Сирдарёга инсонпарварлик ёрдами жўнатилди.
2020 йил 1 майда Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори тўғонининг бир қисми ўпирилиши натижасида кўплаб ватандошларимиз жабр кўрди. Санитария-эпидемиологик мураккаб даврда юзага келган бу жараёнда тошқиндан азият чеккан юртдошларимизга мадад бўлиш, ғамхўрлик кўрсатиш ва елкадош бўлиб офат оқибатларини бартараф этиш учун Президентимиз бошчилигида бутун Ўзбекистон халқи оёққа турди.
Шу қаторда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг ташаббуси билан ҳарбий прокуратура ходимлари ҳам "Биргаликда енгамиз" шиори остида инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга бел боғлади.
Жумладан, бугун ходимларимиз ихтиёрий равишда ўз ҳисобларидан асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ниқоб, антисептик ва санитария-гигиена воситалари, болалар ва катталар учун кийим-кечаклар, идиш-товоқ ва бошқа зарур анжомларни ёрдам сифатида жўнатишди.
Зеро, халқимиз бошига ташвиш тушганда боримизни, керак бўлса жонимизни беришга тайёрмиз. Сирдарё аҳли бугунги ўта мураккаб шароитда ёлғиз эмасликларини ва ҳар қандай қийинчиликни ҳамжихатликда сабот билан енгиб ўтишимизни қалбан ҳис қилишларини сўраб қоламиз.