Кунлардан бир кун
Чексиз само бомдод маҳалидай бўзарган. Оромбахш сабо эсади. Кўкда саноқсиз деб бўлмайдиган даражадаги юлдузлар аллақандай чароғон ва тиниқ порлайди. Бутун осмонни эгаллаган бургутсимон буюк Қуш ҳайбатли қанотларини хиёл очиб, чўғдай қизил, лекин жуда чиройли кўзларини бир нуқтага тикканча қотиб турадир...
У беихтиёр Қушга яқинлаша бошлади. Яқинлашгани сайин, унинг нақадар улкан эканлигини сезди. Қаршисида ўзини ушоқдай ҳис этди. Қушга кўзи тушган илк лаҳзалардаги ваҳм, ҳайрат ва ороми кучайиб борди. Ваҳм, Ҳайрат ва Ором бир вужудда жам бўлди. Ва бирдан ҳайбатли Қуш оёқларининг ости бўшлиқ эканини пайқади. Ўз оёқларининг ҳам таги бўш – ҳеч нарса йўқ эди. Ҳайрат қўрқув билан алмашди. Ўтакаси ёрилиб, нажот излагандай Қуш томон талпинди. Шунда ўзини Буюк Қушнинг тумшуғида кўрди. Негадир қулашдан чўчимай, пастга қаради. Пастда эса денгизлар, тоғлар, ўрмонлар ва дашту биёбонларни бағрига олган мовий сайёра бир маромда чарх урарди. Уни таниди! Фазогирлар тасвирлари орқали тасаввурига ўрнашган Ер сайёраси! У сокин ва гўзал эди. Малолсиз ёришиб турарди. Оҳанрабодай ўзига тортарди. Бир зум тикилиб қолди...Кўз узгиси келмасди...
Само қалқиди! Буюк Қуш тўлғонгандек бўлди, тумшуғи қизиди шекилли. Унинг ҳам оёқларининг остига иссиқлик югурди. Лекин Қуш сеҳрлангандай ҳануз ўша бир нуқтага термулганча қотиб турарди. У Қуёш янглиғ ранго-ранг нур таратар, лекин кўзни олмас, куйдирмас эди. Унга қараган кўзлар термулиб қолар, Вужуд беқиёс ором олар эди. Ундан жуда ёқимли Меҳр таралар эди... У Буюк Қушнинг тумшуғида туриб, унга қўшилиб ўзининг намоз ўқиётганини кўрди... Қоронғилик ичра яқинларини кўргандай бўлди. Соғинган эди. Кўз ёшлари оқиб, улар томон талпинди...
–Дадаси!.. Ҳой дадаси!.. Тузукмисиз? Бирам йиғладингиз-ей... Қўрқиб кетдим... Уйғотганиям кўнглим бўлмади...
Жиққа терга ботган Шокир Толипович ёшланган кўзларини катта очганча, тепасида хавотир билан қараб турган аёлини кўриб меровланиб қолди. Ўзига келиб, енгил тин олди. Боягина кўрган тушини эслаб, юраги ҳапқирди. “Во, ажаб! Бу қандай ажойиб туш бўлди?! Чексиз гўзал само... Меҳрли Нур, кўзлари оловли ва чиройли Буюк Қуш, оромбахш сабо...”. Тушни яна кўргиси келиб, кўзини юмган эди, хотинининг овози эшитилди:
–Мен намоздан кейин ухлаганим йўқ. Китобимни ўқиб ўтирдим. Сиз худди ўша пайтда авжга чиқдингиз-да...
Комила эридан олдин нафақага чиқиб олгач, намозга берилган, анчадан бери Қуръон ўқишни ўрганар эди.
–Хуррак отдимми? – сўради, у кўзини очмасдан.
–Хуррагингизга-ку, ўрганиб қолганман. “Оҳ-воҳ” қилдингиз, инградингиз. Қўрқиб кетдим... Кўз ёшингизни артмоқчи эдим, уйғониб кетдингиз. Ёмон туш кўрдингизми?..
–Йўқ, ёмонмас... – деди-ю, тушини сўз билан таърифлаб беролмаслигига ақли етди.
Шокир Толипович нафақа ёшига яқинлашгани сайин ўлимни кўп ўйлайдиган бўлиб қолди. Қоронғу гўрга кўмилишини тасаввур қилса, юраги орқага тортади. Тор ва ёритилмаган жойларга кириш тугул, кўз олдига келтиришдан ҳам қўрқади. Шундай пайтлар хонасида ўтирган бўлса, апил-тапил бўйинбоғини ечиб, ташқарига отилади. Кенг мовий осмонга, гулларга, дарахтларга ютоқиб тикилади. Уйида бўлса кечаси уйқуси қочиб, ҳовлисини узоқ айланиб юради. Худди ҳаво етмаётгандай чуқур-чуқур нафас олади. Шундагина қалбидаги ваҳима бироз чекингандай бўлади.
Аслида, у ҳам ўлим нима эканлигини яхши билади. Яқинларидан айрилиш изтиробларини бошдан ўтказган. Волидаси жуда ёшлигида вафот этган бўлса-да, отасини, она ўрнида кўрган бувисини кўмган. Дўстларининг, қариндошлари ва таниш-билишларининг жанозаларида, дафн маросимларида қатнашган. Юрагига ўлим ваҳми тушгандан бери эса жанозаларга бориб турса ҳам, қабристонга бормайдиган бўлиб қолди.
Ётоқхонасидаги катта ойнада бўйинбоғини боғларкан, оқарган сочларига қараб, яна маҳзунлашди. Эрини ишга кузатишни маросимга айлантириб олган аёлига қарамасдан сўради:
–Озодбек қаерда? Кечаси неччида келди? Келдими, ишқилиб?..
–Келган... Уйида ухлаяпти, – деди Комила норози оҳангда.
–Яна ичиб келдими?.. Сендан сўраяпман, нега индамайсан?
Комила қошини чимириб, куймаланишда давом этди. Эрининг пўписасидан сўнг “Ҳа, сизнинг ўғлингиз бўлганидан кейин...” деб, ундан аламини олмоқчи бўлди.
