Когон тумани ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Давронов Зафар Ниёзовичнинг МУРОЖААТНОМАСИ
Ассалому алайкум, Қадрли юртдошлар, туманимизнинг ҳурматли фуқаролари!
Барча даврларнинг энг муҳим вазифаларидан бири бу мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.
Халқимиз азалдан бахт деганда тинчлик, хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, фарзандлар камоли, эл-юрт олдида юзи ёруғлик кабиларни асосий мезон сифатида билган.
Давлатимиз Раҳбари ҳам, ҳар доим энг муҳим масалалар сифатида хавфсизлик ва аҳолининг саломатлигига алоҳида эътибор қаратиб, жамиятда ўзгаришларнинг энг катта замини — юртимиздаги тинчлик-осойишталик эканлигини қайта-қайта уқтириб келадилар.
Шунингдек, бой тарихий меросга эга бўлган, қадим маданият ва илм фан ўчоғи бўлган туманимизнинг ҳар томонлама ривожи, халқимиз турмуш тарзининг яхшиланиб бораётгани, ҳар бир маҳаллада хавфсизлик, тинчлик ва фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг тўлақонли таъминланаётганидан далолатдир.
Дунёда бўлаётган мудҳиш воқеаларни кўриб турибсизлар. Минг шукурки, мамлакатимизда тинчлик ҳукмрон, ҳар биримизнинг ҳаётимизда ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда, юртимиздаги изчил тараққиётни кўзимиз билан кўриб, қалбдан ҳис этиб, турмушимизда сезмоқдамиз.
Албатта, буларнинг барчасини тагида Президентимизнинг тинимсиз саъй-ҳаракатлари, оқилона сиёсатлари турибди.
Шу билан бирга, ён-атрофимиздаги мураккаб вазият, таҳликали замонда Ватанимиз тақдирига, айниқса ёшлар онгига ижтимоий тармоқлар ёрдамида “оммавий маданият”, “сохта демократия”, нотўғри диний тушунчалар орқали таҳдид бўлаётгани ҳам сир эмас.
Айнан шу жиҳатдан фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган манзилли ишларни янада кучайтиришимизни тақозо этмоқда.
Сиз азизлардан буни диққат билан эшитишингизни сўрайман.
Кибержиноятлар, яъни ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноий тажовузлар.
Бу турдаги жиноятлар замон ва макон танламаслиги ва масофадан туриб содир этилаётганлиги сабабли иш фаолиятимизда анчайин қийинчиликларни туғдирмоқда.
Жиноятчилар фуқаролар ишончига кириш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланиб, машҳур инсонларнинг сохта видеоларини тайёрлашмоқда.
Кибержиноятларни олдини олиш бўйича кўплаб ишлар қилинмоқда, лекин афсуски аҳолига ҳалигача етказиб беролмаяпмиз.
Бу турдаги жиноятларга қарши курашишнинг энг самарали усули фуқароларда кибержиноятларга қарши иммунитетни шакллантиришдир. Ўзимизни бу жиноятлардан ҳимоя қилишни ўрганишимиз керак. Бизни ишонувчанлигимиз, осон бойлик орттиришга бўлган қизиқишимиз бу қопқонга тушишимизга сабаб бўлмоқда.
Халқимизда шундай бир мақол бор. “Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади”.
Шу сабабли аҳолимиздан қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз:
- энг аввало телефон ва гаджетларингизга икки босқичли парол ўрнатинг, автоматик юклаб олиш иловаларини ўчириб қўйинг;
- пластик карта пин-кодини бегона шахсларга берманг;
- савдо нуқталари атрофидаги бегона шахслар орасида карта пин-кодини маълум қилманг, терминалга пин-кодни шахсан киритинг, пин-кодни киритиш қурилмаларида шубҳали қопламалар мавжуд эмаслигини текширинг;
- масофадан туриб электрон тўловларни ёки пул ўтказмаларини амалга ошириш давомида махсус кодни ошкор этманг;
- электрон почта ёки ижтимоий тармоқлардан банк пластик карта тўғрисидаги махфий маълумотларни жўнатманг;
- ўзини банк мутахассиси сифатида таништириб, карта тўғрисидаги маълумотларни сўраган шахсларга уларни ошкор этманг;
- банк пластик картасиучун СМС-хабарнома хизматини бегона шахслар телефон рақамига уламанг;
- яқинларингиз ва танишларингизнинг гаровга олинганлиги, ёрдамга муҳтожлиги ёки бирор бир мушкул аҳволга тушиб қолганлигини айтиб, таниш дўсти, терговчи, тиббиёт ходими ёки бошқа шахс мақомида қўнғироқ қилиб пул талаб қилишаётган бўлишса ёхуд чет мамлакатда юрган яқинингиз овозида қўнғироқ қилиб пул сўрашса асло ишонманг. Бу сунъий интеллект орқали амалга оширилаётган фирибгарлик бўлиши мумкин.
