June 28, 2022

Кенг тарқалган эпидемия ва бу СOVID-19 эмас

Designs by Farrux Sotvoldiev

Бугунги кунда ёшлар вақтларини ижтимоий тармоқларда, турли видео ўйинларда совурмоқдалар. Умр бекорга ўтаётганидан, бундай ахмоқгарчиликлардан кўпчилик норози...

Лекин вақтнинг завол бўлиши фақатгина ҳали «катта бўлолмаётган» ёшлардами? Балки катталарда ҳам вақт исроф бўлаётгандир. Бугунги гапирмоқчи бўлган омилимиз бир қатламга тегишли – давлат хизматлари ва унга алоқадор сохалар.

Бундай соҳа вакилларининг кўпчилиги иш вақти ва «дам олиш кунлари»ни ўзи истамаган холатда бла-бла-бла мажлисларда ўтказишади. Уларга оила даврасида эндигина чой ичаётган вақтда «Сахар 6:00да йиғилиш. Хоким келади, ҳамма 100% бўлиши шарт!!!» деган SMS келади. Уларни 3 соат давом этган мажлисдан сўнг энди уйга кетаётган вақтида, кейинги 2 соат давом этадиган мажлисга олиб кириб кетишади.

Воқеалар ривожи баъзида бундай:

Ўзидан юқори лавозимда ишловчи рахбарнинг 2 соат давом этган сўкиш, тана-маломат, тахқирлашдан иборат мажлисидан чиққан бошлиқ, янада кучлироқ ғазаб ва аламзадалик билан ўзидан қуйидаги ходимларни йиғиб ўз трагедик йиғилишини бошлайди

Адлия вазирлиги хузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институтининг 2020-йилги сотсиологик тадқиқоти мажлисбозликни «эпидемия» эканлигини кўрсатади.

Тадқиқотда 14та туман(шахар)дан 15та давлат ташкилоти рахбарлари, жами 208та иштирокчи қатнашган. 61,1% иштирокчи кунига 2-4 ва ундан кўп мажлисларда иштирок этишини билдирган. 62% қатнашчи эса мажлислар бир-бирига уланиб кетишини таъкидлаган. 52,4% иштирокчи мажлислар иш вақтидан ташқари бўлишини айтган

Худудларда мажлисбозлик энг юқори кўрсаткич қайд этиб келмоқда. Масалан дам олиш кунлари 7-8 мартагача мажлисларга қатнашадиганлар бор.

Мажлисбозлик фақат Ўзбекистонда тарқалмаган. Дунёнинг хар бир давлатида бемаза мажлислар ўтказилади. Буюк Британияда самарасиз учрашувлар сабабли ҳар йили 29 млрд ₤ хавога кетиши мумкин. 1000 киши билан ўтказилган сўровномада 21% одам ухлаб қолишини тан олган. Зерикарли мажлислардан президентлар, вазирлар, судялар ухлаб қолишган.

Ўзбекистонда тарқалган мажлисбозликнинг характерли жихати мажбурлашдир.

Фермерлар, махалла раислари, хоким ёрдамчилари, ўринбосарлар, банкирлар хаддан ташқари кўп мажлис, йиғилишларда қатнашишади. Мажлисларга ойликдан қирқиш, қўшимча иш белгилаш, ишдан бўшатиш ва бошқа жазолар билан қўрқитиш орқали чақириш одатий хол.

Йиғилишларда қайсидир ходимнинг яхши ишламаётгани айтилиб, барча ёнида изза қилинади, вахоланки у ишини қилиш ўрнига мажлисдан мажлисга сакраб юргани учун бажара олмаган бўлса ҳам.

Ёпиқ форматда ўтказилган айрим мажлислардан яхши гап топиш қийин.

Баъзи рахбарларда ўз иши ходимларни камситиш ва ҳар куни мажлис қилишдан иборат деган стереотип шаклланган. Уларга йиғилиш, мажлис ўтказгани учун ойлик тўланадими?

Муаммони хал қилиш, режалар тузиш ва тахлил қилиш, ходимларга тўғри йўл кўрсатиш учун ва бунга қарши равишда, «планни тўлдириш», ғазабни чиқариш, камситиш, асл муаммони беркитиш учун ҳам мажлислар қилинади.

Мажлислар расмга олиб, «тепадагиларга» кўрсатиш ҳамда чиқариб деворга илиб қўйиш учун ҳам қилинади. Кўп мажлисларнинг асосий мавзуси бўлган ижтимоий сохада муаммо аслида ўша жойнинг ўзида хал қилиниши керак бўлса хам, бу вақтда ходимнинг ўзи йиғилишда дакки эшитаётган бўлади.

67% йиғилишлар одатда самарасиз тугайди. Шу сабабли коллектив вақтнинг 15% бекорга сарфланади. Баъзи йиғилишларда кимнидир эътироф этилса, баъзилари шунчаки қарсакбозликлардан иборат. Яъни «Қарсакда ҳақиқат йўқ!»

Барча салбий жихатларини хисобга олганда ҳам, барибир ташкилот мажлисларга мухтож. Фақат уларнинг эффективлигини таъминлаш учун бир нечта омилларни хисобга олиш керак:

  • Битта мавзу доирасида ўтказиладиган ўнлаб мажлислардан бутунлай қутулиш
  • Иш вақтдан ташқари ва дам олиш кунлари мажлис белгиламаслик
  • Мажлис, йиғилиш ўтказиш учун 100% аниқ мақсад, режага эга бўлиш
  • Олдиндан тайёргарлик кўриш
  • Фақат мавзуга алоқадор шахсларни йиғиш
  • Барча учун қулай вақт топиш
  • Онлайн мулоқотдан керакли вақтда фойдаланиш
  • Ҳақиқатдан хам мажлис ўтказиш зарурати борлигини текшириш

Мажлисларни аслида рахбарнинг хатоларини яшириб, ходимларни бўйнига илиш ва ёлғон статистикаларни эълон қилиш учун уюштираверсак, сўзлар амалларга кўчмай қолиб кетаверади.