March 29, 2025

Yuragimdagi taqiq

Шаҳар энг ҳашаматли меҳмонхоналаридан бири осмонўпар бинонинг энг баланд қаватида, атрофни ёритиб турган шинам зиёфат залида дабдабали тўй бўлиб ўтди. Тўйга пойтахтнинг энг нуфузли инсонлари, бизнесменлар, давлат арбоблари ва сиёсатчилар ташриф буюришди. Ҳамманинг диққат марказида Ёдгор ва Феруза эди. Уларнинг тўйи шунчаки никоҳ маросими эмас, балки кучли иттифоқ сифатида қаралаётганди.

Феруза оппоқ келинлик либосида гўё шаҳзода қасридан чиққан маликаларга ўхшарди. Унинг юзи очилиб турган гуллардек беғубор эди, кўзлари эса ҳаяжон ва умид билан порлаб турарди. Лекин Ёдгор... у шунчаки тўйни расмиятчилик учун ўтказаётган эди. У шармандали ўтмишини, юрагини кемираётган ўткинчи хотираларни ҳеч ким билишини истамасди.

Зиёфатдан кейин улар шаҳар марказидаги энг машҳур уйларидан бирига, ҳашаматли пентхаусга кўчиб ўтишди. Феруза ҳаммасига ҳайрат ва қувонч билан қарарди, унга янги ҳаёт эшиклари очилгандек эди. У Ёдгор билан бахтли бўлишни чин дилдан истарди.

Лекин тўйни кечаси...

Ёдгор ичкари кириши билан галстукни ечиб, диванга ташлади. Кўзгуга қаради ва чуқур хўрсинди. Феруза эса унинг ёнига келиб, сокин овозда шивирлади:

— Ёдгор… энди биз эр-хотинмиз…

Ёдгор унга жиддий тикилди.

— Йўқ, Феруза, бу фақат сохта никоҳ. Бу ҳақиқий эмас. Мен сенга эри сифатида тегмайман.

Феруза бир зум тилсиз қолди. Ёдгорнинг кўзларидаги совуқлик юрагини музлатди. Аммо у дарҳол ўзини қўлга олди. Севгини мажбуран эмас, фақат юрак билан қозониш мумкинлигини тушунди.

— Хўп, Ёдгор. Фақат шуни билинг… мен сизни чиндан ҳам севаман.

Ёдгор унга жавоб бермади, шунчаки деразадан шаҳарнинг тунги чироқларига қараб турди.
*
Эртаси куни Ёдгорнинг отаси уларни асал ойига жўнатишга қарор қилди. Жой танланган эди: Шоҳмардон яқинидаги Ёрдон қишлоғида, тоғ бағрида жойлашган ҳашаматли дачада.

Феруза бунга чин юракдан қувонди. У тоғ ҳавоси, табиат ва энг муҳими, Ёдгор билан ёлғиз қолиш имкониятидан умидвор эди. Балки у ерда эрининг юрагини эритишга муваффақ бўлар?

Ёдгор эса, аксинча, бу саёҳатдан ҳеч қандай завқ олмасди. Унинг юраги аллақачон музлаб бўлгандек эди. У севги ҳақида ўйлашни хоҳламасди.

Улар қишлоққа этиб келишди. Ёзги дачанинг атрофи ям-яшил дарахтлар, қир-адирлар билан ўралган эди. Ичкари шинам, замонавий, аммо табиий кўринишга эга эди. Тоғ ҳавоси тетиклик бағишларди.

Феруза эгнидаги энгил либосини силкиб, ичкарини айланиб чиқди.

— Ёдгор, бу жой жуда чиройли! Шу ерда узоқроқ қолайлик, хўпми?

Ёдгор унинг сўзларига жавоб бермади. У шунчаки чамадонини очиб, кийимларини тартибга келтирди.

Феруза эса унга яқин келиб, кулимсиради:

— Нега бунчалар совуқ сиз? Мен сизнинг рафиқангизман-ку… Ёдгор, илтимос, менга юрагингизни очинг…

Ёдгор чуқур хўрсинди.

