September 19

Эшқобил ШУКУР: ДАЪВОНИНГ ДАВОСИ НЕ?

Мақола

Галстукли қассоб

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг янги асари – “Даъво” романи нашрдан чиқди. Мутолаадан кейинги мулоҳазаларимни баён қилишни китоб бошидан эмас, сал охирроғидан, 6-бобдаги бир ҳолат тасвиридан бошламоқчиман. Бу ҳолат рамзий маънода ҳам, реал маънода ҳам роман моҳиятига киришда калит вазифасини ўтайди. Асар қаҳрамони Жамшид Бўрон тилидан ҳикоя қилинадиган бу эпизод шундай: “Устоз кўрсатган томонга ўтиб, қотиб қолай дедим. Пастак беҳининг эгри шохида ҳозиргина териси шилинган қўзи, олдига пешбанд тутиб, оқ кўйлаги енгини шимариб олган, эрта-индин фан доктори бўлажак Рамзиддин Пўлатов оғзида пичоқни кўндаланг тишлаган кўйи абжирлик билан сон гўштни танадан ажратиб, супра устидаги корсонга ташламоқда. Қора костюм билан қизил бўйинбоғ олма шохига осиб қўйилган. Кийим-бошни алмаштириб қилса бўлмасмикан шу ишни? – Қассобчилик қутлуғ бўлсин, ака! – дедим ҳам таажжуб, ҳам завқ билан”.

Худди шу оқ кўйлакда енг шимариб қўй сўяётган одам бир кун келиб ўзининг устозини “сўяди”, десам, ишонасизми? Ҳа, бу мулойимхунук даъвогар унга оқ-у қорани танитган, йўл кўрсатган ўз муаллимини қора костюм ва қизил галстукда, қўли кўксида, беозоргина жилмайиб, пичоқсиз сўяди. Ҳеч нарса бўлмагандай, аслида “ҳамма вақт шундай бўлиши” керакдай хижолатсиз “сўяди”. Сохта унвон, сохта шон учун, “кимсан, академик” деган ном учун шундай тубанликка боради. У пири муршидини бўғизлаётганда ҳам сохта мулозаматини, ўлик табассумини дариғ тутмайди, ажабо! Бундай вазиятда нима ҳам дея оласан? “Дунёси тамом бўпти, Жамшид Бўрон, додингни Худога айтасан энди!” – деб ич-ичингдан фарёд кўтарасан, холос.

Ҳолбуки, устоз Шокир Тўлаганов бу муртадни ўз фарзандидай кўрарди. Шу боис, некбин Жамшид Бўрон айнан Рамзиддин-у Руҳиддин Пўлатовлар билан боғлиқ бир муаммоси ҳақида унга айтай деганда, кўнглидан шундай ўй ўтади: “Устозни аралаштирай десанг, у кишининг нима демоғи аён: “Рамзиддинга айт, ўзингнинг аканг-ку!” Соддагина қилиб, болаларча ишонч билан шундай дейди, аниқ. Ўзимнинг акам?! Агар кечаги гумонлар рост чиқса, у менга қандай ака-ю сизга қандай шогирд бўлсин, Устоз?!”

Тарки дунё, тарки илм

Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги ўта мураккаб шароитда илм-фанга, олимларга муносабат нечоғли чўкиб кетганини ҳамма билади. Талай илм аҳли қалам-қоғозини шамолга ташлаб, бозорга чиқиб кетгани ҳам бор гап. Илм майдонида собит қолганлар эса кўп овора-ю афтода бўлдилар. Бу фожиа ҳам (илимилиқ сўзларни излаб ўтирмай, бу ҳолни фожиа деб қўя қолайлик) романда кескиргина сўзлар билан ўз нархида холис баҳоланган.

“Тўғри-да, дейлик, спортга қарашилса, зўр-зўр чемпионлар чиқиб, жаҳон бўйлаб юртнинг донғи ошади; санъаткор-у яллачиларга нишон-пишон бериб турилса, тўй-тўйчиғингизга ярайди; шоир-ёзувчисига ҳар замонда “балли” деб қўйсангиз, эл олдида сўз тополмай қолганингизда, осмон-у фалакдан келиб, жонингизга ора киради – илм-фандан нима наф, нима шамчироқ, хўш?! Ўттиз-қирқлаб тадқиқот институти, аллақандай марказ-у стансия аталмиш ҳар турли муассасалар, улларда ивирсиб юрадиган минглаб тепакал “авлиё”… Шуларнинг орасидан бирорта Нобел совриндори чиқдими денг?!”

