March 10

Когон тумани прокурори Шарипов Сардор Искандаровичнинг туман аҳолисига профилактик-огоҳлантирувчи мурожаати!

Ассалому алайкум, ҳурматли Когон тумани аҳолиси!

Бугунги кунда юртимизда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Когон тумани Ички ишлар бўлими томонидан жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда профилактик тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бироқ, жиноятчиликни олдини олиш борасидаги таҳлиллар шундан далолат бермоқдаки, 2026 йилнинг ўтган февраль ойи мобайнида туманимизда ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган жиноятлар ҳисобига ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ёмонлашган.

Хусусан:

2026 йилнинг 2 ойида туманимизда жами 22 та жиноят содир этилган бўлиб, бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан

59.4 фоизга камайишига эришилганини кўрсатади. (37 тадан — 22 тага).

Бугунги кунда оммалашиб бораётган ва аҳоли эҳтиёткор бўлиши лозим бўлган муҳим соҳалардан бири — интернет тармоқлари орқали содир этилаётган ўғирлик ва фирибгарликлардир. Бу жиноятлар оддий содда фуқароларимизнинг ишонувчанлигидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Эълонлар, онлайн кредитлар, "Ютуқ ютиб олдингиз", “Пулингизни кўпайтириб берамиз” каби сохта хабарларга ишонманг!

Унутманг, Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади.

Содир этилган жиноятларнинг 63.6 фоизи14 та ҳолат олди олиниши мумкин бўлган жиноятлардир. Бу эса ўз навбатида жамоавий ҳушёрликнинг етарли эмаслигини кўрсатади.

Олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг энг кўп салмоғини, 7 та ўғрилик ва 1 та оилавий маиший зўравонлик 3 та йўл транспорти ҳодисалари билан боғлиқ жиноятларни ташкил қилаётганлиги, энг ачинарлиси йўл транспорти ҳодисалари натижасида 3 нафар фуқароларнинг ҳаётдан эрта кўз юмганлиги, 2 нафар фуқаролар турли оғирликда тан жароҳатлари олганлиги, фуқаролар томонидан йўл белгиларига амал қилмасдан шошқалоқлик билан транспорт воситаларини бошқараётганликларини намоён қилади;

Унутманг! Сизнинг соғлигингиз ва умрингиз, ҳар қандай вақтдан ёки неъматдан устундир.

-содир этилган 7 та ўғирлик жиноятларининг савдо дўкони, чорва моллари ва хонадон ўғирликларини ташкил қилаётганлиги, фуқароларимизни ўзларига тегишли мол-мулкларини қаровсиз қолдираётганликларидан далолат беради.

Зеро, бугунги кунда аҳоли хоадонлари ва савдо мажмуаларига кузатув камераларини ўрнатиш, ўғирлик жиноятларини олдини олишда самарали натижа кўрсатаётганлигини унутмаслигимиз лозим.

Шу боисдан сиз азиз юртдошлардан қуйидагиларга қатъий амал қилишингизни сўрайман:

- Мулкий хавфсизликни таъминлаш: уй, автомашина ва шахсий буюмларга эътиборли бўлинг, чорва молларингизни далада қаровсиз қолдирманг;

- Интернет орқали харидлар ёки молиявий операциялар амалга оширилганда эҳтиёт бўлинг;

- Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга аҳамият беринг, уларни назоратсиз қолдирманг;

- Маҳаллангизда шубҳали шахслар ва ҳолатлар бўйича ИИБ ходимларига ёки “112” қисқа рақамга хабар беринг;

- Оиладаги низоларни зўравонликсиз, қонуний йўллар билан ҳал қилишга ҳаракат қилинг.

- Хонадонингиз, ва бошқа кўчмас мулкларингиз атрофида кузатув камераларини ўрнатинг ва кузатув камерларини ўрнатиш борасида қўни-қўшниларингиз орасида тарғиб қилинг.

Бугунги кунда туман миқёсида қидирувда бўлган 6 нафар фуқароларнинг 1 нафари ушланган, 5 нафар шахслар ҳали ҳам ушланмаган. Фуқаролардан ушбу шахслар тўғрисидаги маълумотлар бўйича ҳамкорлик қилишларини сўраймиз.

Ҳурматли тумандошлар!

Жиноятчиликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу — барчамизнинг умумий бурчимиз! Туманимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда фаол иштирок этиш—ҳар бир юртдошимизнинг Ватан олдидаги масъулиятидир.

Биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш олиб боришга чақираман.

Келажагимиз фаровон ва хавфсиз бўлиши — бизнинг бугунги ҳаракатимизга боғлиқ.

Эътиборингиз учун раҳмат!