September 25

ЙЎЛ ХАТОНИ КЕЧИРМАЙДИ

Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди ўз биносида очиқ суд мажлисида Аббосов Аббос Алиевич (исм-шарифи ўзгартирилган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқди.

Аббосов Аббос Алиевич 1971 йил 3 май куни Бухоро шаҳрида туғилган, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, 3 нафар фарзанди бор, вақтинча ишсиз.

Судланувчи А.Аббосов 2024 йил 24 октябрь куни соат 15:50 ларда бошқарувида бўлган МЧЖга тегишли “Исузу” русумли чиқинди ташувчи юк автомашинасини Когон туман ҳудудидан ўтувчи 4Р69-сонли автомобиль йўли бўйлаб, Когон туман “Сиёзпоён” МФЙ томондан “Наврўз” МФЙ томон йўналишида бошқариб бориб, ушбу йўлнинг 15-километрига етганида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сон қарорига асосан тасдиқланган амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг 1-боб 2-банди, 3-банди, 4-банди, 11-банди, 77-банди ва 78-банди талабларини қўпол равишда бузиб, ҳаракат йўналиши бўйича қатнов қисмини ўнг томондан чап томонга велосипед бошқариб кесиб ўтаётган фуқаро 1949 йилда туғилган Раупов Рауф Равилович (исм-шарифи ўзгартирилган)ни автомашинасининг олд қисми билан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилган. Оқибатда, фуқаро Раупов Рауф Равилович “Оғир” тан жароҳати олиб, ҳодиса жойида вафот этган.

Суд Аббосов Аббос Алиевични Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга шу модда билан Жиноят кодексининг 45,57-моддаларини қўллаб, 1 (бир) йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 3 (уч) йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ҳақли савол туғилади?! Бундай машъум йўл транспорт ҳодисаси содир бўлмаслиги ҳам мумкин эди. Афсуски содир этилди, бир бегуноҳ инсон бу дунёни эрта тарк этди.

Огоҳ бўлайлик! Йўл хатони ҳеч қачон кечирмайди.

ҚОСИМ ХОЛОВ

Жиноят ишлари бўйича Когон туман суди раиси