Менга акамдай қадрдон бўлган таниқли фан доктори, профессорнинг ўша йиллари: “Елкамдаги плашимни олганимга 22 йил бўлди. Алмаштиришга имконим йўқ”, деган гапини, яна бир фидойи, йирик биолог олимнинг: “Мен ишхонага фақат ишимни яхши кўрганимдан, усиз яшай олмаганимдан келаман. Йўқса, бераётган ойликлари йўлга етмайди. Бир коса овқатни уйимдан кўтариб келаман”, деган гапларини эшитганман.

Адиб илм аҳлига нисбатан бундай беписандлик ва зуғумни “илмбезорлик” деган биргина қўшма сўзда ифодалаб беради. Шугина сўзда жамиятга баҳо ҳам, ташхис ҳам бор. Албатта, “миясида нимадир ғимирлаб турган мардум”ни истаган кўйга солиш қийин, чунки у фикрлаяпти, фикр борми, эътироз ҳам бўлади. Бундай ўр қавм эса “буйруқ билан икки карра иккини беш қилиб бўлмайди”, деб оёғида маҳкам туриб олади. Баъзиларини булдозер билан ҳам ўрнидан жилдиролмайсиз. Ўзи зўрға юради-ю, лекин бундай масалаларга қолганда, қаттиқроқ шамолга йиқиладиган жусса бирдан метин бир қояга айланади. Лекин замон ҳам уларнинг раъйига мулойимгина қараб турмайди, керак бўлса, бир силтаб, тутдай тўкиб ташлайди. “Шунақами ҳали?! Қараб туринг, керак бўлса, икки карра иккингизни бирга айлантириб қўямиз! Ёпинг, даф қилинг, бунақа саркаш, текинхўрлар маҳкамасининг бизга даркори йўқ!” – деган дўқ билан бутун мамлакатни гумбурлатади. Қарабсизки, аҳли илмнинг бошини қовуштириб турган, озми-кўпми янги ғоялар ниш уриб турган даргоҳ бир дўқ-сиёсат билан “текинхўрлар маҳкамаси”га айланади қолади.

Бундай муносабатдан сўнг нима бўлади? Шубҳасиз, ҳақиқий олимлар, фидойилар, манглайига олимлик қисмати ёзилганлар четга чиқадилар, тарки дунё, тарки жамият қиладилар. Энди илмга кириб келаётганлар эса тарки илмни маъқул кўрадилар. Оқибатда, Алининг майдонини сохта илмкашлар, хушомадгўйлар, “деловойлар”, карнайчилар-у пуфакчилар эгаллайдилар. Уларга “илм” навбатдаги карера, ҳеч қурса, “птичка” учун керак бўлиб қолиши эҳтимолдан узоқ эмас. Керакли тошнинг оғири бўлмагандай, кераксиз тош ҳам кун келиб асқотиши мумкин.

Қисқа бир заифлик ва узун бир даъво

“Даъво” романи жамиятга, хусусан, зиёлилар қатламига катта кўзгу тутди. Бу кўзгуда кўп нарсалар аён кўриниб қолади. Ёлғонлар, хиёнатлар, фитналар, сотқинликлар… Зиёлилар жамияти Толстой юз ўгирган киборлар жамиятига айланиб қолмадимикин, деган иштибоҳларга борасиз. Каттагина илм даргоҳининг инспектори Доно Иноятовна дейдики: “Бунақаси бўлиб туради, Жамшидбек. Орамиздаги гап, ишингиз юзасидан иккита тақриз келган, иккаласи ҳам ижобий – ўзим ўқиб кўрдим. У ёғини сўрасангиз… дипломингизга имзо ҳам чекилган бўлиши мумкин. Лекин ўртада биров эшикни тамбалаб турибди-да. Кимлигини биларсиз – тепадаги мутасаддимиз, Руҳиддин Пўлатов. Дўстона маслаҳат-да, ўша кишига битта қўнғироқ қилинса, олам гулистон. Юқорида таниш-панишингиз борми?