— Феруза, бу мумкин эмас. Мендан севгини кутма.

Феруза оғир хўрсиниб, юзини бошқа томонга бурди. Аммо у ич-ичида таслим бўлиш ниятида эмасди. У нима бўлса ҳам Ёдгорни ўзиники қилишни истарди.

*
Кунлар ўтиб борарди. Феруза ўз севгисини турли йўллар билан ифода этарди. У Ёдгорга нонушта тайёрлаб берар, унга илиқ табассум ҳадя қилар, юрагини очишга ҳаракат қиларди.

Бир куни у Ёдгор билан ўрмон сайрига чиқди. Тоғ этакларида юриб, ундан сўради:

— Ёдгор, сиз илгари кимнидир яхши кўрганмисиз?

Ёдгор бир зум жим қолди. Кейин секин бошини ирғаб, "Ҳа" деди.

Феруза чуқур нафас олди.

— У киши ҳозир қаерда?

— У менинг ўтмишимда қолган.

— Лекин мен сизнинг келажагингиз бўлишни хоҳлайман, Ёдгор… Мен сизни ҳар қандай ҳолатда ҳам севаман. Сизни бахтли қилиш учун ҳамма нарсага тайёрман…

Ёдгор унга қаради. Унинг кўзларида жиддийлик бор эди.

— Феруза, мен сени хафа қилишни истамайман. Лекин мен севги нима эканлигини унутиб бўлдим.

— Унутган бўлсангиз, мен сизга яна севишни ўргатаман…

Шу куни Феруза ўз олдига қатъий мақсад қўйди: у Ёдгорни ўзиники қилади. Қандай йўл билан бўлса ҳам, уни ўз севгиси билан иситади…

*
Феруза таслим бўлишни билмасди. У ҳар куни Ёдгорга меҳри билан ёндашди, унга ғамхўрлик кўрсатди, илиқ муносабат билдирди. Ёдгор эса дастлаб буни сезмасликка ҳаракат қилди, лекин кунлар ўтган сайин ичида қандайдир ўзгариш ҳис қиларди.

Ёрдон қишлоғида кунлар тинч ўтарди. Тоғ ҳавоси, қушларнинг ёқимли чирқиллаши ва дарёнинг шовуллаши атрофга илиқлик бағишларди. Ёдгор ва Феруза кунни бирга ўтказишар, бироқ улар орасидаги масофа ҳамон бор эди.

Бир куни Феруза уни катта арча дарахтининг соясига олиб борди.

— Кўзингизни юминг, — деди у жилмайиб.

— Нега? — Ёдгор шубҳа билан унга қаради.

— Илтимос, юминг. Сизга бир нарса кўрсатмоқчиман.

Ёдгор кўзларини юмди. Шу пайт Феруза аста унинг кафтини тутди. Унинг қўллари майин эди, бармоқлари нозик.

— Энди очинг, — шивирлади у.

Ёдгор кўзларини очди ва... ёнида бир боғ тўлиқ очилиб турган эди! Феруза бутун боғни гуллар билан безаб, марказга кичик чироқлар осиб қўйганди.

— Бу... сен қилдингми? — ҳайрон бўлиб сўради Ёдгор.

— Ҳа, — деди Феруза секин. — Бу сизга ёқишини истадим.

— Нимага бунчалик ҳаракат қиляпсан? — Ёдгор чуқур нафас олди.

Феруза унга анча яқин турарди. У лабларини секин қимирлатиб шивирлади:

— Чунки сизни севаман…

Улар кўзларига термулиб туришди. Бир лаҳза ичида атрофдаги ҳамма нарса йўқ бўлиб кетди. Фақат улар ва ўрталарида титраб турган нозик ҳис-туйғулар қолди.

Ёдгор ундан нигоҳини узолмасди. Ферузанинг нигоҳи унда ниманидир ҳаракатга келтирарди. Юрагида аллақандай илиқлик, эҳтирос пайдо бўлаётганини ҳис қиларди.