У қаҳр билан хотинига ўгирилди. Эрининг олайган кўзларига дош беролмаган Комила ташқарига чиқиб қутулди.
Аёлининг хафа бўлганича бор. Сочларининг оқи қорасини енгаётган бўлишига қарамасдан, Шокир Толипович ҳалиям ичкиликдан қайтган эмас. Нима кўп, ҳар хил тадбирлар кўп. “Меҳмонлар” деб аталадиган текширувчиларнинг-ку, кети узилмайди. Ҳар бирининг ҳурматини жойига қўйиб кузатиш, зиёфат қилиб, кўнглини олиш керак. Шундай бўлгач, меҳмонларга қўшилиб ўзинг бирга ичмасанг, бўлмайди. Тез-тез дўстлари ҳам йўқлаб туришади. Уларни яхши кўради. Улар ҳам амалдор оғайниларининг дастурхонини яхши билишади. Биргалашиб, “тозаларидан олишади”. Ичмасам, қуйиб бермасам, келмай қўйишади, деб ўйлайди у. Одатда, ичганда бироз сергапроқ бўлиб қолса ҳам, қаттиқ маст бўлмайди. Ўзи айтмоқчи, вақтида “тўхтайди”. “Бўлди, қизил чизиқ кўринди,” деб туриб олади. Авваллари у давраларнинг “гулига” айланар, ҳатто махсус ёдланган шеърлар, латифалар айтиб, суҳбатни қиздирар, ҳаммани қойил қолдирар эди. Уйига қайтишида эса, гуллар ва совғалар билан келиб, аёли ва болаларининг ҳам кўнглини оларди. Кейинги пайтларда озгина ичилгандан сўнг эски гапларни қўзғайдиган ва иззатталаб бўлиб қолди. Шунинг учун бўлса керак, кайфи тарқалгач, завқ ўрнини надомат, шавқ ўрнини пушаймонлик эгаллаб, ўзининг гаплари ва қилиқларидан хижолат тортадиган бўлди. Ҳар сафарги пушаймонлик тонгида ўзини сўкар, ўзига ичмаслик сўзини берар, лекин бу ваъдалар кечки дастурхондаги биринчи қадаҳ олдида таслим бўлаверарди. У торлик ва қоронғиликдан қўрқа бошлагандан сўнг, пушаймонлик ва хижолатга гуноҳкорлик ҳисси ҳам қўшилиб, бутун борлиғини эзғилай бошлади. У ўзидаги бу ҳолатни аянчли деб билар, изтиробга тушар ва ундан қутулиш учун жон жаҳди билан уринар эди.
Ниҳоят, галдаги ўтиришларнинг бирида, ўзига яқин оладиган, ўзига ярашган кўркам соқоли ва оз-моз илми учун каттаю кичик “Қори ака” деб чақирадиган синфдош дўсти Оловуддинга ёрилди:
–Мана шу юриш-туришларим, охири йўқ зиёфатлар ўзимга ҳам ёқмай қолди, қори ака. Ҳамма нарсам етарли, оилам, рўзғорим бут, ҳурматим ҳам жойида. Лекин ичим ғаш, хотиржамлигим йўқ... Ҳадеб минғирлаб насиҳат қилавермасдан, мени ҳам бир дуо қилиб қўй! Зора, кўнглим таскин топса!..
– Сени ҳам, қолган ўртоқларимни ҳам ҳар куни намозларимда дуо қиламан, оғайни! – деди Оловуддин дўстига меҳри товланиб. – Сен катта одамсан, раҳбарсан. Кўпчилик ортингдан “яхши одам” дейди... Безовта бўлаётган экансан, бу ҳам яхшилик аломати. Худо дилингга соляпди. Сен ичишни тўхтат! Сенга қараб қолганлар ҳам ташлайди. Энди катта бўлиб қолдик, ўртоқ. Сочингнинг оқарганини қара... Синфимиздаги болаларнинг ичида сенинг сочинг чиройли эди. Бу ҳам бир белги! Хотиржамлик истасанг, намоз ўқи! Ибодат қил! Худога яқинлаш, сўрайдиганингни Ўзидан сўра! У доим ҳаммани эшитади! Гуноҳларимизни мағфират этса, зора. Ахир Аллоҳ билан гаплашишни хоҳламайсанми?!
– Нималар деяпсан? Худо билан гаплашишни ким ҳам хоҳламас экан? Бунинг иложиси бор эканми?
– Албатта, бор! Намоз Аллоҳ билан мулоқот қилиш-ку! Фақат бунинг учун танангнигина эмас, балки қалбни ҳам буткул поклайсан. Ҳеч қандай шак-шубҳасиз Ўзига ишонасан, яъни имон келтирасан. Тўғри, биз мусулмон одамларнинг фарзандлари сифатида болалигимиздаёқ имон келтирганмиз. Лекин “оқ-қора”ни танигандан кейингиси бўлак! Ҳар нарса Унинг амри билангина ҳаракатга келишини – чумолининг қадам ташлашидан тортиб, то новдадаги баргнинг “шитирлаши-ю”, узилиб, ерга қўнишигача Унинг ихтиёрида эканини тан олишинг керак. Хўжа кўрсинга – риё учун эмас, ич-ичингдан ўзгаришингга тўғри келади.
Ўзини анча-мунча ақллилардан кам билмайдиган Шокир Толипович давраларда сукут сақлайдиган камтар-камсуқум синфдошининг сўзамоллигидан анграйиб қолган эди:
– Э, қойил, қори ака! Шунча гапинг бор экан, ҳамма ўртоқлар йиғилганда гапирсанг бўлмайдими?
– Неча марта гапирдим, ахир... Ҳар гапнинг мавриди бор, раҳбар. Сенлар ичиб ўтирганда гапирсам, кайфиятларинг бузилади. У пайтда қулоқларингга гап кирмайди. Бундан ташқари, “гапни гапир уққанга” деган нақл ҳам бор. Ўтиришларингга келмай, десам, болаликдаги ўртоқларимдан ўзимнинг ҳам айрилгим келмайди. Инсоф бериб қолар, деб сабр қиламан. Ичимда ҳаммангни дуо қилиб ўтираман. Ҳар ҳолда, сен кўпни кўрган, ўқимишли одамсан. Бошқаларга ўзинг ўрнак бўлишинг керак.
