Биринчи қора танли банкир аёл
1901 йилда 37 ёшли Мегги Л.Уолкер Ричмонд шаҳридаги Қора танлилар жамияти аъзоларига чиқиш қилиб, аёллар учун бизнес имкониятларини яратиш мақсадида универсал дўкон ва газета ташкил қилишни таклиф қилди.
“Биринчидан, бизга омонат касса керак, — деди Уолкер. — Келинглар маблағларимизни бирлаштирайлик. Тангаларни йиғиб долларга айлантирадиган банк бўлсин”.
Мегги Уолкер кўрдики, оқ танлилар эгалик қиладиган банклар қора танлилар, хусусан аёлларга, ўта баланд ставкалардагина кредит-қарзлар беришда давом этаверади.
Бироз вақтдан сўнг аниқроғи икки йил ўтгач у Ричмонднинг Жексон Уорд номли ҳудудида “St.Luke Hall”нинг илк офисини очди. Бу ерда ўзининг шахсий идораси, касса ва “St.Luke Herald” газетаси босмахонаси жойлашганди.
Мегги Уолкер бошқа банкларнинг иш тизимини синчиклаб кузатди. Ҳафтасига бир неча соат вақтини оқ танлилар эгалигидаги Ричмонд Миллий Савдогарлар банкида ўтказди. У муваффақиятга эришиш учун керак бўлган мижозлар базасини яратиш мақсадида Сент Люкка янги аъзоларни жалб қилди.
1903 йил 2 ноябрда Уолкер томонидан “St.Luke Penny” жамғарма банки очилди. Унинг банки Жексон Уорд ҳудудидаги қора танли маҳаллий тадбиркорларга чек ва омонат ҳисобварақлари, ипотека кредитлари ва инвестиция капиталини таклиф қилди.
Биринчи куннинг ўзида 280 мижоз 9400$ дан ортиқ (ҳозирда бу таҳминан 280 000$) маблағ киритди. Энг катта киритилган маблағ 441$ бўлса, атиги 31 сент қўйиб очилган ҳисобрақам ҳам бор эди.
Орадан ўн йил ўтиб Мегги Уолкернинг банки 200 000$ лик (ҳозирда 5 млн $) активларни бошқарарди.
“Унинг ҳаракатлари туфайли, идораларда қора танли аёллар ишлайдиган бўлди. У Ричмонддаги қора танли аёлларнинг энг катта иш берувчиси эди”, — дейди Уолкернинг набираси Лиза Микенс.
Мегги Уолкернинг онаси ўқиш ёзишни билмайдиган оддий хизматчи эди. Лекин у қизини зиёли бўлишини истаган. Шунинг учун Меггининг биринчи иши ҳам, иш ҳақи ойига 35$ бўлган ўқитувчилик эди. Лекин турмуш қургач ўқитувчиликни тўхтатишга мажбур бўлган. Чунки маҳаллий штат қонунларида турмушга чиққан аёллар учун бу касб таъқиқланганди. Ёшлигидан ирқий камситилганлиги унинг Сент Люк орденига қўшилишга ундаган. Ўша пайтда орден раҳбари Уилям Форрестернинг нотўғри бошқаруви туфайли ташкилот молиявий инқирозда учраган эди (400$ қарздорлик, ғазнада атиги 31$ қолганди). Бу вазият орқали Уолкер асосий майдонга чиқди. Раҳбарликни қўлга олиб Сент Люкнинг барча қарзларини узишга муваффақ бўлди ва ғазнага 1288$ (бугунда 38 000$) жамғарди.
Уолкер 1903 йилда “St.Luke Penny” банкини капиталлаштириш мақсадида, унинг акцияларини 10$дан сотди. Шунингдек директорлар кенгашидаги ҳар бир аъзонинг камида ўнта акция сотиб олишини талаб қилди. Банк биринчи иш йилида мижозларга 8400$ (ҳозирда 250 000$) кредит ажратди. Бу эса акциялар нарҳидан икки баравар кўп эди.
Банк кўплаб аёлларнинг ҳатто бир доллардан кам депозитларини ҳам қабул қиларди. Тез орада булар ўз натижасини бермай қолмади. XX аср 20 йилларида “St.Luke” 500 000$ лик маблағ (ҳозирда 7 млн. $ атрофида) тўплаб, 645 хўжаликка ипотека кредити ажратди.
Маълумотларга кўра, 1913 йилда банкнинг 120 000$ (ҳозирда бу 3.8 млн $) кредит маблағлари, 17 004$ (бугунда бу 538 000$ атрофида) нақд депозитлари бўлган.
“St.Luke Penny” биз ҳозирда микроқарзлар деб атайдиган нарсага кашшофлик қилди — банк 5$ лик (ўша пайтдаги ўртача бир ҳафталик маош) миқдорда кредитлар ажратди.
Маҳаллий Броуд Стрит тижорат округи қора танли мижозларга харид қилиш учун техник рухсат берган бўлса ҳам, бу улар учун тўлақонли эркинлик эмасди. Шунга қарамай Мегги Уолкер ўз империясини кенгайтириб 1905 йилда “St.Luke Emporium”га асос солди (Банкнинг янги идораси ва универсал дўкон, универмаг). Универмагда асосан қора танли аёллар ишлар, стендларда ҳам қора танли манекенлар турарди, мижозлар ҳам кўпроқ қора танли эди.
Табиийки, Уолкер фаолиятида кўплаб тўсиқларга дуч келган. Мисол учун бир сафар унга лойиҳани тўхтатиш шарти билан 10 000$ (ҳозирда бу 300 000$) таклиф қилишган. Бунга кўнмагани учун Уолкернинг “Emporiom”ини саботаж қилишади ва таъминот занжирини узишга ҳаракат қилишади. Баъзи қора танли савдогарларга “Emporium”да маҳсулот сотгани учун қасос олиш билан таҳдид қилишади. 1911 йилда шулар туфайли универмаг ёпилади.
Мегги Уолкернинг шахсий ҳаёти ҳам осон кечмаган. 1915 йилда бахтсиз ҳодиса туфайли ўғли отасини отиб қўйди. Бу етмаганидек, Меггининг қандли диабет касали бўлиб, кейинчалик бу унинг оёғи ишламай аравачага михланишига сабаб бўлган.
Уолкер ногирон бўлсада қаттиқ ишлашда давом этди. Шу сабабли у 20 йиллар охирида бошланган Буюк Депрессиядан омон чиқди. Бу даврда у оқ танлиларнинг банкларини кузатди. Улар кичик рақобатчиларни сотиб олиб ўзига қўшиб олишарди. Мегги Уолкер ҳам шундай йўл тутди.
1929 йилда Уолкер банки Секонд стрит банки билан бирлашиб Консолидат банкига айланди. Икки йил ўтгач, 1931 йилда иттифоққа қўшилди.
Депрессиядан омон чиққан бу тижорат банки XXI асрга келиб ҳам фаолият юритарди. 2005 йилда ташкилот “Abigail Adams Bancorp” эгалигига ўтди. 2011 йилда уни “Abigail Adams”дан “Premium Financial” сотиб олиб 1.3 млрд $ активларга эга бўлган маҳаллий банкка айлантирди.
Мегги Уолкер 1934 йилда қандли диабетдан вафот этган. Унинг ўша вақтдаги бойлиги 45 000$ (бугунги кунда бу 900 000$га тенг) га баҳоланган. Унинг уйи музейга айлантирилиб. Ричмонд шаҳрида унга ҳайкал қўйилган.
Bankir Kundaligi tarjimasi
Манба: forbes.com