April 14, 2021

ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ВА БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЭНГ МУҲИМ ВАЗИФА

Ёшлар бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича жорий йилнинг 13 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев ёшларга оид давлат сиёсати ижросини ташкил этишда аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларга муносиб даромад олиши учун шароит яратиб бериш энг муҳим вазифа ҳисобланишини таъкидлади.

Асака туман адлия бўлими томонидан 2019-2020 йилларда Асака туман халқ таълим бўлимига қарашли умумтаълим мактабларини битирган ўқувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлиги ҳамда уларни касб-ҳунар эгаллаб бандлиги таъминланганлиги ҳолатлари мониторинг тартибида ўрганилганида қуйидагилар аниқланди.

Жумладан, Асака тумани халқ таълим бўлимига қарашли умумтаълим мактабларида 2019-2020 йилларда жами 3857 нафар ўқувчилар битирган бўлса, шундан 664 нафари (16 фоизи) олий таълим муассасаларига ва 418 (12 фоизи) нафари касб-ҳунар коллежи ва техникумларга ўқишга киришган.

Шунингдек, 2791 нафар (72 фоизи) умумтаълим мактабларини битирган ёшлар олий ёки ўрта-махсус таълим муассасаларига ўқишга киришмаган ва уларни бандлиги таъминланмаганлиги маълум бўлди.

Энг ачинарлиси туман халқ таълим бўлимига қарашли 12, 21 ва 24 сонли умумтаълим мактабларини 2019-2020 йилларда битирган жами 122 нафар ёшлардан биронтаси хам олий таълим муассасаларига ўқишга киролмаган ва факатгина 10 нафар ёшлар касб-ҳунар коллежи ва техникумларга ўқишга киришган бўлса, қолган 112 нафар мазкур мактабларни битирган ёшларни бандлиги таъминланмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги 132-сонли қарорида ёшлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этишлик ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Васийлик кенгашининг тузилиб туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Васийлик кенгаши раиси, туман (шаҳар) ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари — Васийлик кенгаши раиси ўринбосари ҳисобланиши белгиланган.

Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан 2019-2020 йилларда Асака туман халқ таълим бўлимига қарашли умумтаълим мактабларини битирган ва ҳозирда ишсиз ёшларни ишга жойлашишида кўмаклашиш ҳамда ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш мақсадида Асака туман ҳокимига ҳуқуқий маслахатлар берилди.

Бундан ташқари, туман адлия бўлими томонидан ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган 2791 нафар ишсиз ёшларни маҳалла фуқаролар йиғини кесимида рўйхатлари шакилантирилди ҳамда Асака туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ушбу ишсиз ёшларни ишга жойлашишида кўмаклашиш, иш қидираётган ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш мақсадида кўрсатмалар берилди.

Асака туман адлия бўлими

Асака туман адлия бўлимининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари:

Telegramдаги расмий саҳифаси: https://t.me/asaka_adliyabolimiFacebook тармоғидаги расмий саҳифаси: https://www.facebook.com/groups/asaka.adliya/