Шокир Толиповичнинг раҳматли бувисини маҳаллада “отин ойи” деб чақиришарди. У қизининг ногоҳоний вафотидан кейин жавдираб қолган набирасига болалик пайтларидаёқ бир мусулмон билиши керак бўлган илк сабоқларни беришга улгурган.
Шокир Толипович ибодат қилишни ўргатадиган китобларни қайтадан ўқий бошлади. Гоҳ-гоҳида намоз ҳам ўқиди.
Жойнамозда ўтирганида ўзида аллақандай хотиржамлик сезарди...
–Келдингми, Назиржон, – деб дарвозаси олдида хизмат машинасининг олд ойнасини артаётган ҳайдовчиси билан сўрашгандай бўлди. Доимгидай машинанинг орқа ўриндиғига ўтираркан, юзига фотиҳа тортди. Назиржон бошлиғининг дуосига қўшилгач, ортига қарамасдан сўради:
–Ишхонага! Қаёққа бўларди? – деди Шокир Толипович энсаси қотиб.
–Ҳокимиятгамасми, дейман-да... – деди ҳайдовчиси тезликни ошираркан.
–Анови тасқара яна ёзибди-ку... Ўтган сафаргидай ҳокимиятга чақиришгандир, дебман.
Шокир Толиповичнинг юраги сиқилиб, “уфф” тортди. Эрталабдан нохушликни эслатган шофёридан норози бўлди.
Назиржон узоқ йиллардан бери бирга ишлаганлари ва чексиз меҳру вафоси учун Шокир Толиповичнинг ўз инисидай бўлиб қолганди. Улар баъзан нонуштани ҳам бирга қилишарди. Бунинг учун Назиржон бошлиғининг эрталабдан кайфияти қандайлигини олдиндан сезган бўлиши ва йўл-йўлакай хўжайини яхши кўрадиган иккита иссиқ нон ва махсус қаймоқ олиб келган бўлиши керак эди. Бундай кунларда у чақирмасдан тўғри кириб келаверар, бошқа пайтларда эса келганини ҳам билдирмасдан дарвоза олдида кутарди. Авваллари бошлиғи бунинг учун танбеҳ берса-да, кейинчалик ўзи ҳам, нонуштага астойдил тайёргарлик кўрадиган хотини Комила ҳам унинг бу одатига кўникиб кетишди. Ҳар ҳолда, эр-хотин ҳайдовчисини қадрлар ва турли йўллар билан уни рағбатлантиришдан тўхташмасди.
Назиржон айтган “тасқара” – Мармарни ҳам у бундан икки йил олдин ўзи ишга қабул қилган. Ўшанда – қорачадан келган, озғин, неча ёшдалигини билиб бўлмайдиган аёл кириб келганда, туни билан Маҳбубанинг висолидан лаззатланган Шокир Толиповичнинг кайфияти жуда яхши эди. Кўриниши ачиниш ва шафқат аралаш хайрихоҳлик уйғотадиган бу қизнинг тилининг бурролиги ва дадиллиги унинг айни пайтда тажрибали ва билимли эканини ҳам ифодалаб турарди. Бира тўла қизни тавсия этган ҳокимиятдаги бўлим мудирининг ҳам кўнглини олишни истадими, ҳар ҳолда, уни кадрлар бўлимига ишга қабул қилди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, янги келган қизнинг бўлимда “инқилоб” қилаётгани, ҳужжатларни янгича тартиблаётгани, ходимларнинг ишга келиб-кетишларини ҳам назорат қилаётгани ва барчанинг бундан норози эканлиги бошлиқнинг қулоғига етиб келди. Ўша пайтларда ўй-хаёли маъшуқасида бўлгани сабаб, ишга анча-мунча бепарво бўлиб қолган Шокир Толипович Мармарнинг ишларини маъқуллаб, кулиб қўя қолган, ҳатто мажлисларнинг бирида унинг ёнини олиб, мақтаб ҳам қўйган эди. Кўп ўтмай, узоқ йиллар кадрлар бўлимининг бошлиғи бўлиб келган Холида опа ўзининг қаршилигига ҳам қарамай ишдан бўшаб кетганида, унинг ўрнига Мармардан бошқа номзод кўринмаётгандек туюлди.
Бўлим бошлиғи бўлгач, қирққа чиқса ҳам ҳануз турмушга чиқмаган, бурнининг чеккасидаги беўхшовроқ холи бор ҳуснига ҳам соя солиб турадиган бу қизнинг мустақил ҳаракатлари борган сари кўпайиб борди. Асосан, бошлиқ сўзлаб, тезда якунланадиган мажлислар анча-мунча чўзиладиган, бошлиқнинг ҳам гаплари кесиладиган бўлиб қолди.
Шокир Толипович кўпни кўрган, раҳбарликда сочи оқарган бўлгани учунми ёки атрофидагиларнинг маслаҳати биланми, ҳар ҳолда жамоадаги тизгинни яна ўз қўлига олди. Қаторасига икки мажлисда Мармарнинг гапларини атайин қайириб ташлаб, жойига ўтқизиб қўйди. Рухсатсиз ҳам кириб келадиган бўлиб қолган қизни бир неча бор қабул қилмади. Аммо у бошқармадаги ҳокимиятни ўзига қайтариб олишга олди-ю, тинчи бузилди. Мармар ҳокимият ва вазирликка бирин-кетин хатлар ёза бошлади. Ҳатто телевидениега ўзи ишлайдиган бошқарма ва унинг бошлиғини танқид қилиб интервью берди. Бошлиқнинг “қатъиятсизлиги, маълумотлар ошириб кўрсатилгани, сметадан ташқари харажатларга йўл қўйилгани, мукофот пулларини ўз яқинларига (масалан ҳайдовчисига) ёзгани” тўғрисидаги бири тўғри, бири нотўғри маълумотлар раҳбарият олдида ҳам обрўли бўлган Шокир Толиповичнинг юрагига пичоқдай санчилди. Устига устак, вазирликдаги катта мажлисларнинг биридан кейинги зиёфат чоғида худди келишиб олгандай ҳоким ҳам, вазир ҳам унга дашном беришди. Бири “Ўзинг ишга олган қизчага гапингни ўтказа олмасанг, нима қилиб юрибсан?” деган бўлса, бири “Ўша “офат” яна ёзадиган бўлса, мендан ёрдам кутма”, деб огоҳлантириб қўйди.