Агарда юқоридаги каби ҳолатларга дуч келсангиз
102 қисқа рақамига зудлик билан мурожаат қилинг.
Яна бир долзарб муаммо–Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар.
Ички ишлар органлари ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда туманимиз ҳудудида гиёҳванд ҳамда психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кескин кураш олиб бормоқдамиз.
Бу иллатга қарши кескин курашишда, энг аввало ёшлар ҳамда вояга етмаганлар орасида кенг тарқалишини олдини олишда манзилли, тезкор ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Тезкор тадбирлар давомида 6 та айнан шу каби ҳолатлар аниқладик, лекин, бу йўналишга янада жиддий эътибор қаратишимиз керак.
Бугунги кунда бу турдаги жиноятлар ҳам замонавийлашган, гиёҳванд ҳамда психотроп моддалар савдоси билан шуғулланиш ижтимоий тармоқларга кўчган! Интернет дўконлари, уларнинг администратор ва операторлари, “кладменлар” ва “закладчиклар” орқали жиноятлар содир этилмоқда. Бу жараёнга бизнинг содда ёшларимиз, айниқса вояга етмаганларнинг жалб этилаётгани эса ўта хатарли.
Бу жиноий гуруҳлар фаолияти хориждан туриб бошқарилмоқда. Уларга етиб бориш турли қийинчиликларни туғдирмоқда. Буни яширолмаймиз албатта.
Аммо, фуқароларимиздаги лоқайдлик ва атрофдаги ҳодисаларга беэътиборлик ҳам айнан ушбу турдаги жиноятларнинг кенг қулоч ёйишига сабаб бўлмоқда.
“Оч қорним-тинч қулоғим” қабилида иш тутаётганлар! Огоҳ бўлинг! Бу иллат сизнинг ҳам хонадонингизга кириб бормаслигига ким кафолат беради?
Бу иллатга қарши барчамиз биргаликда курашишимиз шарт!
Шунинг учун, Ҳурматли ота-оналар, азиз ватандошлар, эътиборли бўлинг! фарзандларингиз, ака-ука, яқинларингиз, таниш-билишларингиз орасида хулқ-атвори, юриш-туриши, хатти-ҳаракатларида кутилмаган ўзгариш бўлса, буни яширишга уринманг. Маҳалла кўй, таниш билишлар нима дейди деган ўй ҳаёл билан яширишга уринманг. Бир ўзингиз уларни оғу домидан чиқариб ололмайсиз. Бундай шахсларга мутахассисларнинг ёрдами керак. Ўз вақтида яқинларингизни гиёҳвандлик домидан тортиб олсангиз, янада оғирроқ оқибатларни олдини олган бўласиз.
Биз бу жиноятларни содир этаётганларни аниқлаб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаймиз. Лекин шахс жавобгарликка тортилиши билан унинг келажаги, оиласи нима бўлади? Бу иллат бутун жамиятимиз ва келажагимизга катта хавф туғдиришини унутмайлик.
Яна бир масала, аксарият ҳолларда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган ва ундан заҳарланган ёшларнинг аксариятини уларнинг яқинлари билган, кўриб турган. Бироқ мустақил ва яширинча ҳаракат қилиб, тегишли идораларга ўз вақтида маълум қилмаганлар.
Гиёҳванд моддалар ёки кучли таъсир қилувчи дорилар истеъмоли таъсири остида ҳар қандай жиноятлар, айниқса энг оғир турдаги жиноятлар содир этилиши муқаррар ва биз бу ҳолатларни ўз тажрибамиз давомида кўриб турибмиз.
Бундай воситалар таъсири остида транспорт воситаларини бошқарган шахслар эса оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини содир этишлари мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Бундай шахслар нафақат ўз ҳаётига, балки бошқа бегуноҳ инсонларнинг ҳам ҳаётига нуқта қўйиши янада ачинарлидир.
Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман, бу –фирибгарлик.
Бугунги кунда, туманимизда жиноятчиликнинг иккинчи ўринда катта салмоғини фирибгарлик жиноятлари ташкил этмоқда.