Жамшид ўйланиб қолди: Руҳиддин Пўлатов бўлса, Рамзиддин акага қариндош-париндош эмасмикан? Шундай бир гап қулоғига чалингандек бўлиб эди. Бироқ у нега тўсқинлик қилади? Ким унинг арпасини хом ўрибди?

Жамшид бошини кўтариб аёлга қаради, нозик бир жойига тиғ урилгандек ичдан сесканди, кейин нима деярини билмай, аста бурилиб хонадан чиқди”.

Эшикни тамбалаш бир замонлар Руҳиддин Пўлатов билан устоз Шокир Тўлаганов орасида бўлиб ўтган тариқдан ҳам кичик бир майда гап учун эди.

Роман даъволар тўқнашуви, амбициялар жангини тасвирлайди. Курашлар очиқ майдонда эмас, орқаворатдан пана-панада кечади. Ўзи ултончанинг ҳам иддаоси осмонча. Ҳаким Термизий “Инсон нима?” – деган саволга: “Инсон бу – қисқа бир заифлик ва узун бир даъводир”, деб жавоб берган. Асарда худди шу “қисқа заифлик ва узун даъво”нинг туганмас ўйинлари тасвирланади.

Бир китоб ичида ёнма-ён яшаётганлар

Романда характерлар қаттиқ ишланган, ҳар бир одам ўз характери, ўз дунёсига эга. Қаторлашиб, инкубатордан чиққан бир хил ясама персонажлар эмас улар. Бош қаҳрамон Жамшид Бўроннинг номзодлик диссертацияси “ўша кезлар нисбатан янги, айни чоғда қалтисроқ – жадидлар мавзусида” эканлиги ва илғор олимларнинг бугунги таълим-тарбия борасидаги ислоҳотларга жадид боболарнинг дастурий таълимотларини асос қилиш ҳақидаги ғоясига мойиллиги унинг ботинидан, ички инсоний тутумларидан дарак беради. Кимсан, ҳамма учун ҳурматли домла Элмуродов унга “Мавзуни ўзгартир, икки йилга қолмай ҳимояга чиқасан, мен кафил”, дейишига қарамай, у йўлидан қайтмайди. У пайтлар биргина шахснинг кимгадир ёқмай қолиши эвазига ҳам тайёр диссертациялар ўн йил орқага сурилиб кетиши мумкин эди-да. Жамшид қайсар ва ҳалол, дарвешнамо устози Шокир Тўлагановнинг изидан бораверади. Тўлаганов эса – Ватан тарихини бузиб кўрсатувчиларга тиш-тирноғи билан қарши турадиган, босқинчилар истилосининг аянчли оқибатларини чуқур биладиган, юртининг тарихи учун ҳам, келажаги учун ҳам куюнадиган ҳақиқий илм одами.

Романда бу одамлардан табиатан йироқ бўлган ажаб-ажаб тоифалар бор. Гарчи булар тийнатан тескари бўлсалар-да, наилож, бир китоб – бир дунё ичида ёнма-ён яшайдилар, ўзаро муносабатларга киришадилар. Масалан, Жунайд Жабборзода, Шоҳия Амур… Исми шарифларнинг ҳашаматини қаранг, отни ҳуркитади-я. Жунайд бир қарасангиз, туман прокурори, бир қарасангиз, вилоятда масъул лавозимда, яна бир қарасангиз, пойтахтда нуфузли мартабада. Қизиғи, Жунайд бу мансаб-у мартабалар билан чекланиб қолмайди. Гоҳо шоирга, гоҳо бастакорга, гоҳо рассомга айланади. “…довруқ-овозаси тўрт томонни тутган: Жунайд Жабборзода шеъри, Жунайд Жайҳун мусиқаси, Жунайд Жабборлининг рангтасвир асарлари… Бамисоли бир киши эмас, бутун бошли тўда тинмай шеър-у қўшиқ ёзиб, мусиқа басталаб, яна бир галаси дастгоҳ қуриб расм чизиб ётгандек!” Бу жумладаги “тўда” сўзида вазият, моҳият яширинган. Бу сўз ўрнида ёзувчи “гуруҳ” деган сўзни қўллаганда, бу сўз ўрнига тушмасди, моҳият очилмасди. Мана, маҳорат қаерда.