У нохуш хаёллар билан ишхонасига етиб келганда, бошлиқнинг ҳорғин юзи ва уйилган қовоғини кўрган ходимлар салом ҳам бермасдан ўзларини четга олишди.
Улар Мармар ишга қабул қилинган кундан икки хафтача олдин танишган эдилар...
Шокир Толипович ҳокимиятдаги мажлисда ўзига деярли алоқаси бўлмаган иш учун қаттиқ гап эшитди. Олдинлари ҳокимнинг баъзида бўлиб турадиган аччиқ гапларига “Ўзига яқин олганидан гапирди-да”, деб кетар эди, бу гал қаттиқ ботди. Ичида сўкиниб ҳам олди. Мажлисдан қизариб-бўзариб кайфиятсиз чиққан, йўл бўйи “уф” тортиб, дам бошини, дам қулоқларини сийпалаб келаётган бошлиғига астойдил ачинган Назиржон машинани бошқармага етмасдан йўл бўйидаги поликлиниканинг ойнаванд эшиклари олдида тўхтатди. Одатига хилоф равишда сўрамасдан машинадан тушди-да, “Ака, юринг кириб чиқамиз”, деди дабдурустдан.
Поликлиникани кўриб, ҳайдовчисининг нимага ишора қилаётганини тушунган Шокир Толипович бир муддат иккилангандай бўлди-ю, унинг сезгирлигигига ичида тан бериб, машинадан тушди ва сўзсиз Назиржонга эргашди. У эшикдан кира солиб, “Давленияни ким ўлчайди?” деб бақирди. Йигитнинг ортидаги пўрим костюми, галстуги ва келишган қиёфаси биланоқ амалдорлиги билиниб турган одамни кўрганлари заҳоти рўпарадаги диванда ўтирган оқ халатли уч аёлнинг бари тенг оёққа қалқди. Сўнг уларнинг ичида чиройи билан ажралиб турган ўрта ёшлиси пешвоз чиқиб, “Бу ёққа кира қолинглар”, дея хонани кўрсатди. “Бемор”ни ораста хонанинг ўртароғидаги юмшоқ стулга ўтказаркан, “Костюмингизни еча қолинг,” деди у. Унинг овози шундай ёқимли эдики, тоби қочиб турган Шокир Толипович дарҳол ўзига келди. Аёлга ва хонага разм сола бошлади. Унинг юзи оппоқ, шунчаки оппоқ эмас, оққа пушти атиргул ранги уйғунлашган чечак япроғи каби эди. Бўялмаган лаблари худди бўялгандай қизғиш бўлиб, нур таралувчи истарали кулча юзга Яратган томонидан моҳирона ўрнатилган Жаннат булоғи монанд эди... Ва ташналик куйини чаларди... Оппоқ халатни тўлдириб, тугмаларни узгудай бўлиб сакрашга тайёр турган кўкраклари, халат остидан кўрингувчи бўлиқ болдирлари кўзга завқ ва қувват бағишларди. Хона ўртасидаги оқ чойшаб ёзилган стол устига қўйилган биллур гулдондаги уч дона қизил атиргул, ёнида сув тўлатилган графин ва икки чиройли финжон, девордаги итальян даҳосининг Мадоннаси расми остига берилган тақвим хона соҳибасининг дид ва талабларини намоён қилаётгандай эди. У аввал графиндаги сувдан қуйиб узатди. Фонондоскопни мутахассисга хос чаққонлик билан бўйнига илар экан, соғинган одамини кўпдан кутаётгандай Шокир Толиповичга ғалати меҳр билан тикилди:
–Нима бўлди, мазангиз қочдими?..
Йўқ, бу докторнинг мижозига берадиган саволига ўхшамасди. У беихтиёр етим қолган набирасининг пешонасини силаб, бағрига босадиган энасини эслади. Туйқусдан унинг оҳанрабодай тортаётган бағрига бошини қўйиб, кўзларини юмгиси, суҳбатлашгиси келди. Базўр ўзини қўлга олиб:
–Қочмоқчи эди... Хонангизга кирдиму, қайтиб келди, – деди қувлик билан. Аёл унинг хушомад аралаш жавобидан шундай завқланиб кулдики, томирлардаги ишққа ташна қонлар қайтадан гупиргандай бўлди.
–Хўш, энди қон босимимизни бир ўлчаб кўрайлик-чи, – деди доктор бирдан жиддий қиёфага кириб.
–Сизники яхшилиги аниқ! Меникини ўлчай қолинг, – дея билагини тутди Шокир Толипович. У ҳозир ўзини жуда яхши ҳис қилар, негадир аёлни ўзига яқин олиб, у билан гаплашгиси, ҳазиллашгиси келарди. Доктор асбобини қулоғига солар экан, ногоҳ ёдига тушиб қолгандай эшик олдидаги курсида ўнғайсизланганча ўтирган Назиржонга юзланди:
У аёлнинг гўзаллигидан ҳам кўра, ҳозиргина мазаси қочиб турган бошлиғининг бирдан қувноқ тортганидан анграйиб қолганди.
–Унда бизни коридорда кутинг, – дея нигоҳлари билан ташқарини кўрсатди аёл. Сўнг, Шокир Толиповичга қаради.
–Бироз кўтарилибди. Ҳозир битта укол қилиб, дори ёзиб бераман. Даволанишингиз, дам олишингиз керак. Қўрқинчли эмас, лекин даволаниб турмасангиз қон босимингиз ўйнайдиган бўлиб қолиши мумкин.
