December 6, 2023

Зўравонликсиз оила - фаровон ҳаёт сари

БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюциясига кўра
“25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш куни” деб белгиланган. 2014 йилда эса БМТ Бош котиби хотин-қизларга нисбатан зўравонликларни бартараф этишга қаратилган “UNITE” номли ташаббусини очиқ деб эълон қилди. Шу муносабат билан, ҳар йили дунё миқёсида 25 ноябрдан
10 декабргача “Зўравонликка қарши 16 кун” шиори остида турли тадбирлар ўтказилади.

Шундай тадбирлардан бири бугун Бухоро НҚИЗ хотин-қизлари ўртасида “Зўравонликсиз оила - фаровон ҳаёт сари” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.

Тадбирда Бухоро НҚИЗ хотин-қизлар кенгаши раиси Д.Ашурова, юридик бўлим ҳуқуқшуноси З.Умарова, матбуот хизмати раҳбари И.Фаткулина ҳамда заводнинг бўлим ва цехларидаги фаол хотин-қизлари иштирок этди.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш мавзуларида сўз юритилиб, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Тадбир давомида, зўравонлик, тазйиқ ва зўравонлик жабрланувчиси ҳамда ҳимоя ордери, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат тўғрисида батафсил маълумотлар ҳам берилди.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларига мавзуга доир буклетлар тарқатилди. Тадбир сўнггида аёлларимиз мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ҳамда зўровонликни олдини олиш бўйича видеолавҳалар намойиш этилди.

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йилнинг 7 мартидаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-87-сонли фармони ижросини таъминлаш, аёлларга нисбатан тазйиқларнинг олдини олиш ҳамда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдан иборат.

Амалга оширилаётган ушбу ишлар мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш ҳамда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгандир. Зеро, аёл – оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки. Аёллар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг эса бугуни ва эртаси фаровон бўлади.

“Бухоро НҚИЗ” МЧЖ матбуот хизмати