Жунайднинг аралашмаган нарсаси йўқ. Бу эшикдан чиқса, бошқа эшикдан кириб келаверади, эшик топилмаса, деворни ўйиб ҳам кириб келади. Ҳар балога қобилиятли. Ҳар ишга суяги йўқ. Нима дуч келса, ўзини бир уриб кўради. “Жамшид Бўрон бўласи Жунайдга ҳайрат билан тикилиб қолди. Ҳа, бунинг қўлидан келади партия тузмоқ! Бошқаси ҳам!..”

Бундай уддабуронлар кейинги пайтларда яна кўпайди. Гўё улар ҳамма нарсани эплайдигандай, уларнинг қўлидан келмайдиган ишнинг ўзи йўқдай, жуда фаол, жонкуярдай кўринишади. Лекин, охир-оқибат, уддабуроннинг уддалаган бирон нарсаси йўқ бўлиб чиқади. “Жамшид Бўрон бўласининг кўкрагига енгилгина муштлаб, “Омадингни берсин”, деди-ю секин бурилиб катта кўча сари юрди. У ўзини алланимада ғолиб сезарди, аммо кўнглида Жунайдга нисбатан бир ачиниш ҳам бор эди”. Жамшид бекорга жингалаксоч бўласи Жунайдга ичида ачиниш ҳиссини туймади. Чунки Жунайд қисқа бир заифликнинг узундан узун даъвоси эди. Виждонли одам бундай томошалардан завқланолмайди, қийналади, изтироб чекади.

“Бир маҳал қаёқдандир Шоҳия Амур пайдо бўлди. Енгилтакроқ либосда: эгнида алламбало деб ёзилган қора майка, тиззаси йиртиқ шим. Бошидаги кенг-кўлам, ола-була кепкасини қийшайтириб кийиб олган. Сумкачасини елкасига ташлаб. Беғам, беташвиш бир хиром билан”. Бундай аёллар битта заводда битта қолипдан чиқарилган қўғирчоқлардай бир-бирларига жуда ўхшайдилар. Ўзларини тутишлари, гапиришлари ҳам, ноз-у карашмалари, бурнидан нарига ўтмаган мақсадчалари ҳам бир хил, бир хил. Уларга ҳаятда кўп дуч келасиз. Бир муддат маҳлиё бўлиб турасиз-да, тезда ҳафсалангиз пир бўлади. Мафтункор жозибанинг умри товоқдаги чиройдай қисқа.

“– Билмадим, – деди кулиб Жамшид Бўрон. – Ўзлариям кўп фаришта бўлмасалар керак? Анови қиз нима қилиб юрибди бу ерда? Инесса Армандинг шуми?

– Қайси қиз? Ҳа-а, Шоҳими? Шоҳия Амур. Оммани жалб қилиш учун шунақалариям керак-да, жўрам! Қаердан танийсан уни?”

“Шунақалариям керак-да”. Шу гапнинг ўзи кўп нарсани билдиради. Мени фалон жойга таклиф қилишяпти, менсиз бу давра ўтмай қолади, деб ҳовлиқиб, уч соатлаб макияж қилиб, жилпанглаб борадиганлар шунчаки кимларгадир эрмак бўлаётганларини билмайдилар. Тағин бу кишим актриса, режиссёр, сценарист, бунинг устига, иккита шеър китоби чиққан. “Вой, “Мен, мен, мен”нинг сценарийсини онамнинг эри ёзганми бўлмаса! Билмасмидингиз, шеър китобим чиққан-ку, иккита!”