Фирибгарликларнинг турлари ҳам, усуллари ҳам, кўринишлари ҳам, кўлами ҳам кенгайиб бормоқда.
- КОНСАЛТИНГ хизмат кўрсатувчи масъулияти чекланган жамиятлар томонидан чет давлат олийгоҳларига имтиҳонсиз ўқишга киритиб, бир йилдан сўнг, ўқишни Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига кўчириб беришни ваъда бериш орқали сохта шартномалар расмийлаштириш, чет тилларини билиш бўйича АЙЛС ҳамда СЕФР сохта сертификатларни тайёрлаб бериш;
- ўзини мансабдор шахс сифатида таништириб, “Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги”да фаолият олиб борувчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилишса, бу ёлғон;
- мансабдор шахслар орқали ишга жойлаштиришни ваъда қилишса ҳам асло ишонманг. Ёдда тутинг, аксарият корхона ва ташкилотларга ишга кириш тартиби рақамлашган электрон платформалар орқали амалга оширилмоқда.
- пул эвазига фол очиш, келажакни айтиб бериш, сохта табиблик билан шуғулланаётганлар алдовига ҳам ишониб қолманг;
Суриштирув, тергов ҳамда суд қарорларини ижобий ҳал қилиш, жазо муддатини ўтаётган шахсларни озодликка чиқариш эвазига пул талаб қилишса билингки бу қонунга хилоф!
- ер участкаси, уй-жой сотиб олишда, айниқса янги қурилаётган кўп қаватли уйлардан квартира олишда тегишли ҳужжатларнинг мавжудлигига Давлат идоралари орқали аниқлик киритгандан сўнг нотариал тартибда олди-сотди қилишни унутманг!
- Не машаққатлар билан боққан чорва молларингизни бозор нархидан бир оз юқори баҳолаган ва муайян муддатдан сўнг пулини беришни ваъда қилган устомонларга умуман ишонманг!.
- автотранспорт воситаларининг олди-сотдисида ҳам ўта эҳтиёт бўлинг! Унинг гаровга қўйилмаганлиги, учинчи шахснинг мулкий ҳуқуқлари мавжуд эмаслигига, нотариал идоралар орқали аниқлик киритгандан сўнг сотиб олинг!Бу жараёнда автомашина суммасини бўлиб тўлаш, лизинг ва чет мамлакатлардан 3-6 ойлик муддатда келтириб бериш шартлари билан харид қилаётганингизда жуда эҳтиёт бўлинг!
- Ҳаж ва умра зиёратига арзон гаровга юбориш билан шуғулланиб келаётган сохта фирмаларнинг алдовига учманг!
Акс ҳолда мисқоллаб йиққан мол мулкингиздан бир зумда ажралиб қоласиз. Шу учун ўта эҳтиёт бўлинг!
Албатта, бугун жамиятимизда қонун устуворлиги таъминланган, юқоридаги каби ҳолатларни содир қилган шахсларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади.
Галдаги муҳим масалалардан яна бир бу - ўғирлик жиноятлари.
Сўнги вақтларда туманимиз ҳудудида содир этилаётган жиноятларнинг катта салмоғини ўғирлик жиноятлари ташкил этмоқда.
Хусусан, савдо дўконлари, хонадон, хонадон ва чорва мол ўғирлиги жиноятлари, фуқароларимизнинг ўз мулкларини хавфсиз сақлашга эътиборсиз бўлаётганидан далолат бермоқда.
- хонадонлар ва савдо дўконларининг қаровсиз қолдирилиши,
-эшик-деразаларга темир панжараларнинг ўрнатилмаганлиги ёки сифатсиз ва тез шикастланувчи осма қулфларнинг ўрнатилганлиги,
-автотранспорт воситалари эшикларининг очиқ ҳолда ёки овлоқ жойларда қаровсиз қолдириб кетилиши;
-далаларда ёки яшаш уйидан узоқда, атрофи ўралмаган ҳовлиларда қорамоллар ва қўй-қўзиларнинг қаровсиз қолдирилиши;
- хонадон ёки савдо дўконларини техник қўриқлаш пультига уланмаганлиги ёхуд автоном сигнализацияларнинг ўрнатилмаганлиги,
- корхона, ташкилот, муассаса, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида ташқи ёритиш ва видео кузатув мосламаларининг ўрнатилмаганлиги ёхуд қоровуллик хизматининг ташкил этилмаганлиги,
- автотураргоҳлар ва кўп қаватли уйларнинг кириш жойларида видео кузатув ва ёритиш мосламаларининг йўқлиги, подъезд ва томга чиқиш эшикларининг қулфланмаслиги, велосипед, коляска ва бошқа шунга ўхшаш турли буюмларнинг хонадонлар, кўп қаватли уйлар олдида ёки подъездларида қаровсиз қўйиб кетилаётганлиги ҳам ўғрилик жинояти содир этилишига шароит яратмоқда.
