April 4, 2019

ВИЛОЯТ ҲОКИМИНИНГ ТАШАББУСИ: АНДИЖОНДА ФУТБОЛ КУНЛАРИ ЎТКАЗИЛАДИ

Германия сафаридан қайтган вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳудудларда олиб борилаётган қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида Андижон шаҳридаги бир қатор объектларда бўлди.

Вилоят раҳбари дастлаб “Соғлом авлод” ўйингоҳида якунига етаётган бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Иншоотда амалга оширилиши лозим бўлган масалалар юзасидан таклифларини бериб, тез фурсатларда якунига етказиш лозимлигини билдирди. “Андижон” жамоасининг ўйинлари ўтказиладиган кунларда вилоят бўйлаб “Футбол кунлари”ни ташкил этиш ташаббусини илгари суриб, шаҳар ва туманларда ҳақиқий байрам кайфияти сезилиши зарурлигини таъкидлади.

Ўйингоҳда 20 апрель куни бўладиган супер лиганинг 5-турида “Андижон”Қашқадарёнинг “Насаф” жамоасини қабул қилади.

Шундан сўнг вилоят ҳокими ишга тушиши режалаштирилаётган Андижон шаҳри ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи бошқарманинг 6-бўлими ҳамда 41-ихтисослаштирилган мактабгача таълим муассасасида бўлди. Бу ерда яратилган шароитлар билан танишиб, мутасаддиларга камчиликларни тугаллаш юзасидан вазифаларни белгилади.

Боғишамол даҳасидаги “Ҳайвонот боғи” ҳамда Хўжаобод туманининг Хидирша массивидаги Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган ишлар эътиборни тортади. Ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар хусусида сўз борди.

Умиджон Мамарасулов,

Рустамжон Эшонов

«auz.uz» online гуруҳи мухбирлари.