Ҳа, асарда ҳар бир персонаж ўз характери, фазилати-ю нуқсони, жиддияти-ю бачканалиги билан манаман деб ажралиб туради. Улар ёзувчининг ихтиёри-ю майли билан тўқиб чиқарилмаган, бу образларни ҳаётнинг ўзи романга тақдим қилган. Сиз ҳар қадамда уларни учратасиз. Жамиятнинг қайсидир жабҳасида “жавлон уриб” юрган одамлар. Ҳатто асар бошида йилт этиб бир кўриниб, кейин йўқ бўлиб кетадиган, ўзича “Туркнома” атлиғ буюк дастан язаятган” Селим турк ҳам хотирангизга муҳрланиб қолади. Асарда умуман кўриниш бермайдиган Аликнинг қиёфасини ҳам тасаввур қилса бўлади: “Оламда йўқ кийим-бошни эгнига илиб, сийрак соқолига оро бериб, аллақандай тайинсиз халқаро лойиҳалар баҳона мамлакатма-мамлакат изғиб юрадиган, бир поляк қизига уйланиб ажрашган Алик она тилидан бошқа кўп тилни билади. Отагинасига тортиб жувон тилига ҳам моҳир. Манови хонимчамиз билан ҳам соз шекилли, “ўзларининг тили”да чулдирашиб юради”.

Жунайд Жабборзода, Шоҳия Амур, Рамзиддин Пўлатовлар пойгасида устоз Тўлаганов, Жамшид Бўронлар ўз-ўзидан четга чиқадилар. Улар уяладилар, ор қиладилар. Аттангки, уларнинг сафи сийрак, саноқли. Лекин иддаочилар майдонни ҳеч кимга бермайди, орини сотиб бўлса-да, отини чиқарса бўлди. Ҳар нарсадан бир илинж излаб, гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа, ҳар ўтганда бир турланиб, энг чопқир отларни чоптириб ўтаверадилар. Баъзилари лавозим-у мол-дунё учун қулай келиб қолса ҳаммани улгуржисига сотиб юборади. Отанг – бозор, онанг – бозор!

Тили бир ровийлар

Роман ёрқин услубда ёзилган. Матннинг ўзига хос оҳанги оҳанрабодек ўқувчини тортиб кетади. Асарда воқеалар учинчи шахс ва биринчи шахс тилидан ҳикоя қилинади. Баъзан иккинчи шахс тили ҳам аралашади. Лекин шуниси муҳимки, мутолаа вақтида биринчи шахс ровийлигидаги бир бобдан учинчи шахс ровийлигидаги бошқа бобга ўтиш жараёнида ҳикоячилар алмашинуви сезилмай қолади. Чунки асарда тил яхши. Равон. Тишга тегадиган жойи йўқ. Сўзлар ўз маромида қуйилиб келади. Айниқса, Эркин Аъзамга хос тагдор жумлалар-у иборалар алоҳида диққатга лойиқ: “Телефондаги овозни ажратиб бўлмасди: эркак кишига тегишли десангиз – жуда ингичка, аёлмикан десангиз – аллақандай “темир” аралаш”, “Қатор-қатор вазир-у вузародан тортиб, машҳур хонанда-ю созанда, шоир-у шуаро, машшоғ-у қашшоқ…”, “Янги тарих”даги карнайвой бола”, “ўзаро носамимий лутф-у ҳаволар”, “қўлёзмасининг “сўнгги холлари”, “қозонга яқин келсанг, “кишт-кишт” деб қувишлар”, “силлиқлаб-сипоришлаб ўтиради”, “икки ўғил ҳам (ўқишдан) икки мартадан “йиқилиб берди”, “номи узун ўзи калта фильм”… Бундай ўзига хос, ширали, бадиият қаймоғи билан тўйинтирилган жумла-ю иборалар асар сифатини оширган.

Минг хил майда-чуйда гипермаркети

Романнинг авж пардасида ижтимоий тармоқларда устоз ҳақида тарқалган хабарлар бугунги тармоқлар аҳволини аниқ кўрсатиб беради. Миллионлаб одамлар ивирсиб юрадиган бу тармоқларда не ишлар, не миш-мишлар, не қилмишлар урчимайди, дейсиз. Рости ҳам бор-у, ёлғони ундан кўп. Бу тўс-тўполон ичида яхши хабарлар ҳам сувга чўккан тошдай йўқ бўлиб кетади. Аллақандай лайкчилар, исташса, бир одамни бир неча дақиқада бадном қилишлари ҳам мумкин, исташса, бир аҳмоқдан даҳо ясашлари ҳам мумкин. Эътибор қилмаслик керак, деймиз-у, лекин бу олағовур ҳам жамиятда катта жараёнга айланиб бўлди. Энди унга минг хил майда-чуйдалар дўкони деб қараб бўлмайди. Бу дўкон замоннинг зайли билан гипермаркетга айланган. Устоз йўқолиб қолгандан сўнг ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга бир қулоқ тутинг: “Кампири билан ғижиллашиб қолиб, ўзини жарга отган экан, жасади топилмаётганмиш”, “Катта олим бўлгани билан роса ичаркан денг. Дачаси тоғда экан, тоғ-тошда маст-аласт дайдиб юриб, жониворларга ем бўлгандир-да”, “Зўр олим бўлгани учун кўролмайдиган ҳасадгўйлар устидан ёза-ёз қилиб, жонидан тўйдириб юборишган-у бошини олиб бир ёқларга кетворганмиш”, “Унда ўзи тўғрисидаги паст-баланд мишмишларни ўқийвериб… яшагиси келмай қолибди”…