Халқимизда азалдан қолган мақол бор. “Ўзингга эҳтиёт бўл қўшнингни ўғри тутма”. Бу нақл бежизга айтилмаган албатта.
“Азиз фуқаролар ҳар биримиз ўз мол-мулкимизни асраб авайлашга, уни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашга масъулият билан ёндашайлик.
Агарда Сиз сафарга кетишни режалаштирган бўлсангиз, яшаш хонадонингизни қўриқлаш пультига топшириб, доимий равишда хонадон эшик деразаларини мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратишингизни, автомашинангизни ҳудудларда ташкил қилинган автотураргоҳларда сақланишини, автомашинани салонида пул ва қимматбаҳо буюмлар билан қаровсиз қолдирмасликларингизни,
Айниқса, ёз мавсуми кели билан туманимизнинг аксарият фуқаролари чорва молларини яшаш жойидан узоқда жойлашган далаларда, чўл ҳудудларида қаровсиз қолдириб кетишларини инобатга олиб, дала қоровулликларини ташкил қилиш, ёки бу каби салбий ҳолатларга йўл қўймасликларингизни сўраймиз.
Шунингдек, хонадонлар, савдо ва бошқа маиший хизмат кўрсатувчи шохобчаларни техник қўриқлаш пультига топшириш, видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш мулкимизнинг хавфсиз сақланишини кафолатлайди.
Бу билан Сиз пешона тери билан йиққан мол мулкингизни арзимас тўлов орқали кафолатли қўриқланишига эришасиз.
Бугунги кунда ўтказган таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, қаерда видеокузатув мосламалари ўрнатилган бўлса, шу ерда мол-мулклар ўғирланиши билан боғлиқ ҳолатлар содир бўлмаяпти.
Айнан шу сабабли вилоят Ички ишлар бошқармасида “Қалқон”тезкор бошқарув маркази ишга туширилиб, маҳаллалар, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона, ташкилот ва муассасаларда замонавий, интеллектуал видеокузатув камералари ўрнатилиб, интеграция қилинди.
Сиз азизлар ҳам хонадонингиз, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчангиз ва бошқа мол-мулкларингизнинг хавфсизлигини, муносиб қўриқланишини истасангиз биз билан бир тану-жон бўлиб, жиноят содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиб, маҳаллаларимизда кўча қоровулликларини ташкил этган ҳолда, ғараз ниятли шахсларнинг бу турдаги жиноятларни содир этишларини олдини олишда ёрдам беришингизни сўраймиз.
Оила турмуш доирасида содир этилаётган жиноятларни ҳеч бир сўз билан оқлаб бўлмайди. Чунки халқимизда оила азалдан муқаддас қўрғон, кичик Ватан каби тавсифланган.
Аммо бугунги кунда ушбу муқаддас тушунчалар бир оз чекингандек назаримда.
Чунки маҳаллаларда содир бўлган айрим турдаги оғир ва ўта оғир жиноятлар айнан оилавий келишмовчиликлар, қўни-қўшни ва яқин қариндошлар ўртасидаги низоли вазиятлар, турли маиший икир-чикирлар сабаб содир этилмоқда.
Натижада муқаддас қўрғон сифатида тавсифланган оилаларнинг дарз кетишига, вояга етмаган болаларнинг қаровсиз қолиб, келажагининг барбод бўлишига, шунингдек, носоғлом муҳитда ўсган оилалар фарзандлари орасидан жиноят содир қилишга мойил шахсларнинг етишиб чиқишига замин яратмоқда.
Шу сабабли маҳаллалардаги оила турмуш доирасида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни олдини олиш бугунги куннинг энг долзарб масаласи десам муболаға бўлмайди.
Таҳлилларга кўра, аксарият олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар нотинч, ўзаро низолашаётган, ажрим ёқасига келиб қолган, шаръий никоҳдаги оилаларда мавжуд муаммоларнинг ўз вақтида бартараф этилмаётганлиги натижасида содир бўлмоқда.
