Kun tarixi
December 20, 2024

20-DEKABR KUNI TARIXI

Ватанимиз тарихидаги 20 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.


1398 йил (бундан 626 йил олдин) – Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриши вақтида эгалланган Деҳли султонлиги пойтахти Деҳли шаҳридаги жомеъ масжидида Соҳибқирон номи хутбага қўшиб ўқилди. Тарихчи олим Шарафиддин Али Яздийнинг қайд этишича, Деҳлида бу вақтга қадар хутбани ўн йил олдин вафот этган ҳукмдор Ферузшоҳ Туғлуқ ва бошқа олдинги шоҳлар отларига ўқир эдилар. Амир Темур Деҳлидаги бу қоидани бекор қилди.

Бу ҳақда тарихчи олим Низомиддин Шомий қуйидагича қайд этган: “Мазкур ойнинг ўнинчисида жума куни мавлоно Носириддин Умар олий даргоҳнинг мулозимлари бўлмиш акобиру ашрофлар билан бирга шаҳарга кирсинлар ва хутбани ҳумоюн лақаблар зебу зийнати билан безатсинлар, деган фармон содир бўлди. Фармонга биноан ушбу аҳду замон подшоҳи ва улуғ амир Темур Кўрагон (амири бузург Темур Кўрагон) ҳам вали ул-аҳд амирзода Муҳаммад Султон номлари билан хутбани безадилар”.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, хутба жума намози олдидан ва ҳайит намозидан кейин хатиб (масжид имоми)нинг ваъзхонлиги, диний панд-насиҳат ҳисобланади. Ўрта асрларда хутбанинг муҳим сиёсий аҳамияти бўлган. Намозхонлар мамлакат ҳукмдори исмини айтиб, унинг ҳақига дуо қилишлари лозим эди. Хутбада ҳукмдор исмининг ёдга олиниши ҳукмдорнинг мустакил эканлигининг асосий ташки белгиларидан бири ҳисобланган.


1400 йил (бундан 624 йил олдин) – Олд Осиё мамлакатларига «етти йиллик юриш» бошлаган Амир Темур қўшини Дамашққа етиб келди.

Соҳибқирон асосий қўшин ва кароргоҳ билан ўз илғор қисми кетидан жўнаш арафасида Араб дунёсини фатҳ этганини келажак авлодларга тарих қилиб қолдириш учун Ғарбий Суриянинг қадимий Ҳамо шаҳридаги Нурий жомеъ масжидининг қибла тараф деворига форсий тилда битик ёздирди. Араб муаррихи, “Амир Темур тарихи” асари муаллифи Ибн Арабшоҳ Соҳибқирон вафотидан кейин Мовароуннаҳрни тарк этиб, кўп шаҳарларни кезиб чиқади. 1435 йил 26 сентябрда Ҳамо шаҳрига келади. Намоз ўқиш учун Нурий жоме масжидига киришда унинг қибла томонидаги тошда форсча битилган ёзувга кўзи тушади. Диққат билан ўқиб чиқиб, у Амир Темур томонидан ёзиб қолдирилганига гувоҳ бўлади. Ибн Арабшоҳ 1436–1437 йилларда ўзи ёзган ушбу асарида мармар тошга нақш қилинган ёзувнинг матнини келтиради.

Битик шундай мазмун билан бошланади: “Ушбу сатрларнинг суратга солиниши сабаблари шуки, Тангри таоло бизга мамлакатларни фатҳ қилишни муяссар кўрди, ҳатто биз Ироқ ва Бағдодгача ҳамма ерларни батамом эгалладик. Шу билан биз Миср султонига қўшни бўлдик ва унга мактуб ёздик ҳамда турли-туман ҳадялар билан унга чопарларимизни жўнатдик. У бўлса, ҳеч бир заруратсиз чопарларимизни ўлдирди. Элчи жўнатишимиздан мақсадимиз, икки томон орасида дўстлик ипини боғлаш, икки тараф ўртасида садоқат борлигини таъкидлаш эди. Сўнгра, бундан бироз муддат кейин баъзи туркмонлар бизнинг томонимиздаги кишилардан айримларини тутиб олиб, уларни Миср султонига юбордилар. Султон уларни зиндонга солиб жабрлади. Мана шунга биноан мухолифларимиз чангалидан ўз фуқароларимизни халос қилиш мақсадида биз йўлга чиқдик. Шу сабабли бизнинг Ҳамода манзил тутишимиз ҳижрий 803 йил раббиулохир ойининг йигирмаларига тўғри келди”.