Етишмаётган одам

Асарнинг бошидан охиригача нурдай ўтадиган яна бир образ бор. Бу тоға образи. Жамшид Бўронни ўз боласидан ҳам яхши кўрадиган тоға. Худди шу тоға асарнинг бошидан охиригача ажиб бир руҳ бериб туради. У асардаги ҳамма образлардан баландроқда яшайди. Унда ортиқча даъвони сезмайсиз, ёқайиртар иддаони кўрмайсиз. Тоға тимсолида заҳматкаш, содда, самимий халқингизнинг бир бўлагини кўргандай бўласиз. “Чошгоҳга яқин маърака тарқаб, мозорбошига бориш таклифи чиқди мендан. Нуқул кимдир етишмаётгандек, ҳали замон кимдир дарвозадан кириб келадигандек бўлаверди. “Жамшидбой келдима, жиянгинам келдима…” Тоғам!”

Ҳа, бундай одамлар ҳамма жойда ҳамиша етишмайди.

Асарда тоға билан боғлиқ яна бир лавҳа борки, бу лавҳа ҳам ўша йиллардаги кўп кечмишларга ишора қилади. Жамшид Бўрон тоғасининг таъзиясига қишлоққа борганда атрофга қараб, кўнглидан шундай бир ўй ўтади: “Бамисоли шунча йил мобайнида бирор мардум битта дарахт ўтқазмагандек, чиқиб эшик-деразасини бўямагандек, кўча-кўй ўнқир-чўнқир, кечаги замондан бу ёғига асфалт кўрмаган, уй-томлар-чи, паст-пастқам! Ҳамма ёқни бало уриб кетгандек вайрон-вайрона… Одамлар-чи, одамлар? Бари аллақандай мижғов, руҳсиз, зерикарли. Дастурхон атрофидаги гап-гурунглари ҳам ҳў-ў алмисоқдан қолган дийдиёлар”.

Икки жумла ва икки дунё орасида

Мақоламизнинг муқаддимасини асар охирроғидаги бир лавҳа билан бошлаган бўлсак, хотимасида асар бошига қайтамиз.

Роман нашриётдан китоби чиқаётган Жамшид Бўроннинг китоб бошида устозига бир оғиз бағишлови можаросидан бошланади ва шу можаро якуни билан тугайди. Биринчи бобда нашриёт директори Санақулович: “Китобингизни, монографияни устозингизга бағишлабсиз-ку. Бағишлаганингиз яхши-ю, домланинг атрофидаги кейинги гап-сўзлар… Шундоқ катта олим, салкам академик бадном бўлиб қолди-да энди, а, эсиз! Қаёққа кетгани ҳам номаълум, дом-дараксиз эмиш-а? Чет элга қочган дейишади, ростми шу гап?” – деган бир қоп сомонни пеш-пешлаб, бағишловни олиб ташлашни талаб қилади. Жамшид Бўроннинг ичидан зил кетиб, бағишловни олиб ташлашга ундаган нашриёт директорига: “Китоб меники, кимга бағишлаш ўзимнинг ишим”, деган гапи асар охирида янада қатъий виждоний тус олади. Шунча, бир китоблик воқеалардан кейин Жамшиднинг нашриёт ходими – китоб муҳарририга юборган хати шундай: “Мунирахон! Илтимос, кириб каттангга – Санаку-уловичингга айт, бағишлов қатъиян мана бундай бўлсин: “Ушбу китобимни унутилмас Устозим, академик Шокир Тўлагановнинг ўчмас хотирасига бағишлайман”. Тамом!”

