Адлия кўмаги билан зўравонликдан жабрланган 3 нафар аёл ҳимояга олинди
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Аҳолининг турли қатламлари кундалик ҳаётидаги кенг тарқалган муаммоларни, шу жумладан, суд таҳлиллари орқали манзилли тарғибот қилиш дастури” туман адлия бўлимига ижро ва назорат учун келиб тушган.
Мазкур дастурда жорий йилнинг январь-февраль ойларида ички ишлар бўлими ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда жиноятчилик кўрсаткичи юқори бўлган ҳудудларда фуқаролар томонидан қандай масалаларда ҳуқуқий муаммоларга дуч келинаётганлигини таҳлил қилиш, энг кўп содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ва жиноят турларини таҳлил қилиш орқали уларни олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишни назарда тутувчи тарғибот тадбирларини ташкил қилиш белгиланган.
Шунга кўра, туман адлия бўлими томонидан мазкур ўтказилган тарғибот тадбирлари давомида Асака туманида яшовчи А.Т, Т.А ва А.С лар томонидан спиртли ичимликларга рўжў қўйиб, мунтазам равишда турмуш ўртоғларига тазйиқ ва зўравонлик ўтказиб келаётганлик ҳолатлари бўйича маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг мурожаатлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 4 январдаги 3-сон қарори билан тасдиқланган “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш тўғрисида”ги Низомнинг 5-бандига кўра:
“тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар;
тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши;
давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланиши қайд этилган”деб кўрсатилган.
Юқоридагиларга асосан, туман адлия бўлими томонидан Асака туман ИИБ бўлимига ҳимоя ордери беришлик юзасидан таклиф киритилган ва натижада турмуш ўртоғларини тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган 3 нафар аёлларга ҳимоя ордери берилиши таъминланди.
Хулоса қилиб айтганда, аёл зотини тахқирлаш эмас, унга эҳтиром кўрсатиш олий мақсадимиз бўлиши керак. Зеро, мунис оналаримиз, муҳтарама опа-сингилларимиз, вафодор жуфтимиз ҳаётимизнинг кўрки, умримизнинг мазмунидир.
Асака туман адлия бўлими
Асака туман адлия бўлимининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари:
Telegramдаги расмий саҳифаси: https://t.me/asaka_adliyabolimiFacebook тармоғидаги расмий саҳифаси: https://www.facebook.com/groups/asaka.adliya/