1820 йил (бундан 204 йил олдин) – тарихчи Д.Валиеванинг “Амир Ҳайдар даврида Бухоро-Россия дипломатия алоқаларига оид маълумотлар” номли мақоласида қайд этишича, Бухоро амири Ҳайдар Россия элчиси Александр Негрини қабул қилди. 20 декабрь куни чошгоҳда элчи амир ҳузурига саф тортиб йўл олади.

“Сафнинг олдида, – деб ёзади шу элчилик таркибида бўлган Е.К.Мейендорф, – казаклар биз олиб келган совғаларни кўтариб боришарди. Улар: мўйналар, чинни ва биллур идишлар, тилла соатлар ва қуроллардан иборат эди. Пиёда аскарларнинг бир қисми саф тортиб орқадан келишарди. Форс тилини мукаммал биладиган, хушсурат, муҳим мансабли ўзбек амалдори элчиликни саройга олиб кириш учун уларнинг олдига тушиб борарди”.

Элчининг амир хузурида қабул қилиниши ва унга подшоҳнинг ишонч ёрлиғини топшириши ҳақида Мейендорфнинг асаридан қуйидагиларни ўқиймиз: “Икки ёнида камергерлари билан Негри хон томонга ўн қадам юриб, унга форс тилида мурожаат қилди ва кейин қушбегига ишонч ёрлиғини топширди ва ўтирди. Элчиликнинг бошқа аъзолари эшикнинг икки томонида турганча қолдилар. Қушбеги зудлик билан императорнинг мактубини хонга топширди; хон уни баланд овоз билан ўқиб чиқди...” Д.Валиеванинг ёзишича, қабул маросими 20 дақиқа давом этади.

Элчи яна бир неча бор амир ва унинг вазири билан учрашиб, музокаралар олиб боради. Амир ҳар икки томондан савдо карвонларининг тез-тез келиб туриши ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш лозимлиги, жумладан, савдо карвонларини Сирдарёгача бухоролик отлиқлар кузатиб бориши, у ердан Оренбурггача рус отлиқлари ўз ҳимоясига олиши тўғрисида фикр билдиради. Бироқ Россия элчисининг Бухорода Россия империясининг доимий консуллигини очиш фикрига у рўйхуш бермайди; худди шунингдек, Оренбургда ёки Петербургда Бухоро консуллигини ташкил этиш ҳақидаги таклиф ҳам маъқулланмайди.


1933 йил (бундан 91 йил олдин) – микробиолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Чаржау Абдиров таваллуд топди (вафоти 1997 йил). У 1969–1976 йилларда Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазири, 1976–1985 йилларда Нукус давлат университети ректори лавозимида ишлаган.


1991 йил (бундан 33 йил олдин) – Покистон Ислом Республикаси ва Руминия Республикаси Ўзбекистон суверенитетини тан олди.


1996 йил (бундан 28 йил олдин) – Токиода Ўзбекистон элчихонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.


1996 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Фанлар академиясида Абдурауф Фитрат таваллудининг 110 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш ва илмий конференция бўлиб ўтди.


2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унга асосан август ойининг биринчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси темир йўл транспорти ходимлари куни этиб белгиланди.


2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.


2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.


Ma'lumotlar UzAning tegishli maqolasidan olindi.

Mening Telegram kanalim: @lusailbyazizbek