–Ўзим ўйнамаганга яраша қон босимим ўйнаса ўйнабди-да, – деди Шокир Толипович докторнинг гапини ҳазилга буриб. Ва аёлнинг пешонасига бироз қиялатиб кийилган оқ қалпоғи остидан “мўралаб” сеҳр қилаётган жингалакка мойил қора сочларга, ҳатто маҳзунликда ҳам бирдай порлаб тургувчи жоду тўла кўзларга, ҳаёт чашмаси янглиғ ақиқ лабларга беихтиёр тикилиб қолди. Юраги “потиллаб” ураётганидан ҳайратланди. Одатда мазаси қочган пайтлари юраги шундай безовталанарди. Ҳозир эса ҳолати яхши, ҳатто жудаям яхши эди. Жисмида йигитлик чоғидагидай қувватни ҳис қиларди. Ниҳоят кўзларнинг жодусига дош беролмай нигоҳини биллур гулдондаги қизил гулларга бурди. Ўша заҳоти узоқ йиллар кўрмаган қадрдонини тўсатдан топиб олган одамдай ўрнидан қалқиб кетди ва беихтиёр: “Сиз ўшами?”, – деб юборди. Буюк адибнинг ҳаммага таниш бу жумласи аёлнинг завқини келтирди. Кўнгилларни қитиқловчи “қиқирлаб” кулиш билан жавоб қилди: “Ҳа, мен ўша!”.
Ўша куни ҳам хонасида ишлаб ўтирган Шокир Толипович юраги сиқилиб, ташқарига чиққан эди. Бошқарма биноси шаҳар ичида, йўл ёқасида бўлса ҳам, йўловчилар камқатнов кўчада жойлашган, бошқа давлат ташкилотлари каби баланд ва ҳашаматли қора панжаралар билан оммадан иҳоталанган. Панжара ташқарисидаги бинонинг эни баробар узун майдон бошқарма ходимлари томонидан ободонлаштирилган бўлиб, манзарали дарахтлар ва анвойи гуллар хуш кайфият берар, ёнидаги рангли тошлар босилган пиёдалар йўлаги эса бинога кўрк бериб турарди. Шокир Толипович деразасининг бир қаноти доим очиқ турадиган иккинчи қаватдаги хонасидан баъзида пастга тушиб, панжаралар ортидаги арчалар ва гулларни томоша қилишни хуш кўрарди.
Ўшанда Аҳмад қоровулнинг гариллаган овози унинг хаёлини бўлди:
–Ҳой, опа... Бу нима қилганингиз, узманг гулларни... Ие... Бу қанақаси?... Уялмайсизми?..
Йўл бўйидаги гулзорда қўлида ҳозиргина узилган бир неча гул билан гуноҳ устида қўлга тушган ёш боладай қўрқиб чиройли ва хушбичим аёл турарди:
–Кечирасиз... Узр... Билмабман... Икки-уч дона узиб хонамга қўймоқчи эдим, кечирасиз...
Қоровулнинг жаҳд билан аёлга қараб келаётганини кўрган Шокир Толипович узоқдан унга “Ҳўвв, Аҳмад! Қўй, узаверсин. Мен ўзим рухсат бердим”, дея қичқирди. Кейин панжара ортидаги аёл томонга қараб, “Майли, узаверинг, хижолат бўлманг, ҳаммасини узмассиз, ахир”, деди.
–Йўғе, – дея халоскорига миннатдорлик билан жилмайди аёл. – Уч донагина узиб, хонамга қўймоқчи эдим. Бўлди, энди узмайман.
“Сиз ўшами” нинг маъноси шу эди...
Поликлиникадан чиқиб, ишхонага келгач, Шокир Толипович яна бироз гўзал доктор аёлнинг хаёлида ўтирди. Унинг ҳатто исмини ҳам сўрамагани ёдига тушиб, ўзидан ўкинди. Доктор олдида ўсмир боланинг ҳолига тушиб қолганидан уялди. Кейин ҳамма нарсани буткул унутиб, ишга киришиб кетди.
Кечга яқин котиба қиз ёнига бир аёл кирмоқчи эканини айтганида, у эртанги кун режаларини тузиш билан банд эди. Хушламайгина ижозат берди. Остонада гўзал доктор аёлни кўриб, аввалига ҳайратдан серрайиб қолди. Бир муддат тили айланмай, каловланди. Сўнг бирдан ўзига келиб, ўрнидан ирғиб турди.
–Сиз?.. Қандай бўлиб?.. Келинг... Қайси шамол учирди?.. – дея ҳаяжонини жилмайиш билан босди.
Аёл эса ўзидан ўн-ўн беш ёшлар катта эркакни ҳаяжонга сола олганлиги ортидан келадиган фахрни яшириш учун юзига жиддийлик тусини беришга ҳаракат қиларди.
–Ишдан қайтаётган эдим... Қарасам, деразангиз очиқ... Мен шу яқин ўртада яшайман. Сиздақа раҳбарлар иш билан овора бўлиб соғлиқларига эътибор қилмасликларини биламан. Шунинг учун ўзим кира қолдим. Бизнинг поликлиника сизнинг ташкилотингиз учун ҳам маъсул. Эрталаб қон босимингиз анча баланд эди... Яна бир ўлчаб қўйсам, дегандим... Дориларни ичдингизми?
Аёл ўзига тикилиб турган эркакка қарай олмас, қизарганча қўлидаги сумкасидан ниманидир қидирарди. Ниҳоят, у қон босим ўлчагич жойлашган чарм ғилофни чиқарди.
Шокир Толипович кўйлагининг енгини шимариб, аёлнинг рўпарасига ўтираркан, кўзлар бирдан тўқнашди. Бир зум бир-бирларига термулиб қолдилар. Кейин тезда иккиси ҳам нигоҳларини олиб қочишди. “Аниқ, эри йўқ” деган фикр ўтди кўнглидан.
–Қон босимингиз жойига тушиб қолибди. Лекин юрак уришингиз тезроқ... Эрталаб ёзиб берган дориларни вақтида ичиб турсангиз, ҳаммаси жойида бўлади.
Аёлнинг сўзларида меҳрибонлик, кўзларида жон олгувчи ишва бор эдики, бундан ҳар ишда тажрибали одамнинг юрак уриши тезлашгандай эди.
