April 25, 2020

«ХВЖ кредит ажратиш учун қўшимча шартлар қўймайди» — молия вазири ўринбосари

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов ХВЖ 375 миллион доллар миқдорида кредит ажратишда Ўзбекистонга қўшимча шартлар қўймаслигини ва ислоҳотларни давом эттиришни талаб қилаётганини айтди. Шунингдек, у бошқа қарзлар тафсилотларига ҳам тўхталди.

Халқаро валюта жамғармаси 375 млн долларлик кредит ажратишда Ўзбекистон олдига қўшимча талаблар қўймайди, дея маълум қилди молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов жумани куни бўлиб ўтган онлайн-брифингда.

ХВЖ

ХВЖ кредит ажратишга рози бўлгани ҳақида ушбу ҳафтада бош вазир ўринбосари -иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилган эди. «Халқаро валюта жамғармаси ўзи аслида, ҳукуматларга кредит бермайди, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб улар ҳам 375 млн доллар беришига келишиб олдик», — деган эди у.

ХВЖ маълумотларига кўра, банклардан фарқли равишда, жамғарма муайян лойиҳаларга маблағ ажратмайди. Унинг молиявий ёрдами ўзининг халқаро захираларини тўлдирмоқчи, ўз валюталарини барқарорлаштирмоқчи, импорт учун тўловларни ҳамда бирламчи муаммоларни ҳал этиш бўйича чораларни қўллаган ҳолда фаол иқтисодий ўсиш учун қайта тиклашни давом эттирмоқчи бўлган давлатларга йўналтирилади.

Одилбек Исоқов ХВЖ кредит ажратишда Ўзбекистонда жамғарма кўмагида олиб борилаётган ислоҳотларни давом эттиришни сўраган.

«375 млн доллар — ХВЖдаги улушимизнинг ярми ҳисобланади. Шу 375 млн долларни беришни таклиф қилишди ва биз буни ҳозир кўриб чиқяпмиз. Шартлари қандай бўлади? Бунда сиз ўйлаган шарт бўлмайди. Яъни, масалан, бошқа мамлакатларда олдинги инқирозларга қарасангиз, масалан, Туркия олган ХВЖнинг айрим шарт-шароитларини бажариш учун, Аргентина, Венгрия, Латвия олган турли йилларда. Демак, турли давлатлар инқироз вақтида ХВЖга мурожаат қилиб, бир неча миллиард долларлик кредит олиши олдин ҳам кузатилган. Лекин у вақтда ислоҳотлар ХВЖ билан келишилиши лозим бўлган. У кредитлардан бу 375 миллион долларлик кредитнинг фарқи нимада, деб сўрасангиз, фарқи, биринчидан, COVID-19 учун берилаётган кредит, албатта, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун бериляпти. Иккинчидан, унинг шартлари жуда ҳам енгил. Яъни, қўшимча алоҳида шарт қўйишмаяпти», — деди у.

«Биз аллақачон амалга ошираётган ислоҳотларни давом эттиришимизни сўрашяпти. Масалан, валюта курсининг битталигини таъминлаш. Илгари иккита-учта курс бўлиб кетгандику. Шундай нарсаларга йўл қўймаслигимизни сўраяпти. Яъни ХВЖ билан олдин қандай келишувларга эришган бўлсак, улар ёрдамида қандай ислоҳотларни амалга ошираётган бўлсак, шу ислоҳотларнинг бардавом бўлишини хоҳлашяпти. Жамшид Қўчқоров ҳам айтиб ўтдилар, бу ислоҳотлар пандемия туфайли тўхтаб қолмайди. Балки пандемия туфайли янада кучли илдамлайди», — деди вазир ўринбосари.

Жаҳон банки

Молия вазири ўринбосарининг сўзларига кўра, яқин кунларда Жаҳон банкининг 200 млн долларлик кредити кутилмоқда. Апрель охирида ЖБ директорлар кенгаши таклифни маъқуллаши билан май ойидан қарз маблағлари тушишни бошлайди.

«Ўтган йили Жаҳон банки Development Policy Operation (DPO — ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш) бўйича ислоҳотлар амалга оширилганидан кейин бизга кредитлар берган эди. 200 млн доллар ўтган йилги ислоҳотларни бу йил ҳам давом эттираётганимиз учун берилди. Бунда ҳеч қандай қўшимча шарт-шароит йўқ. Жаҳон банки билан DPO3 бўйича ҳам (маблағлар) олишга келишиб олдик. Бунда Жаҳон банки билан алоҳида ислоҳотлар матрицаси ишлаб чиқилади. ЖБ билан ишлаб чиқилаётган ислоҳотлар макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун. Демак, ЯИМнинг ўсишини таъминлаш, инфляцияни пасайтиришни таъминлаш, фискал ва монетар сиёсатнинг асосий қоидаларини янада кучайтириш, институционал салоҳиятни кучайтириш каби», — деди Одилбек Исоқов.

ОТБ ва ФТА

Осиё тараққиёт банки ва Франция тараққиёт агентлиги энергетика соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун кредитлар ажратмоқда, дея таъкидлади вазир ўринбосари. Масалан, ўтган йили «Ўзбекэнерго» қайта ташкил этилиши натижасида учта ташкилот, шунингдек, Энергетика вазирлиги ташкил этилди.

«Биз ҳозирда энергетика компанияларини корпоратив бошқариш, яшил энергия ва бошқаларни ривожлантириш матрицаларини ишлаб чиқмоқдамиз. Ушбу чора-тадбирлар асосида бизга кредитлар беришади. Биз бунга ижобий томондан қарашимиз керак, чунки ҳар бир ислоҳот биз учун жуда муҳимдир», — деди у.

JICA

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) қишлоқ хўжалиги ва боғдорчиликни ривожлантириш учун кредитлар ажратди.

«Агентлик ушбу соҳага маблағ ажратишни давом эттирмоқчи, ҳеч қандай алоҳида талаблар йўқ. Жумладан, маблағлар иссиқхоналар қуриш, пахта ёки буғдой етиштириш ўрнига юқори қўшимча қийматга эга сабзавот ва меваларни етиштиришга сарфланади», — дея тушунтирди Одилбек Исоқов.