Қадим Самарқандга саёҳат
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2019 йилдан буён “15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни” сифатида Ўзбекистонда кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан, заводимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшаётган, ўзларининг касбий маҳорати ва намунали ҳаёт йўли билан барчага ўрнак бўлаётган аёлларни шарафлаш, уларни рағбатлантириш мақсадида Бухоро НҚИЗ Касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан заводнинг 50 нафар хотин-қизлари учун тарихий-маданий меросга эга қадимий ва ҳамиша гўзал Самарқанд шаҳрига икки кунлик экскурсия ташкил этилди.
Самарқанд азалдан ўзининг бетакрор гўзаллиги, ажойиб об-ҳавоси, ширин суви ва мазали нонлари билан бутун дунёга машҳур.
Саёҳат давомида Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари Ҳазрати Дониёр зиёратгоҳи, Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда, Гўри-Амир мақбараси, бетакрор Регистон майдони ва кўп йиллик тарихни ўзида акс эттирувчи меъморий объектлар ва қадимий ёдгорликларни яқиндан кўриш имкониятига эга бўлдилар. Тарихий Самарқанднинг янада гўзал ва мафтункор манзилгоҳлари, мадраса, мақбара, минора ва замонавий мажмуаларини томоша қилиш орқали тарих ва келажак нафасини ҳис қилдилар.
Бухоро НҚИЗ ташаббуси билан ва имтиёзли равишда уюштирилган мазкур сайёҳлик тадбири иштирокчиларга манзур бўлди, улар томонидан алоҳида эътироф этилди.