*

Шу кундан кейин Ёдгор ўзида қандайдир ўзгариш ҳис қилди. У Ферузага бошқача қарай бошлади. Энди у фақат ёнида эмас, балки ичида ҳам борлигини ҳис қиларди.

Феруза эса бунга эътибор бермас, уни ўз томонига янада тортишга ҳаракат қиларди.

У тонгда Ёдгорга нонушта тайёрлар, кечқурун эса чиройли кўринишга ҳаракат қиларди. Бир куни у тунги кўйлакда Ёдгорнинг олдига келди.

— Сизга чой дамлаб қўйдим, — деди жилмайиб.

Ёдгор бир зум унга қараб қолди. Ферузанинг узун сочлари елкасидан тушиб турарди. Қоронғу хонада унинг кўзлари порларди.

— Раҳмат… — Ёдгор чойни олиб ичди, лекин нигоҳи Ферузадан узилмасди.

Феруза аста унга яқинлашди.

— Сизни менга нисбатан совуқ бўлишга нима мажбур қилаяпти?

Ёдгор ўзини орқага ташлади.

— Бу шунчаки… — У жавоб тополмасди.

Феруза эса жилмайиб, унинг ёнига ўтирди.

— Ёдгор, мен сизга бегона эмасман… — деди у шивирлаб.

Ёдгор унинг кўзларига қаради. У энди ўз ҳисларини яшира олмасди. Ичида эҳтирос аланга олган, Ферузанинг нафаси танасига урилиб, ундан бир лаҳзага бўлса ҳам воз кечишнинг иложи йўқдек туюларди.

Феруза эса унга тобора яқинлашарди.

— Қани энди сиз ҳам мени ҳис қила олсангиз…

Ёдгор унга тик қаради. Бир зумда ичидаги совуқ деворлар қулаб тушди. Шу пайт у бошини энгаштириб, Ферузанинг лабига яқинлашди.

Аммо… тўсатдан ўзини тўхтатди.

— Йўқ, бу нотўғри… — деди у шивирлаб.

Феруза юрагини эзаётган дардни ҳис қилди.

— Нега? — деди у йиғлаёзиб.

— Чунки мен ҳамон ўтмишда яшаяпман…

У шундай дея, хона ичидан чиқиб кетди. Феруза эса шунчаки кўзларини юмди.
У таслим бўлмоқчи эмасди. Ёдгор барибир унга тегишли бўлади!

*
Ёрдон қишлоғидаги тинч кунлар ортда қолди. Ёдгор ва Феруза яна Фарғонага қайтишди. Феруза бу ерга ўрганган, у ўзини уйида ҳис қиларди. Лекин Ёдгор учун бу шунчаки вақтинчалик бошпана эди.

— Пойтахтга қайтамизми? — секин сўради Феруза, уйга кириб келишлари билан.

Ёдгор жавоб беришга шошилмади. Стол устида турган сигарет қутисини олди ва дераза ёнига бориб, бир дона ёқди.

— Йўқ, ҳозирча эмас.

— Нега?

— Отам тинч қўймайди… — Ёдгор тутунни секин чиқарди. — Унинг гапларидан, талабларидан чарчадим. Мени ўзимга қўйиб берсин…

Феруза бу жавобдан ич-ичидан хурсанд бўлди. Демак, у ҳали кетмайди. Демак, унинг ёнида бўлади. Лекин Ёдгор унга эмас, ўз ўйларига берилганди.

— Яхши, унда шу ерда қоламиз, — деди Феруза мулойимлик билан.

У унга яқинроқ борди, лекин Ёдгор нигоҳини

четга олди.

— Мен дам олмоқчиман, — деди у ва ётоқхонасига кириб кетди.

Феруза бир лаҳза жим турди. У Ёдгорнинг қалбидаги оғриқни ҳис қиларди. Лекин бу оғриқни даволаш учун унга етарлича яқин эмасди. Лекин бир кун келиб… у эрини ўзига буткул қаратарди.