–Юрагим яхши эди. Ҳозир сал тезлашди, шекилли...
Доктор Шокир Толиповичнинг гапидаги тагдорликни сезмагандай бўлиб, сумкасидан кичик пакетга солинган бир неча дориларни олиб, узатди:
–Дори олишга вақтингиз бўлмагандир, деб ола келдим. Вақтида ичиб туринг. Бўпди, энди мен борай...
Шокир Толипович истар-истамас эшик томон юраётган аёлга беихтиёр эргашаркан, ниҳоят тили айланди:
–Ўтирсангиз бўларди. Овора бўлибсиз-да. Мен сизни кузатиб қўяман... Ҳа, ҳайдовчимга айтай, сизни уйингизга олиб бориб қўяди...
–Безовта бўлманг. Хожати йўқ. Айтдим-ку, уйим яқин. Мана шу чорраҳадан кейинги тўрт қаватли уйларда яшайман. Қизим ўқишга киргандан бери ўзим қолганман. ТашМИда, 2-курсда ўқийди.
–Нега энди ўзингиз?.. – ажаблангандай сўради Шокир Толипович.
–Ҳа, афсуски шундай, – деб жилмаяркан, аёлнинг юзида афсус аломатлари кўринмасди. – Эрим ароқ деган касофатга бизни алмаштиргандан кейин ажрашганмиз. Беш йилдан ошди. Кўникиб ҳам кетганман. Сиз безовта бўлманг, ўн минут яёв юрсам, етаман.
Шокир Толипович аёлнинг атайлабми, беихтиёрми берган маълумотларини яшин тезлигида миясида таҳлил қиларди.
–Кечирасиз, исмингизни ҳам сўрамабман. Менга ўзингиз ғамхўрлик қилаётганингиздан миннатдорман. Ёлғиз бўлсангиз... шошиб нима қиласиз... балки кечки овқатни бирга қилармиз... – шундай деди-ю, у ўзининг гапидан қўрқиб кетди. “Бирдан хафа бўлиб, уришиб берса-я!”. Йўқ, доктор хафа бўлмади. Уришмади ҳам. Аксинча, мамнунликнинг маҳсули бўлган табассум билан:
–Исмим Маҳбуба! Мен эса сизни сал-пал танийман. Телевизордаги чиқишларингизни кўрганман, ишга бориб келаётганимда бошқарма ҳовлисида юрганингизга кўзим тушади, – деди-ю, аллақандай хомушлик билан қўшиб қўйди:
– Кўчада овқатланишни ёқтирмайман. Кейин... одам ёлғиз бўлса қорни ҳам очмай қўяркан.
Ўшанда Маҳбуба бошқарманинг қўпол қоровули ёнидан терс қараганча ўтиб, рангли тошлар босилган йўлакдан кетган, унинг ортидан суқланиб қараб қолган Шокир Толипович эса аёлнинг гапларидан аниқ хулоса чиқаролмай гангиганча туриб қолганди. Уйда эса туни билан ухлолмаган, нонуштани чала қилган, ишга кетаётиб, ҳайдовчисини ажаблантирганча машинани поликлиника олдида тўхтатган эди. Шундан кейин у тез-тез қон босимини ўлчатиб турадиган одат чиқарди.
Кунларнинг бирида ишдан кейин бошқармага яқин чорраҳанинг нариги тарафидаги тўрт қаватли уйнинг иккинчи қаватида жойлашган шинам уй остонасида совға-саломлар билан пайдо бўлган меҳмонни гўзал доктор хоним кўпам ажабланмасдан қабул қилди.
Ёлғизликдан зериккан тўшак ташна вужудларни бирлаштириб, уларни туни билан ютиб юборди...
Маҳбуба “Ҳеч йўғи никоҳ ўқитиб олайлик”, деб туриб олди. У эса ҳар сафар ваъда берар, ўзи ҳам буни чин дилдан хоҳлар, лекин масалани қандай амалга оширишни билмай гангир, уйга келгач, Комиланинг юзига қаролмасдан азобланар эди. Ниҳоят, бир кун Қори акага сирини очди.
–Албатта никоҳ ўқитишинг керак. Ўқитишинг шарт! Худодан қўрқ! –деди Қори ака. – Лекин махфий эмас. Аллоҳдан яширмаган, бандасидан беркитиб нима қиласан. Тўғри, осон бўлмайди. Чидамасанг, бу ишни қилмагин эди. Зинонинг жавоби қийин!..
Шу ишларга ҳам икки йил бўлибди. Анча-мунча русча тарбия кўрган Маҳбуба зўрға топган хушторини йўқотиб қўйишдан чўчиганиданми, ҳар ҳолда унинг баҳоналарига кўникиб борди. Уни эса хотинининг кўзига қараганда азоб берадиган оғриқ борган сари қийнамай қўйди.
Агар ўзи кўриниб қолмаса, уни бугун чақирмаслиги ҳам мумкин эди. Тушлик сабаб пастга тушганда, ташқаридан келаётган Мармарга кўзи тушди-ю, таъби хира тортди. Шундай бўлса-да, яқинлашишини кутди. У эса ҳеч нарса бўлмагандай, ҳеч кимни кўрмагандай, ўз хонаси томон бурилди.
–Ҳой, қиз! – деб салом ҳам бермай кетаётган ходимининг ортидан чақирди Шокир Толипович. Қиз эса шуни кутаётгандай, шартта ўгирилди-ю, бошлиқ томон юрди.
Улар олдинма-кейин бошлиқ хонасига кираркан, Шокир Толипович муқаррар жанжални бошлаб юборди:
–Бу, салом ҳам бермасдан кетяпсиз?! Ота-онангиз ҳеч йўғи саломлашишни ўргатишмаганми?!
–Биринчидан, сиз менинг ота-онамни тинч қўйинг! – деди Мармар ўз креслосига жойлашган бошлиқнинг қаршисига таклифсиз ўтирар экан. – Шундоғам, уларнинг бу ҳаётда кўрмаган жабр-жафоси қолмаган. Иккинчидан, салом бериш мажбурий эмас. Низомда кўрсатилмаган.
