"Оилам -бу менинг қалъам"
Бой илмий-маданий меросимиз, қадимий урф-одат ҳамда анъаналаримиздан аёнки, ҳар қандай замон ва маконда ҳам оила биз учун муқаддас қадрият саналган. Бинобарин, тарбиявий, маънавий-маърифий, руҳий-ахлоқий, иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлик ҳисобланмиш оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этишини аждодларимиз жуда яхши англашган.
Мамлакатимизда ҳам, Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3808-сон Қарорига мувофиқ, "15 май" ҳар йили Халқаро оила куни сифатида республика бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қўйилди.
Ушбу ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепцияси ва ушбу концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Бу хужжатлар орқали жамиятда тинчлик ва барқарорликни сақлаш, мустаҳкам оилаларни шакллантириш, соғлом фарзандлар туғилиши, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, боланинг оилада яшаш ва тарбия олиш ҳуқуқини таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, муносиб кексаликни таъминлашда оиланинг ўрни ва ролини ошириш мақсади устивор вазифа этиб белгилаб қўйилган!
“Оила мен учун муқаддас. Муқаддаслиги шуки, авваламбор қаерда ишлашидан қатъи назар, ким бўлишидан қатъи назар агар оилада тарбия, оилада муҳит, оилада ҳалоллик, муносабат, тарбияга алоҳида эътибор бермаса, ҳеч қачон натижа бўлмайди. Шунинг учун мен фарзандларимнинг тарбиясига жуда катта эътибор бераман. Ҳар бир фарзандимга ҳам, неварамга ҳам алоҳида ўзимнинг муносабатим бор. Ҳар бир неварамнинг алоҳида характерини биламан, орзусини, истагини биламан” Ш.Мирзиёев
Зеро, оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан мамлакат барқарордир!
Асака туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси-Зафарбек Акрамов
Асака туман адлия бўлимининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари:
- Telegramдаги расмий саҳифаси: https://t.me/asaka_adliyabolimi
- Facebook тармоғидаги расмий саҳифаси: https://www.facebook.com/groups/asaka.adliya/