*

Ўша кеча Ёдгор ёлғиз қолди. Тун сукунати ичида у яна ўтмишга шўнғиди. Стол ёнига бориб, илгари умуман қўлига олмаган нарсани олди виски.

У биринчи қадаҳни ичди. Ичида нимадир қарсиллаб синди. Кейин иккинчи қадаҳ… Учинчи…

Асена…

Унинг нигоҳлари, қўллари, лаблари…

Ёдгор ичкилик ичар экан, юрагидаги бўшлиқ тобора кенгайиб борарди. Неча йил ўтди, лекин бу туйғулар ўзгармади. Асена… унинг илк севгиси, энг катта жароҳати… ва энг катта армони эди.

У стаканни столга қўйди ва бошини чангаллади. Ичида нимадир ғазаб билан ёнарди.

— Нега? — шивирлади у. — Нега мен сени унутолмайман, Асена?

У маст ҳолда ўрнидан турди. Хонада мувозанатини йўқотиб, деворга суяниб қолди. Кўз олди ғира-шира эди. Бир нарса аниқ эди: у ёлғиз эмасди.

У йўлакка чиқди. Қаршисида турган эшикни очди…

*

Феруза чироқни ўчириб, ётоқда ётар эди. Одатда ухлагунча узоқ ўй сурарди. Бугун ҳам Ёдгор ҳақида ўйларди.

Лекин эшик очилди.

У ҳайрон бўлиб, аста бошини кўтарди. Қаршисида Ёдгор турарди. Лекин… у жуда ўзгарганди. Кўзлари қизариб кетган, нафаси виски ҳиди билан тўла эди.

— Ёдгор? — ҳайрон оҳангда сўради Феруза.

Ёдгор унга қаради… ва худди туш ичида юргандай олдинга интилди.

Феруза ҳеч нарсани тушунмай қолди. Ёдгор унинг ёнига ўтирди. Унинг қўллари титраётгандек эди.

— Асена… — шивирлади у.

Ферузанинг юраги шув этиб кетди. У маст эди. У Асена деб атади…

Лекин шу пайт Ёдгор унинг юзини кафтлари орасига олди. Унинг кўзлари чуқур ва ғамгин эди.

— Сени қанчалар соғиндим… — шивирлади у.

Феруза юрагининг тубида оғриқ ҳис қилди. Лекин ҳозир бу оғриқ орқага сурилди. Ҳозир унга Ёдгор тегаётган эди… Ёдгор уни истаётган эди…

У энди орқага чекинмайди.

— Мен ҳам сени соғиндим… — деди Феруза, паст овозда.

Ёдгор жавоб бермади. У шунчаки унинг юзига термулиб турарди. Кейин секин-аста яқинлашди… ва лабларини Ферузанинг лабларига босди.

Феруза кўзларини юмди. Бу лаҳза унинг орзуси эди. Бу унинг илк кечаси эди…

У Ёдгорни ўзига яқинроқ тортди. Ёдгор эса уни бутунлай қучоқлади…Ташқарида тун сукунатга чўмилган эди. Ичкарида эса эҳтирос ва ўт билан ёқилган янги тарих ёзиларди…
*
Қуёш нурлари хонани ёритганда, Ёдгор боши оғриб уйғонди. У аста кўзларини очди… ва ёнида ётган Ферузани кўриб, сесканди.

Унинг юраги қаттиқ урди.

Нима бўлди?..

У эслай бошлади. Ичкилик, Асена… ва кейин…

У бошини чангаллади.м

Феруза эса уйғониб, унга майин жилмайди. Унинг юзида бахт акс этиб турарди.

— Яхши тонг, — шивирлади у.

Ёдгор жим қолди. У нима дейишни ҳам билмасди.

Бу кеча фақат хато эдими? Ёки… унда нимадир ўзгардими?