У қизнинг аламдан бўзарган юзига, нафрат тўла кўзларига қараб, ҳайратга тушди. “Ё, тавба.. Бу қиздаги шунча юзсизлик, шунча нафрат қаердан пайдо бўлди? Мен, ахир, унга нима ёмонлик қилдим?! Наҳотки, унга нисбатан бирор ҳақсизлик қилган бўлсам...”.
–Нега ўз ходимим бўла туриб, устимдан ёзаверасиз? Ҳар жойда ёмонлайсиз? Уялмайсизми?! Ота-онангиз жабр-жафо тортган бўлса, бунга мен айбдорми?!
–Ҳа, сиз, сизга ўхшаган ўн йил, йигирма йиллаб мансабни эгаллаб олиб, фақат ўзини ҳақ деб биладиган амалдорлар айбдор! Сиз ҳам ўшаларнинг биттасисиз!
–Энди тушундим! – ўрнидан туриб кетди Шокир Толипович. – Ҳаётдан аламзадалигинг учун ҳаммани ёмон кўрар экансан-да. Қаерданам сени ишга олган эканман...
Унинг қизга нисбатан нафрати кучайган, бу нафрат маданияти ва тарбиясини енгиб, “сиз”ни “сен”га айлантириб юборган эди.
–Ўзинг раҳбар бўлмоқчимисан?.. Мана, ол, сенга бердим шу амални!.. Бўлдими?!
–Кўпам катта кетманг, – деди қиз совуққонлик билан. – Ўн беш йилдан бери креслойингизни қўриқлаб ўтирибсиз, осонлик билан бериб қўярмидингиз. Лекин бўламан, билдингизми?! Кейин, мен сизга “Ҳой, қиз!” эмасман. Мен Мармар Қаҳҳоровнаман! Мени “сен”ламанг! Мен билан низом бўйича гаплашишингизни талаб қиламан!
–Билиб қўй, ҳой, қиз! Жамиятда низомлардан ташқари инсонийлик деган ёзилмаган қоида ҳам бор! Афсуски, низомни бузганларни жазоласа, ишдан бўшатса бўлади, одамийликни бузган юзсизларни бўшатиб ҳам, жазолаб ҳам бўлмайди!..
Шокир Толипович энди чинакамига ғазаб отига минган, Мармарнинг, совуқ ва хотиржам қиёфасидан фарқли ўлароқ, ҳаяжондан қип-қизариб, “дағ-дағ” титрар эди.
–Лекин мен сени бўшатаман, ҳой, қиз!.. Қиз бўлсанг ҳам, бўлмасанг ҳам, аризангни ёз!
–Ҳаққингиз йўқ! – деди Мармар дона-дона қилиб. – Мен ҳали кўрсатиб қўяман. Бу гапларингиз учун ҳам жавоб берасиз. Тегишли жойларга ёзаман!.. Ёзавераман!..
Эшик тарақлаб ёпилгач, Шокир Толипович ўзини креслога ташлади: “Ёзсанг, ёзиб ўл!”.
У яна аллақанча вақт қақшаб ўтирди. Дорисини ичди. Лунжини тўлдириб, “уф” тортиб турган эди, унча-мунчага хўжайинининг хонасига чиқмайдиган Назиржон кириб келди:
–Тузукмисиз, ака? – деди бошлиқнинг саволнамо қарашига жавобан.
–Ҳа, Наргиза етказдими? – котибаси унинг мазаси қочса ёки қаттиқ асабийлашса, Назиржонни чақириб келишини биларди.
–Бирон нарса керакмасми? Дорингизни ичдингизми? – деди Назиржон ва “Чақирайми?”, – дегандай сирли имо қилди. Назиржон кимни назарда тутаётганини билиб, “йўқ” дея бошини сараклатди у.
– Сен боравер, бугун уйга эртароқ қайтсак керак, – деди ҳорғин.
Шокир Толипович ўзига чин дилдан ғамхўрлик қиладиган ҳайдовчиси-ю котибасини, ҳужрасида қайнатадиган камтарона шўрвасини ҳам илиниб турадиган қоровул Аҳмадни, маҳалласида унга ҳавас билан салом бериб юрадиган қўшниларини, дардингни оламан, деб турадиган дўстларини, меҳр ва муҳаббат тўла кўзлари билан кутиб оладиган Маҳбубани, уни авлиёдек кўрадиган аёли, ўғил-қиз ва набираларини кўз олдига келтирди. Уларга меҳри ийиди. Аммо “Ахир улар мени туппа-тузук одам, деб билишади-ку!”, деган ўй ҳозиргина қалбида пайдо бўлган хушҳавони бир зумда қувиб юборди. Ўзининг ҳануз ичкиликдан қайтмаётгани, намозини мукаммал ўқимаётгани, Маҳбуба билан никоҳсиз яшаб юргани тағин юрагини эза бошлади. Кўкси безовталанди. Дарҳол тил остига дори ташлади. Креслога ястанганча яна ўйга толди. “Ростданам, менга нима зарил? Шунча ташвиш нимага керак? Бошқармага бошлиқ бўлиб келганимга ўн беш йил бўлибди! Харобгина, кўримсиз, сувоқлари тўкилган, томидан чакка ўтадиган бино эди. “Отанг яхши, онанг яхши”, дея совға-саломлар ташиб, маблағ ундириб, ўзим тепасида туриб, мана шу муҳташам бинони қурдирдим. Вазир ҳам, ҳоким ҳам қойил қолган эди ўшанда. Кўрсаткичларни беш баробарга оширдим. Орден ҳам, медаль ҳам олдим. Келганимда ходимларнинг фақат бирида улов бор эди. Ҳозир машинагоҳга машина сиғмайди... Энди эса битта қизнинг уддасидан чиқолмай гангиб турибманми? Чарчадим, шекилли... Кўнглим осойишталик, ҳаловат истаб қолди. Бекорга маълум ёшга етгач, нафақага чиқаришмас экан-да... Синфдошларимни чақириб, зиёфат уюштирсамми?.. Йўқ... Унда яна ичишга тўғри келади...”.
