Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва республика саноат корхоналари билан ҳамкорлик қилишнинг янги имкониятлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 11 март куни саноат кооперациясини янада кенгайтириш ва маҳаллийлаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берган устувор вазифалари ижросини таъминлаш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги “Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4812-сон ва 2022 йил 24-январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ” ПҚ-99-сонли қарорларига мувофиқ сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан тармоқлараро кооперацияни кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2021 йилдан бошлаб импортни қисқартириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва саноат корхоналари билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида мамлакатимизда саноат ярмаркалари ташкил этилмоқда. “Бухоро НҚИЗ” МЧЖ ҳам мазкур ярмаркаларда маҳсулот намуналари, хориждан олиб келинаётган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжи билан фаол иштирок этмоқда. Ўтказилган ярмаркалар давомида Бухоро НҚИЗ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан 41 та меморандум, 13,7 миллиард сўмлик 111 шартнома имзолади.
Маълумот учун: 2021 йилда cooperation.uz портали орқали жами 17,2 миллиард сўмлик 344 та шартнома тузилган бўлса, 2022 йил бошидан жорий даврга қадар 15,5 миллиард сўмлик 298 та шартнома тузилди.
Ўз навбатида, “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида тармоқлараро кооперацияни кенгайтириш, маҳаллий саноат маҳсулотлари ҳажми ва турларини кўпайтириш, импортга қарамликни босқичма-босқич камайтириш ва харидлар тизимида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг иштирокини жадаллаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Aбдуллаев ташаббуси билан компания ва маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги саноат кооперацияси алоқаларини амалга ошириш ва маҳаллийлаштириш борасидаги муҳим жараён бошлаб берилди.
Шундай қилиб, 2022 йил 2 июнь куни республикамиздаги маҳаллий ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, мутахассисларининг Бухоро НҚИЗга ташрифи бўлиб ўтди.
Семинарда 50га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчи компания иштирок этди, жумладан: "CARBON-POLYMER" МЧЖ, "МЕТРОЛОГ" МЧЖ, "UZPROMARM" МЧЖ, "Jizzakh Him Plast" ҚК МЧЖ, "DRILLFLOT-ASIA" МЧЖ, "RADIATOR" МЧЖ, "NEFTEGAZ UNIVERSAL SE PL" МЧЖ, "CHILON LUBRICANTS" ҚК МЧЖ, "Ўзбеккимёмаш Заводи" АЖ, МЧЖ, "GPZ-27 PODSHIPNIK ZAVODI" АЖ, "SDK Group AND" МЧЖ, "PROFESSIONAL WATER MANAGEMENT" МЧЖ, "LOCHIN ASBOB-USKUNA" МЧЖ, "TECHNO CABLE GROUP" ҚК МЧЖ, "Birinchi Rezinatexnika Zavodi" МЧЖ, "СТАНДАРТ-ПРИБОР ИЛМИЙ" ИЧ МЧЖ, "CHIRCHIK MASH" МЧЖ, "GLOBAL WATER ENGINEERING" МЧЖ, "KUKIL GASPACKS" МЧЖ КК, "Plus Lux Oil" МЧЖ, "OGNEUPOR" МЧЖ, "LED ENERGY PRODUCT" МЧЖ, "NAVPROMLITMASH" МЧЖ, "АСР КИМЁ ИНВЕСТ" ХК, "ТУРБОМАШ" МЧЖ.
Танишув экскурсияси давомида меҳмонларга корхонанинг асосий технологик объектлари кўрсатилди ва завод қурилмаларини бошқариш жараёнлари билан таништирилди. Бухоро НҚИЗнинг бутун фаолияти назорат қилинадиган марказий бошқарув хонасини намойиш этилди.
Таъмир-механика цехининг таъмирлаш базаси, ЎНА ва А цехи ўлчов воситаларини таъмирлаш ва калибрлаш, электр жиҳозларини таъмирлаш жараёнлари билан танишилди. Фойдаланишдаги бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг, шунингдек, ишлатилаётган ускуналарнинг кўргазмали намуна ва моделлари тақдим этилди.
Тақдимот давомида меҳмонларга 2021-2022 йилларда Бухоро НҚИЗда маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳисобига импортни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва режалар ҳақида маълумот берилди.
Тақдимот қисмида амалга оширилган ишлар, хусусан, тайёр асбоб-ускуналар харид қилиш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперация имкониятларидан фойдаланиш, буюртма асосида жиҳозлар ишлаб чиқариш, инновацион технологияларни қўллаш ва янги ускуналарни жорий этиш, янги саноат маҳсулотларини яратиш, импорт ўрнини босиш ва фойдаланилаётган асбоб-ускуналарнинг янги техник кўрсаткичларига сезиларли даражада эришишга қаратилган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан таклиф этилаётган маҳсулотларнинг ўзаро синовларини ўтказиш қайд этилди.
Меҳмонлар учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ўзлаштириладиган маҳсулотларга бўлган эҳтиёж кўргазмаси намойиш этилди.
В2В форматида ишбилармонлик учрашувлари ўтказилди ва ҳамкорлик мавзулари ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди. Музокаралар якунлари бўйича ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.