Тонг ёришиб, Феруза кўзларини очди. Тана-сини буткул ҳолдан тойган ҳис қилди, лекин юраги қувонч билан тўла эди. Ёнида Ёдгор ётарди. Унинг елкасига юзини босиб, аста жилмайди.

Феруза йиллар давомида орзу қилган нарса ниҳоят рўй берганди. Энди Ёдгор фақат унинг эри эди. Ҳеч қандай сохта никоҳ, ҳеч қандай мажбурлик йўқ. Кеча улар бирга бўлишди. Кеча Ёдгор фақат унга тегишли эди.

У бахтдан кўзларини юмди ва эрини маҳкам қучоқламоқчи бўлди.

Лекин шу онда Ёдгорнинг нафаси тезлашди, кўзлари очилди. У бир зумга ҳеч нарсани тушунмай, атрофга аланглади. Кейин ёнида ётган Ферузани кўриб, бирдан чўчиб кетди.

— Бу нима?! — овози дағал, жаҳлдор эди.

Феруза унга ҳайрат билан қаради.

— Ёдгор…

— Нима қилдинг сен?! — Ёдгор бир сакраб ўрнидан турди.

Феруза қўрқа-писа унга яқинлашди.

— Биз эр-хотиниз... мен сени севаман...

Ёдгорнинг юзи қорайиб кетди. У кўрсаткич бармоғини Феруза томонга бигиз қилиб, тишларини ғижирлатди.

— Йўқ! Сен мендан фойдаландинг!

Феруза бир қадам ортга тисарилди.

— Мен ? Фойдаландим?!

Ёдгорнинг нафаси оғирлашди, томоғидан ғазаб билан бир сўз чиқди:

— Сен пасткашсан! Кеча мени Асена деб ўйлаганимни билардинг! Билардинг-у, барибир ортга қайтмадинг! Мени ўзингники қилиш учун мастлигимдан фойдаландинг!

Ферузанинг юраги эзилиб кетди.

— Бу ёлғон! Ёдгор, мен сизни чин дилдан севдим, сизни ҳеч қачон алдамаганман!

Ёдгор ўзини тиёлмай, бир зарб билан стол устидаги стаканни деворга улоқтирди. Шиша майда бўлакларга бўлиниб кетди.

— Жим бўл! Мен сени севган эмасман! Бир кеча бу севги эмас!

Ферузанинг юзига ёш келди. У олдинга юрди ва Ёдгорнинг қўлларини маҳкам ушлади.

— Сизнинг юрагингиз бунчалар тош, Ёдгор? Кеча мени истаганингиз рост эди! Сизни ҳеч ким мажбурламади!

Ёдгор унинг қўлларини юлқиб ташлади. Кўзларида ғазаб аланга оларди.

— Сен менга бегонасан, мен ҳам сенга! Ҳеч қачон мени ўзингники қила олмайсан!

Феруза титрай бошлади.

— Демак, мен сиз учун ҳеч кимман?!

Ёдгор ўткир нигоҳи билан унга тикилди.

— Сен ҳеч қачон менинг хотиним бўлмайсан!

Феруза юракдан бир оғриқ ҳис қилди.

— Ёдгор… шунчалар ёмон кўрасизми мени?

Ёдгор шунчаки кулди. Аччиқ, масхараомуз кулди.

— Сен мени севасанми?

Феруза бош ирғади.

— Ҳа!

— Унда кет! — Ёдгор уни эшик томонга ишора қилиб ҳайдади.

Феруза бир неча дақиқа жойидан қимирламади. Кейин аста бориб чамадонини олди. Юраги оғриқдан сиқилиб кетаётган эди.

Эшикни очиб, охирги бор Ёдгорга қаради.

— Мен сизни барибир севаман, Ёдгор...

Аммо Ёдгор унга ҳатто бир қарашни ҳам лозим топмади.

Феруза эшикни аста ёпди. Шу онда юрагининг бир қисми у билан бирга кетаётганини ҳис қилди…