Тонгда бомдод намозини ўқигани, кўнгли анча ёришгани ёдига тушди. Яна намоз ўқигиси келди. Соатга қаради. Аср намозига оз қолган эди. Тезроқ уйига бориб, хотиржам таҳорат олиб, намоз ўқишга ахд қилди. Ўрнидан туриб, столи устидаги қоғозларни йиғиштирган бўлди. Тўлдириши керак бўлган жадвалга кўзи тушиб, “эртага эрталаб ишни шундан бошлайман”, деб ният қилди. Костюмини кийиб, кетишга чоғланар экан, бугун Маҳбубанинг ёнига бориш ҳақида берган ваъдаси ёдига тушди. Ёрининг хаёли қалбини энтиктирган бўлса ҳам, хотинининг маъсум нигоҳини кўз олдига келтириб, сесканди. Яна ўзини ёмон кўрди...
Машина Шокир Толиповичнинг дарвозаси олдида тўхтаганида, у одатига хилоф равишда дархол машинадан тушмай, хаёлланиб ўтирди. Назиржон ҳам индамай ўтираверди. Ниҳоят, ўзига келгач, “Келинга салом айт”, деди-да, тушиб, уйига кириб кетди.
У витрдан олдин қазо намозини адо этаркан, оғир ҳиссиётлари чекинганини сезди. Жойнамозга қадам қўйганида, ният қилиб қулоқ қоққанида жисмида ҳам, руҳида ҳам аллақандай ёқимли енгилликни, хотиржамликни ҳис қилганини эслади. Шунча йилардан бери намоз ўқимай юрганидан ўкинди. “Шу вақтгача нима қилдим? “Иш, иш”, деб югуриб юраверибман. Ишлагандан кейин дам ҳам олиш керак-да, деб маишатга берилган пайтларим бўлди. Маҳбуба-чи?.. Уни яхши кўраман... Ундан кечолмайман... У билан анчадан бери ҳаммадан яшириб, никоҳсиз яшаб юрибман. Бунинг гуноҳи қандай бўлар экан?! Худойим жазойимни берса-я! Билиб-билмай қилган гуноҳларимни ўзинг кечир, Парвардигори олам. Лекин нима қилай, уни севаман! Ундан айрилишни тасаввур ҳам қила олмайман. Ундай десам, Комилани ҳам яхши кўраман-ку... Болаларимнинг онаси... Вафодор ва меҳрибоним! Муҳаббат битта бўлади, дейишарди. Иккита ҳам бўлар экан-да...”.
У жойнамоз устида яна хаёллар олиб қочганини сезиб қолди. Гоҳида бўлса ҳам намоз ўқишни бошлагандан бери айни ибодат чоғида турли ўй-хаёллар чулғаб олишидан безиган эди. Бу ҳақда Қори акага айтганида, у “Сен шайтон билан олишяпсан экан. Енгишга ҳаракат қилиб, ўқийвер”, деб далда берган ва бир ривоятни айтиб берган эди. Улкан Қуш кўрнишига ҳам кирадиган Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ ҳузурида уч юз йил узлуксиз намоз ўқибди ва савол берибди: “Уч юз йил қилган ибодатимнинг мукофоти нима бўлади?”. Аллоҳ азза ва жалла айтибди: “Жаннат узра бир бор қанот қоқиб учишинг бўлади. Лекин вақтлар келадики, бандаларимнинг минг бир хаёл билан ўқиган икки ракаат намози сенинг уч юз йиллик ибодатингдан афзал бўлади”. Олти юз қанотини очса осмонни тўсиб қўядиган Жаброил алайҳиссалом сабаб сўрабди. Худойим жавоб айтибди: “Сен менинг ҳузуримда, мени кўриб туриб уч юз йил ибодат қилдинг. Бандаларим эса Мени кўрмасдан, Шайтон алайҳил лаъна билан олишиб, намоз ўқийдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг икки ракаат намози сенинг уч юз йиллик ибодатингдан устун!..”.
Шокир Толипович ривоятни эсларкан, ўзига далда берди. Кўнгли таскин топгандай бўлди: “Хаёл билан бўлса ҳам намоз ўқидим-ку! Бўлди! Энди беш вақт намозни канда қилмайман!”.
У яна бир муддат жойнамозда ўтирди. Тағин хаёл олиб кетди. Яна курашди. Билганича дуолар ўқиди... Ташқарига чиқса, айвонда ўғли ва келини болалари билан телевизор кўриб ўтиришган экан. Анчадан бери улар билан бирга ўтирмагани ёдига тушди. Невараларини суйди... Кечаги қилиғидан хижолат бўлганидан ер чизиб ўтирган ўғлига қараб: “Энди ичма, ўғлим!”, – деди. Ўғли индамасдан “хўп” дегандай бош ирғаб қўйди. Ўрнидан тураркан, барча яхшиликларни кафтига жойлаб, унинг елкасига қоқди...
Ётоқхонада ҳам телевизор қўйилган, лекин хотини беозоргина ухлар эди. Меҳри товланиб, аста унинг пешонасидан ўпди-да, телевизорни ўчирди. Ўрнига ётар экан, бувиси ўргатган, ёшлигида ухлашдан олдин айтадиган сўзларни одати бўйича такрорлади: “Ётдим, ё Аллоҳ, тургазгайсан иншаоллоҳ! Эрта билан турсам-турмасам, Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадар расулаллоҳ...”
Алламаҳалгача ухлолмасдан тўлғонди...
Чексиз само худди бомдод маҳалидай бўзарган... Оромбахш майин сабо эсади... Кўкда саноқсиз деб бўлмайдиган даражадаги юлдузлар аллақандай чароғон ва тиниқ порлайди... Бутун осмонни эгаллаган буюк бир Қуш ҳайбатли қанотларини хиёл очиб, чўғдай қизил, лекин жуда чиройли кўзларини бир нуқтага тикканича қотиб турадир...
Қуш худди буйруқ олгандай бирдан қўзғалди. Улкан-улкан қанотларини силкитганича, шиддат ва мақсад билан учиб кетди. У эса Буюк Қуш томон талпинганча қолаверди...