Романнинг яхлитлиги, бутунлиги ҳам шундаки, ундаги барча ҳодисалар ана шу икки жумланинг орасида бўлиб ўтади. Асар бошида ва охирида айтилган бу икки жумла қатор воқеаларни бирлаштиради, чеки-чегараси йўқ даъво-иддаолар, хиёнатлар, бир-бирини сотиш можароларидан маънан бутун чиққан Жамшид Бўроннинг Шахсини намоён қилади.

Бу эътироф Устознинг ўжар, қайсар, билганидан қолмайдиган, ўрисча аралаштириб гапирадиган қизи Бибихонимнинг тилидан Жамшидни отасига менгзаб: “Сизлар асли бир одамсизлар-ку”, деб айтган гапида янада аниқ кўринади. Шокир Тўлагановнинг қизи ҳақида гап кетганда, бир вақтлар газетада россиялик бир академикнинг қизи билан бўлган суҳбат эсга тушади. Отаси билан кўп масалаларда чиқишолмаётган қизга мухбирларнинг: “Нега отангиз билан келишолмайсиз, ахир, у машҳур академик-ку?” – деган саволига қиз: “Ҳамма гап шунда, мен академикнинг қизиман, отам эса оддий деҳқоннинг ўғли”, деб жавоб беради. Гарчи Бибихоним қанча мураккаб характерга эга бўлмасин, Тўлагановнинг маънавий муҳити ҳавосидан баҳраманд бўлиб ўсганди. Бу баҳрамандлик ўз таъсирини ўтказмай қўймасди. Жамшид ғойиб бўлган домласини излаб, қиз билан бирга қайтганда, буни англайди: “Илк кўришган кунидан буён бир-бирига ётсираб юрган икки одам бугун ака-сингил бўлиб қайтарканмиз, қизнинг бояги гапи хаёлимдан кетмасди: “Сизлар асли бир одамсизлар-ку…”

Романда теран рамзий ишоралар бисёр. Бу рамзларни шарҳлаш алоҳида мавзу. Устознинг йўқолиб қолиши ҳам аслида рамзий маънога эга. Бу ҳодиса зимнида жамиятда бой берилаётган қадриятлар, тутумлар, ҳалол фазилатлар, маҳв бўлаётган тафаккур, йўқолаётган виждонга ишора бордай. Тўсатдан ғойиб бўлган устоз Шокир Тўлагановдан Жамшид Бўронга келган охирги СМС хабар шундай якунланган: “Мени қидирманглар, ер устида қиладиган ишим қолмади…” Бу оғир гап. Шукур Холмирзаевни ўлимидан олдин кўргани борганимда, унинг ҳорғин нигоҳларидан шу маънодаги гапни ўқиганман. Яна бу гап Абдулла Ориповнинг бир шеърини эслатади:
Менинг Ер устида танишларим кам,
Менинг Ер остида дўстларим кўпроқ.

Кибри ҳавоми, кибри даъво?

Мақолага “Даъвонинг давоси не?” деб ном бердик. Даъвода мудом хатар борлиги рост. Зеро, боболаримиз тўқиган “кибр-у ҳаво” иборасини бизнинг замонамизда “кибр-у даъво” деб ўзгартирсак, мантиқдан узоқлашмаймиз. Агар даъво ҳаддан ошиб кеца, хиёнатлар, сотқинликлар, ҳасад, тубанликларга манба бўлади. Хўш, хулоса нима? Тахминий бўлса-да, даъвонинг давоси борми? Бу ҳақда бир нарса дейиш қийин. Бир шоир айтганидай: “Дарднинг ўзини кўрсатиб бериш ҳам катта гап”. Фақат шуни қўшимча қилиш мумкин, узун даъводан олдин қисқа заифлик бор. Ҳар ким Ҳаким Термизий уқтирган “қисқа заифлик”ни англадими, бас, кибр-у даъво ўз-ўзидан чекинади. Яна япон шоирининг бир сатри эсга тушади: “Мен ожизман ва авайлайман ўзимнинг ожизлигимни”. Ўзининг ожизлигини авайлаган одам кучли бўлади.

«Жадид» газетасининг 2026 йил 11-сентябрдаги 37-сонида