аралаш чиқди. Тавба, ундай демоқчи эмасдим. Қаердан чиқди, нега айтдим, ўзимам хайрон, хижолат билан қарадим. Амаки бир нуқтага тикилиб нималарнидир ўйлар, мени гапларимни эшитмаётганди...