Бундан кўриниб турибдики, ҳар бир маҳалланинг еттилик вакиллари, имом хатиб ва отинойилари, патронаж хизматлари, кўча вакиллари (домкомлар), нуроний ҳожи ота ва ҳожи онахонлар, аҳолининг фаол жамоатчилик вакилларини ҳуқуқ-тартибот органлари ва масъул идоралар билан изчил ҳамкорликка чорлайман.
Бу жараёнда носоғлом турмуш тарзида юрган, ичкиликка ружу қўйган, гиёҳванд ва тажовузкор руҳий касалларни оила қўрғонида яширишдек амалиётдан воз кечиш керак деб ўйлайман. Ўз вақтида назоратга олинган бу тоифа шахслар, келгусида оғир оқибатли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олди олинишига сабаб бўлади.
Бундан ташқари “Оила-маҳалла-мактаб”тамойили асосида тарбияси оғир, назоратсиз, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил мактаб ўқувчилари билан манзилли ишлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, турли ўқув, спорт ҳамда касб-ҳунар тўгаракларига жалб этиш зарур. Оилаларда соғлом муҳитни яратишда, Бухоройи-шарифнинг ўзига хос оилавий қадриятларини кенгроқ тарғиб қилишда нуроний отахон ва онахонларнинг кўмагига муҳтожмиз.
Туманимизнинг жонкуяр фуқаролари!
Шу ўринда, кўча ва жамоат жойларида арзимаган сабаблар билан етти ёт бегона шахсларнинг тасодифий тортишувлари натижасида содир этилаётган жиноятларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман.
Аниқ бир жиноятни содир қилишга қасди бўлмаса-да, тўсатдан вужудга келган ҳолат натижасида, кучли ҳис ҳаяжон ёки асабийлашиш сабабли бири иккинчиси билан дўппослашиб, бир бирига тан жароҳати етказишмоқда.
Бу жиноятларни келтириб чиқарган сабабларга эътибор берсак, арзимаган ҳолатлар эканлигига гувоҳ бўламиз.
Маҳаллангиз, оилангиз, яқинларингиз, қўни-қўшнилар, таниш билишлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда сизлардан жонбозлик кўрсатишингизни сўраб қоламиз.
Агарда, Сизда фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлигига турли хатарлар бўйича, шунингдек бошқа шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ҳақида маълумотлар бўлса, бизга “102”қисқа рақамиорқали ёки энг яқин ички ишлар органларига хабар беришингизни сўраймиз.
Албатта хабар берганларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишига кафолат берамиз. Шуни эътиборга олингки, бу, давлат ва жамият олдидаги ўз бурчига содиқлик ҳисобланади. Сизнинг шу хабарингиз орқали оғир оқибатли жиноятларнинг олди олиниши, инсонлар ҳаёти сақлаб қолиниши мумкинлигини асло унутманг. Ҳеч биримиз бефарқликка берилмаслигимиз лозим.
Агар Сизнинг маълумотингиз асосида оғир ёки ўта оғир жиноятлар тўхтатиб қолинса, шахс, жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишининг олди олинса, ўрнатилган тартибда рағбатлантириш чораларини кўрамиз.
Шуни билингки, жиноят содир этилганидан кейин эмас, уларни олдиндан бартараф этишга эътибор қаратайлик.
Туманимизнинг азиз меҳмонлари!
Туманимизнинг яна бир ютуғи бу - тарихий обидаларга, қадамжоларга, зиёратгоҳларга бой, очиқ осмон остидаги музей сифатида тан олиниб, қулай сайёҳлик шароитларининг яратилганидир.
Шу сабабли туманимиздаги Баҳоуддин Нақшбад ва Саид Мир Кулол зиёратгоҳларига турли чет мамлакатлардан хорижий ва республикамизнинг бошқа вилоятларидан маҳаллий сайёҳларнинг ташрифи ортиб бормоқда.
Натижада сайёҳлик ва у билан боғлиқ бир қатор тадбиркорлик фаолиятларининг изчил ривожланиб бораётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.
Туризмнинг ривожланиши ортидан халқимизнинг турмуш тарзи, фаровонлиги ортмоқда.
Бунинг энг асосий омилларидан бири эса, туманда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар хавфсизлиги, уларнинг мол-мулклари дахлсизлигини ишончли таъминланишида деб биламан.
Ўтган йилда ҳам, жорий йилнинг 4 ойида ҳам сайёҳлар томонидан ёки уларга нисбатан жиноий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилмади. Бу эса ўз навбатида туманимиз аҳолисининг қанчалик меҳмондўстлиги, маданиятимизнинг юксак эканлигидан далолатдир.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга хотиржамлик, файзу-барака тилайман!